www.muslimuz

www.muslimuz

mardi, 09 juillet 2019 00:00

Фолбинларга ишонманг

Қадарга иймон келтириш ва яхши ёмон нарсанинг бари Аллоҳдан эканига ишониш иймон арконларидан ҳисобланади. Лекин Аллоҳ ўзининг ҳикмати билан бандаларини имтиҳон қилиш учун ғайбий ишларни ва келажакни сир тутди. Бунга кўплаб ояти карималар далолат қилади. Жумладан бир оятда Аллоҳ шундай марҳамат қилади: “Айтинг: Аллоҳдан бошқа осмонлар ва ердаги бирор кимса ғайбни билмас” (Намл сураси, 65-оят).

Агар келажакдаги ишлар инсонга маълум бўлса эди, имтиҳон бўлмасди. Чунки, ғайбни билган одам фақат ўзига фойдали ишларни қилиб, зарарли ишлардан сақланган бўларди. Лекин инсонлар орасида одамларнинг келажагини, тақдирини биламан, деб даъво қилувчи сохта башоратчи-фолбинлар ҳам йўқ эмас. Бундай тоифа қадимдан мавжуд бўлиб, улар коҳинлар деб аталган.

Шу ўринда фолбинлик тарихига назар ташлаб ўтсак. Маълумки, замин инсонларнинг макони, осмон эса малоикалар ошиёнидир. Аллоҳ таоло Ер юзидаги бандалари хусусидаги барча ҳукмларни адо қилишни ана шу фаришталар зиммасига юклагандир. Оламда учинчи тоифа-жинлар ҳам борки, инсоният узоқ йиллардан бери улар билан турлича алоқаларда бўлиб келган. Исломдан олдин ана шу жинларнинг айримлари осмондаги фаришталарнинг ўзаро гапларини ўғиринча эшитиб олиб, ердаги фолбинларга етказиб туришган. Жинлар ва фолбинларнинг бундай алоқалари Қуръон нозил бўла бошлагунча давом этган. Кейин эса, жинларнинг тинчгина ва қаршиликсиз осмонга чиқиб, хабар келтиришлари ниҳоясига етди. Вазият энди бошқача тус олган эди. Уларнинг тинчини бузган ва ишларига якун ясаган воқеа ҳақида Қуръонда жинларнинг тилидан шундай дейилади: “Энди хозир (Мухаммад пайғамбар бўлгач), кимки (қайси жин) тингламоқчи бўлса, ўзини кузатиб турган бир учар юлдузнин топар. Биз ердаги кишиларга ёмонлик ирода қилинганми ёки Парвардигорлари уларга тўғри йўлни ирода қилганми, билмасмиз” (Жин сураси,9-10оятлар).

Ваҳийнинг мусаффолигини таъминлаш ва одамлар орасида шубҳага ўрин қолдирмаслик ҳамда Қуръон оятлари билан фолбинларнинг сўзлари аралашиб кетмаслиги учун ҳам Аллоҳ таоло жинларни осмонга чиқишдан ман қилди. Осмонларга қўриқчи қўйди. Осмондаги учар юлдузлар ана ўшандай жинларга отилган ўқлардир.

Баъзи инсонлар назарида жинлар ғайбий ишларни билувчи ҳисобланади. Аслида улар ҳам ғайбдан бехабардирлар. Бунга қуйидаги оят ҳам далилдир: “Бас, қачонки, Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилганимизда, унинг ўлимига фақат асосини еётган кемирувчи қуртгина далолат қилди. Бас, қачонки, у қулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар ғайбни билувчи бўлганларида, бу хор қилувчи азобда (меҳнатда) қолмаган бўлур эдилар” (Сабаъ сураси, 14-ояти).
Маълумки Сулаймон а.с. ҳассага суянган ҳолда жон таслим қилганлар. Унга хизмат қилувчи жинлар эса, унинг вафот этганини билмасдан, оғир ишларда давом этаверганлар. Сулаймон а.с. суяниб турган ҳассани бир йил давомида ёғоч қурти еб, кемирди. Натижада Сулаймон а.с. ерга қулаб тушдилар. Шундан кейингина жинлар унинг ўлганини англаб етдилар ва тарқаб кетдилар. “Сулаймон ўлди, девлар қутулди”, деган нақл ҳам шундан қолган. Агар баъзи инсонлар ўйлаганидек, жинлар ғайб сирларидан огоҳ бўлганларида эди, Сулаймон а.с. ўлиши билан мажбуран қилаётган оғир ишларини дарҳол тўхтатган бўлар эди.
Исломда фолбинлик жуда қатъий таъқиқланади. Бир ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в шундай марҳамат қилганлар: “Кимки фолбин ҳузурига бориб, ундан бирор нарса сўраса, қирқ кунгача унинг намозлари қабул қилинмайди, қирқ кунгача унинг учун тавба эшиклари ёпилади. Агар фолбиннинг сўзига ишонса, кофир бўлади”.

Ушбу сўзлар мунажжимларга ва уларнинг сўзларига ишонувчи нодон кишиларга ҳам тегишлидир. Чунки, юлдузлар фақатгина уч нарса учун: яъни осмонга зийнат, жин ва шайтонларга отиладиган тош ва инсонлар йўл топиб олишлари учун аломат-белги қилиб яратилгани ҳадисларда баён қилинади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлда собитқадам айласин!

