muslim.uz

muslim.uz

samedi, 13 novembre 2021 00:00

Яхшиликка шошилинг!

ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИНИНГ

ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИДАГИ ВАКИЛИ,

ВИЛОЯТ БОШ ИМОМ-ХАТИБИ

Рахматилло домла Усмонов

Хабар берганимиздек, бугун, 12 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Андижон Бош масжиди “Девонавой” жомесида жума намозига ташриф буюрадилар. Шу боис айни пайтда масжидда жума намозига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Муфтий ҳазратнинг суҳбатларини сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали жонли эфирда кузатиб боришингиз мумкин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

vendredi, 12 novembre 2021 00:00

Кўчат экиш-эзгу анъана

Муқаддас динимизда экин экишлик улуғ ва савобли амаллардан хисобланиб, ерни обод қилиш масаласига алохида эътибор берилган. Экилган кўчат ва дарахтлар хамда ўсимликлар дойимо Аллох Таолога тасбих айтиб туради. Инсон ернинг гўзаллигини нафақат асраб авайлаши, балки унинг янада гуллаб яшнаши учун ўз хиссасини қўшмоғи лозим.  Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, келажак авлодга табиий бойликларини бус-бутун етказиш, экологик муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшиш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.Кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғли улуғдир, муборак китоблар кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савобларидан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, яъни қиёмат кунигача садақаи жорий сифатида банда фойдасига хизмат қилади.

Мўмин яхши ният билан кўчат экса улуғ ажр-савобга эга бўлади. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси мусулмон экин экса, ундан ейилса унга садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақадир. Йиртқичлар егани ҳам унинг учун садақадир. Қушлар егани ҳам унинг учун садақадир. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса унинг учун садақа бўлади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти). Ҳадисдан кўчат экиш, деҳқончилик қилиш нечоғлик улуғ ва фазилатлик касб экани маълум бўлади. Кўчат экмоқчи бўлган киши нафақат ўзини, балки, ён атрофдагилар, келажак авлодларни ҳам манфаатини ўйлаши керак. Бу амалнинг деҳқонга нафақат тириклигида, балки, вафотидан сўнг ҳам манфаати етиб туради.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларини кўчат ўтказиш ва экин экишга тарғиб қилганлар. Анас ибн Молик (розияллоҳи анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Атроф мухитни мухофаза қилиш, табиатни, экин ва дарахтларни асраб авайлаш олдимизда турган мухим вазифалардан бири хисобланади.

 

Янгийўл туман “Имом Султон”

жоме масжиди имом хатиби Нарзуллаев Одилжон.

الحَمْدُ لله الَّذِي أَنْزَلَ عَلَى عَبْدِهِ الْكِتَابَ وَلَم يَجْعَلْ لَهُ عِوَجاً، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ

“Қуръонни тадаббур қилмайдиларми?!”

Муҳтарам жамоат! Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг энг улуғ мўъжизаси бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган сўнгги илоҳий китоб, мустаҳкам ақида асоси, ҳидоят манбаидир. Дунё ва охиратнинг барча яхшилик ва баракаси ушбу китобда мужассам. Унда шу умматнинг икки дунёсини гўзал қилишга хизмат қилувчи таълим бор. Қуръон – мисоли нурдир. Жаҳолат зулматини ёритиб, соҳибини ҳидоят йўлига бошлаб боради. Қуръонни ўқиш, тинглаш, яхши кўриш буларнинг ҳаммаси ибодат ҳисобланиб, ортидан битмас-туганмас савоблар келтиради. Аллоҳ таоло чин мўминларни васф этар экан, улар Ўзининг Китобини тиловат қилишларини биринчи бўлиб зикр қилиб, шундай марҳамат қилган:

 إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ

تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ  لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ

 (سورة الفاطر 29-30)

яъни:Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордир. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилувчидир” (Фотир сураси 29-30 оятлар).

