www.muslimuz

www.muslimuz

Аллоҳга беҳад шукрлар бўлсинки, икки йиллик танаффусдан сўнг сабр ила кутилган, динимизнинг бeшинчи аркони бўлган Ҳаж зиёрати ҳам бошланди. Бундан қувонган ўн минглаб юртдошларимиз қалбида қувонч, дилларида шукроналик билан шу кунларга етказгани учун Аллоҳга ҳамдлар айтиб, муборак сафар томон отланди.

Бугун эрта тонгда Тошкент халқаро аэропортида бўлғуси ҳожиларни Саудия Арабистонига кузатиш маросими ана шундай ҳис-ҳаяжонларга, дил сўзларига бой бўлди.

Бундай улуғ бахтга эришган юртдошларимизни кузатиш учун таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортида жам бўлишди. Юртдошларимизни кузатиш жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари иштирок этиб, Аллоҳ таолонинг байти сари йўл олаётган зиёратчилар эсон-омон муборак қадамжоларни зиёрат қилиб келишлари, ушбу зиёратни юртимиз ва бутун дунё мусулмонларга бардавом қилишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.

Шу билан орзулари рўёбидан ҳис-ҳаяжонга тўлган “Ҳаж – 2022” мавсумининг илк зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар.

Кейинги зиёратчилар шу йилнинг 18-30 июнь кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина, Нукус-Мадина йўналишлари бўйича ҳаж сафарига кузатилади ва худди шу йўналишлар бўйича 14-31 июль кунлари юртимизга қайтиб келадилар.

Аллоҳ таоло Ҳаж амалини адо этишга отланган юртдошларимизнинг сафарларини муборак қилсин, Байтуллоҳ ёнида дуо қилишни барчамизга насиб этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аллоҳга шукр, 2022 йил саодатли йил бўлиб, ҳаж зиёрати учун йўл очилди. Бу, шубҳасиз, миллионлаб инсонларнинг қалбига хурсандчилик олиб кирди. Зеро, Исломнинг бешинчи арконини адо этиш ҳар бир мусулмоннинг орзусидир.

Айни шу кунларда яна бир хушхабар – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг “Ҳаж буюк ибодатдир” номли китоблари нашрдан чиқди.

Эътиборлиси, мазкур рисола иккита алоҳида китоб ҳолида нашр этилган. Бири Ҳажнинг руҳий-маънавий фойдалари бўлса, иккинчисида эса улуғ ибодатни бажариш чоғида ўқиладиган барча дуо ва зикрлар жамланган.

Ҳаж сафарига отланган мўмин-мусулмон халқимизга муносиб туҳфа сифатида чоп этилган ушбу рисоланинг биринчи қисмида ҳажнинг моҳияти ва ҳикмати, ҳажда ихлос, илм ва амал аҳамияти, ҳажнинг турлари, тана ва руҳнинг ҳажи, тақво мактаби, ҳаж ваъдалашув экани, дуо ижобат бўладиган муборак жойлар, ҳаждан кейинги ҳаёт каби мавзулар гўзал тарзда баён қилинган.

Китобхонларга қулай бўлиши учун муборак зиёрат давомида адо этиладиган амаллар ва дуоларнинг ўқилиши, маъноси ҳамда овозли шакли QR-код орқали китобга киритилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 16 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Ҳаж – 2022”нинг ишчи гуруҳи, шифокорлар ва ошпазлар жамоалари иштирокида жорий мавсумни ҳар жиҳатдан намунали ўтказиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Аллоҳга шукрки, 2022 йил саодатли йил бўлиб, ҳаж зиёратига йўл очилди. Ҳатто, очилганда ҳам пандемиядан аввалгига қараганда қарийб 4 минг нафар, 52 фоизга кўпайди. Албатта, бунда давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон аҳолисига берилган имкониятларнинг самараси бўлди. Бу, шубҳасиз, миллионлаб инсонларнинг қалбига хурсандчилик олиб кирди.

Йиғилишда Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ҳаж қилувчи киши Аллоҳ таолонинг меҳмони экани, ҳаж амалини бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ савоб ва даражотларга ноил бўлишини сўзладилар. Ҳар бир ишчи гуруҳи аъзоси ана шундай улуғ даражаларни мақсад қилиб, Раҳмоннинг меҳмонларига Ўзи рози бўладиган даражада сидқидилдан хизмат қилишни алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, ишчи гуруҳи жамоаларининг ҳар бир аъзоси мавсум давомида тартибли ва хушмуомалали бўлишини ҳам алоҳида таъкидладилар.

