muslim.uz
Ойлар султони — Рамазон: Рўзадор тиш пастаси ишлатиши мумкинми? Эмизикли боласи бор аёллар қандай рўза тутади?
«Дарё» интернет-нашри ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Muslim.uz» портали ўзаро ҳамкорликда муборак ойга бағишланган «Ойлар султони — Рамазон» лойиҳасини тақдим этади.
Лойиҳа доирасида таниқли уламолар ва диний соҳа ходимлари моҳи Рамазон фазилати тўғрисидаги ояти карималар, ҳадиси шарифлар шарҳи ҳамда рўза тутиш билан боғлиқ саволларга жавоб беради.
Навбатдаги суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими бош мутахассиси Абдуллатиф Турсунов билан уюштирилди.
Рўзадор одам тишини тиш пастаси билан ювса бўладими?
Рўзадор киши тишларини тозалашда тиш пасталаридан фойдаланиши макруҳ саналади. Агар пастадан ҳосил бўлган кўпикларни ютиб юборса, рўзаси очилади. Чунки паста билан тиш тозалаш бирор нарсани татиб кўришга ўхшайди.
Фиқҳий китобларда шундай дейилган: «Рўзадор бирор нарсани татиб кўрса, рўзани очувчи сурат ва моҳият топилмагани учун рўза очилмайди. Лекин бундай қилиш макруҳ ҳисобланади. Чунки бунда рўзани бузувчи омилга яқин келтириш бор» («Ҳидоя» китоби).
Шунга кўра кўпчилик замонамиз уламолари рўзадор ҳолда тиш пастасидан фойдаланмасликни, балки уни саҳарликдан аввал ёки ифтордан кейинга қолдиришни тавсия этади. Зеро, ибодат масаласида эҳтиётини олиш авло саналади.
Қолаверса, Рамазон ойининг кундузлари тишларни тоза сақлаш учун мисвоқдан фойдаланиш ҳам мумкин. Чунки мисвоқ ишлатиш билан рўза очилмайди. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида ундан кўп марта фойдаланганлари далил бўлади.
Омир ибн Рабийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида мисвоқ қилаётганларини санаб саноғига, ҳисоблаб адоғига ета олмайдиган даражада кўп кўрганман» (Имом Аҳмад ривоят қилган). Бунда, милклар қонаса ёки оғизга сув тўпланса, ютиб юбормаслик шарт қилинади.
Рўзадор сахарликда истеъмол қилган озуқаси оғиз ёпилгандан сўнг кекирганда томоқ йўли орқали оғзига қайтиб чиқса ва уни қайта юца, рўзаси бузиладими?
Рўзадор қасддан қайт қилмаса рўзаси очилмайди. Агар қасддан, ўзини-ўзи қайт қилдирса рўза очилади. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис далилдир: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: ‘Ким рўзадор бўлсаю, унга қайт ғолиб келса, қазо қилиш вожиб эмас. Агар ўз ихтиёри билан қайт қилган бўлса, қазо туцин’, деганлар» (Имом Термизий ривояти).
Агар қайт рўзадорнинг ихтиёрисиз ўзи ютилиб кетсаю, қайтнинг миқдори оғиз тўладигандан оз бўлса рўза бузилмайди. Агар қайтнинг миқдори оғиз тўладиган даражада кўп бўлса ва ўзи беҳосдан ютилиб кетса, рўза бузилади ва қазо вожиб бўлади. Валлоҳу аълам.
Рамазон ойида рўза тутишни ният қилгандим, аммо эмизикли болам бор. Бундай ҳолда рўза туцам бўладими?
Ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутганда болага ёки ўзининг саломатлигига зарар етишидан қўрқса, рўза тутмайди ва кейинчалик рўзанинг қазосини тутиб беради. Буни улар тажриба орқали билишлари ёки тажрибали, билимдон мусулмон (дин-диёнатли) тиббиёт ходими хабар бериши орқали аниқлаб олишлари мумкин бўлади. Имкон топганда қолдирилган кунларни ҳар бир кунига бир кундан қазосини тутиб беришлари вожиб бўлади.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ҳомиладор ва эмизикли аёллар рўза тутмаганлари учун фидя бермайди. Чунки улар келажакда рўзанинг қазосини тутишга қодир ҳисобланади.
Агар ҳомиладор ва эмизикли аёллар боласи ёки жонига зарар етмайдиган бўлса, рўза тутишлари шарт — юқоридаги рухсатлар уларга тегишли ҳисобланмайди. Айниқса болалари таом ейишга ўрганган эмизикли аёллар бу борада тақво билан иш тутишлари лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Маълумот учун: Сизда шаръий масалаларда саволлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Telegram’даги @diniysavollar каналига, «savollar.muslim.uz» сайтига ёки фатво бўлимининг 78-150-33-44 рақамли колл-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.
