muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактабига 2020-2021 ўқув йили бўйича ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар учун жорий йилнинг 1-13 июнь кунлари давомида бепул масофавий тайёрлов курси ташкил этилмоқда. 

Тайёрлов курси учун абитуриентлардан ҳужжатлар 2020 йилнинг 2 июнига қадар Cette adresse e-mail est protégée contre les robots spammeurs. Vous devez activer le JavaScript pour la visualiser. электрон почта ёки телеграмдаги @HIM_tayyorlovkursiBot манзили орқали қабул қилинади. 

Эслатиб ўтамиз, мазкур тайёрлов курсига фақат ўрта махсус ислом таълим муассасасини битирган абитуриентлар иштирок этишлари мумкин.

 Тақдим этиладиган ҳужжатлар:

  • паспортнинг электрон нусхаси
  • ўрта махсус ислом таълим муассасасини битирганлиги ҳақида ҳужжатнинг электрон нусхаси 

Тайёрлов курси қуйидаги фанлардан бўлиб ўтади:

  • Ҳадис истилоҳлари
  • Ҳадис шарҳлари
  • Араб тили

 Тайёрлов курси абитуриентлари учун дарс машғулотларини Ҳадис илми мактаби ўқув жараёнларига Миср Араб Республикасининг нуфузли Ал-Азҳар университетидан жалб этилган 2 нафар профессор-ўқитувчилар Ҳадис илми фанлари доктори Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон ва Балоғат ва мунозара фанлари доктори Али Саад Али Саад ҳамда Мактабни малакали ўқитувчилар томонидан олиб борилади.

Мурожаат учун телефон: (+99866) 240-20-51.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Кўпчилигимиз мусибат етганда нима қилишни билмай, ўзимизни ўққа-чўққа ура бошлаймиз. Билмаймизки, мусибатни берган Аллоҳ ундан чиқиш йўлини ҳам кўрсатади. 

Аслида, олов темирдан зангни кетказгани каби мусибат ва синовлар ҳам инсон қалбидаги қусурларни тозалайди. Фақатгина темирчи занги тўкилиб эриган темирдан ўткир қилич ясаганидек, биз ҳам тақдир қилинган мушкулотлардан фойдаланиб, хулоса чиқариб Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлмоғимиз мақсадга мувофиқдир. Чунки ҳар бир мусибат ва мушкила синовдир. Синов эса соврин учун, бўлганда ҳам мукофотини Аллоҳ таоло берувчи – икки дунё яхшиликлари, жаннат ва Аллоҳнинг розилигига эришиш учун берилади.

Зеро, бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат келганда: “Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган собирларга хушхабар беринг” (Бақара сураси, 155–156 оятлар). 

Бошқа бир оятда эса шундай хушхабар берилади:

“Магар (балоли кунларда) сабр қилиб, (сафоли кунларда) яхши амаллар қиладиган зотлар борки, ана ўшалар учун мағфират ва катта ажр-мукофот бўлур” (Ҳуд сураси, 11 оят). 

Абу Ҳассон розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга: “Менинг иккита ўғлим вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бизни тинчлантирадиган вафот этганлар ҳақида бирорта ҳадис айтиб бера олмайсизми?” дедим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Ҳа, айтиб бераман. Болалар жаннатнинг энг кичик аҳлидир. Улар (Қиёмат куни) ота-онасини учратганида кийимидан ёки қўлидан ушлаб оладилар. Мен сенинг ки­йимингни мана бундай ушлаганимдек ушлаб олишади. Аллоҳ ота-онасини жаннатга киритмагунча қўйиб юборишмайди” дедилар (имом Муслим ривояти).

Уламолардан бири айтади: Саҳобалар ўзларига мусибат етганида Аллоҳдан учта нарсани сўрар эдилар:

  1. Сабр –Бирор мусибат келганда: “Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган собирларга хушхабар беринг” (Бақара сураси, 155–156 оятлар).
  2. Ажр – “...Ана ўшалар учун мағфират ва катта ажр-мукофот бўлур”(Ҳуд сураси, 11 оят)
  3. Мукофот –  “... Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур” (Зумар сураси, 10 оят).

