muslim.uz

muslim.uz

بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ للهِ الذِّي قَالَ فِي كِتَابِهِ: "وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَاماً"، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الذِّي قَالَ: "مَا عَالَ مَنْ اِقْتَصَدَ" وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنْ أَمَّا بَعْدُ

ТЕЖАМКОРЛИК – ЯРИМ РИЗҚ

                   (2019 йил – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”)

Муҳтарам жамоат! Ислом дини мусулмонларга ризқларини ҳалол меҳнат қилиб топишга ва оила аҳлларини нафақа билан таъминлашга тарғиб этгандир. Шунга биноан, ҳар бир мусулмон киши ўзи учун муносиб касб танлаши ва шу касби орқали ризқини истамоқлиги лозим. Бир куни саҳобалардан бири Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан: Ё Расулуллоҳ! Энг ҳалол касб қайси? – деб сўради. Он Ҳазрат: “Киши ўз қўл меҳнати билан қилган амали ва ҳалол савдодир”, деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ривояти). Бошқа бир ҳадисларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

لأَنْ يَأْخُذَ أَحَدُكُمْ حَبْلَهُ فَيَأْتِيَ الْجَبَلَ بِحُزْمَةٍ مِنْ حَطَبٍ عَلَى ظَهْرِهِ ، فَيَبِيعُهَا فَيَسْتَغْنِي بِهَا خَيْرٌ لَهُ مِنْ أَنْ يَسْأَلَ النَّاسَ أَعْطَوْهُ أَوْ مَنَعُوهُ 

(رواه الْاِمَامُ البخاري)

яъни: “Бирортангиз арқонини олиб, тоғу-тошдан бир боғ ўтин териб келиб, уни сотиб, шунинг пули билан кифояланиши одамлардан тиланиб, улар унга ё бериб, ёки бермаганларидан кўра яхшироқдир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

Динимизда ҳалол касб қилиб оила боқиш энг катта савобли амал даражасига кўтарилган. Бу ҳақда қуйидаги ҳадисда шундай дейилган:

روى كعبُ بنُ عجرةٍ رضي الله عنه قال: مرَّ رجلٌ على النبيِّ صلى الله عليه وسلم ، فرأى أصحابُ رسولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم من جَلَدِهِ ونشاطِه ما رأوا، فقالوا: يا رسولَ اللهِ لو كانَ هذا في سبيلِ اللهِ؟ فقالَ رسولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم:  إنْ كانَ خَرَجَ يَسْعَى على وُلْدِهِ صِغاراً فَهُوَ في سَبِيل اللَّهِ وإنْ كانَ خَرَجَ يَسْعَى على أبوَيْنِ شَيْخَيْنِ كَبِيرَيْنِ فَهُوَ في سَبِيلِ اللَّهِ وإنْ كانَ خَرَجَ يَسْعَى على نَفْسِهِ يُعِفُّها فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ وإنْ كانَ خَرَجَ يَسْعَى رِياءً وَمُفاخَرَةً فَهُوَ في سَبِيلِ الشَّيْطانِ

(رواه الْاِمَامُ الطبرانيُ)

яъни: Каъб ибн Ужра разияллоҳу анҳу айтадилар: Бир йигит Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтди. Унинг кучини ва ғайратини кўрган саҳобалар: Ё Расулуллоҳ! Қани энди бу куч ва ғайрат Аллоҳ йўлида бўлса эди? – дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар у ёш болаларини деб кўчага чиққан бўлса, демак у Аллоҳ йўлида, агар қария ота-онасини деб кўчага чиққан бўлса, демак у Аллоҳ йўлида, агар у ўзининг иффатини сақлаш учун чиққан бўлса ҳам, у Аллоҳ йўлида. Аммо, ўзини кўз-кўз қилиш, мақтаниш учун чиққан бўлса, у ҳолда шайтон йўлида бўлади”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

Муҳтарам азизлар! Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

وَابْتَغِ فِيمَا آَتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآَخِرَةَ وَلَا تَنْسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِنْ كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلَا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الْأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ

яъни: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас”, (Қасас сураси, 77-оят).

