muslim.uz

muslim.uz

Ўтган бир ой давомида юртимизни кезиб юрган қорилар мусобақаси Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” жоме масжидида ўз ниҳоясига етмоқда.
Бир неча дақиқалардан кейин туман босқичининг сўнгги ғолиблари эълон қилинади ва Қуръон мусобақасининг туман-шаҳар босқичи тантанали равишда ёпилади. Мусобақа якунидаги ўта ҳаяжонли, юракларни эзилтирадиган онларни ўтказиб юборманг.
Шундай экан азизлар, “Ҳазрати Имом”даги мусобақани кузатинг ва шукуҳли лаҳзаларни muslim.uz портали орқали томоша қилинг.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кеча, 14 февраль куни мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Давлатимиз раҳбари ёш авлод тарбиясининг биринчи ва муҳим бўғини бўлган мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. 2017 йил 16 август ва 19 октябрь кунлари бўлиб ўтган йиғилишларда бу масала атрофлича муҳокама қилинган эди. 2017 йил 30 сентябрда Президентимиз томонидан “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифлари чоғида ўтказилган мажлисларда ҳам бу борада кўплаб вазифалар белгилаб берилди. 

Йиғилишда жойлардаги мактабгача таълим муассасаларининг аҳволи, соҳадаги ишларни жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу тизимни чуқур таҳлил қилиб, шу пайтгача назардан четда бўлган энг кичик жиҳатларигача эътибор қаратди. 

Дастлаб бу масалада Андижон, Наманган, Самарқанд, Фарғона ва Жиззах вилоятларида ўтказилган ўрганишлар натижаларига эътибор қаратилди. Масалан, Андижон вилоятидаги 87 та маҳаллада биронта ҳам болалар боғчаси йўқлиги, 84 та боғча филиалини мустақил муассасага айлантириш ёки давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат боғчаларини ташкил этиш бўйича туман ҳокимликлари томонидан аниқ чоралар белгиланмагани танқид қилинди. 

Вилоятда мавжуд 451 та мактабгача таълим муассасасидан 200 тасида озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун махсус омбор йўқ, совуткич, шкаф ва стол-стуллар етишмайди. Шунингдек, ҳанузгача 123 та боғчага ичимлик суви ташиб келтирилади, 71 тасининг атрофи ўралмаган, 134 тасида мусиқа хоналари жиҳозланмаган, 420 тасида кичик кутубхоналар ташкил этилмаган. 

Шундай камчиликлар Наманган, Самарқанд, Фарғона ва Жиззах вилоятларида ҳам кузатилган. 

Барча ҳудудларда учрайдиган бу каби камчиликларни босқичма-босқич бартараф этиш, мактабгача таълим муассасаларини яхшилаш мақсадида давлатимиз томонидан катта маблағ ва ресурслар йўналтирилмоқда. 2018 йил учун тасдиқланган Инвестиция лойиҳалари рўйхатига мувофиқ, 771 миллиард сўм бюджет маблағлари ҳисобидан 60 та боғча янгидан қурилади, 295 таси реконструкция қилинади ва 176 таси мукаммал таъмирланади. 

Йиғилишда жорий йилда давлат мактабгача таълим муассасалари қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича манзилли рўйхатни тасдиқлаш, болалар боғчаларининг моддий-техник ҳолатини ўрганиб, мебель, ошхона жиҳозлари, ўйин майдончалари ва спорт инвентарларига бўлган талабни аниқлаш ҳамда яқин 2 йилда мамлакатимиздаги барча боғчаларни жиҳозлаш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш зарурлиги таъкидланди. 

Янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган боғчаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини сифатсиз тайёрлаш, қурилиш ва таъмирлаш ишларини охирига етказмаслик, баъзиларини таъмирламасдан қолдириб кетиш ҳолатлари кўп учраётгани танқид остига олинди. 