Банда, ҳар қандай мусибат чоғида сабр-тоқат ила турса, фаришталар унинг “номаи амол”ига бу собирлардан дея битиб қўяди ва бунинг учун қиёматда улкан ажрларга эришади. Сўнгра, мусибатлар кўтарилгач Аллоҳдан мукофот тиласа албатта Аллоҳ уни бу дунёда ҳам ўзи ўйламаган кутмаган мукофотлар билан ризқлантиради.

Ҳақиқий сабр бу – мусибат етган заҳоти қадарга рози бўлишлик ва нолимасликдир!

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Ривоят қилишларича, бир мусаввир чиройли суратни чизди ва уни кўпчилик йиғиладиган жойга осиб қўйди. Расмнинг тепасига шу ёзувларни битди: “Ким бу расмда камчиликни кўрса, устига қизил қалам билан белги қўйсин”. Рассом кечқурун келиб қараса, расм қизил бўёққа тўлиб кетибди. У устозининг олдига бориб, бу расмдан воз кечмоқчи эканини айтди.

  • Йўқ, - деди устози унга. – Сен яхшиси, иборани ўзгартир: “Ким расмда камчилик кўрса, уни тузатсин”, деб ёзиб қўй.

Рассом устозининг айтганини бажарди. Буни қарангки, орадан бир неча кун ўтса ҳамки, расмга ҳеч ким бир чизиқ тортмади.

  • Кўрдингми, - жилмайди рассомнинг устози. – Бу ҳаётда ҳамма нарсадан хато топиш жуда осон, аммо шу хатони тузатиш – ислоҳ этиш ниҳоятда мушкул ишдир...

Куни кеча муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланиб, матбуотда эълон қилинган  “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонини ўқиб, менинг хаёлимга қаердадир ўқиганим – шу ривоят келди. Унинг мазмун-моҳиятини мушоҳада этарканман, кечиримлилик нақадар улуғ фазилат бўлса, хато йўлдаги бир инсонни тўғрилик сари йўналтириш шунчалар мушкул вазифа эканини ҳам идрок этдим.

Дарҳақиқат, кечиримлилик – халқимизга хос фазилат. Умумхалқ байрамлари арафасида билиб-билмай жиноят содир этган, қонуний жазони ўтаётган фуқароларни Президент фармонига асосан авф этилиши ҳам ана шу фазилатларни юртимизда олий қадрият даражасига кўтарилганини англатади.

Президентимизнинг юқоридаги Фармони муборак Рамазон ҳайити арафасида имзолангани билан ҳам аҳамиятлидир. Чунки Аллоҳ ризолиги учун, гуноҳларимиз кечирилишини сўраб, ўттиз кун давомида холис ниятда рўза тутдик. Кўнглимиздан гина-кудуратларни ўчирдик, савобли амалларга шошилдик ва ўз-ўзимизни ислоҳ этишга ҳаракат қилдик. Шундай улуғ кунлардаги авф замирида ҳам ана шундай мақсад мужассам экани билан қалбларимизни тўлқинлантирди. Авф этилган шахслар хотирасида бу галги Рамазон ҳайити унутилмас бўлиб қолиши, шубҳасиз. Мазкур муҳим ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 258 фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 16 нафари асосий жазодан озод этилади, 101 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 24 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилади. Шунингдек, 117 шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди. Афв этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 1 нафарини аёл, 7 нафарини чет давлат фуқаролари, 164 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этади. Эндиликда улар оиласи ва яқинлари бағрига қайтиб, эркин ҳаёт кечирадилар. Улар келгусида ҳам эътибордан четда қолмайдилар. Ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун кўмак берилади. Бу юқоридаги фармонда белгилаб қўйилган вазифалардан биридир.

 

Мусохон АББАСИДИНОВ,
Наманган шаҳар бош имом-хатиби

Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот аҳл ас-сунна” тафсири аҳл ас-сунна вал жамоа эътиқодини ҳимоя қилган ҳолда ўша даврдаги мавжуд фирқаларнинг иддаоларига раддия сифатида ёзилган.

Умуман, шу каби оятлар турли фирқалар томонидан бузиб таъвил этилади ҳамда ўз қарашларига мослашга ҳаракат қилинади.

Ўрта асрларда ўтган оқимларнинг Қуръонни кўпчилик муфассирларнинг шарҳларига хилоф тарзда шарҳлаш ва оятларни ҳақиқий маъносидан узоқлаштиришга ҳаракатлари ҳозирги даврдаги турли бузғунчи оқимлар томонидан ҳам амалга оширилаётгани кузатилмоқда.

