muslim.uz
Саудиялик вазир: “Ливан ё тинчликни ёки Ҳизбуллоҳни танлаши керак”
Саудия Арабистони Подшоҳлиги араб дунёсидаги кучайиб бораётган Эроннинг таъсирига қарши курашни кучайтиргани 19 ноябрь куни Араб Давлатлари Лигасига аъзо давлатларни Ҳизбуллоҳ ташкилотини “террорчи ташкилот” сифатида тан олишга ундашида билинади.
Ҳизбуллоҳ Эроннинг Ливандаги иттифоқдоши ҳисобланиб, Араб мамлакатларининг ташқи ишлар вазирлари Лиганинг Қоҳирадаги бош қароргоҳида Саудия Арабистони томонидан чақирилган фавқулодда мажлисга тўпланганлари хабар қилинди.
Ливан ва ташқи ишлар идоралари вакиллари Қоҳирага келишмаган ва мажлисда қатнашишмаган.
Лига аъзолари Ливан каби ҳукуматда Ҳизбуллоҳ шерикчилик қиладиган мамлакатларни назоратга олиш истагини билдирганлар. Айрим фикрларга кўра, Ливан ушбу террорчи гуруҳ томонидан бутунлай назорат қилинмоқда.
Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги кескинликнинг кучайишига жорий йилнинг 4 ноябрида Ямандаги ҳусийлар томонидан Ар Риёд халқаро аэропортига баллистик ракета учиргани сабаб бўлган эди. Ҳусийларнинг Эрон томонидан қўллаб-қувватланиши тахмин қилинади.
Саудия Арабистони ушбу зарбада Ҳизбуллоҳ ва Эронни айблади.
Саудия Арабистони ташаббуси билан чақирилган Лига мажлисида Ҳизбуллоҳ жиддий тарзда айбланган. Саудия Арабистонининг Кўрфаз масалалари бўйича вазири Тамар Сабаҳ Ливанга “ё тинчликни ёки Ҳизбуллоҳнинг сиёсий бошқарувида яшашдан бирини танлаши керак”, дея огоҳлантириш берган.
Араб давлатлари Лигаси доимий равишда масалалар юзасидан баёнот ва резолюциялар берувчи, бироқ ушбу ҳужжатлар фақат қоғоздагина қолиб кетиши билан ажралиб туради.
Маълумот учун, Ҳизбуллоҳ ливанлик шиа мазҳабидаги ҳарбийлашган ташкилот ва сиёсий партия ҳисобланади. Ушбу сиёсий партия Ливанда сиёсий бошқарувда иштирок этади ва Ливан парламентида 20 га яқин депутатлик ўрнига эга. Ливан ҳукуматида эса икки ўринга эга.
Ушбу ташкилотнинг ҳарбийлашган гуруҳлари дунёнинг қатор мамлакатларида террочи ташкилот сифатида эътироф этилади. Ташкилот сафида 4-5 минг нафар ҳарбийлар борлиги тахмин қилинади.
ЎМИ матбуот хизмати
Ҳафтанинг уч муҳим воқеаси
Ўтган ҳафта республикамиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти воқеа ҳодисаларга бой бўлди.
15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда ҳуқуқбузарликларнинг ўз-ўзидан содир этилмаслиги, ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки уларнинг олдини олиш, уларнинг содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб ўз вақтида бартараф этиш зарурлиги таъкидланди.
Бунинг учун ҳудудларда янги иш ўринлари ташкил қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун қўшимча имкониятлар яратишга асосий эътибор қаратилаётгани,
бу борада мамлакатимизда 11 эркин иқтисодий зона ва 5 та саноат зонаси ташкил этилгани, кичик саноат зоналарининг сони 90 тага етказилгани, 650 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилгани, аҳолининг турмуш шароити яхшиланаётгани эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбари ана шу ютуқлар билан бирга айрим ҳудудларда жиноятларни сезиларли камайтиришга эришилмагани, баъзи жиноят турлари ошгани каби камчиликларни ҳам кескин танқид қилди.
Президентимиз ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, туманлар кесимида жиноятларнинг олдини олиш борасида алоҳида чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатма берди.