Қуръони карим тиловати – зикрларнинг энг афзалидир! Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръ­он тиловат қилишни кўплаб ҳадиси шарифларида тарғиб қилганлар. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳа­диси шарифда бундай дейилади:

مَنْ قَرَأَ حَرْفًا مِنْ كِتَابِ اللَّهِ فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا لَا أَقُولُ "الم" حَرْفٌ

وَلَكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ وَلَامٌ حَرْفٌ وَمِيمٌ حَرْفٌ 

(رواه الإمام الترمذي)

яъни: “Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, шу бир ҳарф учун унга савоб ёзилади. Савоб эса ўн баробар кўпайтириб берилади. “Алиф лам мим”ни бир ҳарф демайман, балки “Алиф бир ҳарф, Лам бир ҳарф, Мимбир ҳарф” (Имом Термизий ривоятлари).

Мана шундай савоблар хазинасига эга бўлиш учун лоақал бир кунда бир марта бўлса ҳам Мусҳафга қараб, қурбимиз етганича ундан тиловат қилишга одатланишимиз керак. Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳу: “Мен ҳар куни Раббимнинг Китобига қарайман. Бирор кунни Мусҳафга қарамасдан ўтказиб юборишга Раббимдан уяламан”, – дер эканлар.

Абу Зарр разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Аллоҳга тақво қилинг!”, – деган васиятларига қаноатланмай: “Зиёда қилинг, ё Расулуллоҳ”, – деб сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон тиловати ва Аллоҳ зикрини ўзингизга вазифа қилиб олинг, чунки бу сиз учун ер юзида нур, осмонда эса захирадир”, – деганлар.

Муҳтарам жамоат! Ким икки дунёнинг бахт-саодатига эришишни истаса, Қуръони каримни ўзига дастурул-амал қилиб олсин! Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

  يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ 

(سورة يونس 57)

яъни:Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди (Юнус сураси 57-оят).

Дарҳақиқат, тадаббур ила Қуръон ўқиш қалбларни ва барча борлиқни ислоҳ қилади, ундан турли хил шайтоний, шаҳвоний васвасаларни кетказади. Тадаббур“бирор нарса ҳақида фикр юритмоқ, мулоҳаза қилмоқ” деганидир. Қуръони каримни қироат қилишда эса Қуръони каримдаги оятлар борасида фикр юритиб, улардаги Аллоҳ таолонинг ирода қилган мазмунларни англаш ва фаҳмлашга ҳаракат қилишдир.

Қуръони каримни биз инсонлар тадаббур қилишимиз, оятларидан эслатма олишимиз, уни ҳаётимизга татбиқ этишимиз учун нозил қилингандир. Бу ҳақда Ҳақ таоло шундай марҳамат қилади:

 كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ إِلَيْكَ مُبَارَكٌ لِيَدَّبَّرُوا آيَاتِهِ وَلِيَتَذَكَّرَ أُولُو الْأَلْبَابِ

 (سورة ص 29)

яъни: “Бу шундай китобки, Биз уни Сизга оятларини тадаббур қилсинлар ва ақл эгалари эслатма олсинлар учун нозил қилганмиз” дейди (Сод сураси 29-оят).

Аллоҳнинг каломини алоҳида эътибор билан ўқишнинг ўзи улуғ амал бўлиб, инсон камолотидаги ўрни беқиёсдир. Буни ўтган салафи солиҳларимиз яхши англаб етганлар. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Саҳобалар Қуръон Раббимизнинг бизга юборган мактуби, деб эътиқод қилишарди. Шундан келиб чиқиб, кечалари унинг оятларида фикр юритишар, кундузлари эса ҳаётларига татбиқ этишар эди”.

Бошқа бир оятда Қуръони каримни тиловат қилиб, унинг илоҳий манба эканини мулоҳаза қилиш зарур эканига алоҳида эътибор қаратади:

 أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلَافًا كَثِيرًا  

(سورة النساء 82)

яъни:Қуръон (маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар(Нисо сураси 82-оят).