Масалан, ўтган йили Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 14-боғчада қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилган, муҳандислик тармоқларига тўлиқ уланмаган, жиҳозлар тўлиқ етказиб берилмаган. Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманидаги 3-, Нишон туманидаги 20-, Косон туманидаги 32-боғчада таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилмаган. Бухоро шаҳридаги 3-, Бухоро туманидаги 19-, Ромитан туманидаги 11-, Қоракўл туманидаги 7-боғчаларда пардозлаш ишлари сифатсиз бажарилган, жиҳозларнинг 50 фоизи етказиб берилмаган. Кўплаб лойиҳаларда назарда тутилмагани сабабли боғчалар ҳудудини ободонлаштириш, атрофини ўраш, ташқи коммуникация тармоқларига улаш ишлари бажарилмай қолмоқда. 

Бу каби камчиликларни бартараф этиш учун ҳокимликлар, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига тегишли топшириқлар берилди. Мактабгача таълим муассасаларининг лойиҳа-смета ҳужжатларида ёрдамчи биноларни ҳам таъмирлаш ва жиҳозлашни назарда тутиш, уларни аҳоли учун қулай ва муҳандислик-коммуникация тармоғи мавжуд ҳудудларга жойлаштириш зарурлиги қайд этилди. Намунавий лойиҳаларни қайта кўриб чиқиб, янги қуриладиган боғчалар учун сарфланадиган харажатларни арзонлаштириш вазифаси қўйилди. 

Навбатдаги муҳим масала, деди Шавкат Мирзиёев, давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат боғчалар тармоғини кенгайтиришдир. Ҳудудларга бириктирилган тижорат банклари ва тадбиркорлар томонидан 2018 йилда жами 222 минг нафар болага мўлжалланган 3 мингдан зиёд нодавлат болалар боғчасини ташкил этиш режалаштирилган. Шундан 1 минг 200 таси янги қуриладиган бинода, 1 минг 360 таси мавжуд биноларда ва 470 таси уй боғчаси сифатида ташкил этилади. 

Жойларда бу борада қатор ишлар бошлангани, лекин Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Навоий вилоятларида суст бораётгани қайд этилди. Айрим раҳбарларнинг узоқни кўра олмаслиги ва давлат сиёсатини тушунмаслиги оқибатида ишлаб турган давлат боғчаларини хусусийлаштириш ва тадбиркорларга бериб юборишга уриниш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса аҳолининг ўринли ва жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда. 

Шу боис тадбиркорларга ишламай турган боғчаларни бериш, бинони таъмирлаб ва жиҳозлаб ишлатиш вазифасини қўйиш зарурлиги таъкидланди. 

Хусусий боғча учун яхши жойдан ер, бино ва имтиёзли кредит олиб, қурилган ёки таъмирланган бинодан 1-2 йилдан кейин бошқа мақсадда фойдаланаман, деган “хомхаёл” билан юрган қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар ҳам бор, деди Президентимиз. Шу сабабли ҳокимликлар хусусий боғчалар учун ер ва бино ажратиш, банклар эса кредит бериш тўғрисидаги ўз қарорларида бундай бинолардан камида 15-20 йил давомида боғча сифатида фойдаланиш зарурлиги тўғрисидаги шартларни назарда тутиши керак. 

Давлат-хусусий шериклик асосида хусусий боғчалар ташкил этиш бўйича ҳам қатор вазифалар белгиланди. 

Молия вазирлигига Нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасини тузиш, Жамғарма маблағларини нодавлат болалар боғчалари учун бино ва иншоотларни харид қилиш, янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларига имтиёзли ставкада кредит ажратишга йўналтириш топширилди. 

Мактабгача таълим вазирлигига давлат-хусусий шериклик асосида боғчаларни ташкил этиш моделлари, давлат ва хусусий шерикнинг хуқуқлари ва мажбуриятлари, боғчаларни малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича низом лойиҳасини ишлаб чиқишни тезлаштириш вазифаси қўйилди. 

Ҳокимликлар ва банкларга 2018 йилда ташкил этиладиган 3 мингдан зиёд хусусий боғчанинг ҳар бири бўйича ер, бино ва кредит ажратиш, боғчаларни ишга тушириш муддатлари аниқ белгиланган жадвалларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлатиш юзасидан кўрсатма берилди. 

Ҳал этишимиз зарур бўлган яна бир муҳим муаммо, деди давлатимиз раҳбари, боғчаларда болаларни белгиланган меъёрлар асосида тўғри ва сифатли овқатлантиришни ташкил этишдир. 