Йиғилишда маҳаллаларда фаолият юритаётган посбонларининг салоҳияти, билим ва малакаси талабга жавоб бермаслиги, фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларни кескин камайтиришга эришилмаётгани таъкидлаб ўтилди ҳамда нотариал хизмат кўрсатиш жараёнини такомиллаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Аёлларнинг жиноятга қўл уришининг олдини олиш борасида хотин-қизлар қўмиталари ҳамда жамоатчиликнинг масъулиятини ошириш муҳим аҳамиятга эга экани айтилди.
Давлатимиз раҳбари фақат жазо қўллаш таҳдиди билан эмас, аввало, аҳоли онгига жиноятга қўл урмаслик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, Ватанга садоқатли бўлиш, атрофдаги инсонларга ҳурматда бўлиш каби фазилатларини сингдириш лозимлиги, бунда оммавий ахборот воситалари, радио-телевидение, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг матбуот хизматлари янада фаоллик кўрсатиши зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда ёшларни жиноят кўчасига кириб қолишдан сақлаш масаласи жиддий муҳокама қилинди.
Сектор раҳбарларининг жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги масъулиятини ошириш борасида Ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссиясини тузиш бўйича топшириқ берилди. Унинг таркибига “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси, Маънавият ва маърифат маркази раҳбарларини ҳам киритиш, Комиссия фаолиятини Олий Мажлис Сенати томонидан мувофиқлаштириш белгиланди.
* * *
18 ноябрь куни ушбу йиғилишида топширилган вазифалар ижроси ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалалари юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасида диний соҳа ходимлари иштирокида мажлис бўлиб ўтди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази раҳбарлари ва ходимлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари иширок этган йиғилишда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўзга чиқиб, манманлик, кибр ва ҳаддан ошиш инсон зотига ярашмайдиган хунук иллат экани, зўравонлик, зулм эса оғир гуноҳ эканини алоҳида таъкидлаб, қуйидаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни изоҳладилар:
Аллоҳ таоло шундай огоҳлантиради:
إِنَّمَا السَّبِيلُ عَلَى الَّذِينَ يَظْلِمُونَ النَّاسَ وَيَبْغُونَ فِي الْأَرْضِ بِغَيْرِ الْحَقِّ أُولَئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ
яъни «Инсонларга зулм қиладиган ва ерда ноҳақ зўравонлик – кибру ҳаво қиладиган кимсаларнинг – ана ўшаларнинг жазоси аламли азобдир» (Шўро сураси, 42).
Демак, жиноят содир этиб инсонларга зулм қиладиган, молларига тажовуз қиладиганларнинг жазоси аламли азоб экани ояи каримада баён қилинмоқда.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки:
إِنَّ اللَّهَ أَوْحَى إِلَيَّ أَنْ تَوَاضَعُوا ، حَتَّى لَا يَبْغِي بَعْضُكُمْ عَلَى بَعْضٍ ، وَلَا يَفْخُر أَحَدٌ عَلَى أَحَدٍ
«Аллоҳ таоло менга тавозели бўлишингизни ваҳий қилди. Токи бир одам бошқасига зўравонлик қилмасин, бир одам бошқасидан ўзини устун қўймасин» (Имом Муслим ривояти).
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
مَا مِنْ ذَنْبٍ أَجْدَرُ أَنْ يُعَجِّلَ اللَّهُ لِصَاحِبِهِ الْعُقُوبَةَ فِي الدُّنْيَا مَعَ مَا يَدَّخِرُ لَهُ فِي الْآخِرَةِ
«Аллоҳ гуноҳ қилган кимсага ҳам бу дунёда жазо бериб, ҳам охиратга насиба – азоб ҳозирлаб қўйиши учун зўравонлик ва қариндош-уруғчилик алоқаларини узишдан кўра лойиқроқ гуноҳ йўқ» (Имом Термизий ривояти).
* * *
1991 йилнинг 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатимиз Парламенти “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида” қонун қабул қилган эди. Унда миллий байроғимиз давлатимиз суверенитети рамзи экани мустаҳкамлаб қўйилганди.
Мудофаа вазирлиги 2017 йилнинг 18 ноябрь – Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан пойтахт осмони узра Ўзбекистон байроғи бўлган вертолётлар парвозини ташкил этди.