Мана ўн тўрт асрдирки, илоҳий мўжиза – Қуръони карим оятларида келтирилган маълумотларда бирорта хато жумла топилгани йўқ, топилмайди ҳам! Борлиқ, фалакиёт, ҳайвонот, наботот, илоҳиёт, тарих ва ижтимоий масалаларга доир оятларнинг нақадар тўғри ифода этилгани кун сайин ўз тасдиғини топиб келмоқда.

Муҳтарам жамоат! Саҳобаи киромлар ва ўтган улуғ уламоларнинг Қуръондан маърифат олиш, тиловат қилишдаги тутган йўлларида бизга улкан намуналар бор. Улар Каломуллоҳни юзаки тиловати билан чекланиб қолмай, ҳар бир ояти карима устида тафаккур қилишган. Шунинг учун ҳам Қуръони карим уларнинг руҳиятига, онгу шуурига қаттиқ таъсир қилган. Улар айнан мана шу хусусиятлари билан умматнинг пешвосига айланишган.

Машҳур тобеин қироат олими Абу Абдурраҳмон Ас-Суламий айтадилар: “Бизга Қуръонни таълим берган саҳобаларнинг айтишларича, одатда улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн оят ўргансалар, уни тўла англаб етмагунларича ва унга амал қилмагунларича кейинги ўн оятни таълим олмаган эканлар” (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтадилар:

"تعَلَّمَ عُمَرُ بنُ الخطَّابِ رضيَ اللهُ عنهُ البَقَرَةَ في اثنَتَيْ عشْرَةَ سَنَةً، فلَمَّا خَتَمَهَا نَحَرَ جَزُوراً "

(رَوَاهُ الإمام البَيْهَقِيُّ فِي "شُعَبُ الإِيْمَانِ")

“Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу “Бақара” сурасини ўн икки йилда таълим олдилар. Ушбу сурани ўрганиб, хатм қилганларидан кейин бир туя сўйдилар” (Имом Байҳақий ривоятлари).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сизларнинг биронтангиз Аллоҳни яхши кўриш ҳақида ўз нафсидан эмас, балки Қуръондан сўрасин. Агар Қуръонни яхши кўрса, Аллоҳ таолони ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайхи васалламни яхши кўрган бўлади. Агар Қуръонни ёмон кўрса, Аллоҳ ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни ёмон кўрган бўлади”.

Муҳаммад ибн Каъб разияллоҳу анҳу: “Кимга Қуръондан хабар етса, гўёки Аллоҳ унга гапирибди. Агар у шунга муяссар қилинса, Қуръон дарсларини оддий машғулот қилиб олмасдан, тадаббур қилиб, унинг ҳукмларига амал қилсин”, – деганлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “Менга “Бақара” ва “Оли Имрон”ни тажвид ва тадаббур билан ўқишим бутун Қуръонни эътиборсиз ўқишимдан севимлироқ”. “Иза зулзилат” ва “Ал-Қориа”ни тадаббур билан ўқишим “Бақара” ва “Оли Имрон”ни аҳамиятсиз ўқишимдан севимлидир”, – деганлар.

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу Мадинаи мунаввара кўчаларини айланиб юриб, бир қорининг “Албатта, Парвардигорингизнинг азоби воқеъ бўлгувчидир. Унинг дафъ қилгувчиси йўқ” оятини ўқиганини эшитиб: “Каъбанинг Роббисига қасамки, бу ҳақ қасамдир”, – дея деворга суяниб қолганлар ва бир ой касал бўлиб ётганлар.

Муҳтарам азизлар! Бугунги кунда Қуръони карим таржимаси ва тафсири  юртимиз уламолари томонидан амалга оширилиб, халқимизга тақдим этилди. Шундай экан, барчамиз имкони борича ўқиётган оятларимизнинг маънолари таржимасини, тафсирини ўқишимиз, Аллоҳнинг муборак сўзларини ҳар биримиз, бизга айтилаётганини ҳис қилишимиз лозим.

