muslim.uz

muslim.uz

25 декабрь Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов Хартумдаги (Судан) Ўзбекистон Савдо уйи раҳбари, «Mumlaka Investment Group» компанияси президенти Муса Муҳаммад Саид билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Учрашувда Судан билан савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатиш, шунингдек, ўзбек маҳсулотларини Африка қитъаси бозорларига олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Судан Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалиги, ирригация ва мелиорация, таълим каби соҳаларда яқин ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор, хусусан, қишлоқ хўжалиги техникаси ва электротехника маҳсулотларини импорт қилиш бўйича таклифларни кўриб чиқишга тайёр.
Томонлар, шунингдек, “зиёрат-туризм” соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилди. Мусо Муҳаммад Саиднинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маънавий-маданий мероси суданлик сайёҳлар ва мусулмон аҳоли орасида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Онам доим: «Дадаларингиз ишдан уйга қайтганида юзига кулиб, табассум билан боқинглар. Чунки ташқари ҳаётнинг ҳолати оталарни синдирадиган даражада аянчли...», дердилар.

Ҳомиладор аёл бирор аъзосида зарарни ҳис қилса, масалан, юрагига қон етиб боришида муаммо бўлса, она вужудидаги ҳомила зарарни бартараф қилиш учун ҳужайра юборади. Субҳаналлоҳ!

Оила аъзоларимга: «Сўзга чиқишимдан олдин устимга қаҳва тўкилиб кетди» деб, ўша ноқулай вазият ҳақида гапириб бераётган эдим, барчалари: «кейин нима бўлди?» деб сўрашди. фақат онам: «бирор озор етмадими?» дедилар.

Бир куни касал бўлиб қолдим... Ҳамма ухлади, аммо онам кўз юммади.

Онам туфайли барча аёлларни ҳурмат қиламан.

Она доим ишлатадиган ёлғонлар:

– болам, сен еявер, менинг қорним тўқ.

– мана бу гўштни егин, мен гўштни унча ёқтирмайман.

– мана бу пулни олавер, менда унга эҳтиёж йўқ.

– мана бу чойшабни ёпин, мен совқотмаяпман.

– йиғлама, мен касал эмасман.

бошқа суюкли инсонингиз бундай қилишга қодирми?!

 Роббим! онамни ва омийн деб дуога қўшилган барчани оналарини жаннат аҳлининг саййидаларидан қилгин!

Ҳар‑бир буюк аёлнинг ортида буюк она турган бўлади.

Битта она ўнта болани парваришлай олади, лекин ўнта бола баъзан битта онани парваришлай олмайди. Онамни жаннат саййидаларидан қилгин, Аллоҳим!

Толқ ибн Ҳабиб онасининг бошини ўпар, ҳурмат юзасидан онаси турган уйнинг тепасида юрмас эди.

Фақиҳ, имом ибн асокир таълим беришларини сўрашгани учун Хуросонга боришга қасд қилдилар. Аммо оз ўтмай сафар ҳақидаги фикрларидан қайтдилар ва Хуросон аҳлига шундай ёздилар: «Онам сафарга рухсат бермадилар».

Она дуосининг тугаш муддати йўқ. Она вафот топса ҳам, унинг фарзандларига қилган дуосидаги барака боқий қолаверади. Аллоҳим, онамни жаннат билан мукофотла, чунки онам менинг ҳаётимни бўстонга айлантирган эди.

Онаси вафот топган кишининг у ҳақидаги ажойиб таърифи: «Аллоҳнинг раҳмати (бўлмиш онам) Аллоҳнинг раҳматига риҳлат қилдилар».

