Рамазон

Хуш келдинг, ойлар шоҳи!

Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”.

Бақара сураси, 183-оят

Ўхшаши топилмас, имконларга бой, ажру савоблари туганмас, гуноҳларга мағфират палласи – муборак Рамазон ойининг биринчи ўн кунлиги ҳам ўтиб бормоқда. Ҳар биримизнинг кўнглимизда бу ойни янада баракали ва файзли ўтказиш нияти жўш урмоқда. Унинг фазилатларини эса санаб ниҳоялаш мушкулдир. Энг асосийси, бу ойда мўминлар комил ишонч билан қалбида мужассам имон билан рўза тутадилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қиладилар: «Ким Рамазон рўзасини имон-ишонч билан ва савобидан умид қилиб тутса, олдинги гуноҳлари мағфират қилинади».

Рўза кунларида саҳарликни белгиланган вақтигача кечиктириш, кун ботиши билан дарҳол оғиз очиш суннатдир. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Аллоҳ яхши кўрадиган учта нарса бор, биринчиси ифторни кун ботиши ила дарҳол қилиш, иккинчиси саҳарликни охирги вақтигача кечиктириш, учинчиси намозда бир қўлни иккинчи қўл устига қўйиб туриш”, дея марҳамат қилганлар. Шунингдек, Рамазон рўзасининг ўзига хос одоб-ахлоқи бор. Шулардан биттаси, рўза тутган киши нафақат ейиш-ичишдан, балки гуноҳ, дилозорлик ва ғийбатдан ҳам тийилмоғидир. Ҳадиси шарифда айтилишича: “Рўза (дўзах ўтидан асровчи) қалқондир. Рўза тутган киши ёмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ёки ҳақорат қилса, икки марта «мен рўзадорман», десин...”.

Саҳобалардан бири Набий (алайҳиссалом)га: “Эй Расулуллоҳ, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни буюринг”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рўза тут, унинг ўхшаши йўқдир”, деб жавоб бердилар.

Абу Ҳомид Муҳаммад Ғаззолий ўз асарида рўза ҳақида ёзар экан, жумладан шундай фикрларни келтириб ўтади: “Рўза тутиш жон учун закот, бадан учун риёзат, яхшилик учун даъватдир. Рўза инсон учун гуноҳлардан тийилиш, жамият учун жиноятлардан сақланишдир. Оч баданда қалб бир меъёрда ишлайди, ақл тиниқлашади, кўз равшан тортади”.

Халқимиз қадимдан эътиқод қилиб келган Ислом дини миллий қадриятларимиз билан уйғунлашиб, гўзал кўриниш касб этган. Буюк аждодларимиз Рамазон ойини янада меҳр-мурувватли ва сахий, ҳар қачонгиданда олижаноб бўлиб ўтказганлар. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонлар орасида энг олийжаноб ва сахий эдилар. Лекин Рамазон ойида яна ҳам олийжаноб ва сахий бўлар эдилар. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисни келтиришимиз мумкин: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонлар ичида яхшилик қилишда энг сахийси эдилар. У зотнинг Рамазон ойида янада сахийликлари ортиб кетарди...”. Ҳазрат Навоий ҳам ушбу муборак ойда яхшилик ва садақани имкон борича орттиришга интилган. У киши тез-тез ифторлик дастурхонини ёзар, унга улуғ саййидлар, ўша замоннинг олимлари ва бошқа кўпгина замондошларини таклиф этарди. Алишер Навоий меҳмонлар ҳурматини ўрнига қўйиб, овқатларни ўзлари тортарди. Аллома бобокалонимизнинг Рамазон ойидаги бу буюк илтифоти, саховати авлодларига намуна бўлишга арзигулик фазилатдир. Чунки, мана шундай файзли онларда Навоий бобомизнинг ворислари бўлган кўпгина юртдошларимиз ҳам яқинлари учун ифторлик дастурхонларини ёзиб, кўп дилларни мамнун этиш асносида, бемисл савобларгада нойил бўлмоқдалар. Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким рўзадорни ифтор қилдирса, Унга унинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридин ҳеч бир нарса кам бўлмас”, дедилар. Шу билан бирга ифторликларни дабдаба ва исроф асосида бўлишидан ҳам сақланиш керак. Аслида ифторлик қилишдан савобга эришиш мақсад қилинади. Лекин баъзи бир ифторликлар исроф ва дабдаба сабабидан умид қилинган савобдан бенасиб қолади. Исрофнинг оқибати эса бандани Аллоҳ таолодан узоқ қилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди” (Анъом, 141), деб марҳамат қилган.

Айниқса, Рамазон кунлари юртимизда масжидларимиз янада ободлашади. Тобора чирой очиб, кўркамлашиб бораётган ибодатгоҳларимизда таровеҳ намозлари ва бугунги кун учун долзарб бўлган мавзулардаги суҳбатлар ўтказилмоқда. Бу каби яратилган шароитлардан юртдошларимиз мамнун ҳолда қўлларини дуога очиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, осмонимиз мусаффолигини сўраб Яратганга илтижо этадилар.

Истиқлол йилларида юртимизда Рамазон ўзгача руҳ ва кайфиятда кутиб олинади. Мустабид тузумида тазйиқ остига олинган ибодатлар ўз эркинлигига эришди. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуслари билан ҳар йили “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” қарор қабул қилинади. Мамлакатимизда ушбу ойнинг инсонийлик, эзгулик, маънавий поклик ҳамда шукроналик фазилатлари қадрланади. Ушбу қутлуғ ойда амалга ошириладиган хайрли ишлар, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳларни обод этиш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилади.

Муборак Рамазон ойида юртдошларимиз ҳам эзгу ишларга янада кўпроқ шошиладилар. Аллоҳ таолонинг яхшиликлар учун ажру мукофотларни бир неча баробар орттирадиган бу кунларни ғанимат билиб, хайрли амалларни кўпайтиришга, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга, халқимизга хос фазилатларни, миллий-диний қадриятларимизни улуғлашга интиладилар.

 

З.Мирсодиқов, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири

Read 75955 times

Мақолалар

Top