www.muslimuz

www.muslimuz

Жорий йилнинг 21-22 август кунлари Грозний шаҳрида халқаро Қуръони карим мусобақаси ўтказилди.

Ушбу мусобақа Чечен Республикасининг биринчи президенти Аҳмат ҳожи Қодиров хотирасига бағишлаб ўтказилган.

Мусобақа Грознийдаги Давлат театр-концерт залида ўтказилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

23 август куни Чеченистоннинг Шали шаҳрида Гиннесс рекордлар китобига киритилган палов муаллифи Баҳриддин Чустий бошчилигидаги бир гуруҳ ўзбекистонлик ошпазлар 3 тонналик ош дамлади.
Тадбир мазкур шаҳарда бунёд этилган “Рамзан Қодиров” номли муҳташам масжиднинг очилиш маросими доирасида ўтказилди.
Ушбу ош Россиядаги биринчи энг катта ўзбек паловидир. Биз ўзбек ошхонасининг дурдонаси, дастурхонининг ҳукмдори палов барчанинг меҳрини қозонади ва ўзига жалб этади. Хорижда турли хил мамлакатлар аҳолисини ҳақиқий ўзбек палови билан таништиришда ўзбек ошпазларининг меҳнатлари таҳсинга лойиқдир.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Хабарингиз бор бугун Чеченистоннинг Шали туманида «Рамзан Қодиров» номидаги масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтаётган эди. Тадбирдан олинган хабарларга кўра, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров масжидга ўз номини эмас, балки пайғамбаримиз «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам» номлари берилишини мақсадга мувофиқ бўлишини маълум қилган. Шундай қилиб янги очилган масжид номи «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам» номлари билан аталмоқда.

Манба:Islom.uz 

22 август куни Москва шаҳридаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” марказида уламолар, мутахассислар ва Марказий Осиёлик меҳнат мигрантлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов, Котибият мудири Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов, “Ҳилол-нашр” нашриёт-матбаа мажмуаси раҳбари Исмоил Муҳаммад Содиқ ва Россия диний идоралари вакиллари қатнашди.
Тадбирда меҳнат мигрантлари таълим-тарбияси, маънавият ва маърифати масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф илмий меросини ўрганиш, тарғиб этиш ва китобларини мутолаа қилиш мустаҳкам эътиқодни сақлашда катта аҳамиятга эга экани ҳақида сўз юритилди.
Бу бежиз эмас, албатта. Шайх ҳазратлари нафақат диний, балки маърифий, тарихий, ахлоқий, ижтимоий мавзуларда 100 дан зиёд китоблар ёзган. У кишининг ҳикматли асарлари, суҳбатлари, телевидение ва матбуотдаги чиқишлари ҳар бир инсонни тўғри йўлга бошлайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарлари рус тилига ҳам таржима қилиниб, чоп этилган. “Тафсир Хилал” (Қуръон каримнинг шарҳи), “Хадисы и Жизнь”, “Ийман, Ислам, Куръан”, “Суннитские вероубеждения”, “Разногласия: причины и решения”, “Васатыя – путь жизни”, “Счастливая семья”, “Открытое послание”, “Истина о сути гадания”, “Заем и связанные с ним вопросы” каби китоблар шулар жумласидандир. Шунингдек, олимнинг асарлари қозоқ, қирғиз ва бошқа тилларга ҳам таржима қилинган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ислом динининг асл моҳиятини тарғиб этиш, ёш авлодни миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялашга қаратилган эзгу ишлар қаторида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг илмий меросини тарғиб этиш ёш авлод учун улкан тарбия ва ибрат манбаи бўлиб хизмат қилади.
Мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчи Абдуҳаким қори Матқулов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз томонларидан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, диний-маърифий жабҳадаги аҳамияти беқиёс ишлар ҳақида алоҳида тўхталди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Котибияти мудири Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов эса юртимизда дин янги масжид-мадрасалар очилгани, илмий марказлар, ихтисослашган мактаблар ташкил этилгани, шунингдек, ватанга садоқат, оила муқаддаслиги, огоҳлик мавзуларида суҳбат қилиб бердилар.
Давра суҳбати якунида меҳнат мигрантлари сўзга чиқиб, Ўзбекистон ҳукумати томонидан хорижда меҳнат қилаётган шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида сўнгги йилларда жуда катта ишлар амалга оширилаётгани ва буни барча меҳнат мигрантлари ҳис этаётганларини эътироф этишди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

23 август, жума куни Чеченистоннинг Шали туманида барпо этилган “Рамзан Қодиров” номидаги муҳташам масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтади. Унда мусулмон мамлакатларидан ташриф буюрган мартабали меҳмонлар орасида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этади.

Мазкур ўзбекистонлик меъморлар томонидан лойиҳалаштирилган жоме масжид, ҳар бири 63 метр бўлган тўрт минорага ва баландлиги 43 метр бўлган қуббага эга. Масжид қурилиши 2012 йилда бошланган. Чиройи ва услуби жиҳатидан масжид дунёда ўзига хос бўлиб, унинг ичи ва ташқариси юнон оқ мармарлари билан безатилган.

Эътиборли томони шундаки, Шали шаҳрида қад ростлаган улуғвор ва кўркам масжид кўп асрлик бой меъморчилик анъаналарини безавол сақлаб келаётган маҳоратли ва қўли гул ўзбек меъморлари томонидан лойиҳалаштирилган ва Марказий Осиёга хос услубда барпо этилган.

Бино тўрт томондан кириш порталига эга. Бинонинг ташқи ва ички томони оқ рангдаги тошлар, ўзбекона услубдаги орнамент ва нақшлар билан безатилган, шарқона безаклар билан уйғунлашиб кетган. Масжид қадимий Бухоро ва Самарқанд масжидлари услубига ўхшаш.

Чеченистондаги мана шундай файзли масжиднинг заминимиздаги қадимий масжидлар услубида қурилиши ўзбек ва чечен халқларини мустаҳкам ришталар чамбарчас боғлаб туришини яққол намоён этади.
Маълумотларда қайд этилишича, ушбу масжид Европа минтақасидаги энг йирик масжидлардан бири бўлади. Масжидда бир вақтнинг ўзида 30 мингдан зиёд киши ибодат қилиши мумкин экан.

Масжид очилиш маросими доирасида Дурди шайх номидаги Қуръон ҳофизлари мактабининг тантанали очилиши, халқаро Қуръон мусобақаси ғолибларини тақдирлаш, Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган энг яхши нашида мусобақаси ғолиблари чиқишлари каби маросимлар ҳам ўтказилади.

Маълумот ўрнида, Рамзан Қодировнинг отаси, Чеченистон Республикасининг биринчи президенти Аҳмад ҳожи Қодиров дастлаб Бухородаги Мир Араб мадрасасида кейин Тошкент ислом институтида таълим олган эди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top