Иккита AS-350 вертолёти Муқимий кўчаси, Амир Темур хиёбони (бу ерда катта доира ҳосил қилинди) – Амир Темур кўчаси – Тошкент телеминораси – Ҳайвонот боғи – Марказий ҳарбий госпиталь – Академиклар шаҳарчаси – Мирзо Улуғбек кўчаси – Паркент кўчаси – Тузель йўналиши бўйича парвоз қилди.
Мудофаа вазирлиги расмийлари қайд этилишича, ушбу сана илк бор кенг миқёсда ўтказилмоқда. Шунингдек, улар келгусида давлат рамзлари кунлари шунга ўхшаш «ноанъанавий усулларда» нишонланишини қайд этди.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади
Ислом ҳамкорлик ташкилоти Мьянмадаги ҳолатдан ташвишда
Жанубий-шарқий Осиёда жойлашган Мьянма давлатида ислом динига эътиқод қилувчи кўп сонли мусулмонлари истиқомат қилади. Мусулмонлар Мянмада аҳолисининг 4,3 фоизи, яъни 2,5 миллион нафарини ташкил этади. Шундан роҳинжа мусулмонлари 1 миллион нафардан ортиқдир.
Мьянмада аҳолининг асосий қисми буддизмга эътиқод қилгани сабабли, ушбу мамлакатда ўзга дин вакилларига нисбатан ҳукумат қўшинлари ва буддист экстремистлар томонидан босим ўтказилган эди.
Нобель мукофотининг 23 нафар совриндори БМТ хавфсизлик йиғилишида Мьянмадаги мусулмонларга бўлаётган зўравонликларни тўхтатиш масаласига эътиборни қаратди. Машҳур олимлар ташкилот номига очиқ мактуб йўллаб, “Мьянмадаги этник тозалашлар натижасида содир бўлаётган инсоният фожиаси”га эътибор қаратишни талаб қилишган.
"Бордию бунга бирор чора кўрилмаса, одамлар ё ўқлардан, ё очликдан ҳалок бўлади", - дейилади мактубда.
Мьянманинг шимоли-ғарбидаги Ракхайн штатида мусулмон-рохиньяларга қарши зўравонликлар сабаб бўлган. БМТ маълумотларига кўра, сўнгги 4 йил ичида мазкур минтақадаги 120 минг одам тазйиқлар туфайли ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган.
Жаҳонда мусулмонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мақсад қилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳам Мьянмада содир бўлаётган мантиқсиз воқеаларга нисбатан ўз ёндашувини билдирди.
Бу ҳақдаги баёнот ташкилотнинг ноябрь ойидаги йиғилишидаэълон қилинган ва “Мьянмадаги инсон ҳуқуқлари борасидаги резолюция” лойиҳасининг 72-бандида айтилган.
Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Абдулла ибн Яхё Ал Маалами томонидан билдирилган фикрда 21 асрда ҳеч қандай этник тозалашларга йўл қўйилмаслиги лозимлиги, бу 20 асрда қолиб кетган одат эканини айтиб ўтган.
Мьянмадан роҳинжа-мусулмонларининг қувилиши, уларни ўлдириш билан қўрқитиш, ўз ерларида яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жиноят экани таъкидланган.
Маълумоларга кўра, Мьянманинг Аракан вилоятида жуда катта ер ости заҳираси, табиий бойликлар мавжуд.
Ҳозирда Араканда айнан роҳинжа аҳолиси яшайдиган ҳудудда 1,2 триллион куб-метр табиий газ ва 2,1 миллиард баррель нефть заҳиралари мажуд экани тахмин қилинмоқда. Бу эса можароларнинг аниқ мақсадини юзага чиқаради.
Ўзбекистон ҳукумати Мьянмадаги ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдирган ҳолда, 18 сентябрь куни зарур маҳсулотлардан иборат инсонпарварлик ёрдамини Бангладеш Қизил ярим ой жамиятининг Даккадаги миллий бош қароргоҳига етказиб бериш бўйича амалий ишларни бажарган эди.
