muslim.uz

muslim.uz

Шариатимизда Рамазон ойи рўзасидан бошқа вақтда ҳам рўза тутишга тарғиб қилинган. Зотан, Рамазон ойида рўза тутишлик фарз бўлса-да, ундан бошқа вақтда тутилган рўзалар нафл ҳисобланиб, соҳибига улкан ажр-мукофотларни кашф қилади. Лекин йилнинг беш кунида рўзадор бўлишликдан қайтарилганмиз. Улар: Рамазон ҳайити куни, қурбон ҳайити куни ва ташриқ кунлари(зулҳижжа ойининг 11-12 ва 13- кунлари)дир.

Йил давомида рўзадор бўлишга қизиқтирилган кунлар:

А. Ҳафта кунларининг душанба ва пайшанба кунидаги рўза;

Оиша розиялллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари душанба ва пайшанба кунилари рўза тутар эдилар” (Имом Термизий ривояти). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Албатта бандаларнинг амаллари душанба ва пайшанба куни арз қилинади, менинг амалим арз қилинганда рўзадор ҳолда бўлишни яхши кўраман” деганлар (Имом Термизий ривояти).

Б. Арафа куни яъни Зулҳижжа ойининг 9- куни;

Абу Қатода розиялллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан умид қиламанки, Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги сананинг ва ундан кейинги сананинг каффорати бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

В. Оқ кунлар яъни ҳар ойнинг 13-14-ва 15-кунида рўза тутиш;

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари сафарда ҳам ҳазарда ҳам оқ кунларида рўза тутар эдилар”(Имом Насаий ривояти).

Булардан ташқари яна кўплаб тарғиб қилинган нафл рўзалар бор. Қизиқтирилган нафл рўзалар фазл ва ажрда бир-биридан фарқлидир.

Қуйида ана шундай рўзалардан бири Шаввол ойидан олти кунида рўза тутиш ва унинг фазли ҳақида баён қиламиз:

عَنْ أَبي أَيُّوبَ الأَنصَاريِّ - رضي الله عنه - أَنَّ رَسُولَ الله  - صلى الله عليه وسلم -  قال: مَنْ صَامَ رَمَضَانَ ثُمَّ أَتبَعَهُ سِتًّا مِنْ شَوَّالَ كَانَ كَصِيَامِ الدَّهرِ؛ رواه مسلم.

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, сўнг унга Шаввол ойидан олти кун рўза қўшса, гўё бир йил рўза тутгандек бўлур”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

وعَنْ ثوبانَ - رضي الله عنه - أَنَّ رَسُولَ الله  - صلى الله عليه وسلم -  قَالَ: صِيامُ رَمَضَانَ بِعَشرَةِ أَشْهُر، وصِيَامُ السِّتَّةِ أيَّامٍ بِشَهرَينِ فذَلك صِيَامُ السَّنَة.

وفي رِوايةٍ: مَنْ صَامَ سِتَّةَ أيَّامٍ بَعْدَ الفِطْرِ كَانَ تَمامَ السَّنة ﴿ مَنْ جَاءَ بِالحَسَنَةِ فَلَهُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا ﴾ رواهُ أحمدُ وابنُ ماجه.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамозон рўзаси ўн ой рўзага тўғри келса, Шавволнинг олти куни икки ойга тўғри келади, натижада бу бир йил рўза бўлади”, дедилар. Бошқа ривоятда: “Ким фитрдан кейин олти кун рўза тутса, бир йил тўла рўза бўлади”, ояти каримада (Ким бир яхшиликни амалга оширса, унга ўша яхшиликнинг ўн баробари бўлур), деб зикр қилинган (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).

