www.muslimuz

www.muslimuz

Бугун, 15 апрель куни Истамбул шаҳридаги “Aё София” қадимий ёдгорлиги мажмуасида жойлашган “Aё-София Фотиҳ” мадрасасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

? Ушбу тадбирда Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Туркий давлатлар ташкилоти директори Бағдод Амраев, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбош, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода, Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай Тағанули ҳамда бир гуруҳ давлат ва дин арбоблари иштирок этдилар.

Ушбу тадбирда Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған сўзга чиқиб, мазкур мадраса тарихи ҳақида сўзларкан, унда дарс берган буюк аждодимиз Али Қушчи ҳазратлари хизматларини эътироф этиб жумладан бундай деди:

"Шонли тарихимизни бугунги кунга ва келажак авлодларга етказиш, инсониятга танитиш ниятида жуда муҳим бўлган бир қадамни ташладик.

Бугун очилишини қилганимиз – "Аё София Фотиҳ" мадрасаси тимсолида тарихдан ўчиб кетиш арафасига келиб қолган бир обидамизни қайтадан шаҳримизга қайтардик.

Қадрли дўстлар, бу ер Истанбулнинг фатҳи сирасида, "Аё София"нинг бунёд этилишида шаҳарнинг биринчи мадрасаси сифатида ишга туширилган эди.

Биринчи муддариси мулла Хусрав бўлган бу даргоҳда Али Қушчи ҳам дарс берган. (Муфтий Нуриддин домла ҳазратларига қараб) Ўзбекистон вакили бор-а! Ҳа, Али Қушчи бу ерда дарс берган.

Мадраса турли йиллардаги таъмир ва қайта қурилишлар билан 1924 йилга қадар талабаларга таҳсил бериш хизматини ўтаган эди".

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Muslim.uz
#Халқаро_анжуман #Муфтий #Туркия #Сафар
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

 Хабар берганимиздек, Туркия сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Туркий давлатларнинг дин пешволари билан биргаликда бугунги жума намозини адо этиш учун Истанбулдаги бир неча ўн минглаб жамоат тўпланган, қадимий ва бетакрор “Аё София” масжидига ташриф буюрдилар.

 Жума намози аввалида машҳур қориларининг Қуръони карим қироати тингланди. Шундан сўнг Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбош ҳазратлари Ислом динининг молиявий ибодатлари бўлган – закот, фитр садақалари ҳақида мавъиза қилиб, уларнинг асл мазмун-моҳияти ва ҳаётимизда тутган ўрни хусусида жамоатга сўзлаб берди.

Маъруза давомида Али Эрбош ҳазратлари Туркияда меҳмон бўлиб турган Туркий давлатларнинг дин пешволари ҳақига ҳам дуо қилар экан, ўзаро алоқалар янада мустаҳкамланиши ва бу бирдамлик Ислом дини ривожи йўлида хизмат қилишини Аллоҳдан сўрадилар.

 Жума намозида Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған иштирок этди.

 Мазкур сафарга оид муҳим янгиликларни ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Muslim.uz
#Халқаро_анжуман #Муфтий #Туркия #Сафар
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Муборак Рамазон ойи хушхабарларга бой бўляпти. Бугун, 2022 йил 15 апрель жума куни Оҳангарон туманидаги "Чилқори" жоме масжидининг очилиши маросими бўлиб ўтди.

Тадбир, одатдагидек, Қуръони карим тиловати билан бошланди.

Очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, вилоят бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, имом-домлалар, маҳалла фаоллари, ҳомийлар ва саховатпеша инсонлар, жоме қавми иштирок этди.

Очилиш маросимидан сўнг вилоят бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов жамоатга таъсирчан мавъиза қилиб, илк жума намозини ўқиб берди. Жума намози адо этилгач, қурилиш ишларида иштирок этган юртдошларимиз ва жамоат ҳақига хайрли дуолар қилинди.

2020 йил қурилиши бошланган масжиднинг янги биноси бир вақтнинг ўзида бағрига 700 кишини сиғдира олади. Замонавий масжидга ҳамоҳанг тарзда барча шароитга эга таҳоратхона ҳам қурилди.