Америка компанияси Ўзбекистон ҳақида фильм суратга олмоқда
“Mystery Box” компаниясининг 6 нафар маҳоратли режиссор, оператор каби ходимларидан таркиб топган ижодий гуруҳ Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини тасвирга олиб, уни АҚШ бўйлаб кенг тарғиб қилади.
Тасвирга олиш жараёнлари Пойтахтимизда жойлашган Тошкент телеминораси, "Жасорат" монументи, Амир Темур хиёбони, Ҳазрати Имом мажмуаси каби диққатга сазовор обектларидан бошланиб, Чорсу бозорида ҳам олиб борилди.
Шунингдек, ижодий жамоа Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Шаҳрисабз туманларидаги диққатга сазовор манзиллари, жумладан, қадимий Ипак йўлининг муҳим йўналишларидан саналган Тахтиқорача довони ва Шаҳрисабзнинг тарихий маркази каби турли туризм обектларида тасвирга олиш ишлари олиб борилди.
Саҳналаштирувчи режессёр Уильям Геррит Кампенҳоут бошчилигидаги “Mystery Box” компанияси вакиллари Самарқанд вилоятидаги Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Бибихоним масжиди, Улуғбек расадхонаси каби манзилларда ҳам бўлишди. Шунингдек, Навоий вилоятидаги, «Чашма» мажмуаси, Нурота табиати ва антик-археологик ёдгорлик – Нур қалъаси тасвирга олинди.
Эндиликда тасвирга олиш жараёнлари Хива ва Бухоро вилоятларининг қадимий масканларида давом эттириш режа қилинган, хабар бермоқда uzbektourism.uz.
Маълумот ўрнида: Американинг “Mystery Box” – Утаҳ (АҚШ)да жойлашган бўлиб, турли фильм, жумладан, ҳужжатли фильм, телевизион саҳна, реклама, мусиқий клип, сюжетли видео, веб-сайтлар яратиш каби кўплаб видео хизматлар кўрсатишга ихтисослашган компания. Жумладан, UltraHD + ҳамда 8К форматларида ҳам сифатли контент ишлаб чиқаради. Компания ҳозирда «“Mystery Box” Sony, Dell, Vizio, nVidia, Samsung, SES ва Harmonic каби йирик компаниялар билан муваффақиятли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Рамазон - Қуръон ойи: Мулк сураси фазилатлари
Таборак (Мулк) сурасида ер, осмон ва бошқа мавжудотларни яратишдаги ҳикматлар, Аллоҳнинг қудрати, бу дунёда имонсиз ўтганларнинг охиратдаги афсус-надоматлари, ризқ-рўз талаб қилиш, табиий офатлар – ер ютиши, осмондан бало ёғилиши хавфи, ҳидоят, залолат каби масалалар баён этилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонда ўттиз оятдан иборат бир сура бор. Ким уни ўқиса, гуноҳлари кечирилгунича шафоат қилади. У Таборак сурасидир”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Таборак сураси “шафоатчи” номи билан машҳур. Шу сабаб бўлса керак, кўп мусулмон диёрларида, хусусан бизнинг юртда маййит дафн этилгандан кейин Таборак сураси ўқилади.
Саҳобалар бу сурани “қутқарувчи” деб аташган. Зеро, Таборак сураси бандани шафоат қилиши ҳақида ривоятлар келган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Қуръондаги ўттиз оятдан иборат сура соҳибини жаннатга киритгунча тортишади. Бу Таборак сурасидир”, дейилган (Имом Табароний ривояти).
Анас ибн Нуфайлдан ривоят қилинишича, қиёмат куни бир банда тирилтирилади. У биронта ҳам гуноҳни қолдирмай ҳаммасини қилганди. Бироқ Аллоҳни ягона деб билар, Қуръоннинг фақат битта сурасини ўқирди. Уни дўзахга киритиш буюрилади. Шунда ўша кишининг ичидан бир нарса учқундек отилиб чиқиб: “Ё Аллоҳ! Мен Пайғамбаринг алайҳиссаломга нозил қилганинг (Қуръондан) бир сураман. Мана бу банданг мени ўқирди”, дейди. Ўша сура бандани жаннатга киритгунича шафоат қилади. Таборак сураси (Аллоҳнинг изни билан бандани азобдан) қутқаради (Имом Дайламий ривояти).
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен (Таборак сураси) умматимдан ҳар бир мўмин банда қалбида бўлишини хоҳлардим”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).
БААда тамаддихоналарга айрим чекловлар қўйилди
Дубай ҳукумати муқаддас рўза ойи муносабати билан маҳаллий кафе ва ресторанлар фаолиятига чеклов қўйди.
Муниципалитет қарорига кўра, бутун Рамазон ойида умумий овқатланиш шохобчалари эгалари пешайвонларда овқатни тортиш ва уни кўчада ҳаммага кўрсатиб қўйиш таъқиқланди. Mynamaz.ru хабарига кўра, ушбу чеклов меҳмонхоналардаги ресторанларга тааллуқли эмас.
