Ўзбекистон янгиликлари

Ўтган ҳафта республикамиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти воқеа ҳодисаларга бой бўлди.

15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Йиғилишда ҳуқуқбузарликларнинг ўз-ўзидан содир этилмаслиги, ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки уларнинг олдини олиш, уларнинг содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб ўз вақтида бартараф этиш зарурлиги таъкидланди. 

Бунинг учун ҳудудларда янги иш ўринлари ташкил қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун қўшимча имкониятлар яратишга асосий эътибор қаратилаётгани,
бу борада мамлакатимизда 11 эркин иқтисодий зона ва 5 та саноат зонаси ташкил этилгани, кичик саноат зоналарининг сони 90 тага етказилгани, 650 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилгани, аҳолининг турмуш шароити яхшиланаётгани эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбари ана шу ютуқлар билан бирга айрим ҳудудларда жиноятларни сезиларли камайтиришга эришилмагани, баъзи жиноят турлари ошгани каби камчиликларни ҳам кескин танқид қилди.

Президентимиз  ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, туманлар кесимида жиноятларнинг олдини олиш борасида алоҳида чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатма берди. 
Йиғилишда маҳаллаларда фаолият юритаётган посбонларининг салоҳияти, билим ва малакаси талабга жавоб бермаслиги, фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларни кескин камайтиришга эришилмаётгани таъкидлаб ўтилди ҳамда нотариал хизмат кўрсатиш жараёнини такомиллаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Аёлларнинг жиноятга қўл уришининг олдини олиш борасида хотин-қизлар қўмиталари ҳамда жамоатчиликнинг масъулиятини ошириш муҳим аҳамиятга эга экани айтилди. 

Давлатимиз раҳбари фақат жазо қўллаш таҳдиди билан эмас, аввало, аҳоли онгига жиноятга қўл урмаслик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, Ватанга садоқатли бўлиш, атрофдаги инсонларга ҳурматда бўлиш каби фазилатларини сингдириш лозимлиги, бунда оммавий ахборот воситалари, радио-телевидение, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг матбуот хизматлари янада фаоллик кўрсатиши зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда ёшларни жиноят кўчасига кириб қолишдан сақлаш масаласи жиддий муҳокама қилинди.

Сектор раҳбарларининг жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги масъулиятини ошириш борасида Ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссиясини тузиш бўйича топшириқ берилди. Унинг таркибига “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси, Маънавият ва маърифат маркази раҳбарларини ҳам киритиш, Комиссия фаолиятини Олий Мажлис Сенати томонидан мувофиқлаштириш белгиланди.

*   *   *

18 ноябрь куни ушбу йиғилишида топширилган вазифалар ижроси ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалалари юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасида диний соҳа ходимлари иштирокида мажлис бўлиб ўтди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази раҳбарлари ва ходимлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари иширок этган йиғилишда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўзга чиқиб, манманлик, кибр ва ҳаддан ошиш инсон зотига ярашмайдиган хунук иллат экани, зўравонлик, зулм эса оғир гуноҳ эканини алоҳида таъкидлаб, қуйидаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни изоҳладилар:

Аллоҳ таоло шундай огоҳлантиради:

إِنَّمَا السَّبِيلُ عَلَى الَّذِينَ يَظْلِمُونَ النَّاسَ وَيَبْغُونَ فِي الْأَرْضِ بِغَيْرِ الْحَقِّ أُولَئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

яъни «Инсонларга зулм қиладиган ва ерда ноҳақ зўравонлик – кибру ҳаво қиладиган кимсаларнинг – ана ўшаларнинг жазоси аламли азобдир» (Шўро сураси, 42).

Демак, жиноят содир этиб инсонларга зулм қиладиган, молларига тажовуз қиладиганларнинг жазоси аламли азоб экани ояи каримада баён қилинмоқда.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки:

إِنَّ اللَّهَ أَوْحَى إِلَيَّ أَنْ تَوَاضَعُوا ، حَتَّى لَا يَبْغِي بَعْضُكُمْ عَلَى بَعْضٍ ، وَلَا يَفْخُر أَحَدٌ عَلَى أَحَدٍ

«Аллоҳ таоло менга тавозели бўлишингизни ваҳий қилди. Токи бир одам бошқасига зўравонлик қилмасин, бир одам бошқасидан ўзини устун қўймасин» (Имом Муслим ривояти).

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

مَا مِنْ ذَنْبٍ أَجْدَرُ أَنْ يُعَجِّلَ اللَّهُ لِصَاحِبِهِ الْعُقُوبَةَ فِي الدُّنْيَا مَعَ مَا يَدَّخِرُ لَهُ فِي الْآخِرَةِ

«Аллоҳ гуноҳ қилган кимсага ҳам бу дунёда жазо бериб, ҳам охиратга насиба – азоб ҳозирлаб қўйиши учун зўравонлик ва қариндош-уруғчилик алоқаларини узишдан кўра лойиқроқ гуноҳ йўқ»  (Имом Термизий ривояти).

*   *   *

1991 йилнинг 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатимиз Парламенти “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида” қонун қабул қилган эди. Унда миллий байроғимиз давлатимиз суверенитети рамзи экани мустаҳкамлаб қўйилганди.

Мудофаа вазирлиги 2017 йилнинг 18 ноябрь – Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан пойтахт осмони узра Ўзбекистон байроғи бўлган вертолётлар парвозини ташкил этди.

Иккита AS-350 вертолёти Муқимий кўчаси, Амир Темур хиёбони (бу ерда катта доира ҳосил қилинди) – Амир Темур кўчаси – Тошкент телеминораси – Ҳайвонот боғи – Марказий ҳарбий госпиталь – Академиклар шаҳарчаси – Мирзо Улуғбек кўчаси – Паркент кўчаси – Тузель йўналиши бўйича парвоз қилди.

Мудофаа вазирлиги расмийлари қайд этилишича, ушбу сана илк бор кенг миқёсда ўтказилмоқда. Шунингдек, улар келгусида давлат рамзлари кунлари шунга ўхшаш «ноанъанавий усулларда» нишонланишини қайд этди.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади

Read 4611 times

Янгиликлар

Top