Сўзга чиққан нотиқлар зиёратчиларнинг ибодатлари мукаммал бўлиши учун уларга қулай шарт-шароитларни муҳайё қилиш борасида Макка ва Мадина шаҳарларидаги ҳаж ишчи гуруҳи аъзолари, гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар белгиланган вазифаларни тартибли ва мукаммал бажаришлари жуда ҳам зарур эканини таъкидладилар.

Аввало ҳаж сафарини адо этиш бахтига муяссар бўлган юртдошларимиз муборак заминдаги ҳар бир онларини мазмунли ўтказишлари, бу кунларнинг ҳар бир сониясини ғанимат билиб, ундан фойда олиб қолишлари йўлида бор куч-ғайратни сарфлашлари даркорлиги сўзланди.

Ҳақиқатан, юртимиз ҳожилари Исломнинг бешинчи фарзини бажариш чоғида ҳукуматимизнинг кўмагини, беқиёс ғамхўрлигини ҳис қилиб турадилар. Зотан, тараққиётимизнинг янги даврида Ислом дини арконларини адо этиш учун зарур барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан одамларни рози қилиш йўлида олиб борилаётган хайрли ишлар мевасидир. Аҳолиси рози юртга Яратган ҳам неъматларини ёғдиради иншаа Аллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 Диний таълим муассасаларида қуйидаги фанлар бўйича қабул имтиҳонлари ўтказилади

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқишга кириш учун абитуриентлар қуйидаги фанлар бўйича ижодий имтиҳон ва тест синовлари топширадилар.

 

Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасаси бўйича:

- Фиқҳ ва ақоид (тест синови)                                         30 Х 3,1 – 93 балл;

- Араб тили (оғзаки, ижодий имтиҳон)                                                  63 балл;

- Ўзбекистон тарихи (тест синови)                                 30 Х 1,1 – 33 балл.

 

Ҳадис илми мактаби бўйича:

- Ҳадис ва Мусталаҳул ҳадис (оғзаки, ижодий имтиҳон)               93 балл;

- Араб тили (оғзаки, ижодий имтиҳон)                                            63 балл;

- Ўзбекистон тарихи (тест синови)                                 30 Х 1,1 – 33 балл.

 

Ўрта махсус диний таълим муассасалари бўйича:

- Хорижий тил (тест синови)                                           30 Х 3,1 – 93 балл;

- Тарих (тест синови)                                                        30 Х 2,1 – 63 балл;

- Маънавият ва маърифат (тест синови)                         30 Х 1,1 – 33 балл.

 

Қабул имтиҳонлари фанлари бўйича маслаҳатларни ташкил этиш
ва имтиҳонларни ўтказиш санаси тўғрисида қўшимча маълумот берилади.

 

2022-2023 ўқув йили қабул жараёнлари бўйича https://t.me/qabulmuslimuz телеграм бот орқали қўшимча маълумотлар олишингиз мумкин.

 

 

Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими

 

Бугун, 15 июнь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2018-2022 йиллар оралиғида таълим олган талабаларнинг “Хатмона – 2022” битирув тадбири бўлиб ўтди. Хатмонада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, бир қатор уламолару олимлар, диний соҳа ходимлари ҳамда таълим муассасасининг ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Битирувчиларни кузатишга бағишланган тантанали тадбир Қуръон тиловати билан бошланди. Сўнгра маросимни институт ректори Уйғун Ғафуров кириш сўзи билан очиб, ташриф буюрган меҳмонлар ва битирувчиларни тантана билан самимий муборакбод этди ва уларнинг келгуси фаолиятларига муваффақият тилади.

Тадбирда Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари битирувчиларни қутлар эканлар, келгусида динимиз ривожи ва халқимизнинг диний-маърифий камолоти йўлидаги хизматларига оқ йўл тилаб, хайрли дуолар қилдилар.

Шунингдек, хатмона тадбирида 2021-2022 ўқув йили якунлари бўйича юқори кўрсаткичларга эришган билим юрти талабаларига ташаккурнома ҳамда аъло ўқиши ва намунали хулқи, жамоат ишларида фаол иштирок этган талабаларга билим юртининг мақтов ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди.

Маълумот учун қайд этиш жоизки, бу йил институтнинг кундузги таълим йўналиши бўйича жами 92 нафар талаба битирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Page 74 sur 637

Мақолалар

Top