Тафсири ирфон

БИРИНЧИ ЖУЗ: Фотиҳа сураси, 5–7 оятлар. Суранинг фазилатлари

 

Фотиҳа сураси, 5–7 оятлар.

ٱهۡدِنَا ٱلصِّرَٰطَ ٱلۡمُسۡتَقِيمَ

  1. Бизларни тўғри йўлга бошла;

"Тўғри йўл" – Аллоҳнинг ҳидоят йўли, Унинг ризосига эришиш йўлидир. Мазкур суранинг хулосаси шуки, Ислом дини учун асос бўлган ақида учтадир: биринчиси – тавҳид, яъни Аллоҳни зот ва сифатда яккаю ягона билиш; иккинчиси – рисолат, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақ пайғамбар деб билиш; учинчиси – Қиёматга имон келтириш. Аксари маккий сураларда ушбу уч ақида борасида сўз боради. Аллоҳнинг ҳидоят йўли фақат Унинг Ўзига имон келтириш, Унга қуллик қилиш, Унинг тоат-ибодатида қоим бўлишдир. Фақат Парвардигорнинг Ўзига юкуниш, барча ишларни Унга ҳавола этиш, Унинг Ўзидангина умидвор бўлиш, Ундан қўрқиш, мағфирати ва раҳматини умид қилиш энг тўғри йўлдир. Аллоҳ таоло инсонни Ўзига ибодат қилиши, амр-фармонларини бажариши учунгина халқ қилган. Бунга даъват қилиш учун расулларини юборган, китоблар нозил қилган. Унинг ҳақ йўлини тутганлар, Унга ибодат қилганлар, амр-фармонларини бажариб, қайтарган ишларидан чекинганлар ҳидоят топишган. Охиратда ажр-мукофотларга (жаннатга) эришиш хушхабари билан муждаланишган. Аллоҳнинг буйруқларини инкор этган, расулларига итоатда бўлмаган, залолатга кетиб, куфр ва ширк йўлини танлаган кимсаларга эса охиратда аламли азоблар, дўзах қийноқлари борлиги хабари берилган.

صِرَٰطَ ٱلَّذِينَ أَنۡعَمۡتَ عَلَيۡهِمۡ

  1. Сен инъом этган зотларнинг йўлига;

Аллоҳнинг инъомига (ҳидоятига) сазовор бўлган, Аллоҳ севган зотлар пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ-яхши кишилардир. Масалан, пайғамбарлар Аллоҳ таоло инсонлар орасидан саралаб олган зотлар бўлиб, улар мўминларга дунё ва охират хушхабарларини етказишади, кофир ва мушрик кимсаларни дунё ва охиратда шиддатли азоблар борлигидан огоҳлантиришади. Сиддиқлар эса Аллоҳнинг мавжудлиги ва ягоналигига, Унинг пайғамбарлари, фаришталари, китобларига ҳеч қандай тараддудсиз, шубҳа-гумонсиз ишонган ростгўй ва имонли кишилардир. Шаҳидлар эса Аллоҳ динини ғолиб қилиш, Унинг шариати Ер юзида жорий бўлиши йўлида жон фидо қилган саодатманд мўминлардир. Аллоҳ бандаларини Ўзига ибодат қилишлари учун азиз ва мукаррам, Ердаги Ўзининг халифаси қилиб яратиш билан бирга уларни имтиҳон ҳам қилиш учун уларга икки йўлни – имон ва ҳидоят йўли билан куфр ва залолат йўлини рўпара қилиб қўйган. Биринчи йўлни танлаганлар Аллоҳга бўйсунишади, Ундан қўрқишади, Аллоҳ кўрсатганидай фақат солиҳ, эзгу амаллар қилиб ўтишади. Буларнинг эвазига абадий роҳат-фароғат маскани бўлмиш жаннат билан мукофотланишади. Иккинчи йўлни танлаганлар эса Аллоҳга ширк келтирган, шайтон васвасасига, нафс алдовига учиб, умрини гуноҳ ва қабиҳ ишлар билан ўтказган, елга совурганлардир. Улар чексиз азоб-уқубат ўчоғи бўлмиш жаҳаннамда абадий азоб чекиш билан жазоланадилар. Шунинг учун мусулмонлар ҳар намозларида Аллоҳ таолога ёлбориб, Парвардигор инъомига сазовор бўлган солиҳ инсонлар сафида этиб қўйишини сўрашади.