Мазкур муборак баёнотдан куйидаги фойда ва ҳукмларни хулоса қилиш мумкин:

  1. Шаввол ойидан олти кун рўза тутишнинг фазилати албатта, ким Рамозон рўзасига қўшимча қилиб, Шаввол рўзасини ҳам узлуксиз тутиб юрса, бир умр рўза тутгандек бўлади. Бу эса улкан фазл ва буюк амал ҳисобланади.
  2. Буюк Аллоҳнинг бандаларига раҳмати бўлиб, бу Аллоҳ таоло томонидан бандаларининг озгина амалига кўп савоб ва улкан ажрлар ато этишидир.
  3. Шаввол ойидан олти кун рўзасини тезлатиб тутиш мустаҳабдир. Яхшиликларда мусобақа қилишга амр бўлгани, бу рўза қолиб кетмаслиги ва кишини бошқа иш машғул қилиб қўймаслиги учун бу кундаги рўзани шошилиб тутиш муҳимдир.
  4. Ушбу рўзани Шаввол ойининг аввали, ўртаси ёки охирида узлуксиз  ёки кун оралатиб тутиш дуруст бўлаверади. Мукаллаф ушбу рўзани хоҳлаган ҳолатда тутса ҳам Аллоҳ таоло ушбу амални қабул қилса, ваъда қилинган ажрга ҳақли бўлади.
  5. Рамозондан қазоси бўлган киши биринчи қазосини кейин Шавволдан олти кун рўза тутади. Чунки ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ким рамазон рўзасини (тўла) тутиб,....”, деганлар. Зеро, зиммасида Рамазоннинг қазоси бўлган кишига нисбатан то у ўша қазосини тутгунига қадар рўза тутди, дейиш тўғри бўлмайди. Чунки инсон ўз зиммасини вожибдан холос қилиб олиши, мустаҳаб ишни қилишидан авло ҳисобланади.
  6. Зеро, Ҳаким сифатли Аллоҳ таоло фарзларни нафл ибодатлардан олдин қилиб шариатга киритган. Шунингдек, уларнинг ортидан нафлларни келтирган. Буни намозлардаги тартибли суннатлар, Шаъбон ва Шаввол ойлари орасида Рамазон рўзасини шариатга киритиши мисолида ҳам кўриш мумкин.
  7. Ушбу нафллар фарзларда кузатилган камчиликни тўлдиради. Чунки мукаллаф томонидан рўзасининг ажрини камайтириб қўядиган баъзи камчиликларга йўл қўйиши табий. Масалан, кўп гапириш, кўп қараш, кўп ейиш ва бошқа шу каби бирор камчилик содир этилган бўлиши мумкин. Шунинг учун бу нафл ибодатлар инсонга зийнат ва ибодатларини мукаммаллигига сабаб бўлади. Рамазон ойидан кейин келадиган Шаввол ойида олти кун нафл рўза тутишга тарғиб қилишда бундан бошқа яна бир қанча ҳикматлари ҳам бор. Муҳими инсон бу нафл ибодатларга ўзини одатлантиришидир.

Жалолиддин Ҳамроқулов

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

 “Новза” жоме масжиди имом-хатиби

Ҳар йили Рамазон ойи бошланиши ва ҳайит кунини аниқлашда, Ўзбекистон уламолари ислом дини кўрсатмалари ва Астраномия институти маълумотларига таянишади. Мана шундай манбаларга асосланиб, диний идора уламолари обдон ўйлаб, кейин бир қарор қабул қилади. Лекин, айрим кишилар уламоларимиз қарорига итоат этмай, “бугун фалон араб юртида ёки фалон қўшни мамлакатда ҳайит экан”, деб рўзасини очганлар ҳам учрамоқда. Аммо, бундай иш тутишдан динимиз қаттиқ қайтаради.

Маълумки, Исломда саналар қамарий ой билан ҳисобланиб, уларнинг бошланиши янги ой ҳилолини кўриниши билан белгиланади. Ўзбекистонда Рамазон ҳайитининг биринчи кунини белгилашда Астрономия институтининг ҳилол – янги ойни кўриш ҳақидаги маълумоти ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари хулосаси асос қилиб олинди. Астраномия институтининг берган маълумотига кўра, жорий йилда Ўзбекистонда ҳилолнинг кўриниши 25  июнь якшанба куни Қуёш ботгандан сўнг, кечқурун кузатилиши қайд этилади. Шунга кўра, Ўзбекистон мусумонлари идораси уламолари томонидан 26 июнь душанба куни ҳайитнинг биринчи куни деб эълон қилинди.

Бундай тўхтамга келиниши Ислом таълимотига мувофиқ, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Янги ойни кўриб рўза тутинглар ва янги ойни кўриб ҳайит қилинглар”, деган ҳадиси шарифларига тўла мос келади. Шунингдек, Ислом фиқҳи академиясининг “Бошқа мамлакатларда ойнинг кўринишидан қатъий назар, дунёнинг қайси бир мамлакатида янги ой ҳилоли оддий кўз билан ёки астрономик жиҳозлар орқали кўрилган бўлса, унга амал қилишлари зарур деб ҳисоблансин”, деган қарорига ҳам ҳамоҳангдир.

