www.muslimuz

www.muslimuz

Бугун, 19 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида қайта бунёд этилган "Дорул омон" жомесининг янги биноси очилиш маросими ва жума намозига ташриф буюрдилар.

Жума намози аввалида Муфтий ҳазратлари масжид қавмини қайта қурилган гўзал ва шинам масжид билан қутлаб, уни бунёд этишга ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳаққига хайрли дуо қилдилар. Сўнг жамоатга Ислом дини нуқтаи назарида муфлис, яъни касодга учраган кимса ким экани ҳақидаги бир ҳадиси шарифни шарҳлаб, ундан олинадиган ўгит ва манфаатлар ҳақида мавъиза қилдилар.

Муфтий ҳазратларининг яхшиликка ундовчи файзли суҳбатларидан сўнг жума намози адо этилиб, Қуръон тиловат қилинди, масжид бунёдкорларига эзгу ниятлар билдирилди, халқимиз фаровонлиги ва жамоат ҳаққига хайрли дуолар ўқилди.

Маълумот ўрнида, "Дорул омон" жоме масжидин янги биносини қайтадан қуриш ишлари 2019 йил бошланган бўлган. Бу вақтга қадар масжид тор ва кўримсиз ҳолатда эди. Намозхонлар сиғими ҳам камлиги боис, жума намозларида жамоатга кўплаб ноқулайликлар туғдирарди. Бу ҳолат масжид маъмурияти ва маҳалла аҳли қаттиқ ташвишга қўйиб, масжиднинг янги биносини қуриш ишларига киришилди.

Орадан бир неча йил ўтиб, эски иншоот ўрнида замонавий барча қулайликлар эга масжид қад ростлади. Айни дамда мажмуанинг умумий майдони ярим гектарни ташкил этиб, маъмурият биносининг умумий ҳажми 1,5 метр кв. ташкил этади. Уч қаватли масжиднинг янги хонақоҳи, айвонлари, ер тўласи билан қўшиб ҳисоблаганда тўрт мингдан зиёд одамни сиғдира олади. Унда совуқ ва иссиқ кунлар учун барча шароит яратилган.

Мажмуада маъмурият хоналари, замонавий кутубхона, мажлислар зали ва бошқа қўшимча бинолар ҳам ўрин олган. Таҳоратхонаси бир вақтнинг ўзида 70-80 кишига хизмат кўрсатади. 36 метрли минора масжидга ўзгача файзу виқор бахш этиб турибди. Шу билан бирга кенг автотураргоҳ ва масжиднинг экологик тоза, яъни дарахтзорлар ёнгинасида жойлашгани кишига ўзгача кайфият улашади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 (Зулқаъда уруш ҳаром қилинган тўрт ойнинг биридир)

Ҳижратдан аввалги 53 йил, зулқаъда ойи (мил. 571 йил декабрь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саккиз ойлик бўлганларида гапира бошладилар.

Ҳижратдан аввалги 34 йил, зулқаъда ойи (мил. 590 йил)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма ёшларида Қурайш ва Кинона билан Қайс Айлон қабилалари ўртасида уруш бўлиб ўтди. Бу қирғинбарот жанг уруш ҳаром қилинган мазкур ойда бўлиб ўтгани учун «Фижор» номини олган;

– урушдан сўнг шу ойнинг ўзида Қурайшнинг Бану Ҳошим, Бану Мутталиб, Бану Асад, Бану Зуҳра ва Бану Тайм уруғлари Абдуллоҳ ибн Жудъон Таймийнинг уйида «Ҳилфул фузул» номли ижтимоий ҳимоя иттифоқи тузишди. Иттифоқ аъзолари Маккада шу ерлик ёки бошқа жойдан келган бирон кишига зулм қилинса, унинг ёнини олишга ва ҳақини ундириб беришга ўзаро аҳд қилишди (ушбу иттифоқ мажлисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қатнашганлар. У Зот Пайғамбар бўлганларидан кейин: «Мен Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида шундай бир иттифоқда ҳозир бўлганманки, менга бу иттифоқнинг ўрнига қизил туялар берилишини хуш кўрмайман. Агар унга Исломда ҳам чақирилсам, шубҳасиз, қабул қилган бўлардим», деган эдилар.

Ҳижратдан аввалги 4 йил, зулқаъда ойи (нубувватнинг 10 йили / мил. 619 йил июнь охирлари-июль бошлари)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоиф даъватидан қайтиб келдилар ва Маккага ҳар тарафдан ҳаж қилиш учун келаётган турли қабила ва шахсларни алоҳида-алоҳида Исломга даъват қила бошладилар ва улардан Аллоҳнинг динини етказиш йўлида ўзларига ҳимоя ҳам сўрай бошладилар.