Инсонлар ризқ топиш ва касб қилиш борасида бир неча тоифага бўлинадилар. Масалан, бир тоифа инсонлар ризқ топиш учун касб қилиш ўрнига одамлардан тиланиб кун кўришни, тиланчиликни ўзлари учун тирикчилик манбаига айлантириб олганлар. Динимиз тиланчилик қилишдан қайтарган бўлиб, бу борада юқоридаги ҳадис ворид бўлган. Бошқа бир ҳадисда айтилишича, ансорийлардан бир киши Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига тиланчилик қилиб келади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ундан: “Уйингда бирор нарсанг борми?” деб сўрадилар. У: Ҳа, остимизга солиб ўтирадиган бўйра ва сув ичадиган хумчамиз бор, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларни олиб кел”, дедилар. Олиб келгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қўлларига олиб: “Бу иккисини ким сотиб олади?”, деб сўрадилар. Бир киши: Мен бир дирҳамга оламан, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир дирҳамдан кўпроқ беради?”, деб икки-уч марта такрорладилар. Бошқа бир киши: Мен икки дирҳамга сотиб оламан, деди. Расулуллоҳ икки дирҳамга сотиб, пулни ансорийга бердилар ва: “Бир дирҳамига оилангга таом сотиб ол, иккинчисига эса, болта сотиб олиб олдимга келгин”, дедилар. Болтани сотиб олиб келгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга ёғочдан соп ясаб бердилар ва: “Энди бориб ўтин териб сотгин ва ўн беш кун меннинг кўзимга кўринма”, дедилар. Ўн беш кун ўтин териб, сотиб ўн дирҳам даромад қилди. Унга кийим-кечак ва таом сотиб олди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Мана бу ишинг қиёмат куни юзингда тиланчиликнинг асаридан доғ пайдо бўлишидан кўра яхшироқдир. Тиланчилик фақат уч кишига мумкин: ўта қашшоқ кишига, ночор қарздор кишига ва зиммасида товон тўлаш мажбурияти бўлган кишига” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Иккинчи тоифа кишилар касб қилиш, ризқ топиш экан деб ҳалолидан ҳаромини фарқ қилмайдилар. Бундай кишилар охир-оқибат қилган ишларидан пушаймон бўлиб, ҳасрату надоматда қолишлари аниқ. Чунки, ҳаромдан топилган молда барака бўлмайди, эҳсон қилган билан қабул бўлмайди, дуо қилса дуоси ижобат бўлмайди. Уламолардан бирлари шундай деган:

لَوْ قُمْتَ فِي العِبَادَةِ قِيَامَ السَّارِيَةِ مَا نَفَعَكَ حَتَّى تَنْظُرَ مَا يَدْخُلُ بَطْنَكَ

яъни: “Гарчи ибодат вақтида устундек қотиб турсангда, то қорнингга кираётган луқмангга эътибор бермагунингча ибодатингдан фойда йўқ”.

Учинчи тоифа кишилар касб қилишда ҳалол йўлни тутадилар ва топаётган молу давлатларида Аллоҳнинг ҳаққини ҳам адо этадилар.

Муҳтарам биродарлар! Инсоннинг қилаётган ҳалол касби гарчи одамларнинг назарида ҳақир, бировлар менсимайдиган даражада бўлсада, ўзгалардан тиланиб, бошқаларга боқиманда бўлишдан яхшироқдир. Зеро, инсон ўзгаларга қарам бўлмаслик билан ўз ор-номусини асрайди. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу айтадилар:

مَكْسَبَةٌ فِيهَا دَنَاءَةٌ خَيْرٌ مِن سُؤالِ النَّاسِ، وَإني لَأرَى الرَّجُلَ فيُعْجِبُنيِ شَكْلُهُ، فَإذَا سَأَلْتُ عَنهُ فَقِيْلَ لِي: لاَ عَمَلَ لَهُ، سَقَطَ مِنْ عَيْنِي

(رواه الْاِمَامُ ابن عبد البر في التمهيد)

яъни: “Энг паст касбни қилиш ҳам одамлардан тиланчилик қилиб юришдан яхшироқдир. Мен бир одамни кўриб, унинг кўринишига ҳавасим келса, унинг нима касб қилишини сўрайман. Шунда менга: У ишламайди, деб айтишса, назаримдан қолади”  (Имом Ибн Абдулбар ривояти).

