muslim.uz

muslim.uz

Самарқанд вилоят ҳокимлигида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини қайта қуриш бўйича лойиҳа таклифларининг тақдимоти юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев олиб борди. Бу ҳақда "kun.uz" нашри хабар берди.

Мажмуанинг ҳозирги кўриниши Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 29 апрелдаги “Муҳаммад ибн Исмоил Имом ал-Бухорий таваллудининг хижрий 1225 йиллигини нишонлаш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори доирасида бунёд этилган.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида яратилган ушбу лойиҳа Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Андижон, Наманган, Қўқон ва Шаҳрисабзнинг моҳир усталари томонидан саккиз ой мобайнида барпо қилинди ва ёдгорлик мажмуаси 1998 йил 23 октябрь куни расман очилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Имом Бухорий мажмуаси ҳудудида халқаро тажрибани ўрганган ҳолда халқаро илмий марказ қурилиши бўйича топшириқ берилган эди. Шу муносабат билан мажмуага туташ ҳудуддан 5,8 гектар ер майдони очилиб, илмий марказ ҳамда марказ қаршисида 3 та уч қаватли турар-жой қурилиши учун ажратиб берилди.

Халқаро илмий марказ қурилишининг умумий лойиҳа қиймати 122 млрд. сўмни ташкил этиб, бугунги кунда қурилиш-пудрат ишлари якунланиш арафасида. Шу билан бирга, илмий марказ қаршисида 3 та уч қаватли, 18 хонадонли турар-жойлар ҳамда мажмуага олиб борувчи Оқдарё–Қўлбости автомобиль йўли бўйида 62 та миллий кўринишдаги 2 қаватли коттежлар қуриб битказилди.

Президент Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берган топшириғи ва вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган мажлис баёни билан Имом Бухорий мажмуасини қайта қуриш лойиҳа-таклифи ва Хартанг қишлоғининг бош режа-лойиҳаси маъқулланди.

Хартанг қишлоғининг бош режаси дастлаб “ТошбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонаси лойиҳа ташкилоти томонидан тайёрланаётган эди. Лойиҳа ишларини жадаллаштириш мақсадида бош режа ва батафсил лойиҳалаштириш режаси “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Ишлаб чиқилган бош режа ва лойиҳа таклифига мувофиқ, мажмуанинг умумий жойлашув ер майдони 60,4 гектарни ташкил этиб, мажмуа тўлиқ қайта реконструкция қилиниши белгиланди. Жумладан, мажмуага кириш қисмидаги мавжуд бир қаватли бинолар икки қаватли қилиб қурилади.

Шунингдек, мажмуада қўшимча қуйидаги бино-иншоотлар қурилиши лойиҳалаштирилган:

битта тўрт қаватли катта, 6 та уч қаватли ўртача ва 20 та икки қаватли кичик меҳмонхоналар;

супермаркет;
йирик савдо маркази;
амфитеатр биноси;
деҳқон бозори;
ҳаммом;
иккита таҳоратхона;
миллий ҳунармандчилик буюмлари ва сувенирлар сотадиган 16 та савдо дўкони;
чойхона,
ресторан;
болалар ўйин майдончаси;
учта автомобиллар сақлаш майдончаси;
минибанк ва бошқа ободонлаштириш ишлари.

Имом Бухорий мажмуасидан ўтувчи Оқдарё–Қўлбости автомобиль йўли олти тасмалига кенгайтирилиб, Хартанг қишлоғини 5 км масофада тўлиқ айланиб ўтади.

Мажмуанинг қайта қурилиши муносабати билан ушбу ҳудуддаги 164 та турар-жой ва 30 та нотурар-жойлар – жами 194 та бино ва иншоотлар бузилишга тушган. Ҳозирда бу иш жадал амалга оширилмоқда.

Йиғилишда Имом Бухорий мажмуасини қайта қуриш лойиҳасида янгидан қурилиши режалаштирилган меҳмонхона, савдо, маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа объектлар тақдимоти ўтказилди.

