Тафсири ирфон

2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ, 58–59 ОЯТЛАР

وَإِذۡ قُلۡنَا ٱدۡخُلُواْ هَٰذِهِ ٱلۡقَرۡيَةَ فَكُلُواْ مِنۡهَا حَيۡثُ شِئۡتُمۡ رَغَدٗا وَٱدۡخُلُواْ ٱلۡبَابَ سُجَّدٗا وَقُولُواْ حِطَّةٞ نَّغۡفِرۡ لَكُمۡ خَطَٰيَٰكُمۡۚ وَسَنَزِيدُ ٱلۡمُحۡسِنِينَ٥٨

  1. "Ушбу шаҳарга (Қуддусга) киринглар ва унинг хоҳлаган ерида бемалол еб-ичинглар ва дарвозадан сажда қилган ҳолларингда "авф қил" деб киринглар. "Биз хатоларингизни мағфират этамиз ва яхшилик қилувчиларга зиёда қиламиз" деганимизни эсланглар.

Аллоҳ таоло Бани Исроилга Қуддуси шарифнинг ҳамма ерида бемалол еб-ичишни буюрар экан, дарвозадан сажда қилган ҳолда истиғфор айтиб киришни амр этмоқда. Аммо ношукр қавм Парвардигорнинг бу буйруғига итоат қилмай, буюрилган сўзларни масхараомуз бузиб айтган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: "Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам Макка фатҳида бошларини эгиб, тавозеъ билан Аллоҳга шукр айтиб кирганлар ва Маккага кирганларидан кейин ғусл қилганлар, саккиз ракат нафл намоз ўқиб, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳга ҳамду санолар айтганлар”.

فَبَدَّلَ ٱلَّذِينَ ظَلَمُواْ قَوۡلًا غَيۡرَ ٱلَّذِي قِيلَ لَهُمۡ فَأَنزَلۡنَا عَلَى ٱلَّذِينَ ظَلَمُواْ رِجۡزٗا مِّنَ ٱلسَّمَآءِ بِمَا كَانُواْ يَفۡسُقُونَ٥٩

  1. Золимлар айтилган сўзни бошқасига алмаштиришди. Шунда бузғунчиликлари сабабидан золимлар устига осмондан бало ёғдирдик.

Ибн Исҳоқ айтилган ўша сўзни Бани Исроил алмаштиришгани ҳақида бундай дейди: "Менга Солиҳ ибн Кайсон Тавмаҳа бинти Умайя ибн Халафнинг хожаси Солиҳдан, у Абу Ҳурайрадан ва яна бир ишончли киши Ибн Аббосдан, у эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилишади: "У зот: "Улар сажда қилган ҳолларида "ҳиттатун" (авф қил!) деб кириш ўрнига судралган ҳолда "ҳинтатун" (буғдой) деб кирадилар", дедилар". Золим кимсалар истиғфор айтиш ўрнига масхара қилиб "буғдой" сўзини ишлатишган. Сажда қилиш ўрнига Қуддус шаҳрига кетлари билан сурилиб киришган. Шундан сўнг уларга вабо балоси келиб, туш пайтининг ўзида етмиш минг одам ҳалок бўлган. Бу ерда Бани Исроил қавмининг саркашлиги ва ўз пайғамбарларига нисбатан ҳурматсизларча қилган муомаласи ҳамда Аллоҳга бўлган исёнининг яна бир кўриниши намоён бўлмоқда. Зеро, Парвардигор уларни Қуддус шаҳрига сажда қилган ҳолда кириб, мағфират сўрашга буюрган ва бунинг эвазига уларни кечиришини ваъда қилган эди.

Read 2507 times

Мақолалар

Top