Инсон касб қилар экан, топган молу давлатини тежаб, иқтисод қилиб сарфлашни ҳам билиши лозим. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

"مَا عَالَ مُقْتَصِدٌ قَطُّ"

(رَوَاهُ الْاِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ وَالْاِمَامُ الدَّرَاقُطْنِيُّ)

яъни: (Нафақада) ўртача бўлган киши ҳеч ҳам камбағал бўлмайди” деганлар (Имом Табароний ва Имом Дорақутний ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

عَن ابنِ مَسْعُودٍ مَرْفُوعًا:"لَا يَعِيلُ أَحَدٌ عَلَى قَصْدٍ وَلَا يَبْقَى عَلَى سَرَفٍ كَثِيرٌ 

(رواه الْاِمَامُ أبو الشيخ الاصبهاني)

яъни: “Иқтисод қилган кимса фақирлик кўрмас, исроф қилиш билан кўп мол ҳам қолмас”, – деганлар (Имом Абу Шайх Асбаҳоний ривояти) .

         Абдулмалик ибн Марвон қизи Фотимани Умар ибн Абдулазизга никоҳлаб бераётганида: Қизимга қанча нафақа берасан? – деб сўради. Шунда Умар ибн Абдулазиз: Икки гуноҳнинг ўртасидаги савобни, деб жавоб берди ва қуйидаги оятни ўқиди:

وَالَّذِينَ إِذَا أَنفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَٰلِكَ قَوَامًا

яъни: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).

Демак, барча соҳаларда бўлгани каби иқтисодий жабҳада ҳам мўътадилликка риоя қилиш керак бўлади.

ИЛОВА: Дафнга оид баъзи масалалар ҳақида

  • Маййитни дафн қилиш фарзи кифоядир. Қабрни лаҳад шаклида кавланиши суннатдир. Яъни, инсоннинг гавдаси бўйича чуқур кавлаб тушилгандан кейин қибла томондан лаҳад кавланади. Унинг чуқурлиги кўкрак баробарича бўлиши керак. Агар ундан чуқурроқ бўлса, янада яхши. Эни ярим қомат, яъни бир метрга яқин, узунлиги эса маййитнинг қомати баробарича бўлиши лозим. (“Оламгирия”, “Муҳит”).
    • Агар қабрни лаҳад шаклида ковлашга ернинг юмшоқлиги ёки қумли тупроқ экани сабабли имкон бўлмаса, “шаққ” кўринишида, яъни ёрма гўр кавлаб, дафн этиш ҳам мумкин. Бунда ариқ қазигандек ер очилади ва икки ёни хом ғиштлар билан уриб чиқилади. Маййит қўйилгач, устига тегмайдиган қилиб ёғоч, тахта ёки шох-шаббалардан “шифт” ясаб, устидан тупроқ тортилади. Шайх Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл раҳматуллоҳи алайҳнинг берган фатволарига кўра, баъзи юмшоқ тупроқли ерларда лаҳад ёки ёрма қабр ковлашнинг имкони бўлмагани учун нимадан бўлса ҳам тобут (қути, сандиқ) ясаб, маййитни унга солиб кўмиш мумкин. Агар темирдан ясалса, унинг ичига аввал тупроқ тўшалади, устки қисми ёрма қабр усти каби ёпиб, лой билан суваб қўйилади. Маййитнинг ўнг ва чап томонларига хом ғишт терилади. Шундай қилинса, лаҳадга ўхшатилган бўлади. Лаҳадга пишиқ ғишт ишлатиш макруҳдир (“Оламгирия”, “Қозихон”).
    • Аёл киши жасадини лаҳадга қўйишга ҳаммадан кўра унинг маҳрамлари ҳақлироқдир. Улардан кейин маҳрам бўлмаган қариндошлари авлодир. Агар улардан ҳеч ким бўлмаса ёки қўйишни уддалай олмаса, бегоналар қўйиши жоиз бўлади. (“Оламгирия”, “ал-Баҳрур-роиқ”).
    • Қабр устига турли рамзий иморат қуриш, ўтириш, ухлаш, босиб юриш, таҳорат ушатиш, кўкариб турган гиёҳларни юлиш ёки чорва молларини ўтлатиш макруҳ ишлардан саналади. Мақбара тиклаш, қабр тоши қўйиб, унга ёзувлар битиш масаласидаги уламоларнинг ихтилофи асосан, оддий мусулмонларнинг қабрлари тўғрисида бўлган. Аммо машҳур азиз-авлиёлар, дунёга танилган олиму уламоларнинг қабрлари эса, зиёратчилар руҳий таассурот олсин, кейинги авлод учун уларнинг мозорлари ибрат манбаи бўлсин, деган эзгу мақсадда ўзлари васият қилмаган ва хоҳламаган бўлсалар-да, бошқалар томонидан тикланса, обод қилинса, зарари йўқ, балки кўп манфаатли жиҳатлари борлиги учун рухсат берилган.
    • Тобутни ерга қўйишдан олдин ўтириб олиш макруҳ ҳисобланади.
    • Дафн маросимидан кейин дарҳол тарқаб кетмай, бир оз вақт (яъни, туя сўйилиб, гўшти тақсимланадиган миқдорча) дуо, Қуръон тиловати билан ўтириш мустаҳаб амаллардандир (“Оламгирия”).