Аввалроқ, Рамазон ойи давомида Дубайга ташриф буюрган россиялик сайёҳ бу даврни дам олиш учун идеал вақт деб атаган эди. Қолаверса, у миллий таомлар билан ифторлик, маданий тадбир ва савдо-сотиқдаги чегирмаларни ижобий ҳолат сифатида айтиб ўтган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бепарволик – пушаймонлик, эҳтиёткорлик – омонлик
Ислом дини ҳар қандай шароитда ҳам экстремистик ва террорчилик каби кескин ҳаракатларни амалга оширишга рухсат бермайди. Унинг таълимотига кўра, ноҳақ қон тўкилиши кимнинг қони бўлишидан қатъи назар, энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, унинг жазоси ҳам оғир экани маълум. Бугунги кунда ўзини фуқаро сифатида англаётган барча юртдошларимиздан турли кучлар томонидан қилинаётган фитналар, турли тажовузлар моҳиятини тўғри ва теран англаш талаб этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга фитналар тўғрисида жуда кўп бора айтиб, ундан эҳтиёт бўлиш лозимлигини таъкидлаганлар.
Солим (ибн Абдуллоҳ ибн Умар) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбар ёнида туриб: “Фитна ана у тарафдан, шайтон шоҳи (ёки қуёш тожи) чиқадиган томондан содир бўлади”, — дедилар”. Ваҳоланки, ҳозирги кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршилик, жумладан, Яқин Шарқда, Ироқ ва Сурия мамлакатларида бўлаётган қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган ўзаро низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани барчамизни ташвиш ва хавотирга солмасдан қўймайди. Шу ўринда қуйидаги ҳадиси шарифга диққат қилинг. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар бошига бир замон келурки, унда қотил нима учун қатл қилганини ва мақтул нима учун қатл қилинганини англамайди», – дедилар». Муслим ривоят қилган.
Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитналардан ва ундай фитналарни ташкиллаштирувчи фитначилардан эҳтиёт бўлишимизга чорлаб, Анфол сурасининг 25-оятида шундай дейди: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу каби фитналардан эҳтиёт бўлиш лозимлигини таъкидлаб: “Фитналар содир бўлганда тик тургандан кўра ўтирган афзалдир, тик турган эса юриб кетаётгандан, юриб кетаётган эса югуруб кетаётгандан афзалдир, кимки фитнага аралашиб қолса, ҳалокатга учрайди ва кимки ундан паноҳ топса, дарҳол яширинсин!” – дедилар.
Бугун инсоният ғоявий урушлар, маънавий зиддиятлар, бир ҳовуч зўравон ғояларнинг дунёни қайта тақсимлашга қаратилган ўйинлари авж олган бир вазиятда яшаяпти. Ҳозир зулм ва истибдод, террор ва бузғунчиликлар, ахлоқсизлик ва маънавий инқирозлар ҳар қачонгидан хатарли тус олмоқда. Мусулмонлар бундай шароитларда ҳар қачонгидан ҳушёр ва огоҳ бўлишлари, дўст киму, душман кимлигини яхши ажрата олишлари, ғанимлар фитнасига учмасликлари, ёвуз кучлар қўлидан қўғирчоқ бўлиб қолиб, диндошлари ва миллатдошлари қотилига айланмасликлари зарур. Чунки ҳар бир фитна ва фасод иш ортида ғаразли мақсадлар, манфаатдор кучлар турганини бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ.
Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, халқ ва миллатлар бирлиги ва осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”-дея огоҳ этган эдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асара (Мол-дунё тўплаб манманлик қилмоқ)нинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар,” – дедилар. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, бизга нима деб амр қиласиз? У зот: “Амирларингизнинг фармоишларига итоат этинглар ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринглар!” – дедилар”. Мазкур ҳадиси шарифдан маълум бўладики, жамият орасида турли фитналар бошланганда халқ учун энг тўғри йўл – юрт раҳбарига, ҳокимларга итоат этиш, фармонларини бажаришдир. Чунки, одатда юрт раҳбаригина халқ тинчлигини таъминлаб бериш ва фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун жон куйдирар экан.
Хулоса шуки, жонажон юртимизни турли хил фитна, ғаразли хуруж ва ёт ғоялардан, ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг асл мақсадларини биринчи навбатда ўсиб келаётган ёш авлодга шунингдек, барча фуқароларимизга тушунтириш муҳим эканлигини ҳар биримиз чуқур ҳис этишимиз керак.
Дин ниқоби остидаги ҳар хил оқим ва фирқаларнинг диний-экстремистик руҳдаги ақидалари барқарор ҳаётимизга таҳдид солаётгалигини бот-бот такрорлаб, ватандошларимизни лоқайдлик, бефарқликдан йироқ бўлган ҳолда мавжуд вазиятдан огоҳликка чақиришга ҳар биримиз бурчлимиз. Зеро, донишмандлар “бепарво – пушаймонда, эҳтиёткор – омонда” дея бежиз айтишмаган.
Х.Матякубов