muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

“Истиғфор” луғатда ўрашни, яширишни талаб қилиш маъносини билдиради. Истилоҳда эса, қилган гуноҳларининг кечирилишини Аллоҳдан сўраш маъносини англатади. Демак, истиғфор Аллоҳ таолога “Гуноҳларимни кечиришингни сўрайман”, деб илтижо қилиш, дуо қилиш экан.

*****

“Ўзинг билан бирга (қабрга) амалингдан бошқа нарсани олмайсан. Ортингдан ахлоқинг ва яхши номингдан бошқа нарсани қолдирмайсан. Бас, шундай экан, чиройли амал қилишга ва гўзал хулқли бўлишга ҳарис бўл!”

Аҳмад Дийдот раҳимаҳуллоҳ

*****

Кўчада кета туриб, қўлимиздаги бўшаган баклашка ва бошқа ахлатларни ерга ташлаётганимизда, уларни отамиз тенги инсонлар тозалашини унутмайлик!

*****

Бошимдан ўтган эди

Уйланмоқчи бўлиб юрган кезларимда, шундай дейишган: “Сизга мос қиз бор. Илмга қизиқади. Энг асосийси — ақл ўргатадиган эмас, ақл ўрганадиган қиз”.

Эридан бирор фойдали нарса ўрганадиган, ўрни келганда, эрига керакли маслаҳатлар бериб турадиган аёллар соғ бўлишсин!

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан фарз намозлардан кейин доим айтиб юришлари учун бирор дуо ўргатишларини сўраганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳумма инний золамту нафсий зулман касийрон ва лаа яғфируз зунууба илла анта. Фағфирлий мағфиротан мин индика варҳамний. Иннака антал Ғофурур Роҳийм” деган дуони ўргатган эканлар.

Дуонинг маъноси: “Эй Аллоҳ! Албатта, мен ўз нафсимга кўп зулм қилдим. Гуноҳларни фақатгина Сен мағфират қиласан. Бас, ҳузурингдан бўлган мағфират ила мени мағфират этгин ва менга раҳм қилгин! Албатта, Сен Ғофур, Роҳийм Зотсан”.

Изоҳ: Пайғамбарлар алайҳимуссаломдан кейин инсонларнинг афзали бўлган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга ушбу дуо ўргатилган экан, демак, бизлар кўзимизни каттароқ очишимиз, тилимиздан ҳам, дилимздан ҳам истиғфорни қўймаслигимиз керак. Аллоҳ таоло бизни ихлос билан кўп истиғфор айтиб, Ўзининг мағфиратига эришадиган бандаларидан қилсин, омин!

 

Мен мунофиқ бўлиб қолишдан қўрқаман

 

Бир киши Ҳузайфа розияллоҳу анҳуга: “Мен мунофиқ бўлиб қолишдан қўрқаман”, деди.

У киши ундан: “Холи қолганингда намоз ўқиб, гуноҳ қилганингда истиғфор айтасанми?” деб сўрадилар.

У: “Ҳа”, деб жавоб берди.

Шунда Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: “Боравер, Аллоҳ сени мунофиқ қилмабди”, дедилар.

“Фикр дурдоналари”

Изоҳ: Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирдошлари бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига мунофиқлар кимлигини номма ном айтганлар. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бу сирни ҳеч бир инсонга айтмасдан, ўзлари билан бирга қабрга олиб кетганлар.

 

Аллоҳ таолога маҳбуб гаплардан бири

 

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу дедилар: “Банданинг сажда қилган ҳолида: “Аллоҳумма золамту нафсий фағфирлий” (Эй Аллоҳ, мен ўз нафсимга зулм қилдим. Мени мағфират қилгин) деб айтиши Аллоҳга энг маҳбуб гаплардандир”.

“Ховатир роқия журнали”

Изоҳ: Демак, нафл намозларимизнинг саждасида шу дуони ихлос билан кўпроқ айтишимиз керак. Аввало, банда сажда қилиб турган пайтида Аллоҳ таолога энг яқин ҳолатда бўлади. Меҳрибон Роббимизга энг яқин турган пайтимизда дуо қилишимиз эса, шу дуоимизнинг тезроқ ижобат бўлишига сабаб бўлади.

 

Солиҳа оналар, Аллоҳнинг мадади билан, ЭРКАКларни етиштирадилар

 

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ оналари ҳақида шундай деганлар: “Онам менга Қуръонни ўн ёшимда ёдлатганлар. У киши мени бомдод намозидан олдин уйғотар, Бағдоднинг совуқ кечаларида таҳоратим учун сувни иситиб берар, кийимларимни кийдириб, сўнгра масжид уйимиздан узоқда жойлашгани ва йўл қоронғу бўлгани учун ўзлари рўмолларини ўраб, ҳижобларини кийиб, мени масжидга олиб борардилар”.

Изоҳ: Фарзандининг олим, фозил, баркамол инсон бўлишини истаган ота-она унинг тарбиясига боласи гўдаклигиданоқ ката эътибор қаратиб, луқмасининг ҳалол бўлишига, ибодатларни пухта ўрганиб боришига ва илмга муҳаббатли бўлишига жиддий аҳамият қаратиши лозим бўлади.