غَيۡرِ ٱلۡمَغۡضُوبِ عَلَيۡهِمۡ وَلَا ٱلضَّآلِّينَ

  1. ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас".

Унинг ғазабига учраганлар яҳудийлар, йўлдан озган-адашганлар эса насронийлардир. Дарҳақиқат, инсоният тарихига назар ташлайдиган бўлсангиз, Қуръони каримнинг бу ҳақиқати ва ҳикматига тўла ишонч ҳосил қиласиз. Яҳудийлар энг қадимий, Аллоҳ азиз қилган, улкан салоҳият, илму ҳикмат ато этган улуғ қавм, халқ бўлган. Деярли барча пайғамбарлар ҳам шу миллатдан танлаб олинган. Аллоҳ таоло бу халққа жуда кўп марҳаматлар қилган, неъматлар ато этган, уларнинг мартабасини кўтарган. Аммо айнан яҳудийларгина ҳамиша Аллоҳнинг ваҳийларига осийлик қилишган, у юборган пайғамбарларни хўрлашган, ҳатто жисмонан йўқотишгача боришган. Ана шундай осийликлари учун улар Аллоҳ таолонинг ғазабига гирифтор бўлишган, неча марта улар бошига турли офат-балолар, ҳалокатлар келган. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: "Уларга хорлик-муҳтожлик туширилди ва Аллоҳ таолонинг ғазабига гирифтор бўлишди. Бу, Аллоҳ таолонинг ҳукмларига куфр келтиришгани, пайғамбарларни ноҳақ ўлдиришгани учундир. Бу, итоатсизлик қилиб, ҳаддан ошишгани учундир!" (Бақара, 61).

Насронийлар эса, дин ва шариатларидан чалғиб-адашиб кетишган, Исо Масиҳни Аллоҳнинг ўғли, ҳатто Худо дейишгача боришган, "Муқаддас Учлик" (Худо, Унинг аёли Марям ва Худонинг "ўғли" Исо ёки Худо, Унинг "ўғли" Исо ва Жаброил) деган бемаъни эътиқодни ўйлаб топишган, ўзларига нозил қилинган Инжилга беҳисоб тузатиш-ўзгартиришлар киритиб, унинг илоҳий моҳиятига нуқсон етказишган. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларни Ўз Каломида "йўлдан адашганлар" деб зикр этяпти. Гоҳо айримларнинг мана бундай "доно"ликларига дуч келамиз: "Яҳудий ва насронийлар ҳам ягона Аллоҳга ибодат қилишади, мусулмонлар  уларнинг пайғамбарлари Мусо ва Исо алайҳимассаломни Аллоҳнинг пайғамбарлари, деб ишонишади. Шундай бўлгач, учала илоҳий дин ўртасидаги ихтилофларга чек қўйиш учун уларни бирлаштириб, ягона бир динга эътиқод қилса бўлмайдими?" Динлар тарихидан мутлақо бехабар кимсаларнинг бу "кашфиёт"лари мисрлик дин ислоҳотчиси Муҳаммад Абдуънинг "Ислом ва насронийлик" китобидаги мана бу жумлаларга ниҳоятда ҳамоҳанг ва ўхшаш бўлиб кўринади: "Барча динлар ягонадир. Улар ташқи кўринишлари билан фарқланади, холос. Мен хоҳлардимки, яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонлар бир-бирларини қўллаб-қувватласалар (Олимнинг фикри шу ергача мантиқан тўғри – муаллиф). Мен айтаманки, дунёнинг икки улуғ дини бўлган Ислом ва насронийлик бир-бирига қўлини чўзиб қучоқлашади. Ўшанда Таврот, Инжил ва Қуръон бир-бирини қувватлайдиган китоблар бўлади, ҳамма ерда ўқилади ва ҳар бир миллат томонидан эъзозланади". Муҳаммад Абдуъ мусулмонлар Таврот ва Инжил ўқийдиган бўлишларини кутаётганини ёзган. 