Умумий ер майдони 73 гектар бўлган масжид кутубхона, имом-хатиб хонаси, қаровулхонадан иборат. Намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида масжидга учта дарвоза ўрнатилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Айни вақтларда Истанбул шаҳрида “Retaj Royale Istanbul” Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарлари иштирокидаги йиғилишга катта ҳозирлик кўрилмоқда.

Ушбу тарихий мулоқотда иштирок этиш ва нутқ сўзлаш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари хизмат сафарида бўлиб турибдилар.

Маълумки, Туркий давлатлар ташкилоти таркибига Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон киради. Венгрия ва Туркманистон унинг фаолияти кузатувчиси ҳисобланади.

Азиз мухлислар учун Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарлари ҳақида мухтасар маълумот беришни лозим топдик.

 

ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари 1968 йилда Андижон вилоятида таваллуд топгаплар.

Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари 1992 йилда Бухородаги Мир Араб мадрасаси, 1998 йилда Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти ва 2007 йилда Фарғона давлат университетини тамомлаганлар.

Иш фаолиятлари давомида Андижон вилояти Асака шаҳри “Аҳмадали Махдум” масжиди, Тошкент шаҳри “Оқ тепа” жоме масжиди имом-хатиби, пойтахтдаги “Кўкалдош”, Андижон вилоятидаги “Саййид Муҳйиддин махдум” мадрасалари мударриси, Андижон вилояти ва Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифаларида меҳнат қилганлар.

2021 йил 19 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Нуриддин домла Холиқназаров Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайландилар.

2022 йил 31 март куни Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Халқаро илмий ҳайъати раиси вазифаси сайландилар.

Муфтий ҳазратлари мўмин-мусулмонлар диний эҳтиёжларини қондириш, масжид-мадрасаларни очиш ва обод этиш, диний таълим сифатини ошириш, халқаро алоқаларни ривожлантириш, нашр ишларининг сифатини ошириш, аҳолининг диний-маърифий билимини ошириш ва ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг тараннум этиш борасида салмоқли ишларни амалга оширдилар.

Муфтий ҳазратлари 30 йилдан зиёд дин хизмати йўлидаги фаолиятлари давомида ихлос, тақво ва руҳий тарбияга оид чиқишлари ила мўмин-мусулмонлар қалбидан чуқур жой олиб келмоқдалар.

 

ТУРКИЯ

Али Эрбош 1961 йил Туркиянинг Ўрду вилоятида туғилган. У 2017 йилдан буён Диёнат ишлар бошқармаси раиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

У 1980-84 йилларда Туркиядаги Мармара университетининг илоҳиёт факультетида таҳсил олган. 1987 йил ушбу факультетда “Қуръон тафсири” мутахассислиги бўйича “Қуръонда такрорлар” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1993 йилда “Динлар тарихи” мутахассислиги бўйича “Илоҳий динларда фаришталарга ишониш” асари учун Диншунослик фанлари доктори илмий даражасига сазовор бўлган.

2017 йил Ялова университети ректори лавозимида фаолият  юритган. 2017 йил 17 сентябрда Диёнат ишлар бошқармаси раиси лавозимига тайинланган.

 

ОЗАРБАЙЖОН

Оллоҳшукур Пошшозода 1949 йил Озарбайжоннинг Ленкоран вилоятида туғилган.

1968 йил Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга кириб, 1975 йилда Тошкент ислом институтини тамомлаган. Кавказорти мусулмонлари идораси масъул котиби, “Тозапир” масжиди имоми ва Кавказорти мусулмонлари идораси раиси ўринбосари вазифаларида хизмат қилган.

1980 йил у илк бор Кавказ (Кавказорти) мусулмонлар идораси раиси этиб сайланиб, Кавказнинг энг ёш ўн иккинчи шайхулисломи мақомига эришган.

Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода 2003 йил Кавказ мусулмонлар идораси раиси лавозимига қайта сайланган. Шу билан бирга у Боку давлат университети профессори, тарих фанлари доктори ҳисобланади.