ИЛОВА: Ўтган ҳафтада “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар мадрасасининг 10 нафар талаба қизларига 27 000 000 (йигирма етти миллион) сўм ўқув шартнома пули ва 17 000 000 (ўн етти миллион) сўмлик диний-маърифий китоблар ва аудио дисклар, аёллар кийими учун газламалар, шунингдек, Гемотология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида оқ қон (лейкоз) беморлигидан даволанаётган 39 нафар беморга 1 000 000 (бир миллион) сўмдан жами 39 000 000 (ўттиз тўққиз миллион) сўм, жами 83 000 000 (саксон уч миллион) сўм миқдорида хайрия қилинди.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳалолдан касб қилиб, ҳаромдан ҳазар қилишга, озига қаноат қилиб, кўпини ўзгалар билан баҳам кўришга муяссар қилсин!  

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ЖИНОЯТЛАРНИНГ АСОСИ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз. 

vendredi, 15 mars 2019 00:00

Айб кимда?

Эр аёлининг эшитиш қобилияти пасайиб бораётганидан хавотирда эди. Бир куни шифокорга бориб, маслаҳат сўради. Табиб унга: “Ҳар бир муаммонинг ечими бор. Ҳолатни яхшироқ англашимиз учун бир тажриба ўтказиб кўрайлик. Уйингизга боринг-да, аёлингиздан қирқ метр узоқликда туриб, оддий овозда унга гапириб кўринг. Агар у сизга жавоб қайтармаса, ўн метр олдинга сурилиб, гапириб кўринг. Агар яна жавоб бермаса, орадаги масофани яна ўн метр қисқартириб, гапириб кўринг. Бордию аёлингиз шунда ҳам жавоб қайтармаса, унга яна ўн метр яқинлашинг-да, гапириб кўринг” деди.

Эр уйига келиб, қараса, аёли ошхонада экан. Аёлидан қирқ метр узоқликда туриб: “Хоним, бугун кечга нима овқат қиляпсиз?” деб сўради. Аёл жавоб бермади. Эр яна яқинлашиб, “Хоним, бугун кечга нима овқат қиляпсиз?” деб сўради. Аёли яна жим. Эр яна ўн метр олдинга сурилиб, аёлидан: “Хоним, бугун кечга нима овқат қиляпсиз?” деб сўради. Негадир аёл яна жавоб бермади. Эр асабийлашиб, яна олдинга сурилди ва юқоридаги саволини такрорлади. Аёли ҳам индамасди. Охири эр аёлининг ёнига келиб, баланд овозда “Хоним, бугун кечга нима овқат қиляпсиз?” деб сўради. Аёлнинг ҳам аччиғи келиб, “Сизга бешинчи марта айтяпман: “Товуқ пиширяпман” деди”.

Ҳа, азизлар! Муаммо эркакда эди. Унинг ўзи эшитмаётганди. Бизда ҳам бундай ҳолат тез-тез учраб туради. Ўзимизда айб бўла туриб, негадир ўша айбни бошқалардан излаймиз. Ўзимизники эса кўзимизга кўринмайди.