Манба: arabicuz

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан куни-кеча Ўзбекистон Республикасининг Санкт Петербург ва Қозон шаҳридаги бош консуллиги ҳамкорлигида Россия Федерацияси тарафидан Санкт Петербург Туризмни ривожлантириш қўмитаси бошқарма ва бўлим бошлиқлари, Татаристон Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳамда икки томон сайёҳлик компаниялари иштирокида онлайн учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда Гранд Сервис Нева, СП Гуру, Серебряное Кольцо, ТО Премьера, Созвездие, Armada Travel, Asia Luxe, Azon Travel, Hilal Travel, Muslim tour, Salom Travel, Samarkand Star, Ziyarah Travel, International Caravan Travel, Mir Arab Travel каби 15дан ортиқ сайёҳлик ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Мазкур учрашувда зиёрат ва спорт туризми имкониятларини тарғиб қилиш, хорижий ва юртимиз тадбиркорларини ўзаро таништириш йўлида ҳамкорлик қилиш борасида сўз юритилди. Ҳаж ва Умра операторлари ва Ўзбекистондаги туристик ташкилотлар ўртасидаги зиёрат туризми йўналишидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Uzbektourism.uz хабарига кўра, учрашув Ўзбекистон Республикасининг Санкт Петербургдаги бош консули А.Бабаев ҳамда Қозон шаҳридаги бош консули Ф.Насриевлар томонидан очиб берилди. Бунда туризм тарғиботи ва тадбирлар ташкил этиш бўйича қўмита томонидан амалга оширилаётган қатор лойиҳалар бўйича маълумот бериб, шаҳарнинг туристик салоҳияти ҳақида тақдимот ўтказилди. Шунингдек, учрашувда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган тақдимот намойиш этилди. Зиёрат туризми йўналишидаги саёҳат пакетлар, турмаҳсулотлар ва хизматлар ҳақида хорижлик ҳамкорларга батафсил маълумот берилди. Зиёрат туризми потенциялига қўшимча равишда, россиялик спорт федерациялари учун мавсумий машғулотлар ва соғломлаштириш каби тадбирларини ўтказиш боис, Андижон вилояти имкониятлари, «Хонобод» соғломлаштириш маскани, ундаги замонавий спорт мажмуалари ва дам олиш шароитлари ҳақида ҳам тақдимот қилиниб, таклифлар хорижий ҳамкорларда юқори қизиқиш уйғотди. Туризмни ривожлантириш қўмитаси Зиёрат тарғиботи гуруҳи ва Ташқи ишлар вазирлигининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳамкорлигидаги ушбу тарғибот ишлари Индонезия, Туркия, Малайзия, Покистон, Ҳиндистон, Хитой, БАА каби давлатларда ҳам давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

vendredi, 25 décembre 2020 00:00

Динимизда силаи раҳм

Ислом дини қариндошлар орасини яхшилик ва меҳр билан боғлашга тарғиб қилади. Нафақат тарғиб қилади балки бу ишга буюриб ибодат даражасига чиқарган.
Аллоҳ таоло бандаларини қариндошлик ришталарини боғлаш ва мустаҳкамлашга буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир” (Бақара сураси 215-оят).

Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг оғир гуноҳлардан ва ёмон феъллардан ҳисобланиб, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб баҳоланади. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида (борди-келди) алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда уларга алоқани боғлаган одамдир” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, бир-биримизга қанчалик яхшилик ва раҳм-шафқат қилсак, Аллоҳнинг раҳмати бизларга шунчалар яқин бўлаверади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: “Ким ризқи мўл-кўл қилинишини ва умри узайтирилишини истаса, силаи раҳм (қариндошлари билан алоқа) қилсин!” (Имом Бухорий ривояти).
Қуйидаги ҳадиси шарифда силаи раҳм қилиш иймондан эканлиги ва иймон далолати эса силаи раҳм билан бўлишини айтилади. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, силаи раҳм қилсин”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Бугунги кунда тирикчилик, нафақаи рўзғор илинжида чет-элларда йиллар давомида қолиб кетиб, ота-она ва фарзандларининг ҳолидан хабар олмай, ҳатто бутунлай алоқани узуб юборган юртдошларимиз ҳам йўқ эмас. Силаи раҳм энг аввало кишининг ўз оила аъзоларидан бошланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини силаи раҳмга чақириб, ўз яқинларидан алоқаларини узганларни охиратда оғир азоб-қийноқлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирганлар. Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қариндошлик алоқасини узиш ва зулмдан кўра эгасига тез уқубат етказадиган ва қолгани охиратга сақлаб қўйиладиган гуноҳ йўқ”, деганлар” (Абу Довуд, Термизий ва ибн Можа ривоят қилган). Қариндошлик алоқаларини узиш ҳаттоки инсоннинг жаннатга киришига тўсиқ бўлиб уни Аллоҳнинг раҳматидан узоқлаштирар экан.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Силаи раҳм қилмаган одам жаннатга кирмайди”, деганлар. Инсонни жамият билан узвий боғлайдиган ришталар жуда кўп ва турличадир. Буларнинг ичида энг муҳими қон ва насаб қариндошлигидир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузғунчилик ёвуз ишлар ва зулумдан қайтаради. Эслатма олурсиз деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур!.” (Наҳл 90-оят) Инсон қариндошлари билан зиёрат қилиш ва ҳадялар бериш ила борди-келди қилиб туриши вожиб. Агар ҳадя беришга қодир бўлмаса, зиёрат қилиши, ишларига кўмаклашиб, ҳолидан хабар олиши лозим бўлади, буни ҳам иложи бўлмаса сўзлашув орқали боғланиб туриши керак. Хуллас мўминман деган киши қариндошлар билан алоқаларини яхшилаши лозим.

Б.Абдуллаев

  Ҳазорасп тумани “Шайх Хусайин бобо” масжиди имом-хатиби

Мақолалар

Top