Вилоят ҳокими мажмуада янги объектлар қуриш истагини билдирган ташаббускорларни аниқлаш бўйича топшириқлар берди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Чеченистонлик ишқибозлар Миср терма жамоаси футболчиси Муҳаммад Салоҳга туғилган куни муносабати билан 100 килограмм оғирликка эга торт совға қилишди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.

«Жамоа аэропортдан бироз хафа кайфиятда келди, бироқ меҳмонхонага кириш чоғида уларни уч қаватли торт кутиб турганди. Унда табрик ёзуви ва тилла рангдаги бутса бўлган. Салоҳ ва футболчилар байрамона муҳитни кўриб, табассум қила бошлашди», - дея айтиб ўтган гувоҳлардан бири.

Миср терма жамоаси мундиалнинг илк баҳсида Уругвайга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди.

Мисрликлар кейинги баҳсни Россия термасига қарши 19 июнь куни ўтказади. Беллашув «Санкт-Петербург» стадионида бўлиб ўтади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мьянма ҳукумати ва экстремист буддавийлар зулмларидан Бангладешдаги лагерларга қочиб борган роҳинжалар Рамазон ҳайитини қайғу ва ватанларига бўлган соғинч билан қарши олдилар. Бу ҳақда "azon" нашри маълум қилди.

Бангладешнинг Кокс Бозор шаҳри лагерларида истиқомат қилаётган роҳинжалар шанба куни эрталаб Ҳайит намозини турли масжидларда адо этишди.

Қочқинлар Аллоҳга илтижо қилиб, уйларига омонда қайтишларини, янгидан тинч ва фаровон ҳаёт қуришларини сўрашди.

Кокс Бозордаги Котобалонг лагери Бош котиби Нурмуҳаммад Анадўлу билан суҳбатда: "Араканда дуч келган зулмларга қарамасдан, биз ҳалиям еримизни яхши кўрамиз. Ерларимизга омонликда қайтишни хоҳлаймиз. Биз бу кичкина легерларда боғлаб қўйилганмиз. Болаларимизнинг боришга жойи йўқ. Улар ҳайит нафаси ва хурсандчилигини ҳис қилолмайдилар, деган".

Ўтган йилнинг 25 августидан буён Мьянма ҳукумати ва жангарилар роҳинжаларга қарши уюштирган қирғинлар натижасида 700 минг нафардан ортиқ роҳинжалар ватанларини ташлаб Бангладешга қочиб ўтишган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Юртимизда меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми – муборак Рамазон ҳайитининг биринчи куни зўр шоду хуррамлик ва шукроналик кайфиятида нишонланди.  

Хусусан, 15 июнь куни, эрта саҳарда Наманган вилоятидаги 182 та масжидда ҳайит намозлари эмин-эркин, кўтаринки руҳда адо этилди. Бунинг учун масжидлар жамоаси, ҳуқуқ тартибот идоралари, нодавлат ташкилотлар ходимлари қулай шарт-шароитларни муҳайё этиб бердилар. 

Наманган шаҳридаги “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жомеъ масжиди имом хатиби Абдулвоҳид Исоқов маърузада тоат-ибодатга ошиққан юртдошларимизга “Ийд ал-фитр” байрамини Ислом динида жорий бўлиши, Рамазон ойининг мазмун-моҳияти ва унинг фазилатлари ҳақида сўз юритди. 

Дуога қўл очган мўмин-мусулмонлар Яратгандан юртимизга тинчлик-осудалик, халқимизга фаровонлик, дастурхонларимизга тўкинлик сўрадилар, деҳқончиликлар мўл-кўл бўлиши, бунёдкорлик ва маъмурчилик соҳасида раҳбарларимиз амалга ошираётган эзгу ишлар ўнгидан келишини тиладилар. 

Ўтган бир ой давомида ватандошларимиз, аҳли дин вакиллари муқаддас Рамазон рўзасини тутиб, кечалари масжидларда жамоат билан Қуръон хатмонаси ва таровеҳ намозларини шукроналик ва эмин-эркинликда адо этдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, тегишли ҳуқуқий органлар ҳамкорлигида мусулмонларнинг тоат-ибодатларини хотиржамликда ўқишлари борасида барча ташкилий чоралар кўрилди. Бундан барча-барчамиз беҳад миннатдор бўлдик.  

