muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида 28 январь куни Чироқчи туманида вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Ушбу йиғилиш ижтимоий тармоқларда роса машҳур бўлиб кетди. Чунки унда давлат раҳбарининг самимий мутойибаси бор эди.

Вилоятдаги ҳар бир туман бўйича муаммо ва камчиликларни халқ вакилларидан тинглаган юртбошимиз Чироқчи тумани вакилининг туманда темирйўлга, шунингдек, Қумдарёнинг сувидан суғориш даврида фойдаланиш учун сум омборига эҳтиёж борлигини маълум қилганида “Қани келишайлик, қайсини олдин бошлаймиз”, деб ҳазил оҳангида гапирганида ҳамма кулиб юборди, кайфияти кўтарилди.

Давлат раҳбарининг бундай мутойиба қилишининг сабаби шунда эдики, туман вакили мақсадини ортиқча илтифотлару мулозаматларсиз мутлақо табиий равишда айтгани бўлди.

Бу одамнинг соддалигини кўрган Президентимиз унга савдошлашишни таклиф қилиб: “Катта-катта масалалар қўйилди, темир йўлни олдин қиламизми ёки сув омбориними, қайси бирини танлайсиз?” деб сўраганида у яна ўша соддалигига бориб “Иложи бўлса, иккаласини ҳам...” деб жавоб қилди. 

“Ана, бу ёғи энди қашқадарёча”, бўлди деб кулиб юборди юртбошимиз ва Чироқчи туманида ҳақиқатан темир йўлга эҳтиёж борлиги ва уни қисқа фурсатларда ҳал этиш лозимлигини айтиб, мутасаддиларга кўрсатмалар берди. Шундан сўнг сув омбори масаласига тўхталди. Вакилнинг  айтишича, ҳар йили ёғин-сочиндан ҳосил бўлган 80-100 миллион куб сув қум бағрига сингиб кетар экан. Ана шу сув сақлаб қолинса, вегетация даврида жуда ҳам асқатади. Шунинг учун ҳам Президентимиз тумандаги учинчи сув омборини қуриш учун унинг лойиҳасини тайёрлашни буюрди. Бошқа туман вакиллари билан ҳам худди шундай самимий оҳангда савол-жавоб қилганлари кузатиб ўтирган барча фуқароларимизда ўзгача, яхши кайфият уйғотди.

Давлат раҳбарининг оддий инсон билан бундай оҳангда сўзлашиши унинг истакларидан қайси бирини олдин бажаралишини исташини сўраши, яъни “савдолашиши” қандай ажойиб ҳодиса. Халқимиз ана шу ҳодисани кўриб бир севинган бўлса, Чироқчига темир йўл келиши ва яна битта сув омбори қурилишини эшитиб яна бир марта хурсанд бўлди ва шундай халқпарвар йўлбошчи билан сийлагани учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар айтди.

 

ЎМИ матбуот хизмати

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти Бош имом-хатиби Турсунтоҳир домла Эрбўтаев билан суҳбат.

Ассалому алайкум, домла! Маълумки, инсон зоти моддий эҳтиёжлар билан бирга маънавий озуқага ҳам ташна бўлади. “Тарбия таълимдан устун туради, чунки инсонни вояга етказадиган нарса тарбиядир” дея таърифлаган экан файласуфлардан бири. Фурсатдан фойдаланиб, тарбия ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

 – Имом Байзовий «тарбия»ни қуйидагича таърифлайди: «Тарбия бир нарсани аста-секин камолига етказишдир». Фарзанд ёшгина ниҳол шуни секин-асталик билан ота-она камолотга етказдириб, мева берадиган дарахтга айлантириб қўйишлиги керак ва ана ундан кейин унинг мевасидан, унинг самарасидан, ҳосилидан фойда кўради, манфаатдор бўлади. Агар фарзандни, яъни ёш ниҳолни ўз ҳолатига қўйиб қўйса, ёввойи ўтлар атрофини ўраб, унинг куч-қувватини сўриб олади ва унга ёввойилиги таъсир қилади, бориб-бориб энг зўр ҳосил бериши керак бўлган ниҳол, келажакда ёввойи, ҳеч қандай ҳосил бермайдиган, соядан бошқа нарсага ярамайдиган бир дарахтга айланади. Соя эса оддий кўланкада ҳам бўлаверади».