 

Ярмук жанги

 

Мусулмонларнинг 36-40 минг сонли қўшини 240 минг сонли румлик аскарларга қарши жанг олиб бориб, узил-кесил ғалабага эришдилар. Шомни румликлар қўлидан бутунлай тортиб олдилар.

Мусулмонлар қўшинининг етакчи қўмондони Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу эдилар.

Изоҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни “Аллоҳнинг қиличи” деб атаганлар. “Аллоҳнинг қиличи” мағлуб бўлармиди?!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

18 январь куни Тошкент давлат шарқшунослик институтида “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази: мақсад ва вазифалар, истиқболдаги устувор йўналишлар” мавзусида тақдимот тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда марказ директори Шоазим Миноваров, директор ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, институт ректори Гулчеҳра Рихсиева, ректор ўринбосари А.Воҳидов, марказ илмий ходимлари, талабалар ҳамда устозлар жамоаси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Ш.Миноваров Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази илмий-тарихий концепцияси, лойиҳаси, мақсади ва вазифалари ҳақида талабаларга батафсил маълумот берди. Марказ бор мазмун-моҳияти билан аждодларимиз ва халқимиз эътиқод қилиб келаётган табаррук Ислом динининг илмга, эзгуликка, бағрикенглик ва олижанобликка даъват қилувчи эътиқод эканини намойиш қилишини, йиллар, асрлар мобайнида халқимизга, биринчи навбатда ёш авлодга хизмат қилажаги алоҳида таъкидланди. Ислом цивилизацияси маркази лойиҳасининг аллақачон халқаро эътироф ва қизиқиш, ҳавасга лойиқ бўлиб улгургани қайд қилинди. Марказ раҳбари шунингдек “Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази” илмий-оммабоп журналининг илк сонини йиғилганларга тақдим қилди.
Ислом цивилизацияси маркази директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган юртимиз алломаларининг илмий ва маънавий мероси тўғрисида тадбир иштирокчиларига маълумот берди. У юртимизда сақланаётган минглаб қўлёзмаларнинг мавзусига кўра энг долзарблари ажратилиб, таржимага тайёрланаётгани, қўлёзмаларда жуда қимматли маълумотлар тўплангани тўғрисида тадбир иштирокчиларини хабардор қилди.
Тақдимотдан ниҳоясида институт тадқиқотчилари ва талабаларининг саволларига жавоб қайтарилди.


Ислом цивилизацияси маркази Матбуот хизмати

Бугун, Ўзбекистон Республикаси Ҳаж делегацияси Саудия Арабистони Подшоҳлигига жўнаб кетди. Саудия Арабистони Ҳаж ва умра ишлари вазири Солиҳ Бантин таклифига асосан “Ҳаж – 2020” мавсумининг ташкилий ишларини келишиб олиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов бошчилигидаги делегация бугун Саудия Арабистонига йўл олди.
Сафар давомида Ўзбекистон Ҳаж делегацияси ва Саудия Арабистони Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги ҳамда мутасадди ташкилотлар ўртасида «Ҳаж–2020» мавсумининг ташкилий ишлари ўзаро кўриб чиқилади.
Шу мақсадда Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара ва Жидда шаҳарларида жорий йил ҳаж мавсумида ўзбекистонлик ҳожиларга хизмат қилувчи идоралар ва муассасалар раҳбарлари билан келишувлар амалга оширилади.
Сафар жараёнларини бизнинг сайтимизда кузатинг.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмат

18 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бир гуруҳ уламолари ёнғиндан жабр кўрган Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги хонадонлар аҳлларидан хабар олдилар. Бир неча кун аввал Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги “Гавҳар” ва “Катта Дўмбробод” маҳаллаларида жойлашган хонадонларда ёнғин содир бўлиб, хонадон аҳлларига қишнинг совуқ кунларида Аллоҳнинг катта синови келган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратларининг тавсияларига мувофиқ, Диний идора масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов ва Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров ёнғиндан азият чекканларга тасалли бериб, кўнгилларини кўтарадиган гапларни айтиб, бундай талофатда қилган сабрлари ажру савобларга ноил бўлишини сўзлаб бердилар.
Шунингдек, ёнғиндан жабр чеккан хонадон аҳлларига пул маблағлари топширилди ва ушбу хонадонлар қуриб битказулгунга қадар имом-домлалар доимий камарбаста бўлишлари изҳор қилинди.
Дарҳақиқат, ҳар бир банда ҳаёти давомида турли қийинчилик ва мусибатларга дуч келади. Зотан, бу ҳаётнинг ўзи имтиҳон дунёсидир. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай хабар қилинади: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар(ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз” (Бақара, 155).
Мусибатлар сабаб қилиниб банданинг имони синалади. Мол-мулкнинг касодга учраши, бемор бўлиш ёки ишдаги муваффақиятсизлик кабиларнинг барчаси синовдир. Банда гоҳида яхшилик билан, баъзида қийинчилик билан синалади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки, тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Уламоларнинг кўнгил сўраб келганидан севинган маҳалла аҳли ва хонадон эгалари шундай оғир дамларда ташриф буюрганлари ва кўнгилларини кўтарганлари учун миннатдорлик билдирдилар.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top