Шу ўринда эслатиб ўтишимиз лозимки, Қуръони каримнинг маънолар таржимасини ўқиб олиб, ундан ўзича ҳукм чиқариш оддий инсонларнинг иши эмас. Балки бу мужтаҳид олимларнинг вазифаси саналади. Бунинг учун Қуръон ва ҳадис илмини, оятларнинг нозил бўлиш сабабларини, носих-мансух, мутлақ ва муқайяд, омм ва хос каби усулул-фиқҳ қоидаларини пухта билиши ва улардан ўз ўрнида фойдалана олиш кўникмасига эга бўлиши лозим. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръонни ўз фикрича тафсир қилса, дўзахдан ўзига жой тайёрласин”, – деганлар (Имом Термизий ривоятлари).

Сизу биз каби илмда бу даражага етмаган оддий мусулмонларда бирор ояти кариманинг мазмуни борасида савол пайдо бўлса, дарров уламоларимизнинг ёзган тафсирларига мурожаат қилишимиз айни муддао ҳисобланади.

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, истиқлол шарофати билан Қуръони Карим маъноларининг ўзбекча таржима ва тафсирлари кутубхоналаримизда зиёдаси билан мавжуд. Зеро, аждодларимиз бундай имкониятларни орзу қилишарди. Биргина мисол: Собиқ иттфоқ даврида, аниқроғи 1956 йили Қуръони каримнинг илк туркий (эски ўзбек тилидаги) таржимаси Саудия Арабистонидаги ватандошимиз Саййид Маҳмуд Тарозий (Олтинхон тўра) томонларидан таржима қилиниб, бизнинг ўлкага саноқли нусхалар олиб келинган. Ўша пайтда ушбу китобнинг нархи ўта қиммат (ўртача бир ҳўкизнинг нархида) бўлишига қарамасдан, илмга чанқоқ халқимиз уни олиб, кўзларига суртиб, мутолаа қилишган эди.

Ҳозирги кунда уламоларимиздан Шайх Алоуддин Мансур, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Шайх Абдулазиз Мансур, Шайх Усмонхон Темурхон ўғли (Аллоҳ ўтганларини раҳматига олсин) тафсир ва таржималари қайта-қайта нашр этилмоқда. Булардан ташқари, домла Мавлавий Ҳиндистоний, Маҳбубий-Марғилоний, Шамсиддин Бобохонларнинг таржималари ҳам нашр қилинган. Уларни олиб, Аллоҳ таолонинг оятларини чуқур мушоҳада билан ўқиб ўрганишимиз, фарзандларимиз ва оила аъзоларимиз билан биргаликда унга қўлимиздан келганча амал қилишимиз айни муддаодир.

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло Қуръони каримни тилга енгил, ўқишга осон, ёд олинишни қулай, такрор қилишни эса ёқимли қилган. Ҳар қандай матн ёки шеърни ўқиган одам ундан малолланиши мумкин. Лекин Қуръонни ҳар қанча такрор ўқисангиз ҳам малолланмайсиз, зерикмайсиз. Ушбу хусусияти ҳам – Қуръони каримнинг мўжизаларидан биридир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 وَلَقَدْ يَسَّرْنَا الْقُرْآنَ لِلذِّكْرِ فَهَلْ مِنْ مُدَّكِرٍ

 (سورة القمر 17)

яъни: “Ҳақиқатан, Биз Қуръонни зикр (эслатма) учун осон қилиб қўйдик. Бас, эслатма олувчи борми?!” (Қамар сураси 17-оят).

