muslim.uz
Сўкинишлик – тарбиясизлик аломати
Ҳар бир инсоннинг ўз шаъни, обрў-эътибори бор. Ҳар бир ўзини ҳурмат қилган киши бошқа бировнинг ҳам ҳурматини билиши лозим. Афзал киши шундайки, унинг тили ва қўлидан бошқа мўмин-мусулмонлар озор кўрмайди. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Мусулмон – қўли ва тили билан бошқа мусулмонларга озор бермаган одамдир, муҳожир – Аллоҳ таоло тақиқлаган нарсалардан ўзини тия билган одамдир!” дедилар.
Баъзан эса бўлар-бўлмасга сўкадиган одамларга дуч келамиз. Сўкиниш инсоннинг тарбиясизлигидан, бадхулқ инсон эканлигидан дарак беради. Ислом динида бировни сўкиш қораланади. Ислом шариатида сўкиниш ҳаром бўлган амалдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон кишини сўкиш фосиқликдир, у билан урушиш эса куфрдир”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насаий ривояти).
Ислом динида гуноҳ ишларни қиладиган киши фосиқ дейилади. Фосиқ киши гуноҳ ишларига пушаймон бўлиб, тавба қилиши лозимдир.
Айрим кишилар бировнинг ота-онасини сўкиш билан ўзларининг ота-оналарини лаънатлайдилар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Катта гуноҳларнинг каттаси инсоннинг ўз ота-онасини лаънатламоғидир”, дедилар. Шунда: “Ё Аллоҳнинг Расули! Қандай қилиб одам ўз ота-онасини лаънатлайди”, деб сўралди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам бировнинг отасини сўкса, у ҳам бунинг отасини сўкади, онасини сўкса, онасини сўкади”, дедилар (Имоми Бухорий ривояти).
Хулоса қилиб айтамизки, сўкинишлик бадхулқлик белгиси ва гуноҳ амалдир. Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳ ишдан қайтиб, яхши хулқ эгаси бўлишлик бахтига муяссар айласин!
Р. Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими.
Германияда ҳалол бозори очилди
Германиянинг Кёльн шаҳрида ўтказилаётган Жаҳон озиқ-овқат ва ичимликлар ярмаркасида ҳалол маҳсулотлар бозорига йўналтирилган форматда Anuga Halal Market бозори ташкил этилди. Ҳалол бозор ҳам қийинчилик, ҳам янги имкониятни ўзида намоён қилади.
Ҳалол маҳсулотларнинг зарур шаффофлиги ва саноатлашуви Германияда яшовчи беш миллиондан ортиқ ва Европа бўйлаб 50 миллиондан ортиқ мусулмонларнинг хавфсизлиги ва сифат талабларига жавоб берадиган сертификатлашни талаб қилади.
2021 йилнинг 9 октябридан 13 октябрига қадар чакана савдо шохобчаларида бўлиб ўтадиган Anuga Halal Market бозори гўшт ва сут маҳсулотларидан тортиб музлатилган озиқ-овқат, ширинлик ва яхна овқатларгача бўлган ҳалол секторнинг бутун таклифини қамраб олади.
Islam.ru хабарига кўра, махсус кўргазма озиқ-овқат чакана савдоси вакилларига ҳалол маҳсулотларнинг ассортименти билан танишиб чиқиш имконини беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Даъвоси амалига тескари жамоа (видео)
Абдулҳамид домла Жуманов,
Тошкент ислом институти Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси
Ўзбекистонда бутун дунё туркий халқлари умумий аждодининг эҳтимолли қабри аниқланди
Бутун дунё туркийларининг умумий аждоди сифатида эътироф этиладиган Алп Эр Тўнганинг эҳтимолий қабри Бухоро ҳудудидан топилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Афсонавий шахс Алп Эр Тўнга ёки Афросиёб – туркий халқларнинг умумий аждоди ҳисобланади. Мутахассисларнинг ишонч билдиришича, агар топилманинг ҳақиқийлиги ўз тасдиғини топса, Бухоро бутун туркий дунёнинг диққатга сазовор марказига айланади.
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, сиёсатчи Шерзодхон Қудратхўжа Россиянинг «iReactor» электрон нашри мухбирига берган интервьюсида Афросиёбнинг туркий дунё тарихида тутган ўрни ва мазкур кашфиётнинг қиймати ҳақида айтиб ўтди.
Унинг фикр билдиришича, ўзбек олимлари кўп йиллардан буён буюк аждодлари дафн этилган жойларни аниқлаш бўйича илмий изланишлар олиб бормоқда. Аммо бу мавзунинг оммавий ахборот воситаларида қайта кўтарилгани Ўзбекистон учун республиканинг машҳур шаҳарларини тадқиқ ва тарғиб қилиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
– Бугун мамлакатимизда Учинчи Ренесанс даврига пойдевор қўйилаётган бир пайтда Алп Эр Тўнганинг улуғвор қиёфасини жонлантириш, айниқса, муҳимдир, – деди у. – Сўнгги беш йил мобайнида янги Ўзбекистон ТУРКСОЙ ва Туркий Кенгаш каби халқаро ташкилотларда, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш жараёнида фаол иштирок этиб келаяпти. Зеро, ўз илдизларини чуқурроқ англаш тарихий заруриятдир.
Сиёсатчи туркий халқлар ва Турон давлатчилиги, замонавий ўзбек халқи ва ўзбек давлатчилигига асос солган буюк сиёсатчи ва моҳир саркарда, сак қабиласи етакчиси Алп Эр Тўнга образи билан узвий боғлиқлигига ишонади.