ЎМИ матбуот хизмати
Исломда касб-ҳунар ва таълим-тарбияга муносабат
Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар
Фақиҳ Маждуддин Уструшанийнинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарида келтирилган кўпгина шаръий ҳукм ва фатволар узоқ асрлар синовидан ўтган бўлиб, у ота-она ва вояга етмаган фарзандларга ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва вазифаларини таниш ва танитишда ажойиб дурдона асар сифатида қадрлидир. Чунки ноҳақлик ва тажовузкорликнинг ўз вақтида олди олинмаса, бошқа иллатлар урчиб кўпаяди. Бундан дастлаб ота-онанинг ўзлари катта азият чекиб, бир умр пушаймон бўлиб, боши эгик ҳолда яшаб ўтишлари ҳаётимизда кўплаб учрайди.
Ибн Сино ёш авлод тарбиясининг илк палласида нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида қуйидагиларни айтган эди: «Ёш бола бошланғич таълим ва тилга доир қоидаларни ёд олганидан кейин у машғул бўлиши мумкин бўлган касб-ҳунар ва саноъатга мойиллигига қараб, уни шунга йўллаймиз. Агар у котибликни хоҳласа тил, хат ёзиш, нутқ сўзлаш ва одамлар билан муомала қилиш кабиларга далолат қиламиз. Албатта бу ўринда боланинг майли аҳамиятга эга».
Ҳасан Басрий (р.ҳ.) бир куни ёшлар тарбиясига эътиборни жалб қилиш мақсадида ҳамсуҳбатларига: «Эй кексалар! Экин пишиб етилганидан сўнг нима қилинади?», деб савол бердилар. «Ҳосили йиғиб олинади», дейишди. Шунда Ҳасан Басрий (р.ҳ.): «Эй йигитлар! Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасдан олдин, унга офат (касаллик) етиши мумкин», деб кишининг ўспиринлик даврини қандай ўтказиши ва унинг келажакда ким бўлиб етишишига эътиборни жалб этдилар.
Ёш авлод тарбияси ҳақида сўз борар экан, Имом Ғаззолийнинг бу хусусдаги фикр-мулоҳазалари нақадар тўғри эканини ҳаётда кўриб турибмиз: «Ёшлар тилла тақинчоқ ва турли зебу зийнат тақмасликлари лозим. Улар ўтириш, туриш, салом бериш одобларига риоя этишлари, ўзларидан катталар ҳузурида оёқларини чалиштириб ўтирмасликлари, сергап ва сўкувчи бўлмасликлари, беҳаё сўзларни айтмасликлари, хусусан, ёмон хулқли тенгдошларига аралашишдан эҳтиёт бўлишлари лозим».
Биз қуйида Маждуддин Уструшанийнинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарида келтирилган касб-ҳунар ва таълим тарбияга доир фатволардан намуналар келтириб ўтамиз:
Ёш болани меҳнатга жалб этиш.
Ота ёки бобо (отанинг отаси) қарамоғидаги ёш болани, шунингдек, икковининг васийлари ҳам уни ижара кўринишида бирор-бир хизматга беришлари мумкин. Меҳнатга ўргатиш ва чиниқтириш мақсадида меҳнати учун ҳақ бермасалар ҳам (меҳнати учун ҳақ бериш мақсадга мувофиқ) ушбу кишиларда боланинг меҳнатидан фойдаланиш ҳуқуқи бор.
Изоҳ: Жамиятга табиб, қурувчи, тўқувчи, муаллим, Ватан ҳимоячиси, қурол ясовчи уста, машина ҳайдовчи, новвой каби касб эгалари ҳамиша зарур. Тарихдан маълумки, қайси жамият замонавий илмлардан орқада қолган бўлса, албатта, инқирозга учраган, келгинди босқинчиларга қарам бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) шунинг учун умматга: «Фарзандларингизни сувда сузишга, отда чопишга, камондан отишга ўргатингиз», деб буюрганлар. Фахри коинотнинг ўзлари аскарларнинг машқларини кузатганлар, мусулмон фарзандларини бошқа халқлар тилини ўрганишга ундаганлар.
