muslim.uz.umi
Англашув меморандуми имзоланди
2023 йилнинг 1 август куни Дин ишлари бўйича қўмита раиси С.Тошбоев ва БААнинг Экстрeмизм ва зўравон экстрeмизмга қарши курашиш бўйича “Ҳидоя” халқаро тадқиқот маркази ижрочи директори Аҳмад Ал-Қосимий ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди.
Дастлаб С.Тошбоев Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада шу кунга қадар амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ва соҳа истиқболлари ҳақида сўз юритди. Шунингдек, Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида Президентимиз ташаббуси билан барча соҳалар қатори, диний-маърифий жабҳада, хусусан, дин ва эътиқод эркинлиги йўналишида ҳам кўплаб янгиликлар, шароитлар, қулайликлар яратиб берилаётганини айтиб ўтди.
Фуқароларимизнинг виждон эркинлигини таъминлаш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм ва ақидапарастликка қарши кураш борасида БАА билан ҳамкорлик ўзининг ижобий натижаларини беришини айтиб, Дин ишлари бўйича қўмита ва “Ҳидоя” маркази ўртасида ўзаро делегациялар ташрифлари, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишни олдини олиш, виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик мавзуларида турли тадбирларни биргаликда ўтказилиши, соҳага оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан тажриба алмашиш ҳозирги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолаётганини урғулади.
Ўз ўрнида “Ҳидоя” маркази директори Аҳмад Ал-Қосимий бугунги самимий учрашув учун Дин ишлари бўйича қўмита раҳбариятига қолаверса, мутасаддиларга ўзининг самимий миннатдорлигини изҳор қилди. Аҳмад Ал-Қосимий ривожланиб бораётган БАА ва Ўзбекистон муносабатларини юқори баҳолади ҳамда бу соҳада илк бор бўлиб ўтаётган бундай учрашув ўз самарасини беришини билдирди. Шунингдек, у икки томонлама ҳамкорликка оид Англашув меморандумининг имзоланиши икки мамлакат ўртасида диний-маърифий соҳадаги муштарак алоқаларнинг ривожланишига ҳисса қўшишини хусусан, глобаллашув даврида турли ёт ғояларга ҳамкорликда курашиш, тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллаштириш ҳамда ижобий натижалар кўрсатишни алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг, томонлар ўртасида икки томонлама ҳамкорликка оид Англашув меморандумини имзолаш тадбири бўлиб ўтди. Тадбир якунида истиқболдаги режалар, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш йўллари ҳамда натижада ижобий кўрсаткичларга эришиш мақсадлари келишиб олинди.
Онлайн учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати
Ислом шиорлари ҳазил қилинмайди
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда уламолар, имом-хатибларни танқид қилиш, хато-камчиликларини қидириш ва ҳатто масхаралаш ҳолатлари кузатилмоқда. Баъзилар эса уларни обрўсизлантириш, дунёдан бехабар жоҳилга чиқаришга уринмоқда. Бундан ҳам ёмони эгнига чопон кийиб, бошига салла ўраб, бачкана қилиқлар билан илм аҳлининг устидан мазаҳлаб видео тасвирлар олиб тарқатаётган ёшлар ҳам учрамоқда.
Бундай номақбул хатти-ҳаракатлар исломий қадриятлар борасида ҳам учраётгани ташвишлидир. Яқинда ижтимоий тармоқларда Жума куни билан табриклаш борасида ҳам турли тушунмовчиликлар юзага келди. Айримлар Жума билан табриклашни масҳарабозликка айлантириб, ўзича сурату видеолар, ёзувлар тарқатишди. Бунда ҳолатни Рамазон ҳайити арафасида ҳам кузатгандик. Баъзилар ҳайити куни аниқ бўлмагани учун турли масҳараомуз сўзлар билан шеър ёзиб оммага улашди. Афсуски, жамиятимизда бундай енгил-елпи аудио, видео ва ёзма жўнатмаларни кўпчилик яхши қабул қилади ва тез оммалашади. Лекин диний масалаларда ҳазил бўлмайди. Бу ишни қилаётганлар эса билмасдан гуноҳ орттириб олаётгани ачинарли. Албатта, бу диний билимсизлик белгиси ҳамдир.
Аллоҳ таолонинг шиорларини оёқости қилиш, улардан бирортасини масхара қилиш, камситиш, беҳурмат қилиш, хўрлаш, менсимаслик, хор қилиш мўмин кишининг кофир бўлишига сабаб бўлади.