“Юртимиздан дунё илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар етишиб чиққан. Ёшларимизни уларга муносиб маърифатли, илмли қилиб тарбиялашимиз лозим”, – дея таъкидлаган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Бугун фарзандларимиз таълим-тарбияси, уларни шиддат билан бошланган ислоҳотларга камарбаста, миллий ва умуминсоний қадриятларга эҳтиром руҳида камол топтириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Инсоннинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли, бўлишининг муҳим омили – илмга эътиборлиги билан албатта. Зеро, тарбия ҳам илм билан юксалишини асло унутмаслик лозим.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактаблари  ташкил этилди. Мазкур илмий мактабларни ташкил этилиш замирида ҳам ёшларимизни таълим-тарбияси юксалтириш, уларни ватанга садоқат, аждодларимизга муносиб ворис сифатида улғайтириш мақсад қилинган.

– Дарҳақиқат, ҳозирда юртимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам катта ўзгариш ва ислоҳотлар амалга оширилаётганига ишора қилиб ўтдингиз. Айни вақтда муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан Қуръони карим мусобақаси кенг кўламда ўтказилмоқда. Мазкур жараёнларнинг фарзандларимиз тарбиясига аҳамияти ҳақида айтиб ўтсангиз?

“Илм  талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир” дейилади ҳадиси шарифда. Фарзандларимиз  олтиндан ҳам қимматли вақтларидан ҳар томонлама унумли фойдаланишлари жуда ҳам муҳимдир, зеро бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз, Қуръонни ўрганиб, уни ўргатадиганларингиздир”  (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳга шукрлар бўлсинким, Юртимизда ҳам муҳтарам Президентмизнинг юксак ташаббуслари билан ўлкамизнинг туман-шаҳарларида Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримни ўз қалбларига жо қилган қори ва қориялар мусобақалари кенг миқёсда бўлиб ўтмоқда. Яратган Парвардигорга беҳисоб шукрки, мана шундай инсонлар бизнинг ўлкамизда ҳали жуда ҳам кўп экан.

Президентимизнинг Қуръон мусобақасини ўтказишга катта ташаббус кўрсатиб: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади”, – деб алоҳида таъкидладилар.

Қуръонни ёдлаш, бошқа илмларни ҳам ўзлаштиришга ёрдам беради. Қуръон – нурдир. Уни ёдлаган кишининг қалби мунаввар бўлади. Қалбнинг ободлиги имон-эътиқод ва Қуръон тиловати билан бўлади.

Имом Бухорийнинг замонларида беш ёшли болалар ёппасига Қуръонни ёзиб, ўқий олиш малакасига эга бўлган. Имом Бухорий, Ибн Сино, Беруний, Навоий каби алломаларимизнинг ҳаммалари 10 ёш атрофида ҳофизи Қуръон бўлишган. Улар ўз асарларини араб тилида ёзганлар. Имом Замахшарийдек бобокалонларимизнинг араб тили ва балоғатида ёзган асарларини ҳозиргача арабу ажам ўқиб, ўрганмоқда. Зотан, улуғ аждодларимиз айнан шундай йўл тутганлар. Биз ҳам боболаримиз маёғини маҳкам тута олсаккина авлодларимиздан яна бухорийлар, насафийлар етишиб чиқиши мумкин.

Аллоҳ таоло барчамизга фарзандларимизни чиройли тарбия қилишимизни ҳамда зурриётларимизни эл-юрт корига ярайдиган комил инсонлар бўлиб етишишларини насиб этсин!

Раҳматуллоҳ Жалилов

суҳбатлашди

ЎМИ Матбуот хизмати

1-савол: “Барзах” ҳаёти нима? 

Жавоб: “Барзах” сўзи луғатда икки нарсанинг ораси деганидир. Шариат истилоҳида эса инсон вафот этганидан сўнг то қиёматгача бўлган вақтини “барзах” ҳаёти дейилади. 

Инсон қабрга қўйилганидан сўнг икки фаришта – Мункар ва Накир Аллоҳ ва Унинг расули, дини ҳақида сўраши, шундан кейин қабрда роҳат ёки азобнинг бўлиши ҳақдир (“Фиқҳул Акбар”). 

2-савол: Баъзилар қабр атрофида айланиб, марҳумдан мадад сўрайди. Қабрни зиёрат қилиш одоби қандай? 

Жавоб: Қабрларни зиёрат қилиш жоиздир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қабрларни зиёрат қилишдан сизларни қайтарган эдим. Энди қабрларни зиёрат қилаверинглар! Чунки у охиратни эслатади”, деганлар. Бу саҳиҳ ҳадисдир. Қабр зиёрати ўйин­кулги учун, одамларга қўшилиб бориб, кўриб келиш, томоша қилиш учун бўлмаслиги керак. Инсон қабрларда ётганлардан ибрат олиши, ўзининг ҳам у ерга келишини ўйлаши, охиратининг обод бўлишини, қабрдаги сўроқ­саволларни, унга берилиши керак бўлган жавобларни ўйлаши, ўзидан кейинда қолганлар уни нима деб, қандай одам деб эслашларини тасаввур қилиши даркор. Қабристонга келганда дунёда парҳезгар бўлишини, ҳалолдан ризқланишини, қилган гуноҳларига, ёмонликларига пушаймон бўлиб, тавба ва истиғфорлар қилиши лозим. 