Ҳижрий 1 йил, зулқаъда ойи (мил. 623 йил май)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу бошлиқ йигирма кишилик гуруҳни Қурайш карвонини қаршилаш учун юбордилар ва уларга Харрордан у ёғига ўтмасликни буюрдилар. Улар яёв ҳолда, кундузлари яшириниб ётиб, тунлари йўл босиб, бешинчи кун деганда Харрорга етиб бордилар. Байроқлари оқ рангли бўлиб, уни Миқдод ибн Амр розияллоҳу анҳу кўтариб олган эди. Бироқ, маълум бўлишича, карвон бир кун олдин ўтиб кетган экан. Бу Ислом тарихида «Харрор» сарияси деб аталади.

Ҳижрий 2 йил, зулқаъда ойи боши (мил. 624 йил апрель охирлари)

– Бану Қайнуқоъ яҳудийларининг хилма-хил фитналаридан сабр косалари тўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг қалъаларини ўн беш кун давомида қамал қилиб турдилар. Аллоҳ таоло яҳудийларнинг дилларига қўрқув солди (ҳолбуки, У Зот бир қавмни расво-хор қилишни хоҳласа, уларнинг қалбларига қўрқув солиб қўяди). Охири, улар зулқаъда ойининг бошида таслим бўлишди. Раҳмат Пайғамбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг қонларидан кечдилар, аммо уларни Мадинаи мунавварадан чиқиб кетишларига ва унинг яқинида яшамасликларига амр этдилар. Шундай қилиб, Бану Қайнуқоъ яҳудийлари Шом ўлкасининг Азруот деган жойига кўчиб кетишди.

Ҳижрий 4 йил, зулқаъда ойи (мил. 626 йил апрел)

– Аллоҳ таоло Қуръони каримда муслима аёлларга ҳижоб ўрашни фарз қилди.

Ҳижрий 5 йил, зулқаъда ойи (мил. 627 йил апрель)

– Аҳзоб (Хандақ) ғазоти тугади;

– Бану Қурайза ғазоти бўлиб ўтди;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаҳш қизи Зайнаб онамизга уйландилар.

Ҳижрий 5 йил, зулқаъда (ёки зулҳижжа) ойи (мил. 627 йил апрель ёки май)

– Бану Қурайза ғазотидан фориғ бўлингач, Хазраж қабиласидан Абдуллоҳ ибн Атик розияллоҳу анҳу бошчилигидаги беш кишилик сария Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изнлари ила Хайбарга бориб, Хайбар яҳудийлари раҳбари Абу Рофиъ Саллом ибн Абул Ҳуқайқни ўлдириб келишди (у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озори кўп теккан, яҳудий жиноятчиларининг энг катталаридан, Аҳзоб ғазоти ташкилотчиларидан бири бўлиб, турли жамоаларни мусулмонларга қарши урушга ундаган, уларни озиқ-овқат ва пул-мол билан таъминлаган эди).

Ҳижрий 6 йил, зулқаъда ойининг боши, душанба (мил. 628 йил, март ўрталари)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умра қилиш нияти билан Макка сари 1400-1500 саҳоба ҳамроҳлигида йўлга чиқдилар.

Ҳижрий 6 йил, зулқаъда ойи ўрталари (мил. 628 йил, март охирлари)

– Маккага яқин Усфон водийида аср намозидан олдин Аллоҳ таоло хавф намози ҳукмини туширди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни икки гуруҳга бўлиб, биринчи хавф намозини ўқидилар;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбияда саҳобалардан байъат олдилар;

– Қурайш мушриклари билан мусулмонлар ўртасида тўрт банддан иборат сулҳ битими имзоланди. Ушбу битим Ислом тарихида «Ҳудайбия сулҳи» номи билан машҳурдир;

– Ушбу сафар асносида Аллоҳ таоло Бақара сураси 196-оятини нозил қилиб, бирон узр сабабли сочини олдирган эҳромдаги одамнинг уч кун рўза тутиш ё олти мискинга садақа бериш ёки бир жонлиқ сўйиш билан тўлайдиган фидясини баён этди.

Ҳижрий 7 йил, зулқаъда ойи (мил. 629 йил март)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки минг саҳоба билан (аёллар ва болалардан ташқари) Маккага бориб, қазо умрани бажардилар;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазо умрани адо этганларидан кейин Ҳорис қизи Маймуна онамизга уйландилар ва улар Маккадан 9 мил (16,632 км) узоқликдаги Сариф деган жойда бир ёстиққа бош қўйишди.

Ҳижрий 8 йил, зулқаъда ойи ўрталари (мил. 630 йил март боши)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоиф ғазотидан қайтиб келиб, Жиъронадаги ўлжаларни тақсимот қилдилар, сўнг умра ниятида Маккага келиб, умрани адо қилдилар;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоиф ғазотидан қайтиб келиб, ҳали Мадинага кетмасларидан олдин Тоиф шаҳрининг асосий аҳолиси ҳисобланмиш Сақиф қабиласи бошлиғи Урва ибн Масъуд Сақафий у Зотнинг ҳузурларига келиб, Исломни қабул қилади.

Ҳижрий 8 йил, 24 зулқаъда (мил. 630 йил 14 март)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилиш учун кетиб, икки ярим ой деганда, Мадинага кириб келадилар.