Азизлар, аввало ўзимизни тузатишга, ислоҳ қилишга уринайлик! Ҳар бир одам ўзини тузатишга уринса, аввал оилалар, кейин маҳалла, туман, вилоят ва охирида бутун юрт, жамият ислоҳ бўлади.

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

vendredi, 15 mars 2019 00:00

Аудиохабарлар (15-03-2019)

ЎМИ Матбуот хизмати

Миттигина жонзот – асалари Аллоҳ таолонинг улкан мўъжизаларидан биридир.

У Зот Қуръони Каримда шундай деган: 

وَأَوْحَى رَبُّكَ إِلَى النَّحْلِ أَنِ اتَّخِذِي مِنَ الْجِبَالِ بُيُوتاً وَمِنَ الشَّجَرِ وَمِمَّا يَعْرِشُونَ ثُمَّ كُلِي مِن كُلِّ الثَّمَرَاتِ فَاسْلُكِي سُبُلَ رَبِّكِ ذُلُلاً يَخْرُجُ مِن بُطُونِهَا شَرَابٌ مُّخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ فِيهِ شِفَاء لِلنَّاسِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لآيَةً لِّقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

“Роббинг асаларига: “Тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган сўритоклардан уй тутгин. Сўнгра ҳамма мевалардан егин. Бас, Роббинг осон қилиб қўйган йўллардан юргин”, деб ваҳий қилди. Уларнинг қоринларидан турли рангдаги шароб чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир. Албатта, бунда тафаккур қилувчилар учун оят-белги бордир”. (Аллоҳ таолонинг ҳайвонотларга, жумладан, асаларига ваҳий қилиши унга илҳом бериши ҳисобланади. Аллоҳ таоло асаларини яратганда унга ҳис-туйғу ва илҳомни қўшиб яратгани учун у кўпгина ақлли инсонлар ҳам қила олмайдиган аниқлик билан ўзига топширилган ишни бажаради.) (Наҳл сураси, 68-69-оятлар).

Агар тафаккур қилмоқчи бўлсангиз, ушбу оят борасида тафаккур қилинг! Чунки, у ҳам бошқа оятлар каби тафаккурга чорловчидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асалдан тайёрланган шарбат ичар эдилар.   

Асалари ҳашаротлар ичида озуқа учун гул шираси (нектар) йиғадиган ягона жонзотдир. Асаларини кўпчилик фақат асал ишлаб чиқаради деб ўйлайди. Аслида асал ишлаб чиқариш унинг вазифаларидан биридир. Бундан ташқари у гулларни, ўсимликларни чанглатувчи ҳам ҳисобланади. Асаларининг иштирокисиз кўплаб ўсимликлар мева бермайди.

Асалари худди чумолига ўхшаб ижтимоий ҳашаротдир. Унинг тузилиши, иш фаолияти ва меҳнатининг маҳсули ақлни лол қолдирадиган даражададир.

Ҳайвонлардаги табиий сезги жуда мураккаб ҳолатдир. Лекин бу касбий эмас. Яъни бу сезги ҳайвонларнинг ўз кучи, меҳнати эвазига шаклланган эмас, балки Аллоҳ таоло тарафидан инъом этилган ваҳбий ҳолатдир.

Асалари бир томчи шира йиғиш мақсадида мингдан ортиқ гулларга қўнади. У гулга қўниб нектарни сўриб бўлгач, ўзидан бир белги қолдиради. Токи унинг шериклари ўша гулга қўниб, нектар излаб вақтлари кетмасин.

Асалари юз грамм нектар йиғиш учун миллионтача гулга қўнади. Бир килограмм асал тўплаш учун эса асалари тахминан бир неча юз минг километр масофани босиб ўтади. Бу эса Ер шари атрофини тахминан ўн марта айланиб чиқишга тенгдир.

Юксиз асалари учаётган пайтда тезлиги соатига 65 километрга етади. Агар нектарни кўтариб олган бўлса, у ҳолда унинг тезлиги соатига 30 километрга пасаяди. Асалари олиб кетаётган нектарнинг оғирлиги танасининг учдан бирига тенг келади. Бу бир тонналик машина 300 килограмлик юкни олиб кетяпти деганидир.