ҚОЗОҒИСТОН

Наврўзбай Тағанули 1977 йил Жанубий Қозоғистон вилоятида туғилган. 1993-1997 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олган. 1999-2001 йилларда Қозоғистон мусулмонлари диний идораси қошидаги Ислом институтида ўқиган. 2017 йилда Мисрнинг "Нур-Муборак" Ислом маданияти университетига ўқишга кирди. У мазкур даргоҳда Исломшунослик мутахассислиги бўйича  PhD докторантурасида ўқиди.

2018 йил Наврўзбай Тағанули Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг Туркистон вилоятидаги минтақавий вакили бўлиб хизмат қилди. Шунингдек, бош муфтийнинг ўринбосари лавозимида фаолият юритди. Шу йилнинг октябрь ойидан бошлаб у Қозоғистон пойтахтидаги Диний идора вакили ҳамда “Ҳазрат Султон” масжиди бош имоми лавозимини эгаллади.

2020 йилнинг 7 февралида Қозоғистон мусулмонларининг навбатдан ташқари IX қурултойида Наврўзбай Тағанули Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий  вазифасига сайланган.

 

ҚИРҒИЗИСТОН

Замир қори Ракиев 1978 йил Қирғизистоннинг Норин вилоятида туғилган. Мисрдаги Ал-Азҳар ислом университетида "Дин асослари" мутахассислиги бўйича таҳсил олган. Замир қори Ракиев Бишкек гуманитар университетини шарқшунослик мутахассислиги бўйича ҳам таълим олган.

Замир қори Ракиев меҳнат фаолияти давомида 2016-2017 йиллар Қирғизистон мусулмонлари диний идораси таълим бўлими бошлиғи, 2017-2020 йиллар Қирғизистон муфтийси ўринбосари, 2020 йил 10 августдан муфтий вазифасига сайлангунга қадар Бишкек қозиси бўлиб ишлаган.

2021 йил 26 июнь куни Замир қори Ракиев Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланган.

Туркманистон муфтийси Ялкап Ходжагулиев ва Венгрия ислом жамоаси раҳбари Золтан ҳожи Болек тўғрисида келгусида хабар берамиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Айни кунларда юртимизнинг таниқли уламолари Фарғона вилояти ҳудудларида мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбат қилиш билан бирга улар билан яқиндан мулоқот қилиш ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби ишларни амалга оширмоқдалар. Ўтган куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Қўқон ва Марғилон шаҳарларидаги жоме масжидларда бўлиб, мўмин-мусулмонларга мавъиза қилиб бердилар.

Таъкидлаш жоизки, Давлатимиз Раҳбари шу йил 8 апрель, жума куни Тошкент шаҳри Олмазор туманига ташрифлари чоғида Қуръони каримнинг “Раҳмон” сурасидаги “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”, деган ояти каримасини ёдга олиб, Рамазон кунларида меҳрга муҳтож кишиларга яхшилик қилишга тарғиб қилган эдилар ва ўзлари бу борада намуна бўлиб, Олмазор туманидаги 102-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида тарбияланаётган ўқувчиларнинг ҳолидан хабар олган эдилар.

Бундай хайрли ишларнинг давоми сифатида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ташаббуслари билан Марғилон шаҳридаги 6 та маҳалладаги 30 та эҳтиёжманд оила ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди. Ушбу ҳадялар имом-домлалар томонидан хонадонларга етказилиб, улуғ айём кунларида ўксик қалбларга хурсандчилик улашилди.

Ислом динимизда ўзгаларга яхшилик қилиш, ўзи яшаб турган жамиятдаги инсонларнинг ҳожатини чиқариш, улардан турли хил мушкулотларни аритиш савобли иш саналади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бошқаларга қилинадиган яхшиликни фарздан кейинги ўринда туришини баён қилиб бундай дедилар: “Фарзларни адо қилишдан кейинги ўринда турадиган Аллоҳга энг суюкли амал бу мусулмонинг қалбига хурсандчиликни киритишдир”.

Юртимиз уламолари, имом-хатиблари ва мударрислар томонидан мана шундай савобли ишлар Рамазон ойи давомида юртимиз бўйлаб янада кенг қулоч ёзаверади, иншо Аллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Page 95 sur 637

Мақолалар

Top