muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун 20 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи мажлисида қилган чиқиши давомида Ислом дини аҳкомларига нотўғри ёндошиб, диний мутаассибликка берилиб кетиш ҳолатлари рўй бераётганини айтиб ўтди. Президент айниқса Қашқадарё вилоятидаги вазиятдан ташвишда эканини таъкидлаб, XI-XII асрларда яшаб, ижод қилган аллома Абул Муин Насафий меросини ўрганишга чақирди.

«Охирги вақтларда Қашқадарёда турли иллатлар кўпайиб кетди. Илгари ҳеч бундай бўлмаган, мен ҳайронман. Энди савол пайдо бўлади: муқаддас Ислом динини ўргатиш учун керакли ишларни амалга оширдикми?

Қашқадарёда бирорта муқаддас қадамжо борми? Биз бундай жойга етарлича эътибор бердикми? Қашқадарё ҳокимидан шу ҳақда сўрадим ва «бор», деган жавоб олдим. Сўрасам, қайсидир жойда бир дарахт бор экан ва улар зиёратга бориб, ўша дарахтга латта боғлаб қайтар экан.

Хўш, дарахтга латта боғлашда қандай илм бор экан? Биз ўша жойни ўргандик, ҳеч қандай муқаддас нарса йўқ.

Қарши шаҳрида Насафий бобомизнинг ёдгорлиги бор (Абул Муин Насафий зиёратгоҳи — таҳририят изоҳи). Энди савол пайдо бўлади: бобомизнинг илмини етарлича ўрганганмизми? Бирор университетда бир соат бўлса ҳам унинг китобларидан дарс ўтилганми? Йўқ.

Алломамиз бундан минг йил олдин айнан динда тўғри йўлдан адашганлар ҳақида китоблар ёзиб кетган. Бу китобларни биз ўқиганмизми? Йўқ.

Мисрдаги катта-катта университетларда Насафийнинг китоблари ўрганилар экан», — деди Шавкат Мирзиёев.

https://islaminstitut.uz/

20 январь куни Саудия Арабистони сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Макка шаҳридаги “Аброж ал-Кисва” меҳмонхонасида умра зиёратчилари билан учрашдилар. Мулоқотда юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаб, ҳозирланган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

mardi, 21 janvier 2020 00:00

Иқрор

Туркиялик Ватандошимиз ёзувчи Собир Сайхон бир сафар юртимизга келганларида “Ислом ота” масжидига кириб биргаликда "Пешин" намозини адо этдик. Таҳорат олар эканмиз Собир ака менга мамнун қараб:
- Набижон масжиднинг умумий кўриниши билан таҳоратхонани суратга тушириб “телеграм”имга ташлаб берсангиз, - дедилар.
- Нега? - дедим ҳайрон бўлиб.
- “Мақтайверма... Юртингда Масжидлар қаровсиз” дейдиган айрим кимсаларга кўрсатиб қўймоқчиман.
Дарров илтимосни бажардим.
Ҳа, чинданам кейинги йилларда Республикамиздаги масжидларга катта эътибор берилди. Вилоят ҳатто чекка туманлардаги таҳоратхоналар ҳавас, ифтихор қилса арзигулик даражада кўркамлашди. Бу борада анча илгарилаб кетдик. Озода шинам хоналар турфа хил совунлару қимматбаҳо қоғозлар хушбўй атирлар билан зийнатланди. Юз учун бошқа оёқ артишга бошқа покиза сочиқларни ишлатиб танангиз яйрайди, беихтиёр қалбингиз ёришиб бутун вужудингизни шукроналик ҳисси эгаллаб онгу- шуурингизда Диний қўмитамиз раҳбарларига нисбатан ҳурмат, миннатдорчилик туйғулари жўш уради. Илло, Ватан ободлиги, равнақи йўлида жимгина ўз ишини қилаётган мутасаддилар ҳақига дуолар, раҳматлар айтасиз.

Набижон Қодиров

 

 

 

 

 

 

Муайян жамият дунёда бўлиб ўтаётган табиий, ижтимоий ва бошқа шу каби омиллар таъсирида ўзининг кундалик воқелигини ўтказиб бораверар экан, унинг маънавиятини сақлаб қолишда, ушбу жамиятнинг барча табақадаги масъуллар бирдек ҳаракат қилишлари лозим.

Бу узвий боғлиқликнинг энг қуйи, айни пайтда энг масъулиятли қисми – оиладир. Зеро мантиқий боғлиқликда жамиятда ўз ўрнини топган ёки топмаган шахс, муайян оила аъзоси, ёки муайян оила муҳитида ҳаёт яшаб ўтаётган таркибий қисмидир.

Замонавий тенденциялардан бири – бу ахлоқсизликнинг, унинг турли кўриниш ва оқибатлари билан бирга кучайишидир.

Қръони каримнинг Қалам сураси 4-оят маъносининг таржимасида шундай дейилади:

“Ва албатта, сен улкан хулқдасан”.