Юқорида айтганимиздек, бир килограм асал ишлаб чиқариш учун кичик ва меҳнаткаш ҳашарот – асалари бир неча юз минглаб, тахминан 400 минг километр масофани босиб ўтади.  

Баъзи саноат соҳасида ривожланган мамлакатлар ҳомашёларни бошқа қитъалардан олади. Кемалар ортга қайтаётганда, шу кеманинг ўзида мазкур ҳомашёни қайта ишлаш жараёни ўтказилади. Мен Япония ҳақида бир мақола ўқигандим. Унда айтилишича, Япония зангламайдиган пўлат экспорти бўйича етакчи мамлакатлардан бири бўлишига қарамай, уларда мутлақо ҳомашё йўқ экан. Улар ҳомашёни Австрадиядан олиб, ортга қайтаётган кемаларда ҳомашёни қайта ишлаш бўйича мураккаб жараёнлар ўтказар эканлар. Кейин ушбу қайта ишланган маҳсулот саноат корхоналарига топширилар экан.

Асалари нектарни олиб, инига қайтар экан, йўлда нектарни асалга айлантириш бўйича ўта мураккаб кимёвий амалиётларни бажарар экан. Инига етиб боргач, қайта ишлов берилган маҳсулот яна қайта ишланиб, соф асал ҳолига келтирилади.

Баҳор келиб, гуллар қийғос очилган пайтларда нектар йиғувчи арилар ўзидаги юкни бошқа арига топшириб, яна дарҳол нектар йиғишга жўнаб кетар экан. Асаларилар орасида узоққа учолмайдиган заифлари бўлади. Улар меҳнаткаш дўстларининг йиққан нектарларини қабул қилиб олиб, инга етказар, уни инга олиб кириб, муносиб жойга жойлаштирар экан.  

Асаларилар оиласида малика ари бўлади. У бошқалардан ҳажмининг катталиги билан ажралиб туради. Малика асалари баҳор фаслида ҳар куни мингтадан то иккимингтагача тухум қўяди. Ақлни лол қолдирадиган ҳодисалардан яна бири шуки, ушбу малика ари малика аричаларни бир жойга, эркак аричаларни яна бир ўринга, урғочи аричаларни эса бошқа жойга тухум шаклида қўяр экан.

Урғочи арилар орасида маликага хизмат қиладиган, унга таом келтириб турадиган “оқсоч” арилар ҳам бор экан. Баъзи арилар маликаларига шоҳона таом сифатида гул чанги йиғиб келадилар. Агар малика ари ўлса, инда тартибсизлик ва заифлик юзага келади. Малика асалари инсонни чақмайди. Эркак асалариларнинг вазифаси – маликаларни уруғлантириш, урғочи асалариларнинг вазифаси хизмат қилиш, маликанинг вазифаси тухум қўйишдир.  

Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг азаматига далолат қилувчи мўъжизалардир. Аллоҳ таоло асалариларни юксак даражада ўзаро ёрдамлашиб, тартибли, самарали меҳнат қилиб яшайдиган жамоа этиб яратди. Шунинг учун асаларилар жамоасида бузғунчилик, талофот етказиш деган нарсалар кузатилмайди. Бу жамоа бир мақсад йўлида бирлашган, жипс жамоадир. Жамоа раҳбари бўлган малика асалари билан бирор масалада ҳеч ким тортишмайди. Жамоадаги ҳар бир асалари маликанинг махсус моддасидан унинг шу ердалиги ҳис қилиб турадилар. Чунки ушбу моддани махсус хизматчилар ҳар бир уяга етказиб турадилар.

Юқорида айтганимиздек, агар малика ўлса, уяда тартиб-интизом бузилиши содир бўлиб, бекорчилик тарқалади ва ишлар тўхтайди. Баъзи пайтларда малика йўқ бўлса, ўрнига унинг ўринбосари ёки “валиаҳди” жамоани бошқариб туради.

Урғочи асаларилар жуда кўп вазифаларни бажарадилар. Уларнинг умрига, жисмоний тузилишига қараб иш тақсимланади. Улар орасида ёш аричаларга қарайдиган “энага”лар, “тарбиячи”лар, уяга сув ташиб келадиган урғочилар, уяни ёз фаслига тайёрлайдиган, қишда уяни илитадиган, ин қуруқшаб қолса, намлантирадиган, уяни тозалайдиган, унинг деворларини махсус моддалар билан ялтиратадиган арилар ҳам бўлади.

