muslim.uz

muslim.uz

Тиббиёт ходими ва Instagram блоггери ҳамшира Юсра Рамазон ойида мусулмон тиббиёт ходимлари учун совғалар етказиб бериш учун турли британиялик хайрия ташкилотлари билан бирлашди.

Рамазон ойида кўплаб рўза тутувчи соғлиқни сақлаш ходимлари қуёш чиқишидан кун ботишигача таом ёки ичимликсиз юрадилар. Бу иссиқ билан бирга иккинчи йил кетма-кет 12 соатгача кундузги/тунги навбатчиларни ўзига қабул қилган кўпчилик рўзадорлар учун қийин бўлади.

Islam.ru маълумотларига кўра, мусулмон шифокорлар чўнтак жойнамози, қўл учун дезинфекция қилувчи восита, китоблар, термослар ва кўплаб бошқа нарсаларни совға сифатида олишади.

Лестер шаҳрилик ҳамшира Юсра эркак ва аёллар учун совға пакетларини ташкил қилди.

"Жуда кўп ташкилотлар мусулмон тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлашга қарор қилганимдан хурсандман", - дейди ҳамшира.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Рамазон ҳар доим ойларнинг султони, саййиди, энг яхшиси бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолаверади.

Рамазон рўза, таровеҳ ва тиловат ойи бўлиб, унинг рўзасини тутиш фарз, таровеҳ намозини ўқиш суннат, Қуръони каримни хатм қилиш эса фазилатдир.

Рамазон шундай қадрли ва ғанимат ойдирки, унда тутилган рўза савобини бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзи беради.

Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам қопқалари ёпилади, итоатсиз жин-шайтонлар занжирлар билан боғланади.

Рамазон гуноҳлар мағфират қилинадиган, раҳм-шафқат кўрсатиладиган ва дўзахдан озод қилинадиган ойдир.

Рамазон Аллоҳ ва Расулининг буйруқларини бажаришда, қайтариқларидан қайтишда ва синов-имтиҳонга учраганда сабр-тоқатли, чидамли бўлишни ўргатадиган ойдир.

Рамазон ўзаро бирдамлик, меҳрибонлик кўрсатиладиган, инсонлар бир-бирларининг хато-камчиликларини кечирадиган ойдир.

Рамазон хайрли ишларда ҳамкорлик қилинадиган, мусулмонлар бир-бирини қўллайдиган ойдир.

Рамазон тенглик ойи бўлиб, бу мавсумда қариялар зиёрат қилинади, беморлардан хабар олинади, муҳтожларга ёрдам берилади, мусибатзада инсонлардан кўнгил сўралади ва етимлар овутилиб, юпатилади.

Рамазон ютуқлар ойи бўлиб, улкан савоблар қўлга киритилади ҳамда нафс ва шайтонлар мағлуб этилади.

Рамазон ойида мусулмонларнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабалари юқори кўтарилади, хайрли ишларининг мукофотлари кўпайтирилади ва кичик гуноҳлари кечирилади.

Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидаги тоқ кечалардан бирида Қадр кечаси яширилган бўлиб, у Қадр кечаси бўлмаган қамарий минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, кўп нарса йўқотибди.

Барчамизга Рамазон ойи муборак бўлсин. Рўзасини тутишда, таровеҳ намозларини ўқишда, Қуръони каримни хатм қилишда ва бошқа хайрли ишларни бажаришда Аллоҳ таоло муваффақиятлар ато этсин. Бу ишларни ихлос ила адо этиб тақво ҳосил қилган кишиларга хушхабар ёр бўлсин.

Абдул Азим Зиёуддин,
Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси

Жорий йилда ўзбекистонлик қориларни хориж давлатларга юбориш давом этмоқда. Куни кеча 2 нафар қоримиз Россия Федерацияси шаҳарларига жўнаб кетишди.

Россия Федерацияси Узоқ шарқ мусулмонлари диний идораси таклифига кўра, Тошкент шаҳридаги “Тўлқин Акром ўғли” масжиди имом ноиби Жамолиддин Қодиров ва “Саид Ваққос ота” масжиди имом ноиби Фазлиддин Мамадалиев Владивосток ва Жанубий Сахалин шаҳарларида мутасадди вакиллар томонидан кутиб олинди.

Қориларимиз Рамазон ойи давомида таровиҳ намозларида Қуръони каримни масжид қавмига хатм қилиш билан бирга диний-маърифий суҳбатлар ҳам ўтказишади.

Аллоҳ таолодан қориларимизга ўзга юрт меҳробларида нусрат тилаб, юзлари ёруғ, ҳифзлари мустаҳкам бўлишини, буюк алломаларимиз каби Ватанимиз довруғини баланд кўтарсин.

Сафар тафсилотлари ҳақида порталимиз орқали хабар бериб борамиз, иншоаллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

ЎМИ матбуот хизмати

Аллоҳ таолога беҳисоб шукр, кечадан мўмин-мусулмон халқимиз юртимизнинг барча масжидларида ўтган йиллардан бери соғинганимиз – таровеҳ намозларида Қуръон каримга сомеъ бўлишмоқда. Юртдошларимиз, айниқса, нуроний отахонлар жамоатларда Рамазонга етгани, таровиҳларни масжидда мўмин-мусулмон биродарлар билан жамоат бўлиб бир сафда елкама-елка ўқиётгани, хушовоз ва гўзал қироат соҳиби бўлган қориларимизнинг тиловотидан баҳраманд бўлаётгани сабаб кўзларида қувонч ёшлари, тилларида шукрона, юзларида ёруғлик ва мамнуният зоҳир бўлмоқда.

Рамазон ойига ўзгача шукуҳ, сурур бағишлайдиган, фақатгина бу ойга хос бўлган ибодат таровиҳ намозидир. Аммо минг афсуски ўтган йили бошимизга келган оғир синов сабабли бир йиллик жисму руҳимизга шифо ва куч-қувват бўлувчи таровиҳ намозларида Қуръони каримга сомеъ бўлиш бахтидан мосуво бўлгандик.

Аллоҳ таолога беадад шукр, бало-офатлар чекиниб, яна шу неъматга етдик... Иншоаллоҳ, Рамазон рўзлари, хайрли ишлар, тоат-ибодатлар, хусусан, таровиҳ намозидаги Қуръони карим хатмлари ва дуолар шарофатидан юртимиз янада равнақ топади, халқимиз турмуши бундан-да фарвон бўлади.

Дарҳақиқат, бу йил юртимизнинг деярли барча масжидларида таровиҳ намози ўқилмоқда. Қувонарлиси, улардан 1370 дан зиёд масжидда хатми Қуръон ўтказилмоқда. Бунинг учун жомеларимизда барча шарт-шароитлар яратилган.

Кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари "Ҳазрати Имом" жоме масжидида мўмин-мусулмон халқимизни Рамазон ойи билан муборакбод этиб, бу улуғ ойнинг ҳар бир ғанимат лаҳзасини гўзал тарзда ўтказиш бўйича тавсия бердилар.

Азиз юртдошлар, Рамазон ойининг ғанимат лаҳзаларининг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланиб, бир зум ҳам ғафлатда қолмайлик, ҳозирда жорий қилинган карантин қоидаларига амал қилиб, жамоат намозларимизни гўзал тарзда ўтказайлик.

Аллоҳ таоло таровиҳ намозларимизни, Қуръон тиловати ва сомеъ бўлганларимиз, тунги қиёмларимизни Ўз даргоҳида қабул қилсин, Рамазонни ажру савоблар ила манфаатли якунлашимизни насиб этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top