Абу Мансур Мотуридий “Таъвилот аҳл ас-сунна” тафсирида адашган фирқа вакилларининг баъзан номларини келтирса, баъзан номини зикр этиб, уларнинг шарҳларини ҳам келтиради. Номлари зикр этилган фирқа пешволаридан Абу Бакр Асам, Ҳусайн Нажжор, Жаъфар ибн Ҳарб, Абул-Қосим Каъбий кабиларнинг сўзларини келтириши IX-X асрдаги ақидавий фирқаларнинг Қуръонни тушунишдаги услублари ҳақида қимматли маълумотларни беради. Адашган фирқалардан деярли барчаси унинг тафсирида номлари зикр этилган, улар: мўътазила, хавориж, карромия, жаҳмия, шиа, қадария, жабария, қарматийлик кабилардир. У кўпроқ калом масалаларида кўпроқ муноқашалар олиб борган мўътазилалар сўзларига раддия беради.

Шафоат масаласи бўйича Ислом фирқалари орасида тортишув мавжуд бўлиб, уларнинг баъзиси гуноҳкорлар шафоат қилинади деса, бошқаси гуноҳсизлар шафоат қилинади, деган. Бунга мисол тариқасида Бақара сураси 255 оятининг қуйидаги бир қисмини келтириш мумкин:

“(Қиёмат куни) Унинг ҳузурида ким ҳам (гуноҳкорларни) Унинг рухсатисиз шафоат қила оларди”[1] ояти шарҳида жумладан, бундай дейди: “Мўътазилалар “шафоат фақат гуноҳсиз яхшилик аҳлига ёки тавба қилганларга нисбатан бўлади”, деган. Баъзилари эса шафоат гуноҳкорларга нисбатан бўлади. Чунки гуноҳсиз киши шафоатга муҳтож бўлмайди, деган.

Имом Мотуридий тафсири ўз давригача Ислом оламида пайдо бўлган барча фирқаларнинг қарашларига Қуръон, сунна ва ақлий далиллар асосида раддия бериб, уларнинг таъсирларини сусайтиришда муҳим ҳисса қўшган. Мотуридийнинг “Таъвилот аҳл ас-сунна” тафсирида ақидавий фирқаларнинг қарашлари бошқа асарлардан фарқли равишда энг кўп жамлангани учун бу асар IX-X асрлардаги фирқалар ҳақида кенг маълумот олишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Хуллас, муфассирлар ёзиб қолдирган асарлар маънавий-маърифий ҳаётда ўзига хос ўринга эга бўлиб, Қуръонни тўғри тушунишда ҳамда тафсир асарларини илмий ўрганишда катта аҳамият касб этади. Уларни доимий илмий тадқиқ этиш, илмий истифодага киритиш муҳим вазифалардан биридир. Шу билан бирга, муфассирларнинг босиб ўтган ҳаётлари, илмий меросларини ўрганиш маънавий-маърифий ҳаётда, шунингдек, диний бағрикенглик асосида таълим-тарбия беришда катта аҳамият касб этади. Ҳозирги даврда динни тўғри англашда, унинг асл инсонпарварлик, бағрикенглик ғояларини очиб беришда ва халққа соф ҳолда етказишда тарихда ўтган Марказий Осиёлик муфассирларнинг тафсир асарлари ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, бу ҳудуд азалдан илмий-маданий марказ бўлгани тарихдан маълум. Бу заминда турли динларнинг ўзаро ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик асосида мулоқот қилгани халқнинг юксак маданиятга эга эканидан далолат беради. Шунинг учун турли дин ва маданиятларни бағрига олган бу заминда маънавий-маърифий юксалиш жараёнлари юз берган. Бугунги миллий ва диний қадриятларнинг тикланиш даврида илмий, маънавий-маърифий бойлик бўлмиш маънавий меросларни ҳар томонлама ўрганиш ва таҳлил этиш муҳим аҳамият касб этади.

Муҳаммаджон Абдуҳамидов,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти

 

[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / таржима ва тафсир муаллифи: Абдулазиз Мансур. – Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2018. – Б. 42.

Зайниддин Эшонқулов,

Cамарқанд вилояти бош имом-хатиби

 

Мақолалар

Top