Рамазон ойининг юртимизда тўлиқ 30 кун давом этиши азалий миллий  ва диний қадриятларимиз ҳамда урф-одатларимизга мос ва ҳамоҳанг ҳисобланади. Рамазон ойининг тўлиқ 30 кун бўлиши ҳақида муҳаддислардан Абу Довуд ва Насоийнинг саҳоба Ҳузайфадан қилган ривоятларида Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидагича марҳамат қилганлар: “Рамазон ойидан олдин тутманглар, янги ойни (Рамазон ҳилолини) кўринглар. Рамазон кунлари саноғини тўлдиринглар!”.

Машҳур муҳаддислардан Имом Аҳмад, Имом Муслим ва Имом Термизийларнинг Пайғамбар  (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)нинг издоши, етук  фиқҳ олими Ибн Аббосдан келтирган ривоятига кўра: “Рамазон ойи ўттизга тўлдирилади ва янги Шаввол ойи бошланади”, деб таъкидланган.

Юқоридаги асосли далиллар ва иш бошиларнинг қарорига амал қилиш ҳар бир уммат учун вожиб бўлади. Ҳеч қайси бир шариат кўрсатмаларида рўзанинг бошланиш куни ёки Рамазон ҳайитининг биринчи кунини аниқлашда муайян бир араб ёки бошқа давлатга тақлид қилинсин, деган кўрсатма йўқ.

Яна бир масала, бу йил мамлакатимизда Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошида тузилган Шаввол ойи ҳилолини кузатиш, яъни Рамазон ҳайитининг биринчи кунини аниқлаш бўйича ҳайъат тузилиб, 2017 йил 24 июнь куни Республикамизнинг Андижон, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида Шаввол ойининг ҳилоли чиқишини кузатиш бўйича махсус ҳайъат иш олиб борди. Ҳайъат аъзолари Тошкент шаҳрида кечки соат 19:30 дан соат 20:30 гача, ҳудудларда намоз вақтидаги оралиқ тафовутни инобатга олган ҳолда бир соат давомида ҳилолни кузатишган. Ҳайъат аъзоларининг якдил хулосаларига кўра, янги ҳилол кўринмаган.

 Демак, ибодат масалаларида эҳтиёт бўлиш керак. Фалон юртда бугун ҳайит экан, деб оғизни очиб юбориш мумкин эмас. Зеро, Рамазон рўзасининг бошланиши ҳам, тугаши ҳам муфтий эълон қилиши билан аниқ бўлади.

Агар бир мусулмон юртда янги ой чиқишини аниқлашга масъул идора рўза тутиш ёки рўзани очиш бўйича қарор чиқарса, ўша юрт мусулмонлари бунга итоат қилишлари, бўйсунишлари шарт. Чунки бу ҳукм “Ҳар бир юрт аҳли ўзлари янги ойни кўрадилар”, деган қарашга асосланган бўлади (“Ҳидоя”, “Оламгирия” китоблари асосида).

Шайх Юсуф Қаразовий айтади: “... Бир юрт ёки бир шаҳар фуқароларининг бир-биридан ажралиб, бир гуруҳи бугун Рамазон деб рўза тутиши, бошқаси уни Шаъбондан деб тутмаслиги, ой охирида эса, бир гуруҳи рўза тутиб, бир гуруҳи ҳайит қилиши қабул қилинмайдиган бир ҳолатдир”.

Хулоса шуки, ҳар бир юрт аҳли уламолари янги ойни кўришга ҳаракат қилишлари ва фуқаролар шунга амал қилишлари керак. Демак, айрим мамлакатларнинг Рамазон ҳайитини бошлаши бизнинг ҳайитни бошлаш кунидан фарқ қилиши мумкин.

Шунинг учун мўмин-мусулмонларимизни юқорида баён қилинганларни чуқур англаб, бошқаларга тақлид қилиб, хатога йўл қўймасликларига чақирамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво ҳайъати

 

 

 

 

 

Мақолалар

Top