Илло, Жума куни ҳам Ҳайит ҳам ислом шиорларидандир.
Ислом таълимотига кўра “шиор” сўзи “нишон”, “белги”, “аломат” маъноларини билдиради. Яратган Парвардигоримиз Аллоҳ таолонинг динининг кўзга кўринган ва шон-шавкатининг аломати бўлган нарсалар шиор ҳисобланади. Булар қаторига шариатимизда улуғланган зотлар – пайғамбарлар, саҳобалар, тобеинлар, авлиёлар, уламолар, илм аҳллари ҳам, Жума куни, Рамазон ойи, муқаддас ойлар, ибодат воситалари бўлмиш тасбиҳ, салла ва жойнамоз каби нарсалар ҳам киради.
Динимиз уламоларининг фатволарида бундай дейилади: “Ким азонни масхара қилса ёки Қуръони каримни енгил санаб оёқ ости қилса, ёки шаръий илмларни ёхуд уламоларни масхара қилса, ибодатларни енгил санаб бажармаса, ёки масжидни масхара қилса, кофир бўлади” (“Ғамзу уюнил басоир шарҳ ашбоҳ ван-назоир” китоби).
Аллоҳ таоло ислом шиорларини қадрлашга тарғиб қилган ва уларни топташ, масхара қилишдан қаттиқ қайтарган. Жумладан, Ҳақ таоло Қуръони каримда: “(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси 32 оят), – деб хитоб қилган.
Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатнинг шиорини паст санаганларни қаттиқ қоралаб бундай деганлар: “Аниқ биламанки, умматим ичидаги баъзи кимсалар Қиёмат кунида Тиҳома тоғи каби улкан ҳасанотлар билан оппоқ бўлиб келишади, лекин Аллоҳ таоло уларнинг амалларини тўзиган чанг каби қилиб қўяди”. Шунда Cавбон разияллоҳу анҳу: “Ё Раcулуллоҳ, бизга уларни cифатлаб, очиқ баён қилиб берсангиз, билмасдан ўшалардан бўлиб қолмайлик!” – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улар cизларнинг биродарларингиз, cизларга ўхшаган одамлардир. Улар ҳам cиз каби тунлари ибодат қилади. Лекин улар шундай одамларки, ёлғиз қолган вақтларида шариатнинг шиорларини топтайдилар”, – дедилар (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Худди шундай Ислом динини, шариат аҳкомларини етказишдек улкан масъулиятни зиммасига олган уламолар шаънига ёмон сўзларни гапириш Аллоҳ ва Унинг расулини ғазабини келтирадиган ёмон ишдир.
Олимнинг фазлини Аллоҳ ва Унинг расули улуғлаб турса-ю, унга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, Аллоҳ ва Унинг расулига ҳурматсизликдир. Аҳли сунна эътиқодига кўра, мусулмон катта гуноҳни қилиш билан диндан чиқмайди, лекин динни, уламоларни паст санаш билан диндан чиқиш хавфи бор. Чунки уламолар дин номидан гапирувчи шахслардир. Уларга отилган тош динга, пайғамбарга отилган ҳисобланади.
Тоҳир Бухорийнинг “Хулосатул фатово” асарида: “Ким бир олимни зоҳирий сабабсиз ёмон кўрса, унинг диндан чиқиш хавфи бор!” дейилади (Али Қорий, “Шарҳу Фиқҳил акбар”).
Илм аҳлини ҳурматлаш Аллоҳ таолони улуғлашдир. Пайғамбаримиз алайҳи вассалм: “Кексаларимизни ҳурмат қилмаган, кичикларимизга раҳм қилмаган ва олимимизни ҳаққини билмаган киши биздан эмас” деганлар (Имом Ҳоким ривоят қилган).
Қолаверса, илм аҳли ва салоҳиятли кишиларни масхара қилиш, уларни қадрини ерга уриш кофир ва мунофиқ кишиларнинг сифатидир. Бу ҳақда ояти каримада бундай дейилади:
“Кофир бўлганларга бу дунё зийнатли қилиб қўйилган. Улар имон келтирганлар устидан куладилар. Ҳолбуки, қиёмат куни тақволи бўлганлар улардан баланддирлар” (Бақара сураси, 212-оят).
Демак, билиб билмай, уламолар ва илм аҳлни, Ислом шиорларини масхара қилиш мўминга ҳам ақли роса кишига ҳам хос сифат эмас. Айниқса, мамлакатимизнинг асосий қисми Ислом динига эътиқод қилар экан, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларини ҳурмат қилиш ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг бурчидир.
