muslim.uz

muslim.uz

Қориларимизнинг Рамазон ойи муносабати билан таровиҳ  намозларини ўқиши учун қўшни республикаларга юборилиши ўзига хос яхши анъанага айланди.

Бу йил ҳам ўтган йилларда бўлгани каби, бир қатор қориларимиз жорий йил Рамазон ойида таровиҳ  намозларини ўқиб беришлари учун Россия Федерациясига жўнаб кетди.

Россия мусулмонлари диний жамияти таклифига биноан, 26 май куни, эрта тонгда 6 нафар – Чилонзор тумани Бош имом-хатиби Абдукаримов Ҳусниддин, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси ходими Худойбердиев Фаррух, Дин ишлари бўйича қўмита Таълим бўлими ходими Хайдаров Миродил, Шайхонтоҳур тумани “Дорус-Салом” масжид ноиб-имоми Убайдуллаев Ислом, Чилонзор тумани “Қатортол” масжиди имом-хатиби Алимов Аброр ва Яшнобод тумани “Али ибн Абу Толиб” масжиди ноиб-имоми Мирсодиқов Нурилла каби қориларимиз Москва шаҳрига сафарбар этилди.

Қориларимиз муборак ой давомида Россия Федерацияси шаҳарларида мусулмонларга таровиҳ  намозларида хатми Қуръон ўқиб берадилар.

Шунингдек, сафар давомида қориларимиз Россия Федерацияси шаҳарларида ташкил этиладиган диний маросимларда иштирок этишлари кутиляпти. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими     

 بسم الله الرحمن الرحيم

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг 2017 йилги закот, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича

ҚАРОРИ

  1. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг милодий 2017 йил (ҳижрий 1438 йил) учун ЗАКОТ нисоби 1 гр. тиллонинг бугунги кундаги бозордаги ўртача нархи 185 000 (бир юз саксон беш минг) сўм эканлигини эътиборга олиб, 85 гр. тилло ҳисобидан закот нисоби 15 725 000 (ўн беш миллион етти юз йигирма беш минг) сўм эканлиги ва мазкур сумманинг қирқдан бир ҳиссаси, яъни 393 125 (уч юз тўқсон уч минг бир юз йигирма беш) сўм закот чиқариш тўғрисидаги миқдор маъқуллансин.
  2. Бу йилги Фитр садақаси миқдори вилоят, шаҳар ва туман бозорларидаги 2 кг. буғдой нархидан келиб чиққан ҳолда белгилансин.

(Масалан 2017 йилда Тошкент шаҳар бозорида 1 кг. буғдойнинг нархи ўртача 3.000 сўм бўлса, демак 2 кг. буғдой нархи 6.000 сўм бўлади).

  1. Бу йилги Фидя миқдори доимий узр билан рўза тутолмайдиган кишилар учун бир оч одамнинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, ўртача 12.000 (ўн икки минг) сўм деб белгилансин.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

уламолар кенгаши раиси, муфтий                         

 Усмонхон АЛИМОВ                                                                                                  

24.05.2017 й.

 

Кўкалдош

Кеча “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида битирувчи талабаларнинг “Хатмона – 2017” байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари Абдулазиз Мансур, Иброҳим Иномов, ЎМИ матбуот котиби Жалолиддин Нуриддинов, таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Акбар Дўстматов; Тошкент шаҳар вакиллиги масъул ходимлари, Тошкент ислом институти ўқитувчилари, фахрий устозлар Муродилло ҳожи домла, Абдусалом домла, узоқ йиллар билим юрти мудири лавозимида ишлаган Абдуҳаким қори ака ва талабаларнинг ота-оналари ташриф буюрдилар.  

Тадбирни билим юрти мудири З.Мирсодиқов очиб барчани яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойи билан қутлади ва юртимизда диний таълимга бўлаётган эътибор, билим юртининг эришган ютуқлари ҳақида гапирди. Сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари сўзга чиқиб, битирувчи талабаларга ва тадбир қатнашчиларига самимий табрикларини изҳор этиш билан бирга  панд-насиҳатлар билдириб ўтди. Навбатдаги табрик сўзида “Ислом ота” жоме масжиди имом хатиби Абдуҳаким қори ака талабаларга ўзларининг ҳаёт тажрибаларидан мисоллар келтириб битирувчиларга келгуси ҳаёт йўлларида муваффақият тилади.

Табрик сўзларидан сўнг билим юрти мударрис ва талабаларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда фидокорона меҳнат қилаётган устозлар, намунали хулқи ва аъло баҳолари билан эътиборга тушган талабалар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, муҳтарам ота-оналар ҳам дил изҳорларини айтиб, устозларга ташаккур билдиришди.

Тадбирнинг бадиий қисмида битирувчилар ва 2-3-босқич талабалари бадиий саҳна кўринишларини намойиш этдилар.

Талабалар ўтганлар руҳларига бағишлаб Қуръон тиловат қилганидан сўнг тадбир қатнашчилари байрам дастурхонига таклиф қилинди.

А.ҒАНИЕВ,

  “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини  

 

 *  *   *

Хадичаи Кубро

Кеча Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим юртида катта шодиёна – битирувчи курсларнинг Хатмона тадбири бўлиб ўтди. Билим юрти фаолият бошлаб, илк битирувчиларини чиқарганига 20 йил тўлгани муносабати билан тадбирга фахрий устозлар ҳам таклиф этилди.

Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланиб, фахрий меҳмонлар битирувчилар ва бошқа  талаба қизларга келажакдаги ишларида муваффақиятлар тиладилар. Сўнг Республикамиз Мадҳияси янгради. 3-босқич талабалар ижросидаги саҳна кўриниши асносида битирувчилар саҳнага таклиф этилди. Саловатлар айтилди. 3-босқич талабалари битирувчиларга атаган табрик шеърлари ўқилди, саҳна кўринишлари намойиш этилди. 

Сўнгра 1-босқич талабалари эсдалик совғаларини топширди ва аъло ўқиган битирувчилар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Тадбир сўнгида битирувчи талабаларнинг оналари устозлар ва ходимларга ўз миннатдорчиликларини ва талабаларга эзгу тилакларини изҳор этдилар.

Юртимиз равнақи, динимиз ривожи йўлида барча битирувчиларга Аллоҳ таолодан улкан зафарлар тилаймиз ва юртимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшишда муваффақиятлар ёр бўлсин!

 

Комила АБДУВАЛИЕВА,

Билим юрти ўқитувчиси

 

 

                                              

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот котиби Жалолиддин Нуриддинов билан суҳбат

— Ассалому алайкум. Устоз, ҳадемай муборак Рамазон ойи бошланади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси аввалги йиллардан фарқли ўлароқ ушбу мавсумга қандай туҳфалар ҳозирлади?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғам­баримизга саловоту саломлар бўлсин. Ҳар бир мўмин муборак Рамазон бошланишини соғиниб, катта тайёргарлик билан кутиб олишади. Диний идорамиз томонидан Рамазонга тайёргарлик ҳам ана шундай шукуҳ билан адо этилди.

Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “2017 йилги Рамазон ойи ва ҳайити муносабати билан амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси” тасдиқланди. 2017 йил 18 май куни “Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидларда муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш, кўтаринки руҳда ўтказиш, ибодат қилувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва имом-хатибларда масъулият ҳиссини янада ошириш мақсадида” махсус буйруқ ишлаб чиқилди. Унда мусулмонларга ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш, жойларда ифторлик ва саҳарликларни ихчам, дабдабасиз шаклда ўтказилишини эътиборга олиш, саховатпеша кишиларни хайрия тадбирларига жалб қилишга қаратилган тушунтириш ишларини олиб бориш каби масалалар белгилаб берилди. Масжидларда тозалик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, унда масжидлар хонақо, айвон, таҳоратхоналарига эътибор берилиб, намозхонлар учун етарли шароитлар яратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буйруғига асосан диний идора тасарруфидаги билим юртлари ва Имом Бухорий халқаро марказида Рамазон ойини муносиб кутиб олиш учун тайёргарлик ишларига жиддий эътибор қаратилди. Рамазон ойи давомида педагог-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар, талабалар ва марказ тингловчиларига қулай шарт-шароитлар яратиш, саҳарлик ва ифторлик дастурхонларини сифатли ҳамда ўз вақтида тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берилди.  

— Юртимиздаги нечта масжидларда хатми Қуръон ўқилиши кутилмоқда?

— Маълумки, Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллари малакали диний кадрлар, имомлар, хусусан ҳофизи Каломиллоҳ бўлган қорилар етишмаслиги сабабли, қатор қийинчиликларга дуч келинар эди. Рамазон кунлари таровеҳ намозида хатм 5-6 кунда ўқилиб, намозхонларга муайян қийинчиликлар туғилар эди. Бугунги кунда, алҳамдулиллаҳ, қориларимиз етарли.

Ўтган йили Рамазонда 900 га яқин масжидларда хатм қилинган бўлса, бу йил 1000 га яқин масжидларда хатми Қуръон тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу тадбирларга юртимиздан етишиб чиққан қорилар жалб қилинади.

— Ўтган йиллари ўзбекистонлик қориларнинг бошқа давлатларда ҳам Қуръони карим хатмида қатнашганди. Бу йил ҳам ўзбекистонлик қорилар чет-элга юбориладими?

— Албатта, бу анъана жорий йилда ҳам давом эттирилади. Бу йилги Рамазон ойида Россия Федерацияси ва Украина мусулмонлари ва диний идораларнинг расмий илтимосларига кўра, хатми-Қуръон ва диний маросимларни ўтказиш учун юртимиз қорилари ушбу мамлакатларга сафарбар этиладилар.

— Юртимиз уламоларининг муборак Рамазон ойларида масжидларни зиёрат қилиб, мавъиза билан иштирок этишлари бу ой тароватига ўзгача файз бахш этади. Бу йил ҳам масжидларни зиёрат қилиш режалаштирилганми?

— Бу йилги Рамазонда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, Абдулҳамид Турсунов, масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов ва идорамизнинг бошқа ходимлари Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги масжидларга бориб, мусулмонларни табриклаб, 10-15 дақиқалик мавъизалар қилишлари режалаштирилган.  

Муборак Рамазон ойи барча Юртдош­ларимизга хайрли, баракотли келсин. Аллоҳ таоло бу ойнинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин. 

Даврон НУРМУҲАММАД суҳбатлашди.

Шаҳзод ШОМАНСУРОВ суратга олди.

Мақолалар

Top