Динимиз инсонларни ҳалол меҳнат, касб-ҳунар билан турмуш кечиришга чақирган. Дангасалик, ишёқмаслик, бекорчилик, нопок йўллар билан тирикчилик қилиш Исломда қаттиқ қораланган. Ўтмишда момоларимиз эрларини пул топиб келишга жўнатишиб, фақат ҳалол йўл билан, меҳнат орқали пул топишни тайинлашган ва: «Биз йўқчилик ва очликка чидаймиз, аммо дўзах оташига чидай олмаймиз», деб насиҳат қилишган.
Боланинг меҳнати учун берилган ҳаққа эгалик қилиш ва уни сарфлаш хусусида.
Ким ёш болани ижара кўринишдаги хизматга бериш ҳуқуқига эга бўлса, ушбу хизмат учун берилган ҳақга ҳам эгалик қилиши мумкин. Чунки бу шартномага оид ҳуқуқ (ижара ҳам икки томон ўртасидаги шартнома, битим) бўлгани учун, ушбу ҳуқуқ шартномани тузувчи кишига тегишли, лекин болага хизмат учун берилган ҳақни сарфлаш ҳуқуқига эга эмас (чунки бу мулк ёш болага тегишли). Ота, бобо ва шу иккисининг васийларидан бошқа ҳеч ким ёш боланинг мулкини тасарруф қилиш ҳуқуқига эга эмас. Шунингдек, ёш болага инъом этилган мулкка ўз қарамоғига олган киши эгалик қила олса-да, лекин уни сарфлаш ҳуқуқига эга эмас. Имом Муҳаммад фикрича, зарур бўлса ушбу мулкни ёш боланинг ўзи учун сарфлаши мақсадга мувофиқ, чунки уни сарфламасдан ушлаб туриш ёш бола учун зарардир.
Ёш боланинг даражасига лойиқ бўлмаган касб бўйича ижара кўринишидаги хизматга бермаслик тўғрисида.
Ёш боланинг отаси тўқувчи бўлмаган бўлса, ёш болани қарамоғига олган киши уни тўқувчилик бўйича ижара кўринишидаги хизматга бериш ҳуқуқига эга эмас. Бу борада ёш болага эгалик ҳуқуқи муҳокамага асосланади. Ушбу касбнинг зарарли томони ёш боланинг шаъни ва ижтимоий мавқеига таъсир қилиши мумкин.
Изоҳ: Болаларга ёшлигидан бирор касб-ҳунар ўргатиш ота-онанинг муҳим вазифасидир. Улуғ шоиримиз Алишер Навоий бир достонининг қаҳрамони тилидан: «Ҳунарни асрабон неткумдир охир, Олиб туфроққаму кеткумдир охир», деб бежизга ёзмаган. Атоқли шарқ шоири Низомий Ганжавий: «Ўқиб-ўрганилган ҳар битта ҳунар ҳунармандга бир кун фойда келтирар», деб ёзганида минг бора ҳақ эди. Яна ҳикматлардан бирида: «Ҳар кимнинг зари бўлмаса-да, аммо ҳунари бўлса, дунёда ҳеч бир хавф-хатари бўлмайди. Шунинг учун киши ҳунар зийнати билан безанмоғи керак», дейилибди. Яна Алишер Навоий хазратлари: «Йўқ ҳунари ёлғиз эрса киши, қайда киши сонида ёлғиз киши», деганлар. Яъни, агар юз киши бўлса ҳам, илм-ҳунари бўлмаса, бир киши ҳисобидадир. Ёлғиз киши эса ҳеч қачон инсоният ҳисобида бўлмайди.
Ўғил болаларни ота меҳнатга ёллаши мумкин.
Ўғил болалар вояга етмасалар ҳам, меҳнат қила олиш ёшига етсалар ва ота пул топишлари учун уларни бир ишга топшириб, тушган пулдан уларга таъминот пули бериши мумкин. Шунингдек, ота бирор иш ёки хизмат бўйича уларни ёллаши ҳам мумкин.
Изоҳ: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло деди: «Мен Қиёмат куни қўйидаги уч тоифа одамнинг душманидурман: Менинг номим билан қасам ичиб ваъда бергач, ваъдасига вафо қилмаганнинг, озод одамни (қул қилиб) сотиб, пулини еганнинг ва бир одамни ёллаб ишлатиб, сўнг ҳақини бермаганнинг (душманидурман)».