Қабрларнинг зиёратига борганда таҳоратли бўлиш мустаҳабдир. Аслида мўмин-мусулмон ҳамма вақт таҳоратли юриши афзал. 

Қабристонга кириб келганда, умумий қилиб қабристонда ётган мусулмонларга салом берилади. Зиёрат қилмоқчи бўлган қабри олдига келганда, унинг қибла тарафига ўтиб, орқани қиблага, юзни эса қабр томонга қаратиб, Қабр аҳлига салом берилади. Бу Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қолган мўътабар одатдир. Жумладан, у зоти шариф қабристонга чиққанларида: “Ассалому алайкум, мўмин ва муслимлар диёрининг аҳллари! Биз Аллоҳ хоҳласа, сизларга қўшиламиз. Аллоҳдан ўзимизга ва сизларга офият сўраймиз”, деганлар. Кейин Қуръондан билган сура ёки оятларини ўқиб, қабристон аҳлига, ўзи зиёрат қилаётган қабрдаги кимса руҳониятига савобини бағишлайди. 

Имом Байҳақий ва Дайламийлар Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишларича, Жаноби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қабрда ётган маййит бамисоли сувда ғарқ бўлиб кетаётган ва ёрдам сўраётган кишига ўхшайди, у ўз отаси, онаси, фарзанди, дўстидан ёрдам сўрайди. Агар улардан дуо етса, унга бутун дунё бойлигидан улуғроқ ҳадя етган бўлади. Тириклар дуоси сабабли қабр аҳлларига тоғлардек катта савоблар етади. Тирикларнинг маййитларга қиладиган ҳадяси улар ҳаққига истиғфор айтишдир”, деганлар. 

Қабр аҳли тирикликларида қандай эҳтиромга сазовор бўлган бўлсалар, ўлганларидан сўнг ҳам эҳтиром этилишга лойиқдирлар. Авлиёлар қабрлари олдида эҳтиром билан юриш, одоб билан гаплашиш лозим. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) айтадилар: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) ҳужрамга дафн қилинганларидан сўнг бирови хўжайиним, бирлари отам деб, уйда пайтимда тез-тез кириб зиёрат қилиб чиқаверар эдим. Аммо ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) уларнинг ёнларига дафн қилинганидан сўнг кам кирадиган, кирсамда, ҳижобим ва пардам билан кирадиган бўлдим”. 

Ўликлар ёрдам беришга қодир эмас. Улардан мадад ва ҳожатларини раво этишни сўраш ширкдир. 

Зиёрат вақтида қабрларни ўпиш, уларни қучоқлаш, юзга суртиш каби амаллар макруҳи таҳримий, яъни ҳаромга яқин макруҳ амал ҳисобланади. Қабр атрофини айланиш эса мутлақо ҳаром. Қабрлар олдида чироқ ёки шамлар ёқиш, уларнинг ёнида қўйлар сўйиш, ҳар хил латталар боғлаш ҳам шаръан ҳаром ишлардир. Буни ҳалол санаш инсонни куфрга олиб боради. 

3-савол: Баъзи жаноза намозларида иштирок этиб, қабристонда қабрларни босиб юрган кишиларни кўрамиз. Ушбу нарса Ислом динида жоизми? 

Жавоб: Бу нарса Ислом шариатида жоиз эмас. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деб марҳамат қилганлар: “Сизларнинг бирортангиз қабр устига ўтирганингиздан кўра бир чўғнинг устига ўтириб, кийимингизни куйдирганингиз ва ўша кийим куйиб терингизга ёпишиб қолгани яхшироқдир” (Имом Муслим ривояти). 

Шундай экан, қабрларнинг устига ўтириш гуноҳ ҳисобланади. Иложи борича бундай ишлардан эҳтиёт бўлмоқ лозим. 

4-савол: Қабр устига қўйилган тош ёки мармар қабрда ётган маййитга азоб берармиш, шу ростми? 

Жавоб: Қабр устига тош ёки мармарга ўхшаш бошқа нарсалар қўйишни агар марҳум васият қилган бўлса, унга шу ношаръий васияти туфайли маълум даражада азоб берилиши китобларда ёзилган. 

5-савол: Бизнинг водий томонларда бир одат бор, одамлар қабристон зиёратига борганда, қабр усти ва атрофларига дон сепадилар, бошқа бировлар эса, олиб борган донига дуо ҳам ўқишади. Бу нарса шариатимизда борми? 