Бу масалада ҳақиқат ким томонида? Агар юқоридаги фикрларда асос бўлса, унда Аллоҳ таоло нега бутун инсониятга охирги ҳақ дин деб Исломни танлаган? Унда нега Аллоҳ бутун кишилик жамиятига охирги пайғамбар қилиб Муҳаммад алайҳиссаломни юборган? Ана шу саволларга аниқ жавобни эса Қуръони карим оятларидан топамиз: "Аллоҳ наздидаги мақбул дин Исломдир. Аҳли китоблар билиб туришса ҳам ўзаро ҳасад туфайли тортишувга боришди". (Оли Имрон, 19); "Бугун динингизни мукаммал қилдим, неъматларимни бенуқсон, тўлиқ қилиб бердим ва сизларга Исломни дин деб рози бўлдим". (Моида, 3); "У Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан, уни барча динлардан устун қилиш учун юборган Зотдир". (Фатҳ, 28).

Фотиҳа сурасининг аввалги қисмида Аллоҳ таолога ҳамду сано ва иккинчи қисмида дуо таълими бор. Сурани ўқиб тугатгач, "Омин!" ("Аллоҳим, ижобат қил" маъносида) дейиш суннатдир. Чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар имом "...ғойрил мағзуби ъалайҳим валаддолийн" деса, "Омин!" денглар, кимнинг "омин!" дегани фаришталарнинг "омин"ига тўғри келиб қолса, олдинги гуноҳлари мағфират қилинади", деганлар (Бухорий ривояти). Мазҳабимизда "Омин!" лафзи махфий (овоз чиқармай) айтилади.

 

СУРАНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Аллоҳ таоло айтади: "(Эй Муҳаммад), дарҳақиқат, Биз сизга “етти такрорланувчи”ни ва улуғ Қуръонни бердик" (Ҳижр сураси, 87-оят). Мазкур оятдаги "етти такрорланувчи" Фотиҳа сурасидир.

Мазкур суранинг фазилатлари ҳақида жаноби Пайғамбаримиздан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Абу Саъид ибн Муалло айтади: "Мен намоз ўқиётган эдим, Пайғамбар алайҳиссалом чақириб қолдилар... Борсам: "Масжиддан чиқиб кетмасингдан олдин сенга Қуръоннинг энг улуғ сурасини ўргатайми?" дедилар-да қўлимдан тутдилар. Сўнг масжиддан чиқмоқчи бўлганимизда: "Эй Аллоҳнинг Расули, сиз менга Қуръоннинг энг улуғ сурасини ўргатайми?" деган эдингиз, дея эслатдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Етти оятдан иборат Фотиҳа сураси бўлиб, менга берилган улуғ Қуръон шудир!" дедилар (Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло айтади: "Фотиҳа сурасини Ўзим билан бандам орасида иккига тақсимлаганман, бандам нимани сўраса бераман".

Агар банда: "Алҳамду лиллаҳи Роббил оламин" деса, Аллоҳ: "Бандам менга мақтов ва шукр айтди", дейди.

Банда: "ар-Роҳманир Роҳийм" деса, Аллоҳ: "Бандам менга сано айтди", дейди.

Банда: "Малики явмиддин" деса, Аллоҳ: "Бандам мени улуғлади", дейди.

Банда: "Иййака наъбуду ва иййака настаъин" деса, Аллоҳ: "Бу Мен ва бандам орасидаги нарса, у нимани сўраса бераман", дейди.

Банда: "Иҳдинас сиротол мустақийм, сиротоллазина анъамта алайҳим ғойрил мағзуби ъалайҳим валаз-золлин" деса, Аллоҳ: "Бу бандамга хос, сўраганини бердим", дейди (Насоий ривояти).

Read 3289 times

Мақолалар

Top