Демак, гўзал хулк, ахлоқ ва тарбия инсон камолотининг асосий меъёрларидан ҳисобланади.

Оддий сўз билан ифодалаганда, Қуръони Каримда қилиниши лозим бўлган ишларни сўзсиз амалга ошириш ва айтилган қайтариқлардан сақланиш, бу Яратганга нисбатан юксак ахлоқни изҳор қилиш саналади.

Бугунги тараққиёт тўсиқларидан бири оилада ота-оналар ва фарзандлар ўртасида тушунмовчиликда бўлиши эҳтимоли катта. Зеро, бу муносабат шаклланиб бораётган ёш шахс психологиясига жиддий таъсир қилади.

Ҳакимлардан бири: “Фарзандинг (биринчи) 7 йил райҳонинг, (кейинги) 7 йил хизматчинг, 7 йил вазиринг, сўнг ё дўстинг, ё душманинг”, деган экан. (Адаб ад-дунё вад-дин, Абул-ҳасан Мовардий, б.167).

Бу фикрни швейцариялик биолог ва файласуф Жан Пиаже ҳам тадқиқотлар натижасида илмий асослаб берган. Унинг тадқиқоти боланинг ривожланиш даврларни: 1) 2 ёшгача – подшоҳлик даври; 2) 2-7 ёшгача – жиддий тарбия оладиган давр; 3) 7-12 ёшгача – фикрлашни ўрганадиган давр; 4) 12 ёшдан бошлаб шахсияти шаклланган давр. Ҳар даврда фарзанднинг шахсиятига энг катта натижадор ёки самарасиз таъсир кўрсатувчи фақат унинг ота-онаси ҳисобланади. (https://www.psychologos.ru/articles/view/intellektualnoe-razvitie-rebenka-dvoe-zn--teoriya-piazhe).

Олдиндан айтиб ўтиш керакки, тарбия, одоб-ахлоқ тамойиллари фақат оилада сингдириладиган муваффақиятли ҳаёт йўлбоши ва ҳамроҳларига боғлиқдир.

Замонавий оила психологиясида ота-оналар ва фарзандлар ўртасида муомала мувозанати ўзгариш тенденциясига эга бўлмоқда. Бунга таъсир қиладиган омиллар талайгина бўлиб, улар орасида фан ва техника тараққиёти, ахборотнинг сониялар ичида дунёни айланиб ўтиши ва тарқалаётган хабар ҳамда маълумотларнинг танқидий таснифланмаётганидадир. Яъни, бугун Интернет тармоғида тарқалаётган маълумотлар, Facebook мисолида, илм ва жаҳолат, дин ва уятсизлик бир лентада кетма-кет жойланмоқда.

Албатта, бу шахсий ғараз эмас, балки бизнес дейилиши мумкин, бироқ, бу “бизнес ёки олди-сотди” натижасида муайян миллат маънавияти хавф остида қолмоқда.

 Ўзбекистонда 2019 йил давомида 30 мингдан зиёд оила ажримлари қайд этилди ва бу рақамнинг аксарини ёш оилалар ташкил этади. Ажримларнинг асосий сабаблардан бири сифатида ёшлар мустақил ҳаётга тайёр эмасликларини келтириш мумкин. Ва бу сабаб ўз ичига кўпгина омилларни мужассам қилган жиддий сабаб эканини айтиш ўринли.

Ёш йигит ёки қиз мустақил ҳаётга қадам қўйишдан олдин, мустақил ҳаёт нима эканини, ҳар иккала томоннинг масъулият ва ҳақ-ҳуқуқларидан, оила муқаддас даргоҳ ва уни ҳар қандай йўллар билан асраш зарур эканини ота-оналар ўргатишга “вақтлари йўқ”.

Фарзанднинг кичиклигида тарбия оладиган айни дамларда ота эрталабдан кечгача тирикчилик деб, вақтида уйга келмаган, она эса, “уй ишлари билан овораман” деб, баъзан эса қўлидаги телефонидан ортолмай, тарбия боғча опасига, таълим ўқитувчисига ташлаб қўйилган, иккиламчи нарсага қарагандек қаралган.  Натижада, фарзанд учун ҳурматли одам ким дейилса, ё ўзи қидириб топган, ё танишиб олган “ака” ёки “опа”лари. Улар уни қаерга етаклашини тасаввур қилиш қийин эмас.

Бугун баъзи ота-оналар ўз фарзандларидан турли шикоятлар билан имом-домлаларимизга мурожаат қилмоқдалар. Аммо жавоби юқорида келтирилди.

Психология фани фарзандлардаги фаҳмлаш қобилияти ота-оналарникидан бир қадам олдинда эканини исботлади. Яъни янги авлод олдингилардан фаҳмлироқдир. Ҳакимларимизнинг юқорида айтилган насиҳатларидан келиб чиқсак, ўспирин ёшига кирган бола ё қизни уришсангиз - тасъир қилмайди, урсангиз - душман орттирасиз. Аммо, афсус, бу “ўзбекона” тарбия бериш усули хали ҳануз баъзиларимизда сақланиб қолмоқда.

