muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистонда дунёда сайёҳларни оҳанграбодек ўзига ром этадиган муҳим жиҳатлар бор, буни алоҳида қайд этиш зарур.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимхўжаевнинг ЎзАга айтишича "Биз сайёҳлар келишини ҳам, улар ўз пулларини бизнинг ватанимизда сарфлашини ҳам истаймиз. Давлатимиз ҳам сайёҳлик оқимини кенгайтиришдан манфаатдор, чунки бу соҳанинг тараққиёти нафақат халқаро маданий ва гуманитар жабҳалардаги уйғунлик белгиси, балки миллий иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларининг янада ривожланиш омили ҳамдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси сайёҳлик индустриясини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармони туфайли мамлакатимиз тобора очиқ мамлакатга айланиб бораётганини кўпчилик эътироф этмоқда.

Президентимиз халқаро ҳамкорлик, қўшни мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Кўплаб мамлакатларга бориб келдилар. Натижада дунё мамлакатларини Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда. Агарда рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг 10 ойи мобайнида юртимизга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 4,4 миллион нафарни ташкил этди, бу эса 2017 йилга нисбатан 2,2 миллионга кўп дегани. Йил охирига қадар ушбу кўрсаткич 5 миллиондан ошиши кутилмоқда.

Албатта, бунда виза тизимига киритилган ўзгаришлар ҳам муҳим. Ваҳоланки, жорий йилнинг февралидан бошлаб, еттита мамлакат фуқароларига визасиз кириш, 50 та мамлакат фуқароларига кириш визаларини олиш учун соддалаштирилган тартиб, 101 та мамлакат учун транзит визалари жорий этилди.

Ўзбекистон ҳақида билмайдиган давлатлар аҳолиси борлигини ҳам инобатга олиб, тарғиботни кенгайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Шу боис жорий йилда турли давлатларда ўтказилган 40 дан ортиқ ярмаркада иштирок этдик. Хориждаги 500 ортиқ оммавий ахборот воситаларида туризм салоҳиятимиз ҳақида чиқиш қилдик. Кўрсатувлар уюштирдик. Интернет тармоқларидан фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз.

Куни кеча Жакартада индонез тилида веб-сайт очилди. Нафақат индонез тилида балки хитой, ҳинд ва инглиз тилларида ҳам Ўзбекистон порталини қиламиз. Ҳар бир мамлакат аҳолисини ўз тилида, ўзининг тушунчаси, дизайни, услубига хос веб-саҳифалар қилмоқчимиз. Унда Ўзбекистоннинг гўзал шаҳарлари, маданияти, тарихи ҳамда дунё мамлакатлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирларни кенг ёритиш ниятимиз бор.

Шунингдек, бу порталлар орқали сайёҳларнинг меҳмонхона топиши, таксилар йўналишини билиши, магазинлар хизматидан фойдаланиш каби эҳтиёжларини юз фоиз қамраб оламиз. Улар онлайн буюртма беришлари мумкин бўлади.

Туризм соҳасини янада ривожлантириш мақсадида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, соҳада етук ва тажрибали мутахассислар тайёрлашдаги ҳамкорликни ривожлантириш, қолаверса юртимизнинг туризм салоҳиятини чет элда кенг тарғиб этиш мақсадида янгича ёндашув асосида хорижий мамлакатлардаги Ўзбекистон туризмини ривожлантириш бўйича сайёҳлик элчиси лавозими жорий қилинди. Ҳозирга қадар Япония, Жанубий Корея, Исроил, Қозоғистон, Индонезия каби мамлакатларда Ўзбекистон туризмини ривожлантириш бўйича хорижий мамлакатлардаги сайёҳлик элчилари тайинланган.

Бунда ўз мамлакатида ҳурматга лойиқ инсонлар бўлиб, маданият, санъат каби соҳаларда юқори даражага эришган инсонлар танлаб олинади. Улар давлатлар ва халқларни бир-бирига яқинлаштиради ва юртимиз салоҳиятини кенг тарғибот қилади. Қолаверса, биз учун муҳим давлатларда улар бир нечта бўлиши мумкин. Россия, Ҳиндистон, Индонезия каби давлатларда Ўзбекистонни тарғиб қилишга битта одам камдек назаримизда. Шунинг учун келгусида гастрономик, зиёрат ва агротуризм элчиларини ҳам таъсис этамиз. Яқинда Россияда гастрономик туризм элчисини тайинламоқчимиз".

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Саудия Арабистони ҳукумати ҳижрий йил ҳисобига кўра, ўтган уч ойи давомида Умра зиёратини адо этиш учун 1,3 миллиондан ортиқ хорижлик ташриф буюрганини маълум қилди. Бу ҳақда alarabiya.net нашри хабар берди.

