muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

mardi, 01 août 2023 00:00

Балоғат илми ҳақида

Қуръони карим оятлари маъноларини тўғри ва аниқ тушуниб етиш учун бир қанча илмларни билиш зарур. Ана шу илмлардан бири балоғат  илмидир.  Балоғат илмининг асосий вазифаси  Қуръони карим маъноларини тўғри тушуниш ва тафсир қилишга хизмат қилади.

Қуръони карим мўжизадир. Унинг назми ҳар бир сўзи, ҳар бир калимаси, ҳар бир сураси назм ва маъно жиҳатидан инсониятни ожиз қолдиради.

Балоғат илми илми баён, илми маъоний ҳамда илми бадиъ қисмлардан иборатдир. Бадиъ илмининг ўзи икки қисмга бўлинади:

  1. Ал-мухассиноту-л-лафзийя – “лафз гўзалликлари”. Бу қисмда оят калимага ҳусн бўлган жиҳатлар ўрганилади.
  2. Ал-мухассиноту-л-маъновийя – “маъно гўзалликлари”. Бунда оятнинг маъносига ҳусн бўлган жиҳатлар ўрганилади.

Балоғат илми асосчиси Абу Ёқуб Юсуф Саккокий “Мифтоҳу-л-уълум”асарида маъно гўзалликларга таврия, муқобала, ҳусну-т-таълил, тибоқ (мутобақа, иттидод), мушокала, муроату-н-назир, музоважа, лафф ва нашр, жамъ, тафриқ, тақсим, жамъ маъа тақсим, жамъ маъа тафриқ ва тақсим, ийҳом, тавжиҳ, суқу-л-маълум масоқа ғайриҳ (бошқаларда тажоҳулу-л-ориф), иътирод, иститбоъ, илтифот, тақлилу-л-лафз кабиларни киритган.    

 

 “Бадойеъу-с-санойеъ”, Тарғиб ва таҳзийб”,

“Эъробул Қуръан ва байануҳу”, “Дурусул балоғо” асарлари асосида

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

                                                                                         Матншунослик ва адабий манбашунослик магистранти

 Санобар МУХАМЕДХОДЖАЕВА тайёрлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламоларининг “ФАТВОЛАР ТЎПЛАМИ” номли китобининг 1-жузи нашрдан чиқди.

Китобни тайёрлаш жараёнида икки йил давомида юртдошларимиздан келган саволларга имкон қадар содда услубда, ҳанафий мазҳабимиздаги мўътабар фиқҳий манбаларга асосланган ҳолда жавоблар берилди.

Китобхонлар ушбу китобдан таҳорат, намоз, рўза, закот, ҳаж-умра, савдо-сотиқ, ижара ҳамда ақидавий масалаларга оид кўплаб қизиқарли саволларга батафсил жавоблар топишлари мумкин.

Аллоҳ таоло ушбу китобни юртимиз мўмин-мусулмонларига манфаатли қилсин!

Китобнинг ҳажми: 632 бет

Муқоваси: Қаттиқ, зарҳал

Нашриёт: Shamsiddinxon Boboxonov NMIU

Нархи: 82 000 сўм

Уламоларимиз: "Бирор ҳудудда масжид барпо этилса, шу масжиднинг баракаси бутун аҳолига татийди. Шу ерга файз, унум ва барака инади", дейишган. Ҳақ гап. Эътибор бериб қаралса, масжиди бор маҳаллалар файзли, баракалидир.

Тошкент вилояти Паркент тумани Қизил тоғ қўрғони "Файзобод" маҳалла фуқаролар йиғини Усмон Носир кўчасида жойлашган "Саййид ота" жоме масжидининг янги биноси қурилишига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, маҳалла фаоллари, нуронийлар отахонлар иштирок этди.

Масжиднинг ер майдони ва айни пайтда қурилиш давом этаётган ҳудуд 25 сотихдан иборат. Замонавий масжидга ҳамоҳанг тарзда имом-хатиб, ноиб, мутавалли хоналари ҳамда қоровулхона ҳам бунёд этилмоқда.

Барча шарт-шароитга эга жомега мос тарзда таҳоратхона ҳам қад ростлаяпти.

Намозхонлар учун қулайлик яратиш мақсадида автотураргоҳ ҳам қуриляпти.

Янги жоме тез орада мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилишини Аллоҳ таоло насиб этсин. Бу хайрли ишга ҳисса қўшаёганлардан Раббимиз рози бўлсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Лондонда дунёдаги энг катта ва энг машҳур халқаро “Kew Gardens” боғида Қуръони каримда зикри келган ўсимликлар ҳақида маълумот берувчи махсус кўргазма ташкил этилди. Бу Қуръони карим мазмунини таништиришни мақсад қилган илк ташаббуслардан саналади.

Буюк Британия пойтахти Лондон ғарбида жойлашган ушбу боғда ташкил қилинган кўргазмада Қуръони каримда зикр этилган ўсимликларнинг чизмаси, фотосуратлари ҳам намойиш этилди. Кўргазма фаолияти шу йилнинг 17 сентабригача томошабинлар учун очиқ экани маълум қилинди.

Ўз навбатида боғ маъмурияти: “Қуръони каримда кўплаб мисол ва таълимотлар мавжуд, шунингдек, унда табиат манзараси, хусусан, яшил майдон, ўсимлик ва гуллар ҳақида сўз юритилган”, дейди.

Кўргазмада намойиш этилган санъат асарлари тўпламини “Қуръон ўсимликлари: тарих ва маданият” китоби муаллифи доктор Шаҳина Ғазанфар ва Янги Зеландияда яшовчи ботаника бўйича иллюстратор Суе Викисон яратди.

Викисон томонидан ишланган 30 та фотосуратдан иборат Қуръон ўсимликлари кўргазмасида саримсоқ ва анордан тортиб узум ва хинагача бўлган кенг турдаги ўсимликлар ва уларнинг Қуръондаги аҳамияти ва мазмуни ҳақида маълумотлар тақдим этилган.

Шуниси эътиборга лойиқки, “Kew Gardens” бу соҳада дунёдаги энг йирик халқаро боғ ҳисобланади. Чунки у дунёдаги энг катта ва энг хилма-хил ўсимлик ва қўзиқорин коллекцияларини ўз ичига олади.

Халқаро боғлар Лондоннинг ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, уларда 1 100 дан ортиқ ходим ишлайди ва йиллик бюджети 65 миллион фунт стерлинг, яъни 85 миллион AҚШ долларидан ошади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2023-2024 ўқув йили модуль таълим тизими учун ҳужжат топширган абитуриентлар 2023 йил 3 август куни қуйидаги фанлар бўйича тест синовларида қатнашади:

– ихтисослик фанлари мажмуаси: Қуръони карим ва тажвид, ҳадис, фиқҳ, ақоид – 73,5 балл;

– ижтимоий-гуманитар фанлар мажмуаси: Ўзбекистон тарихи, Маънавият асослари, Миллий ғоя – 27,5 балл.

Тест синовлари 3 август, соат 06:00 да бошланади.

Эслатма: Абитуриентлар қабул имтиҳонларига рухсатнома ва паспорт билан киритилади;

Имтиҳон биносига киритиш эрталаб соат 5:30 да бошланиб, 30 дақиқа давом этади;

Соат 6:00 дан сўнг кечикиб келганлар, қандай сабаб бўлишидан қатъий назар, имтиҳонга киритилмайди.

Имтиҳон ўтказиладиган манзил: Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўча, 47-уй.

☎️ 71-240-03-58, 77-250-03-58

Тошкент ислом институти
Матбуот хизмати

Top