Хонобод шаҳар бош имом-хатиби Мансурбек домла Рахимов

mardi, 09 juillet 2019 00:00

Қалбларни синдирманг!

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу олов ёқиб ўтирган кишиларни узоқдан кўриб, қалблари жароҳатланмасин дея уларга «Эй олов аҳли» деб эмас, балки «Эй зиё аҳли» деб нидо қилдилар.

 

*****

 

Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумо кекса кишининг нотўғри таҳорат қилаётганини кўриб қолишди ва унинг қалбига озор бермаслик учун «Бизни кузатиб, қай биримиз таҳоратни чиройли қила олмаслигимизни аниқлаб берсангиз» деб, ўша кишининг кўз ўнгида икковлари таҳорат ола бошладилар. Уларнинг таҳорат қилишларини кузатиб турган бояги одам кулган ҳолда «Орангизда мен таҳоратни яхшилаб қилмас эканман» дея ўз хатосини тушуниб етди.

 

*****

 

Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳнинг олдиларига бир киши келиб, «Намозни тарк қилувчининг ҳукми нима?» деб сўради. «Ҳукми — уни ўзинг билан масжидга етаклаб боришингдир» деб жавоб бердилар имом.

 

*****

 

Мақсад — чиройли услуб билан хатони тузатишдир, уни ҳаммага ёйиб, ўша одамни шарманда қилиш, қалбини синдириш эмас.

 

*****

 

Шу ўринда яна бир мулоҳаза:

Юра олмайдиган одамга нисбатан «чўлоқ» сўзи ўрнига «ногиронлиги бор» ёки «аравача воситасида юрадиган киши», кўра олмайдиганга нисбатан «кўр» сўзи ўрнига «кўзи ожиз», эшита олмайдиганга нисбатан «кар» сўзи ўрнига «қулоғи оғир» деб ишлатсак, маъно бир бўлсада, қалбга ботмайдиганини танлаган бўламиз.

Аллоҳ таоло бизни гўзал хулқ билан ризқлантирсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

2019 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон 3 034 834 нафар сайёҳларни қабул қилган. Бу ҳақида Ўзбекистон туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Абдулазиз Аккулов берган маълумотига таяниб Sputnik хабар қилди.

Ушбу матбуот анжумани Самарқандда 9—10 июль кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилаётган МДҲнинг биринчи сайёҳлик ярмаркаси фаолиятига бағишланган.

Аккулов айтишига қараганда, Ўзбекистонга 2019 йилнинг биринчи ярмида 2,5 миллион сайёҳ келиши режалаштирилган эди, лекин сайёҳлар сони 3 миллион кишидан ошди.

Энг кўп сонли меҳмонлар қўшни Қозоғистондан ташриф буюрди — 175 минг киши, Қирғизистондан — 98 минг киши, Тожикистондан — 92 минг киши, Туркманистондан — салкам 42 минг киши, Россиядан — 40 минг киши.

Сайёҳлар энг кўп ташриф буюрган ой — май ойи бўлди. Ушбу даврда Ўзбекистонга 452 минг турист ташриф буюрди. Улардан 45 минги — узоқ хоржий мамлакатлардан.

Абдулазиз Аккулов айтишига қараганда, Ўзбекистонга янада кўпроқ сайёҳлар жалб қилиш мақсадида ҳукумат томонидан барча ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вазир виза тартиби соддалаштирилганини ҳамда янги меҳмонхоналар қурилаётганини қайд этди. Шунингдек Аккулов Ўзбекистонда транспорт тизими ҳозирча етарли даражада ривожланмаганини ҳамда чипталар нархи ҳам бироз қимматлигини ҳам айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2025 йилга қадар сайёҳлик соҳасида олинаётган даромадларни 2 миллиард долларга етказишга қарор қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси томонидан АҚШ Конгресси кутубхонасига Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ фондларида сақланган китоблар тақдим этилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.

Кутубхонага Алишер Навоийнинг 10 жилдлик тўлиқ асарлар тўплами, «Амир Темур чет элликлар нигоҳида», «Ўзбекистон», «Кўҳна ва боқий Бухоро», 14 томли «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» китоблари топширилди.

Бунга бағишланган тадбир давомида Конгресс кутубхонасининг қатор экспертлари жорий йили Ўзбекистонга бориш ҳамда Миллий кутубхона ва илмий-тадқиқот доиралари вакиллари билан учрашиш истагини билдирди.

Томонлар Тошкент Шарқшунослик институти архивларида сақланаётган қадимий қўлёзмаларни рақамлаштириш бўйича лойиҳани амалга ошириш икониятини муҳокама қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йил Ҳаж мавсумида ҳожиларга қулайлик яратиш мақсадида Мино водийсида илк бор баланд чодирлар ўрнатилиши режалаштирилмоқда. Бу ўз навбатида зиёратчилар сонининг ортишига ва турли ноқулайликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Бу ҳақда islam-today.ru нашрига таяниб "Ислом.уз" портали хабар беради.

Ҳар бир чодир саккиз кишига мўлжалланган бўлиб, чодирлар оловга чидамли материаллардан тайёрланган ва улардан фойдаланиш жуда ҳам қулай. Махсус дизайн асосида тайёрланган чодирларни йиғиш ва олиб ташлаш жуда осон. Бу эса ташкилотчиларнинг ҳам ишини енгил қилиши айтилган.

Мазкур чодирнинг биринчи қавати уй ходимларига ва озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун ишлатилса, юқори қаватларда зиёратчилар яшайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top