Ҳижрий ҳисоб бўйича 1440 йилнинг уч ойида Саудия Ҳаж ва Умра вазирлиги хабарига кўра 1,318,605 нафар кишига виза тақдим этилган. Виза берилганларнинг 362 минг нафари мамлакатда экани, 677 минг нафари эса аллақачон зиёратни якунлаб ўз юртларига қайтиб кетишган.

Уларга 7,941 саудиялик ишчилар хизмат кўрсатишган.

1,3 миллион нафар умрачиларда 359 минг нафари покистонлик, 204 минг нафари индонезиялик, 179 минг нафари ҳиндистонлик экани айтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳозирда Туркияда истиқомат қилувчи суриялик хаттот Муҳаммад Моҳир Ҳозирий Қуръони Каримни тўлиқ игна ва тилла ранг ип билан тикиб чиқишга муваффақ бўлди ва уни жаҳондаги бир қанча давлатларда кўргазма қилди. Ҳозирий Қуръони карим оятларини матоҳга 2000 йилда тикиб ёзишни бошлаб, 12 йил ичида якунига етказди. Мазкур Қуръони карим 12 мужалладдан иборат бўлиб, узунлиги 80 см, эни 60 см ва оғирлиги эса 200 кг ни ташкил этади. Суриялик хаттот Муҳаммад Ҳозирий Қуръони карим китобидан ташқари бир қанча тикув меҳнати билан яратган илк исломий санъат асарлари ва лавҳлари намуналари учун Эрон, Сурия, Кувайт, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар давлатларида кўргазма ташкил этганини таъкидлади.

Ҳозирий Қуръони Каримни тўлиқ игна ва тилла ранг ип билан тикиб битказганидан сўнг суриялик уламолар текширувидан ўтказган. У мазкур Қуръони каримнинг исломий ютуқлар намунаси сифатида Туркиянинг барча вилоятларидаги музейларда кўргазма қилиниши учун Туркияда қолдиришини маълум қилди.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Ҳар йили 31 октябрдан 1 ноябрга ўтар кечаси Ҳеллоуин байрами нишонланади. Бу байрам ҳақида ҳамма одамлар тўлиқ маълумотга эга эмас. Орамиздаги ўта замонавий, сўнгги мода ва анъаналар билан ҳамнафас кишилар бу байрамни хурсандчилик деб қарши олмоқда.

Хўп, Ҳеллоуин нима ўзи? Унинг тарихи, мазмун-моҳияти нималардан иборат?

Ҳеллоуин инглиз тилидаги “All Hallows Even”, яъни “Барча руҳлар кечаси” иборасининг қисқарган шаклидир. Баъзи манбаларда, Ҳеллоуин аёз, зулмат, қабоҳат ва ўлим (ёки мурдалар) “худоси” бўлган Самайн номи билан боғлиқ маросим деб ёзилади. Уни дастлаб ҳозирги Буюк Британия ва Шимолий Ирландия ҳудудидаги халқлар нишонлашган. Совуқ кунлар арафасида 31 октябрдан 1 ноябрга ўтар кечаси барча чироқлар, шамлар, фонуслар, олов ва ўчоқлар ўчирилган. Қоронғу зулмат ичра одамлар ўлим фариштасига ҳамду санолар ўқишган. Биз сен билан, биз ҳам сенингдекмиз, бизнинг жонимизни олма, қабилида унга лаганбардорлик қилишган. Эртаси куни катта гулхан ёқиб, юзларига турли ниқоблар кийиб бир-бирларини қўрқитишган ва ораларидан кимнидир ўлим “худоси”га қурбон қилишган. 

Бошқа манбада келтирилишича, VII асрда Рим папаси Бонифаций 1 ноябрни “All Hallows Even”, яъни “Барча руҳлар кечаси” деб эълон қилган. Бугунги 31 октябрь куни нишонланадиган Хэллоуин байрами шундан келиб чиққани ҳақида фаразлар мавжуд. 

Одамлар шу куни махлуқлар кўринишидаги қўрқинчли либослар-у ёвузликлар акс этган ниқобларда кун бўйи кўчада оломон бўлиб юришади, шовқин-сурон кўтаришади, тунги клубларга бориб кўнгиллари истаган ишни қилишади ҳамда шу орқали руҳий ҳузур олишади. Ҳеллоуин куни зулм ўтказиш, ёвузлик, инсониятга хос бўлмаган жиҳатлар тарғиб қилинади. Бундан ташқари, Ҳеллоуин куни кўплаб қонун бузилиш ҳолатлари, турли жиноятлар, тартибсизликлар юзага келади. Ҳеллоуиннинг асосий ранги қора ва оловранг бўлиб, қора ранг ўлим ва зулматни ифодалайди. Оловранг эса важоҳатни англатади. “Ўликлар байрами” деб аталиши эса Ҳэллоуиннинг даҳшатлар гирдоби эканини билдиради.

