muslim.uz

muslim.uz

"Қуръон нозил бўлган кеча" номли тадбирининг иккинчи қисми бўлиб ўтди.

Рамазоннинг энг буюк фазилатларидан бири – бу унинг Қуръон ойи эканидадир. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги китоби, қиёматгача боқий қоладиган, барчани ожиз қолдирган мўъжиза каломи Қуръони каримни нозил қилиш учун айнан Рамазон ойини танлаган.

Шу муносабат билан Самарқанд аҳлига Қуръони каримни хатм қилиб бераётган қориларга барча вилоят мўмин-мусулмонлари номидан миннатдорлик изҳор қилинди ҳамда ҳомийларнинг ҳадяларидан иборат совғалар қориларга улашилди. 

 

@sammuslimuz 

mardi, 26 avril 2022 00:00

Жиҳод нима?

Жиҳод сўзи луғатда “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “меҳнат қилмоқ” каби маъноларни ифодалайди.

Ҳозирги вақтда бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ғояга эришиш ва ғўр ёшларни эргаштириш мақсадида янги “жиҳод” турларини ўйлаб топиб, улардан фойдаланишга уринмоқдалар. Улар кўпгина мусулмонларнинг Ислом аҳкомларини билмаслиги, илмий савияга эга эмаслигидан фойдаланиб, “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, ноҳақ қон тўкилишига сабабчи бўлишади. Бунга уларнинг дунёнинг турли чеккаларида “жиҳод” ниқоби остида содир этаётган қўпорувчилик ҳаракатлари мисол бўла олади. Улар нафақат бошқа дин вакиллари, балки мусулмонларга қарши зўравонлик, қўпорувчилик ҳамда босқинчилик хатти-ҳаракатларини асослаш ва оқлаш учун «жиҳод» тушунчасидан фойдаланмоқдалар.

Жиҳод ҳақидаги оятларнинг барчаси ўрганиб чиқилганида шу нарса маълум бўладики, Исломда жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради.

Жиҳод икки қисмдан иборат: талаб ва мудофаа. Талаб жиҳоди ҳозир йўқлигига уламолар ижмоъ қилишган. Чунки ҳозирда ҳамма давлатлар урушмасликка келишганлар ва ўзаро алоқалар ўрнатиб, элчихоналар очганлар. Мудофаа жиҳоди душманлар мусулмон юртга уруш қилиб, бостириб кирсалар, ҳимоя учун бўлади.

Қуръони каримда бегуноҳ одамларнинг жонига қасд қилиш қораланади. Жумладан, “Нисо” сурасининг 93-оятида бундай марҳамат қилинади: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”.

Ҳадисларда ҳам бу борада кўплаб хабарлар келган. Жумладан, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг наздида бир мусулмон кишининг ноҳақ қатл этилишидан кўра, ёруғ дунёнинг барбод бўлиб кетиши енгилроқдир”, дедилар”.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қўли билан ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Аллоҳ йўлида жиҳод қилган кишидир».

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бизнинг ватанимиз Ўзбекистонда бу каби нотўғри фикрларнинг тарқалишининг олдини олишимиз керак. Уламоларимиздан сўраб, ўрганмай туриб интернет тармоғига ишониб қолмаслигимиз керак. Умуман, ғаразгўйларнинг алдовига ёшларимиз илиниб қолмасликлари учун барча чораларни кўришимиз лозим.

 

Акбарали Юсуфжанов

Учқўрғон туман Саидхон эшон жомеъ масжиди имом хатиби

Босния ва Герцеговинанинг Мостар шаҳрида 1100 нафар ёшлар Босния ва Герцеговина Ислом Иттифоқи (ИБ) Ассамблеясининг Мостар ҳамжамияти томонидан ташкил этилган ифторликда қатнашдилар.
"Рамазон кунлари" тадбири доирасидаги ифтор дастури Мостар ассамблеяси ҳамжамияти, Ёшлар ахборот хизмати ва Мостар муниципалитети кўмагида Мостар кўприги остидаги платода бўлиб ўтди, деб хабар беради "Анадолу" агентлиги.
Ёшлар ахборот хизмати координатори Недим Хондонинг айтишича, бу йил анъанавий "ёшлар ифторлиги"да иштирокчилар сони рекорд даражада бўлган: "Биринчи марта 1000 нафардан ортиқ ёшлар билан ифторлик ўтказяпмиз. Пандемия туфайли сўнгги икки йил давомида ифторлик уюштира олмаган эдик".
Хондонинг қайд етишича, Лайлатул қадр кечаси Мусалла ҳудудида ифтор ташкил этилади. Islam.ru хабарига кўра, ушбу дастурда Конич, Ябланица ва Столац каби қўшни шаҳарларнинг аҳолиси иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимларидан иборат делегация Филадельфия шаҳрига ташриф буюрди ва муқаддас Рамазон ойига бағишланган қатор маъросимларда, жумладан, ифторлик, таробех намози ва Хатми Қуръон тадбирларида қатнашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири

Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонасидан олинган маълумотга кўра, ифторлик маъросими Филадельфия шаҳрида жойлашган «Isabet» Ислом ўқув марказида 800 дан ортиқ ватандош иштирокида ўтказилди. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобовнинг Рамазон ойи муносабати ватандошларга йўллаган мурожаати ўқиб эшиттирилди. Унда сўнги йилларда юртимизда янги давлат ва жамият қуриш учун тарихий ишлар амалга оширилаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Янги Ўзбекистонда демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган тамойилларга қатъий амал қилган ҳолда, давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий илдизлари мустаҳкамлананаётгани таъкидланди.