Ота қизларини ёллай олмайди.
Агар қизлари бўлса, ота уларни бирор иш ёки хизмат учун ёллай олмайди. Чунки меҳнатга ёлловчида қизларни ёллаш ҳуқуқи йўқ. Бу шариатда тақиқланган.
Бир кишининг фарзандига таълим бериш ёки касб ўргатиш учун киши ёллаши хусусида.
Қози, имом Фахруддин[1] ўзининг «Фатово» асарининг ижарага оид меъёрлар бўлимининг нотўғри ижара битимлари фаслида шундай дейди: Бир киши хизматкори ёки фарзандига шеър, адабиёт, ёзув ва ҳисоб кабилардан таълим бериш ёки тикувчилик ва шунга ўхшаш касб-ҳунар ўргатиш учун киши ёллаб, бунинг учун олти ой ва шу каби муддат тайин этса, ушбу битим ҳақиқий ва шу муддат ичида бола таълим олиш-олмаслигидан қатъи назар устоз хизмати учун ҳақ тўланиши лозим.
Изоҳ: Халқимизда фарзандларни ёшлигидан бирор ҳунарга ўргатиш мақсадида устозга шогирд беришдек жуда яхши анъана бор. Бу одат бошқа халқларда учрамайди десак, муболаға бўлмас. Истиқлол шарофати билан бугун она заминимизда сертароват, жаҳон андозаларига тўла мос келадиган юзлаб касб-ҳунар коллежлари бунёд этилди. Ўсиб келаётган ёш авлод бугуннинг энг илғор техника ва технологияларини мукаммал эгаллашини таъминлаш мақсадида ушбу таълим муассасалари юқори сифатли анжомлар билан жиҳозланиб, талабаларга тақдим этилди. Бу ёшларга бўлган эътибор ва ишонч тимсолидир.
Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: «Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи ўн беш кунлик ойдек ёруғ бўлган ҳолида йўлиқади».
Энг улуғ зотлар саналмиш пайғамбарлар ҳам ўз ризқларини ҳалол пешона терлари билан топганлари, яъни касб-ҳунар билан шуғулланганлари барчамиз учун буюк ибратдир. Улар ризқ Аллоҳдан эканини билган ҳолларида ҳам ҳунарсиз ўтирмадилар. Тарихдан маълумки, Одам (алайҳиссалом) деҳқончилик, Нуҳ (алайҳиссалом) дурадгорлик, Довуд (алайҳиссалом) темирчилик, Идрис (алайҳиссалом) эса хаттотлик билан шуғулланганлар.
Маълумки, ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал ўзлаштирмоқ керак. Касбига муҳаббати бор инсон ўз меҳнатидан чарчамайди, балки роҳатланади. Касби туфайли атрофидагиларга ёрдами тегса, инсон ўзини бахтли ҳисоблайди. Шунинг баробарида Аллоҳ таоло томонидан улуғ ажру ҳасанотлар берилишига муносиб эканини ҳис қилиш билан руҳияти енгил тортади, имони қувват олади.
Салаф уламоларидан бири шундай дейди: «Кимда учта хислат бўлмаса, қилган амали унга фойда бермайди: мустаҳкам имон, холис ният ва тўғри бажарилган амал. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг: "Кимки охиратни истаса ва мўминлик ҳолида (ўз) саъйи билан ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъйи (Аллоҳ наздида) манзурдир" (Исро, 19) оятида учта шарт айтилган: охират истагида бўлиш, буйруқларни бажаришда саъй-ҳаракат қилиш ва мустаҳкам имонли бўлиш».
Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган таш-вишгина каффорат бўлади», деб марҳамат қилганлар.
Дарҳақиқат, инсон ҳалол меҳнати билан улуғ савоблар ваъда қилинган даражаларга эришиши мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадисда: «Албатта, Аллоҳ таоло ҳунарманд мўминни севади», деганлар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида: «Ҳеч ким қўл меҳнати билан топган таомидан кўра яхшироқ нарса еган эмас. Албатта, Аллоҳ таолонинг пайғамбари Довуд (алайҳиссалом) ҳам қўл меҳнати орқали кун кўрганлар», деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
[1] Фахруддин – Ҳасан ибн Манcур ибн Абул Қосим Маҳмуд ибн Абдулазиз ал-Узжандий ал-Фарғоний. Қозихон Фахруддин номи билан машҳур. (Кашф аз-зунун. – Б. 1. – Б. 36-37).