Қўрқинчли маросимда иштирок этган ёшнинг руҳий олами бир кундаёқ бузилади, табиати ва онги бевосита сатанизм (шайтон васвасасига учиш, талваса) таъсирига тушиб қолади. Ғарб мамлакатларида 31 октябрдан сўнг болалар орасида невроз, турли руҳий эврилишлар, ноодатий тажовузкорлик, тунги қўрқув каби ҳолатлар ортиб кетишининг асосий сабабларидан бир шу. “Шайтонлар карнавали”да иштирок этган болалар у ерда бир-биридан даҳшатли ниқоблар билан тўқнаш келади, ўлим, дўзах, иблис, одам бош чаноғи, суяклар, қон, тобут ҳақидаги саҳналарни томоша қилишади. Оқибатда айрим болалардаги қаттиқ қўрқув, оғир хасталиклар, ҳатто суицид ҳам сабабчи бўлади. Фанда қайд этилган самайнофобия деган қўрқув тури айнан “Ҳэллоуиндан қўрқиш” дейилади. Бундан азият чекаётган айрим Ғарб мамлакатлари Ҳеллоуинни таълим муассасаларида нишонлашни тақиқлаб қўйишмоқда. 

Маълумотларга кўра, дунё бўйича катта даромад келтирувчи байрамлар қаторида Ҳеллоуин Роджестводан кейин иккинчи ўринда туради. Масалан, биргина АҚШда айнан мазкур даҳшатли тадбир сабаб ота-оналар болалари учун турли ниқоб ва либослар харидига умумий ҳисобда 2,5 миллиард доллар сарфлар экан. Кўриниб турибдики, Аслида ҳеллоуинлаштириш айрим марказлар учун чўнтак қаппайтиришнинг яна бир ўнғай услубидир. 

Жанубий Африкадаги кўплаб мусулмонларнинг чет давлатларга кўчиб кетишининг сабаби ҳам Ҳеллоуин байрамининг мактабларда кенг нишонланишидир. Бу байрамнинг мусулмон эътиқодига умуман мос келмаслигининг сабаби – бу байрам бутпарастликни, зўравонликни, қабоҳатни тарғиб этувчи сохта эътиқоддир.
Биз мусулмонларнинг Ҳеллоуин байрамидан мутлақо узоқда бўлишимиз жуда ҳам муҳим. Ҳеллоуин байрами нишонланаётганда мусулмонларнинг бу байрамга қизиқиши ҳам уларнинг имонини заифлаштиради. Чунки бу байрамнинг келиб чиқиши бидъат ва ширкдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди:

إِنَّ الشَّيْطَانَ لَكُمْ عَدُوٌّ فَاتَّخِذُوهُ عَدُوّاً إِنَّمَا يَدْعُو حِزْبَهُ لِيَكُونُوا مِنْ أَصْحَابِ السَّعِير

Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг. У ўз гуруҳини фақат ўта қизиган дўзахга эга бўлишларига чақиради. (Шайтоннинг инсонга душманлик қилишига ажабланмаса ҳам бўлади. Лекин ажабланарлиси шуки, инсон шайтонни ўзига дўст тутиб юради. Шайтон ўзининг энг катта душмани эканини кўра била туриб, унинг айтганини қилади. Унинг иғвосига учади, ёлғонига алданади.)” (Фотир сураси, 6-оят).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Кимки қайси миллатга тақлид қилса, улардан бири бўлади”.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимки мусулмонларнинг ерларида яшаса, уларнинг диний байрамларини нишонласа, уларнинг яхши амалларини қилса ва у шу ҳолатда вафот этса, Қиёмат куни улар билан бирга кўтарилур”.

Умар розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Аллоҳнинг душманларидан ва уларнинг байрамларидан узоқ туринглар”.

Бинобарин, Аллоҳ таоло барча нарсани билувчидир.

Инглиз тилидан Робия ЖЎРАҚУЛОВА таржима қилди

Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида миллий урф-одат ва қадриятларимизни тиклаш, муборак динимизни, азиз авлиё ва уламоларимизнинг меросини ўрганиш, уларнинг қадамжоларини обод қилиш йўлида беқиёс ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, азим пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Сузук ота» мақбараси ва жоме масжидида айни кунларда улкан бунёдкорлик ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Ўтган йилнинг 26 май куни Давлатимиз раҳбари “Сузук ота” мақбараси ва жоме масжидида бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берган эдилар.
Муҳтарам Юртбошимиз: “Ушбу масжид ва мақбара маънавиятимизни янада юксалтиришга, юртимизда эзгулик нурини зиёда этишга хизмат қилиши керак”, деган эдилар.
Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлиб, 1140 йилда таваллуд топган. У Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Болалик чоғида бобоси у кишини эркалаб «Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!», дегани боис атрофдагилар ҳам уни шу исм билан чақира бошлаган. Сузук ота юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳунарга, ҳалол меҳнатга ўргатган. 1363-1364 йилларда Амир Темур Яссавийнинг набираси Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган.
Республикамизнинг барча ҳудудларида мана шундай бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top