Ҳижрий 9 йил, зулқаъда ойи (мил. 631 йил февраль-март)

– Мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ўлди.

Ҳижрий 9 йил, зулқаъда ойи охирлари (ёки зулҳижжа боши) (мил. 631 йил март)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни мусулмонларга бош қилиб, ҳаж ибодатини адо этиб келиш учун юбордилар.

Ҳижрий 10 йил, 25 зулқаъда (мил. 632 йил 21 февраль)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажжатул вадоъ сафарига отландилар.

 

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси, Ислом тарихи ва сийрат илми устози Абдул Азим Зиёуддин тайёрлади

 

Шу йил 16 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ички назорат комиссияси томонидан халқ орасида “Шукрулло домла” деб танилган Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бош имоми ва “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби Шукрулло Эгамбердиевнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари муҳокама қилинди.

Йиғилишда имом-хатибнинг эътирозларга сабаб бўлган чиқишлари ва фикр-мулоҳазалари имомлик мақомига тўғри келмаслигига урғу қаратилди.

Ш.Эгамбердиев мажлисда муҳокамага сабаб бўлган чиқишларида хатога йўл қўйганини эътироф этди ва узр сўради. Имом-хатиб келгусидаги фаолиятида бундай камчиликларга йўл қўймаслигини билдирди. Ўз навбатида, мазкур хатти-ҳаракатларга нисбатан ҳуқуқий баҳо бериб, тегишли чора кўрилиши муносабати билан имом-хатибни обрўсизлантириш ҳолатларидан сақланишни сўраймиз.

Ички назорат комиссияси баён этилганларни инобатга олиб, Шукрулло Эгамбердиевга “ҳайфсан” интизомий жазоси бериш ва Тошлоқ тумани бош имоми вазифасидан озод этиш тўғрисида хулоса қилди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида тузилган Ички назорат комиссияси диний соҳа ходимлари фаолиятини тартибга солиш, камчиликларга йўл қўйганларга таъсир чораларини қўллаш ва ҳалол-пок хизмат қилаётганларни ҳимоя қилиш ҳамда рағбатлантириш каби ваколатларга эгадир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz / @muslimuzportal / @Muftiy_Nuriddin_domla
@diniysavollar

Шу йил 9-11 май кунлари Қатар давлати сафари мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Уйғун домла Ғафуров Мусулмон уламолари халқаро уюшмаси Бош котиби Шайх Али Муҳйиддин Қорадоғий билан учрашди.

Доҳа шаҳрида жойлашган бош қароргоҳдаги мулоқотда Шайх Қорадоғий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмон уммати учун аҳамиятли экани, бу юрт Ислом равнақига беқиёс ҳисса қўшгани, айниқса, Имом Бухорий хизматларини барча мусулмон халқлари юксак эътироф этишини билдирди.
Бош котиб жаноблари юртимиздаги ўзгаришларни кузатаётгани, хусусан Президентимизнинг халқаро минбарлардаги Ислом дини маърифатини кенг тарқатиш борасидаги ташаббусларидан мамнун эканини изҳор этди.
Учрашувда Уйғун домла Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг эзгу тилакларини Шайх Қорадоғийга етказиш баробарида диний соҳадаги ишлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, икки ташкилот ўртасида меморандум имзолаш, юртимиз уламоларини уюшмага аъзо қилиш, диний соҳа ходимлари учун семинарлар ташкил қилиш, илмий ҳайъатлар тузиш ва муҳим мавзуларда анжуманлар ўтказиш каби масалалар ҳам кенг муҳокама қилинди.

Маълумот ўрнида, Мусулмон уламолари халқаро уюшмаси 2004 йилда 50 нафар уламо томонидан тузилган. Бош қароргоҳи Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида жойлашган. Ташкилот мақсади – уламоларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини ошириш, уммат олдидаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шу йил 10 май чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари турли ҳудудлардан келган фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаатларини тингладилар.

Қабул жараёнида фуқароларнинг шаръий масалалар, масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, ҳаж-умра масалалари, оилавий муносабатлар, моддий ёрдам ва соҳани ривожлантиришга оид таклиф-мулоҳазалари кўриб чиқилди.

Қувонарлиси, умра сафарига алоҳида гуруҳ сифатида юборилган эшитиш ва кўришда имконияти чекланган фуқаролар улуғ сафар давомида кўрсатилган юксак эҳтиром учун ташаккур изҳор этдилар. Шунингдек, диёримиздаги мазкур хайрли ташаббусдан мана шундай инсонларнинг барчаси чексиз мамнун эканларини билдирдилар.

Яна бир жиҳат, Муфтий ҳазратларига тўғридан-тўғри мурожаат қиладиган @muftiy_savol_javob_botи орқали мулоқот қилган фуқаролар ҳам батафсил маълумот олиш учун қабулга келиб, ўзларининг масалалари бўйича тўлиқ маълумот олдилар.

Мана шундай қабул жараёнлари мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан ҳам амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Page 41 sur 637

Мақолалар

Top