Жавоб: Йўқ. У каби ишлар жоҳилият одатларидандир. Қадимда жоҳилият замонларида одамлар қабрлар ёнига дон-дун қўйиб кетишлари тарихдан маълум. 

Қабр усти ва атрофига дон сочиш донни исроф қилишдир. Исроф нафақат бизнинг динимизда, балки барча динларда ман қилинган. 

6-савол: Қабрларни очиш мумкинми? 

Жавоб: Динимизда қабрларни очиш, марҳумнинг суякларига шикаст етказиш ман этилган (“Фатовойи Ҳиндия”). Шунинг учун зарурат бўлмаса, қабр очилмайди. 

7-савол: Юртимизнинг жуда кўп жойларида, айниқса, йўл чеккаларида рамзий “қабр” сифатида ўраб қўйилган жойларга дуч келамиз. Тўғри, бу ўша жойда ҳалокат содир бўлгани ва оқибатда инсонлар ҳалок бўлганини англатиши шубҳасиз. Лекин бу ерни турли хил панжара ёки белгилар қўйиб ўраш тўғрими? 

Жавоб: Киши вафот этганидан кейин унинг қабри адаштирилмаслиги учун унга бирон белги қўйиш мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам яқин кишиларидан бири вафот этганида қабрига бир тошни белги сифатида қўйганлар. 

Йўл четларини рамзий қабр сифатида эмас, балки ҳақиқатан ҳам ўша жойда марҳум ётгани боис ўраб қўйилади. Азалдан юртимизда Ислом динига эътиқод қилиб келингани боис марҳумларга ҳурмат сақланган ва вафот этган кишининг қабрини белги қилиб, ўраб қўйишган. Йўловчилар қабрни босиб ўтмаслиги, устида таҳорат ушатмаслиги, ухлаб қолмаслиги ва ўша ердан ҳайдаб ўтиладиган пода қабрни босиб, оёқости қилмаслиги, тезакларини ташлаб кетмаслигини кўзлаб шундай қилинади. 

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг бирортангиз қабр устига ўтирганингиздан кўра бир чўғнинг устига ўтириб, кийимингизни куйдирганингиз ва ўша кийим куйиб, терингизга ёпишиб қолгани яхшироқдир, дедилар” (Имом Муслим ривояти). 

Шундай экан, қабрлар устига ўтириш гуноҳ ҳисобланади ва мана шу каби гуноҳлардан сақланиш учун қабр устига белги ўрнатилган ёхуд ўраб қўйилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 29 январь куни Тошкент шаҳрида жойлашган “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб

Тадбирга фахрий устозлардан тарих фанлари доктори, профессор, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази директори “Шуҳрат” медали ва “Ёшлар мураббийси” унвонлари билан тақдирланган, марҳум Президентимиз билан узоқ йиллар бирга фаолият кўрсатган Убайдулла Уватов домла ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Жалолиддин Нуриддинов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири ўринбосари Акбар Дўсматовлар таклиф этилди.

Тадбирни билим юрти маънавий-маърифий ишлари бўйича мудир муовини А. Ғаниев очиб берди. Шундан сўнг марҳум Биринчи Президентимизнинг хотирасига бағишланган видеолавҳа иштирокчиларга намойиш этилди.

Сўнг сўз навбати устоз Убайдулла Уватовга берилди. У киши истиқлолга эришган илк даврларда юртимиз бошига тушган иқтисодий, сиёсий ва маънавий қийинчиликларни бартараф этиш учун Марҳум Юртбошимизнинг олиб борган одилона сиёсатлари ва тўғри қарорлари сабабли шу кунгача юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, динимиз ривож топганини айтиб ўтдилар. Марҳум Президентимизнинг юртимиздан етишиб чиққан алломаларга бўлган эътиборлари, динимиз ривожи йўлидаги хизматлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Кейин сўз навбати Жалолиддин Нуриддиновга берилди. У ўз нутқида Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов чин маънода Мустақил Ўзбекистон Республикаси давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди бўлганини таъкидлади. Шунингдек, шўролар даврининг тазйиқларидан халқни қутқариб, неча йиллар давом этган қарамликдан озод қилган, жар ёқасига келиб қолган буюк юртни қайта тиклаганини айтиб ўтди.

Шундан сўнг, билим юрти талабалари  ўртасида ўтказилган рефератлар танловида фаол иштирок этган талабалар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 Тадбир сўнгида билим юрти талабалари томонидан қилинган Хатми Қуръонлар ўтганлар, хусусан, Биринчи Президентимзнинг ёрқин хотирасига бағишланди. Биринчи Президенти марҳум Ислом Каримовнинг руҳлари шод, ётган жойлари обод бўлишини тилаб дуои хайрлар қилинди, деб хабар беради билим юрти мудир муовини Абдулвосе Ғаниев.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top