Бундан ташқари, ватандош уюшмалар билан кўп қиррали ишлар олиб борилаётганига алоҳида тўхталиб, уларнинг Ўзбекистоннинг АҚШдаги мавқеини ошириш, миллатимизнинг урф-одатлари ва анъаналари, юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштиришга қўшиб келаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари томонидан юртимизда сўнгги йилларда диний соҳада амалга оширилаётган ишлар, фуқароларимиз диний эркинликларини таъминлаш йўлида ташкил этилган имкониятлар ҳақида сўзлаб берилди.

Тадбир давомида Пенсильвания штатидаги ватандошлар ташкилотлари вакиллари сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янги «Ватандошлар» жамоат фонди ташкил этилгани ватандош уюшмалар билан фаол мулоқот олиб бориш, уларни қўллаб-қувватлаш ва тарихий Ватан атрофида жипслаштириш учун янги имконият очганини қайд этди.

Жумладан, «Skyline realter» компанияси асосчиси ва раҳбари Акмал Холбоев ва «Mubin Transportation» компанияси раҳбари Абдурашид Мўминовнинг айтишича, бу каби тадбирлар хорижий мамлакатларда истиқомат қилаётган юртдошларимиз учун катта эътиборнинг яққол намунасидир. Ватандошларимиз, шунингдек, келгусида ҳам шу каби тадбирларни амалга ошириш Америкадаги юрдошларимизни жипслаштириш, Ўзбекистон ва Америка ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини билдирди.

Таробиҳ намози ҳам «Isabet» Ислом ўқув марказида ватандошлар иштирокида ўтказилди.

Ушбу маросимда чиқиш қилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари АҚШ ҳудудида истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг ёт ғоя ва турли диний экстремистик ташкилот ҳамда оқимларга тушиб қолмасликлари, анъанавий исломнинг мазмун-моҳияти хақида сўзлаб берди. Янги Ўзбекистонда диний экстремизм ва терроризм таҳдидларига қарши кураш «Жаҳолатга қарши маърифат» улуғвор ғояси остида амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.

Фарзанд тарбиясида ўзбек урф-одат ва анъаналари, маданиятимиз ва қадриятларимизни сақлаб қолиш, муқаддас Рамазон ойида имкон қадар кўпроқ савобли амалларни бажариш кераклиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, ушбу тадбирларда қатнашган ватандошларимизнинг хоҳиш ва истакларини инобатга олган ҳолда савол ва жавоб тариқасида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбир чоғида ватандошларимизга анъанавий ислом мазмун-моҳияти ва асосий тамойиллари ҳақида сўзлаб берилди.
22 апрель куни маросимларни ташкиллаштирган ўзбек ватандош жамиятлари вакиллари, Пенсильвания шаҳридаги юртдошлар ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва дипломатик ваколатхона ходимлари иштирокида саҳарликга бағишланган тадбир ҳам ташкил этилди.

Амалий руҳда ўтган тадбирлар АҚШдаги диаспорал ташкилотлар раҳбарлари ва фаол ватандошлар билан ҳамкорликни янги поғонага кўтаришга хизмат қилгани таъкидланди, ватандошлар ўртасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилларини жалб қилган ҳолда маънавий-маърифий тадбирларни ташкил қилиш хусусида келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилларининг навбатдаги манзили «Юртдош Ўзбекистон – Америка» ассоциацияси, «Питтсбургдаги ўзбеклар жамияти» ташкилотлари раҳбарлари ва фаоллари Филадельфия шаҳрида бунёд этаётган янги «Масжид Ал-Бухори» ислом маркази ва масжиди бўлди. Ушбу манзилда ҳам ватандошлар билан қизиқарли учрашув ва маънавий-тарбиявий мавзуда суҳбат бўлиб ўтди. Шундан сўнг, Ўзбекистон уламолари юртдошларимиз илтимосига биноан янги масжид қурилиши учун таъмал тошини кўйиш маросимида қатнашди.

Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, ушбу мажмуа нафақат ватандошларимизнинг диний эҳтиёжларига жавоб бериш, никоҳ ўқитиш ва бошқа тадбирларни ўтказишга мўлжаллаган, балки у Пенсильвания штатида оғир аҳволга тушиб қолган юртдошларимиз учун ёрдам берувчи ижтимоий ташкилот бўлиши ҳам кутилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари масъул ходимлари янги масжид барпо этиш бўйича тегишли маслаҳатлар берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top