– Алп Эр Тўнга шахсиятига тўхталадиган бўлсак, биз, аслида, барча туркий халқлар қаҳрамони-асосчиси, туркийларнинг буюк ва қадимий тарихи ҳақида гапирган бўламиз, – дейди у Россия нашрига берган интервьюсида. – Алп Эр Тўнга нафақат Турон тарихида, балки Ўзбекистоннинг замонавий тарихида ҳам муносиб ўринга лойиқ. Алп Эр Tўнга дафн этилган жойнинг аниқланиши, агар тасдиқланса, Гейнрих Шлиманн томонидан қадимги Троя кашф этилиши билан бир даражада баҳоланади. Ҳар икки ҳолатда ҳам, дастлаб, фақат ярим афсонавий воқеалар тасвирланган қадимий ривоятлар айтилиб келинган. Троя ҳолида ҳам, Афросиёбда ҳам афсонавий қаҳрамонлар ҳақида гап кетган, лекин булар эҳтимол афсоналар эмас, балки тарихий фактлар экани маълум бўлмоқда.
"Бу тарихий топилманинг ўзбек халқи ва унга биродар миллатлар учун аҳамиятини ортиқча баҳолаш қийин эмас. У бутун туркий дунё учун диққатга сазовор жой, куч-қудратга айланиши мумкин. Туркиялик профессор Некати Демирнинг фидокорона қатъияти олдида ва уни қўллаб-қувватлаган барчага таъзим қиламиз. Умид қиламизки, энг ёрқин умидларимиз рўёбга чиқади ва ниҳоят ҳақиқий келиб чиқишимизни баралла айтадиган пайт келади”, – дея таъкидлади Шерзодхон Қудратхўжа.
Ушбу тарихий топилма ҳақида россиялик таниқли телебошловчи Владимир Познер ҳам ўз фикрлари билдирган. У мазкур муҳим янгиликни бевосита жойида кўриш учун Ўзбекистонга тезроқ келишни режалаштираётганини таъкидлади. «Мен собиқ иттифоқ мамлакатлари бўйлаб жуда кўп саёҳат қилган бўлсам-да, аммо ҳозирча Ўзбекистонга бормаганман. Лекин мен, албатта, ушбу серқуёш ўлкани зиёрат қилишни истайман. Мен, айниқса, Бухоро, Хива ва Самарқандни кўрмоқчиман. Ушбу тарихий шаҳарлар ҳар доим мени ўзига жалб қилган», - дейди телебошловчи.
Владимир Познернинг таъкидлашича, унинг Ўзбекистонда бўлган кўплаб дўстлари Марказий Осиёнинг ушбу давлати ҳақида фақат илиқ фикрларни билдирган.
"Уларнинг айтишича, мамлакатда, айниқса, инфратузилма борасида жуда кўп ишлар қилинган. Ўзбекистон шитоб билан тараққий этиб бормоқда. Шу билан бирга, ушбу заминда ўтмиш ва маданият ҳам сақланиб қолган. Булар менга жуда қизиқ. Мен тарихий муҳитда юришни, қадимий маданият билан уйғун бўлишни жуда яхши кўраман. Жуда эҳтиёткорлик билан сақлаб келинаётган қадимий шаҳарлар эса мени ҳар доим ўзига тортади. Ўйлайманки, Ўзбекистон тарихини жуда яхши биладиган тилмоч билан ушбу юрт ҳақида билмаганларимни ўрганардим", - дейди В.Познер.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Қабрлар билан боғлиқ бидъат-хурофотлар
Зиёратгоҳлардаги мақбаралар ва у ердаги дарахтларни муқаддас санаб, уни тавоф қилиш ва унга сиғиниш ширк амалидир.
Тилаклар ижобат бўлади, дея қабристондаги дарахтларга латта боғлаш, қабрлар ёнига шам ёқиш, қабр тошларини ўпиш бидъат ва хурофот амалларидир.
Ҳеч нарсага ярамайдиган оддий бир латтани дарахтга боғлаб, ҳожатим раво бўлади, дейиш ақлга ҳам тўғри келмайди.
Қабрлар зиёрати охиратни эслаш учундир.
Қабрлар зиёратининг асл моҳиятини унутиб, азиз авлиёлар қабрларига бориб, ҳожатларини сўрайдиган, бахт ёки фарзанд ёҳуд ишига ривож тилаб, истакларини қабр соҳибларидан сўраш улкан гуноҳдир.
Ҳар қандай истак, тилакларни фақат ёлғиз Аллоҳдан сўралиши керак.
«Аллоҳ: «Икки илоҳни маъбуд қилиб олмангиз! Албатта, У ягона илоҳдир! Бас, Мендангина қўрқингиз!» – деди. Осмонлардаги ва Ердаги барча нарсалар Унинг мулкидир. Дин (итоат қилиш) Унгагина (бўлиши) вожибдир. Аллоҳдан ўзгасидан қўрқасизми?! Сизларда қайси бир неъмат бор бўлса, албатта, у Аллоҳдандир. Шунингдек, қачон сизларга мусибат етса ҳам фақат Унгагина ёлворасизлар. Сўнгра, сизлардан мусибатни даф этгач, сизларнинг орангиздан бир тўда кимсалар Парвардигорларига ширк келтирурлар» (Наҳл, 51-54).
Ҳанафий мазҳабидаги мўътабар манбалардан бири «Раддул муҳтор» китобида шундай дейилган:
«Халқ тарафидан ўликларга атаб назр қилиш, Аллоҳнинг дўстлари қабрларига уларга яқин бўлиш мақсадида тангалар ташлаш, шам, чироқлар ёқиш ботил ва ҳаромдир»
t.me/oliymahad