Шунингдек, уяни душмандан ҳимоя қиладиган қўриқчи арилар ҳам бўлиб, улар инга кирмоқчи бўлган асаларидан махфий сўз (парол)ни сўрар эканлар. Агар айтса, уяга киришга рухсат берар, айтмаса, уни ўлдирар эканлар. Зарурат туғилган пайтда махфий сўз бошқасига алмаштирилар экан.

Баъзи асаларилар мумни олти бурчакли қилиб ясаш ишлари билан шуғулланадилар. Бу шакл мукаммал ҳисобланиб, орасида бўш, ғовак жойлар қолмайди. Асаларилар мумни олти бурчак қилишда шу даражада аниқлик билан иш олиб борадиларки, катакларнинг бири иккинчисидан миллиметрнинг ўндан биричалик ҳам фарқ қилмайди.

Яна шундай асаларилар борки, уларнинг вазифаси – гуллар жойлашган маконларни аниқлашдир. Гуллар маконини топишгач, дарҳол уяга қайтиб, таналарининг орқа тарафини қимирлатиб, махсус рақсга тушишади. Бу рақс бошқа ишчи асалариларга гулларгача қанча масофа борлигини, уларнинг миқдорини ва йўналиш қайси тарафдалигини кўрсатади. Агар “разведкачи” асалари дум тарафини тезроқ қимирлатса, у бепоён гулзор топганидан далолатдир.

Уядаги ичши асаларилар олиб келадиган нектар асал учун ҳомашёдир. Нектар йиғиш учун ўнлаб километр узоқликларга учиб кетган асалари яна уясини аниқ топиб қайтиб келишининг сири ҳалигача аниқланмаган.

Асаларилар имкон қадар қисқа вақт ичида кўпроқ нектарни ташиб келтириш ва сақлаш бўйича энг самарали ҳашаротлардир. Шунингдек, ўсимликларни чанглатиш бўйича ҳам энг кўп хизмат қиладиган жонзотлар шулардир.

Аллоҳ таоло юқоридаги оятда “Унда одамлар учун шифо бордир” деб марҳамат қилган.

Асалда шифо учун етмиш тўрттадан кўпроқ турдаги керакли моддалар бор.  

Дамашқда ишлайдиган бир жарроҳни биламан. У ҳар сафар жарроҳлик амалиётини якунлагач, тикилган жой тезроқ битиши учун жароҳат устига асалдан ип қўяди.  

Бугунги кунда дўконларда сотилаётган турли ичимликларнинг кўпида заррача табиий модда йўқ. Ҳаммаси кимёвий моддалар билан тўлган.

Баъзи асал етиштирувчилар уя ёнига қуёқ шинни қўядилар. Асалари уни шимиб, ўшандан асал тайёрлайди. Аммо бу асалнинг озуқавий ва тиббий фойдаси у қадар кўп эмас. Инсонга ҳар томонлама фойдаси кўпроқ бўлгани гул нектари асосида олинган асалдир.

Асал инсоният учун ҳам озуқа, ҳам шифодир.

Бир гулдан нектар сўриб бўлгач, шериклари оввора бўлмаслиги учун унга белги қўйишни асаларига ким ўргатди?! Узоқ масофага учиб кетган жонзотга яна адашмай ўз инини топиб келишни ким таълим берди?! Албатта, Буюк Мусаввир бўлган Аллоҳ таоло ўргатгандир!

Сўзимизни ушбу оят билан якунласак:

هَذَا خَلْقُ اللَّهِ فَأَرُونِي مَاذَا خَلَقَ الَّذِينَ مِن دُونِهِ بَلِ الظَّالِمُونَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ

“Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар” (Луқмон сураси, 11-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни Қуръон оятларини ўқиб, тадаббур қилиб, яратган махлуқотлари хусусида тафаккур қилишимизни ва иймонимиз нури янада зиёда бўлишини насиб этсин, омин!

 

Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг мавъизалари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Мақолалар

Top