Муслим Атаев,
тарих фанлари номзоди,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво бўлими ходими
Ҳатто ҳурмо бўлаги билан бўлсада, дўзахдан сақланинг.
Адий ибн Ҳотам розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ҳатто бир дона хурмо бўлаги билан бўлсада, дўзахдан сақланинг. Агар уни топмасангиз, яхши бир сўз билан”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Банда садақани чиройли қилар экан, Аллоҳ азза ва жалла ҳам унинг қолдирганига ўринбосарини чиройли қилади” яъни, Аллоҳ унинг фарзандларига муҳофаза учун яхши ўринбосар юборади.
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси садақа афзал?” деб сўрашди. У зот: “Соғлом, хасис (дунёда абадий)қолишни ўйлаётган ва камбағалликдан қўрқаётган ҳолингда садақа қилмоғингдир. Жонинг то ҳалқумга келиб: Фалончига шунча, фалончига шунча, дегунингча кутиб турмайди (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига: “Садақа қилинглар”, дедилар. Шунда бир киши: “Менда бир динор бор”, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзингга инфоқ қил”, дедилар. “Менда яна бир динор бор”, деди. “Аёлингга инфоқ қил”, дедилар. “Менда яна бир динор бор”, деди. “Фарзандларингга инфоқ қил”, дедилар. “Менда яна бир динор бор”, дедилар. “Хизматкорингга нафақа қил”, дедилар. “Менда яна бир динор бор”, деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен ўзинг яхши билувчироқсан”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Имом Ибн Ҳиббон, Имом Ҳоким ривояти).
Фақиҳ айтадилар: Қуйидаги хислат бандани яхшилар мартабасига ва олий даражаларга етказади.
- Кўп садақа қилиш.
- Кўп Қуръон ўқиш.
- Қариндошчиликни боғлаш.
- Касални зиёрат қилиш.
- Эртага ўзига келадиган кун ҳақида кўп фикрлаш.
- Орзу ҳавасни камайтириш ва ўлимни кўп зикр қилиш
- Жим ўтириш ва камгап бўлиш.
- Тавозеъ, оддий кийиниш, камбағалларни яхши кўриш ва улар билан аралашиб юриш, етимларга, мискинларга яқин бўлиб, уларнинг бошини силаш.
Етти хислат борки, улар садақани тўғрилайди, юксалтиради:
- Уни ҳалолдан бериш, чунки Аллоҳ таоло айтган: “Эй мўминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол-покизаларидан инфоқ-еҳсон қилинглар”, (Бақара сураси, 267-оят).
- Озгина молидан ҳам садақа бериш.
- Вақт ўтиб кетишидан қўрқиб, шошилиб бериш.
- Бахилликдан қўрқиб, уни покламоқ, яъни молларининг яхшироғидан бериш, ёмонидан эмас.
- Риёдан қўрқиб, уни яшириб бериш.
- Ажрини йўқотишдан қўрқиб миннатдан узоқ бўлиш.
- Унинг соҳибига гуноҳдан қўрқиб, азият етказмаслик. Чунки Аллоҳ таоло айтадики: “Садақаларингизни миннат ва азият билан ботил қилмангизлар”, (Бақара сураси, 264-оят).
Қайси мусулмон бошқа мусулмонни кийинтирса Аллоҳ, уни Жаннат яхшиликлари билан кийинтиради. Қайси мусулмон оч қолган мусулмонни едирса, Аллоҳ унга Жаннат меваларидан едиради. Ким чанқаган мусулмонни чанқоғини қондирса, Аллоҳ уни асалдай ширин тоза сут билан қондиради.
Аллоҳнинг Расулидан сўрашди: “Қайси садақанинг фазилати улуғроқ” У зот: “Ичида сенга яширинча адоват (душманлик) сақлаётган яқин танишларга берилган садақа”, дедилар.
Абдуллоҳ Парпиев
Халқаро алоқалар бўлими ходими