Афсуски, болаларга сут маҳсулотлари ва мева тасдиқланган нормадан кам миқдорда берилмоқда, балиқ маҳсулотлари эса деярли берилмаяпти. 

Йиғилишда бу борада берилган топшириқларга мувофиқ, болаларни сифатли овқатлантириш, кўрпа, ёстиқ ва чойшабларини белгиланган муддатларда алмаштириш, дори-дармон ва ювиш воситалари учун ажратиладиган маблағлар миқдори етарли экани аниқ ҳисоб-китоб қилинади.

Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг жойлардаги бўлинмалари раҳбарлари боғчаларда болаларнинг белгиланган меъёрлар асосида соғлом ва тўғри овқатланишини ташкил этишга шахсан масъул бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги боғчаларда таомларни тайёрлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиш ва сақлашда санитария нормалари ва гигиена қоидаларига қатъий риоя этилишини назорат қилади.

Йиғилишда мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларининг савияси, билими ва кўникмалари масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Тизимда фаолият юритаётган қарийб 60 минг тарбиячининг атиги 21 фоизи олий маълумотли, 79 фоизи эса ўрта махсус маълумотга эга экани қайд этилди.

Болалар тарбияси жараёнига ўз ишини пухта биладиган, малакали ва ҳар бир болага индивидуал ёндаша оладиган педагог-кадрларни жалб қилган ҳолда, уларни гўдаклигидан онги ва тафаккурини тўғри шакллантириб бормасак, келажакда юксак савия, билим ва маънавиятга эга бўлган баркамол авлодни тарбиялаш қийин бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.

Бу борадаги ўрганишлар натижасида келгуси 3 йилда мактабгача таълим тизимида 47 минг 300 дан зиёд олий маълумотли педагог кадрлар, жумладан, 28 минг 300 нафар тарбиячи, дефектолог, психолог, мусиқа раҳбарига эҳтиёж пайдо бўлиши аниқланган. Шу боис, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларида “Мактабгача таълим” йўналишида кундузги шаклда 3 йиллик бакалаврлар тайёрлаш тизими жорий этилади. Бунда илғор хорижий тажриба, жумладан, Жанубий Кореянинг етакчи университетлари тажрибаси асосида янги ўқув режаси ва дастурлари ишлаб чиқилади.

Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларида сиртқи ва кечки шаклда бакалаврлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилади. Жорий йил март ойидан бошлаб, вилоятлардаги университет ва педагогика институтлари базасида боғчаларнинг педагог ва номутахассис кадрлари учун ярим йиллик ўқув дастурлари асосида қайта тайёрлаш курслари ташкил этилади.

Бу ҳақда сўз юритар экан, Президентимиз Жанубий Кореянинг Пучон университети билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Мактабгача таълим университетини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда юқори малакали, олий маълумотли кадрларни рағбатлантириш, мактабгача таълим муассасалари педагог ходимларининг ойлик иш ҳақини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Имконияти чекланган ва жисмоний ривожланишида нуқсони бўлган болаларга мўлжалланган боғчаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишларига ҳам эътибор қаратилди.

Муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди раҳбар ва ҳокимларнинг ахборотлари тингланди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампга Флорида штатининг Маржори Стоунмен Дуглас шаҳрида рўй берган шафқатсиз жиноят оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик йўллади. 

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати хабар берди. 

Ўз хатида Шавкат Мирзиёев ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлаш сўзларини изҳор этди. 

Маълумот учун, АҚШнинг Флорида штати мактабларидан бирида отишма содир этилиши оқибатида 17 киши ҳалок бўлиб, 10 киши жароҳатланган эди. 

Отишмани содир этганликда гумон қилинаётган 19 ёшли Николас Круз қўлга олинган. У айнан шу мактабнинг собиқ ўқувчиси бўлиб, тартиббузарлиги учун ўқишдан четлатилгани айтилган. 

Дастлабки тахминларга кўра, гумонланувчи AR-15 223 калибра русумли ўқотарга ўхшаш қуролдан фойдаланган.

ЎМИ  матбуот хизмати

Мақолалар

Top