2018-2019 йиллар давомида республика миқёсида 1 500 дан зиёдроқ ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қайд этилди. Аксари ёшлар ўртасида, уларнинг орасида энг кўпи қиз-хотинлар орасида экан. Бу эса улар ўртасида иффатини йўқотиш ҳолатлари натижасида ор қилиб, ўз жонига қасд қилмоқда.

Мактаб ўқувчилари ҳалигача мактабдан кейин уйга эмас, “Gameclub”га отишма ва уруш ўйинларни ўйнаш учун шошилмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислардан бирида: “Ҳар бир муслим ва муслимага илм олиш фарздир” дейилган бўлса, бошқа ҳадисда: “Авлодларингизга сузишни, отишни ва от минишни ўргатинглар”, яна бир ҳадисда эса “Ёзишни, сузишни ва отишни ўргатиш фарзанднинг ота-онадаги ҳаққидир” дейилди. Бу ҳадис оддийгина ҳақиқатни очиб бермоқда: ўсиб келаётган фарзандни интеллектуал ва жисмонан ривожлантириш лозим. Уни илм олишини таъминлаш ва спорт билан шуғуллантириш керак.

Юқорида келтирилган оят, ҳадис ва ҳакимларнинг насиҳатларидан келиб чиқиб, фарзанднинг том маънода камолотга эришиши ота-онанинг масъулияти ва мажбуриятидадир.

Ёшларимиз ҳаётда жиддий хатога йўл қўяр эканлар, жамиятда ўз ўринларини тополмай қолсалар оқибати салбий, аммо унинг сабаби ота-онанинг тарбиясидадир.

 

Ш.Хамдамов

Тошкент шаҳар “Тўра бува”

масжиди имом-хатиби

 

 

 Дунё яралибдики, тинчлик — осойишталик инсоният учун тенгсиз неъмат бўлиб келмоқда. Чунки, биринчи галда осуда ҳаёт , яратувчан меҳнат фаровонлик, умуман, барча эзгу мақсадларнинг рўёби, энг аввало, шу неъматга боғлик. Бироқ азалдан яхшилик билан ёмонлик, эзгулик билан ёвузлик каби инсон ҳаётига раҳна солувчи офатлар ҳам мавжуд. Ислом шараътида умуман бўлмаган, исломга ёт ғояларнинг, бизнинг юртимизга кириб келишидир. Ёвуз ниятли диний эктремистик ва террорчи оқимларнинг тарафдорлари, халқимизнинг тинч-тотув ҳётига раҳна солишга уринишмокда. Хусусан, хорижий давлатларга кетаётганларнинг маълум қисми шу оқимларнинг таъсирига тушишмоқда. Бу эса чет элдаги кўплаб давлатларнинг наздида юртдошларимизни шу оқимнинг асосий вакиллари сифатида эканлиги ҳақида нотўғри талқинларни ҳам келтиришига сабаб бўлмокда. Ваҳоланки мамлакатимизда шу оқимга кириб кетган инсонлар, ўз қилмишларига пушаймон бўлиб кечирим сўраб қайтганларни авф этишяпти.

Айнан шу каби халқимизга ёт ва ёш авлод учун зарарли бўлган ёт ғоя ва иллатларнинг салбий таъсиридан ёшларни муҳофаза килиш мақсадида, уларни миллий ғояси ва қадриятларни эъзозлаш руҳида тарбиялаш, эркин фикрлайдиган, ўз қарашларида миллий ғоямизга таянган, ўз ҳатти-ҳаракати, ҳаёт тарзи билан яшашга ёшларни тарбиялаш олдимиздаги вазифалардир.

Бугунги кундаги ёт ғояларнинг алдовларига алданиб ўзи намоз нималигини билмайдиган, ўз юртини шанини топтаб ва оиласини юзини ерга қаратиб, ўзларининг нима қилаётганини билмайдиган кимсалар мана ўшалар илмсиз ислом нималигини, дин нималигини билмайдиган кимсалардир. Мазкур иллатларнинг ортидан манфаат кўраётган айрим кимсалар эса, динни бузиб талқин қилган ҳолда, динни ниқоб қилиб, бузғунчи ва диний ақидапарастлик ғояларини илгари сурмоқда. Ачинарлиси, бугунги кунда мазкур жиноятларнинг қурбонига айланаётганларнинг асосий қисмини, ёшлар ташкил қилади. Сабаби ҳали оқ-қорани ажрата олмайдиган, дунёқараши шаклланмаган ўғил — қизларни тўғри йўлдан оздириш, бирмунча осон. Юртимизда инсон шаъни, қадр-қиммати юксак эътиборда. Бизнинг вазифамиз, мазкур иллатлар тасирига тушиб қолмаслиги учун, дини исломни чуқурроқ етказиш ва ўрганишдир.

М.Тўраев

Гурлан туман «Қора Алам бобо» жоме масжиди имом-ноиби

Top