Толибжон НИЗОМОВ
Туҳматнинг охири вой
Тошлоқ туманилик (Фарғона вилояти) мухлисимиз таҳририятга хат йўллаб, 13 йилдан буён қуруқ туҳматга қолаётгани, бунинг ортидан анча ғам чекаётганини алам билан ёзибди. У ўз мурожаатида туҳмат ҳақида мақола беришимизни ва бу билан кўпчиликни бу иллатдан огоҳ этишимизни илтимос қилибди.
Дарҳақиқат, туҳмат – бир инсонни қилмаган ишини қилди, сўзламаган сўзини гапирди, дея ёлғон гувоҳлик бериш, иғво-бўҳтондир. Бу иллат инсон ҳаётини хавфга, буткул издан чиқишига, ўзаро душманлик, низога сабаб бўлади. Шунинг учун ота-боболаримиз ўт-сув, туҳмат балосидан асрасин деб дуо қилишган. Чунки туҳмат катта офатлар каби улкан фожиадир.
Тарихда ҳам кўплаб Пайғамбару уламолар ҳам туҳматга дучор бўлишган. Бунга яққол мисол қилиб, Юсуф алайиҳиссаломнинг зиндонга тушишию, Оиша онамиз билан содир бўлган машҳур “Ифк” воқеасини айтиш мумкин. Айниқса, Оиша онамизга фитначилар томонидан қилинган туҳмат бутун Ислом умматига оғир келди. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир ой оят нозил бўлмагунича нима қилишни билмай қолдилар. Саҳобалар ҳам қаттиқ ғамга ботди. Оиша онамиз тинимсиз кўз ёш тўкди. Қачонки, Аллоҳ таоло Оиша онамизни оқлаб Қуръони каримда: «Албатта, (бузуқ ниятлардан) бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўладилар. Улар учун улуғ азоб бордир. У Кун (қиёмат) да қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўлу оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур», (Нур сураси, 23–24-оят) оятларини сўнггина барча дард-аламлар ариди.
Бундай воқеалар асрлар оша доим бўлиб турган. Мисол учун, Имом Бухорий кемада сафарга чиққанида бир йўловчи у кишининг ёнидан 1000 танга пули борлигини билиб, уни ундириш мақсадида туҳмат қилмоқчи бўлади. Буни сезган олим пулни денгизга улоқтириб юборади ва шу зайлда туҳматдан холос бўлади.
Шунингдек, ўтган асрнинг 30–40-йиллари юртимиздаги қатағон сиёсати туфайли минглаб зиёли ота-боболаримиз туҳмат ва бўҳтон билан олий жазога тортилгани барчамизга маълум. Унинг мудҳиш оқибатлари бугунги кунимизгача сезилади.
Афсуски, ўз нафси, манфаати йўлида беайб кишиларга туҳмату бўҳтон қилаётган кимсалар бугун ҳам бор
. Улар бойлик орттириш, мансабга ёки мол-мулкка эга бўлиш илинжида одамлар ҳаётига хавф солади. Кўплаб азоблар чекишига ҳатто, жавобгарликка тортилиб, қамоққа тушишига ҳам сабабчи бўлади. Уларнинг бу қилмишлари учун қонунчилигимизда қатъий жазо тайинланган бўлса-да, охиратда ҳам бундай одамлар қаттиқ азобга гирифтор бўлади.
Бу ҳақда Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир одамни айблаб, унда йўқ нарсани айтган бўлса, Аллоҳ таоло уни айтган нарсасидан халос бўлгунча жаҳаннам оловида куйдириб туради”, дейдилар (Имом Табароний ривояти).
Шуниси маълумки, туҳматчилар у дунё бу дунё рўшнолик кўрмаслиги тайин. Қилган ишининг касри бир кун бўй кўрсатади. Бунга жаннат башорати берилган ўн саҳобадан бири Саъд ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг ҳаётида бўлган воқеа бунга мисол бўлади олади. Чунки у кишига бир аёл еримни тортиб олди дея бўҳтон қилади. Бундан қаттиқ азият чеккан Саъд ибн Зайд аёлни баддуо қилади ва туҳматчи йиллар ўтиб хору зор бўлиб оламдан ўтади. Бундай воқеалар бугунги ҳаётимизда ҳам учрайди. Ён-атрофимизад ўзгаларга озор бериб, ўзи ҳам бир кун азобга қолганлар кам эмас. Шундай ҳар қандай ишнинг жавоби бир кун барибир қайтади.
Ислом Йўлчиев