Эътироф этиш жоиз, мустақиллик йилларида топталган диний қадриятларимиз қайта тикланиб ривож топди. Айниқса, сўнгги икки йил давомида фуқароларнинг дин ва виждон эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинмоқда. Президентимиз ташаббуси билан юртимизда биринчи маротаба “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси” ва “Ҳадислар билимдони” танлови ўтказилди. Бундан Қуръони Карим ҳамда ҳадису шариф илмига ошиққан минглаб кишилар бирдек баҳраманд бўлдилар. 

– Шундай доруломон кунларга етказганига минг шукур, намозларни бемалол адо этиб, ҳайитни дам олиш куни сифатида тинчлик ва хотиржамликда нишонлаяпмиз, – дейди “Янгийўл” маҳалласида яшовчи 78 ёшли меҳнат фахрийси Жалолиддин ота Зиёвиддинов. Мана, Президентимиз қарори билан ҳайит кунлари байрам ва алоҳида дам олиш куни сифатида белгиланди. Сизга яна бир хурсандчилигимни айтай: чинакам меҳр-мурувват ва бағрикенглик айёми арафасида Юртбошимиз қарорига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 226 нафар фуқаро афв этилганини эшитиб, бағоят хурсанд бўлдим. Бу халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик ва меҳр-шафқат фазилатларидан ёрқин нишонадир. Ёки давлатимиз раҳбарининг аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришга қаратилган қарори қабул қилингани нур устига аъло нур бўлди. Демакки, одамларимизга қанчалик яқиндан амалий ёрдам кўрсатилса, халқимизнинг давлатга бўлган ишончи шунчалик ортаверади. 

Дарҳақиқат, ҳайит – мусулмонларнинг энг улуғ, орзиқиб кутилган байрамларидан бири десак, асло муболаға бўлмайди. Рамазон ойи тугагач, ҳайит намозига чиқилади, барча дўст-биродарлар бир-бирларини бу байрам билан табриклашади. Қариндош-уруғлар, бева-бечоралар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг кўнгли овланади, болажонларга ширинликлар улашилиб, қувончларига сабаб бўлинади. Бу кунда барчанинг юзида табассум, кайфиятида кўтаринкилик ва дилида Аллоҳ зикри, шукроналик туйғуси мужассамлашади.  

“Савоб ишни ҳар ким ҳар куни қилиши керак” деган эзгу қадриятдан келиб чиққан ҳолда маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида хайру саховат, меҳру мурувватга йўғрилган савобли ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Учқун” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муяссархон Боймирзаева бошчилигидаги фаоллар ҳудудда истиқомат қилувчи кам таъминланган, бемор, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз ва ногиронлиги бор кишилар ҳолидан хабар олиб, уларнинг дилларига шодлик улашдилар. 

Хусусан, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ажратилган газ плитаси топширилган Соли Адашев кўчаси, 18-берк, 3-уйда яшовчи 1-гуруҳ ногирони Муаззам Пўлатова алоҳида эътибордан шодликка тўлди. 

Узоқ йиллик умрини ёшларга таълим-тарбия беришга бахшида қилган, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган, ҳозирда уйда ётиб қолган бемор, 8-Соли Адашев кўчаси, 10-уйда турувчи 85 ёшли Олимжон Тўрабоев маҳалладошлари йўқловидан беҳад севинди. 

Дарҳақиқат, Рамазон ҳайити халқимиз маънавий ҳаёти, миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ажралмас бир қисми бўлган, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини яққол ифода этадиган ҳайитни муносиб нишонлаш, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат ва шукроналик туйғуларини кучайтириш, ёшларимизда юксак инсоний фазилатларни камол топтиришга хизмат қилади.

 

Оқилхон Дадабоев,

журналист

Манба: http://uza.uz

Мақолалар

Top