Ҳар биримиз доимо ўзимизни ривожлантиришимиз, илмий даражамизни оширишга ҳаракат қилишимиз лозим. Бугун Қуръонни тартил-тажвид билан ўқувчи ҳофизи Қуръон бўлса, эртага унга амал қилувчи ҳомили Қуръон бўлишга интилиши керак. Зеро, динимиз мўмин-мусулмоннинг кечасидан кўра бугуни, бугунидан кўра эртаси яхши бўлишига буюради. 

Қуръони каримни тиловат қилишда араб имлосида, тажвид қоидаларига риоя қилган ҳолда ўқиш лозим. Энг камида намозлик учун керак бўладиган қисқа сураларни тўғри ўқишни ўрганиб олиш керак. Шунинг учун ҳам уламоларимиз тажвид илмини ўрганиш фарзи айндир, дейишган. Аллоҳ таоло:

وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلًا

(سورةُ الْمُزَّمِّل 4)

яъни: “...Қуръонни тартил билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг”, – деб буюрган (Муззаммил сураси 4-оят).

Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ Қуръонни нозил бўлганидек ўқилишини хуш кўради”, – деганлар (Имом Ибн Хузайма ривоятлари).

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори мукаррам элчи фаришталар билан бир мақомдадир. Тили қийналиб тиловат қилувчига икки баробар кўп ажр бўлади”, деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).

 Аслида Қуръони карим тилларга осон қилиб қўйилган. Аммо баъзи ҳолларда маълум жумла ёки сўзлар талаффузи тилга оғирлик қилиши мумкин. Ана шундай  ҳолларда мазкур ривоят ёдга олинса, бу йўлда чекилган ҳар бир машаққат чексиз роҳатга, ҳар бир қийинчилик беҳисоб савобга айланади.

Ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча олий ва ўрта махсус таълим муассасалари қошида Қуръон карим ва тажвидни ўргатувчи ўқув курслари фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, Қуръони каримнинг Қозон босмасини нашр этиш ишлари ҳам режалаштирилмоқда. Қолаверса, тажвид илмини мустақил ўрганувчилар учун Диний идорамиз томонидан онлайн дарслар, махсус қўлланмалар ва уларнинг аудио-видео дарсликлари нашр этилган бўлиб, шулар асосида Қуръон ўқиш қоидаларини ўрганишингиз мақсадга мувофиқ.

Қуръон тиловатига оид айрим масалалар:

– Қуръон таҳоратли ҳолда ўқилади. Агар сув топилмаса, таяммум қилинади. Қуръонни ёддан ўқишда таҳорат бўлиши шарт қилинмаган.

  • Жунуб ва ҳайз кўраётган аёл бир оят ёки ундан кам миқдорда бўлса ҳам ўқиши мумкин эмас. Аммо ҳарфларни талаффуз қилмасдан, қалбдан ўтказса бўлади.
  • Қуръони каримни ерга қўйиб бўлмайди. Балки ўтирганда кўкраги баробаридаги баландликка қўйиб ўқийди.
  • Намоздан ташқари ҳолатда ҳам Қиблага юзланиб тиловат қилиш мустаҳабдир.
  • Қуръонни ўқиш ибодат бўлса, уни тинглаш, қулоқ тутиш вожиб амал саналади. Овоз чиқариб тиловат қилинаётган жойда гаплашиш ёки тиловатга эътибор бермасдан бошқа иш билан машғул бўлиш Қуръони каримга нисбатан ҳурматсизликдир.
  • Қуръонни каримни араб имлосида ўқиш тиловат саналади. Шундай экан, уни ўзбекча таржимасини намозда ўқиш мутлақо жоиз эмас.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг муборак Каломига ошиқлардан қилсин! Уни эртаю кеч тиловат қилиб, тадаббур қиладиган бандаларидан бўлишимизни насиб этсин! Охиратда Қуръони карим шафоатидан барчамизни насибадор айласин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси Мазҳаббошимиз – Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг фиқҳ ва ҳадис илмларидаги мавқелари” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.

 

Мақолалар

Top