www.muslimuz

www.muslimuz

 

Бақара “сигир” маъносини билдиради. Қадимда бани исроиллик бир киши ўлдирилганида, унинг қотилини топа олишмайди. Шунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга: “Қавмингга айт, сигир сўйиб, унинг бир бўлаги билан ўликни урсинлар”, деб буюради. Аллоҳнинг буйруғи бажарилганидан сўнг ҳалиги ўликка жон кириб, қотили кимлигини айтиб беради. Сигир билан боғлиқ воқеа келтирилгани учун бу сура Бақара деб номланган.

Бақара сураси Мадинада нозил қилинган, 286 оятдан иборат. Бақара Қуръони каримдаги энг узун сурадир. Унда эътиқод, ибодат, муомала, ахлоқ, никоҳ, талоқ, идда масалалари билан бир қаторда Мусо алайҳиссалом қиссаси, Фиръавн билан Бани Исроил ўртасидаги можаролар баён этилган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Менга Таврот ўрнига еттилик, Забур ўрнига юзлик, Инжил ўрнига масоний берилди. Мен Муфассал билан афзал қилиндим”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уйларингизни қабристонга айлантириб қўйманглар! Бақара (сураси) ўқиладиган уйдан шайтон қочади”, деганлар.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким ҳар фарз намоздан кейин Оятул Курсийни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлим тўсиб туради, холос, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонларнинг саййиди Одам, Арабларнинг саййиди Муҳаммад. Лекин (менда) фахрланиш йўқ, Форсларнинг саййиди Салмон, Румликларнинг саййиди Суҳайб, Қоратанлиларнинг саййиди Билол, Тоғларнинг саййиди Тур тоғи, кунларнинг саййиди Жума куни, каломларнинг саййиди Қуръон, Қуръоннинг саййиди Бақара (сурасидир), Бақаранинг саййиди Оятул Курсийдир дедилар. Ва яна «Бу оят унда ўқилган хонадонга ўттиз кун шайтон кирмайди ва сеҳргар еркак ва аёл қирқ кеча кирмайди» дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсанинг ўркачи (улуғи, саййиди, афзали) бўлади. Албатта Қуръооннинг ўркачи Бақара (сураси)дир. Ва унда бир оят бор бўлиб, у Қуръоннинг саййидасидир. Ва у Оятул Курсийдир», дедилар.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Абу Мунзир, Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси эканини биласанми? дедилар.

“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқдир”, дедим.

Эй Абу Мунзир, Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси эканини биласанми? дедилар.

Аллоҳу лаа илаҳа иллаа ҳуу ал-Ҳайюл Қой-йум, дедим.

Шунда у зот: Аллоҳга қасамки, сенга илм муборак бўлсин, эй Абу Мунзир, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бақара сурасининг охирги икки оятини ўқи, улар менга Аршнинг остидаги хазинадан берилган, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

 

 

Аллоҳ таоло ҳақиқий мўминларни бундай васф қилади: «Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Ўзларининг Парвардигоригагина (барча ишларида) таваккул қиладиган, намозни баркамол ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва)эҳсон қиладиган кишилардир. Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Улар учун Парвардигор ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)» (Анфол сураси, 2–4-оят).

Демак, ҳақиқий мўминлар юксак сифатларга эга бўлган кишилардир: «...Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган...»
Банда доимо Аллоҳ таолонинг зикри билан машғул бўлиши керак. Бу ҳақда Қуръонда бундай марҳамат қилинади: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтингиз! (Аҳзоб сураси, 41-42-оят); «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара сураси, 152-оят).

Дарҳақиқат, мусулмоннинг бутун ҳаёти, қалби, тили, ўй-хаё­ли Аллоҳ таолога боғланган бўлади. Зикр бандани Раббисига энг осон ва тез яқинлаштирувчи йўлдир. Банда ўз Раббисининг зикри ила умр кечирар экан, ҳаёти осо­йишта ва хотиржам бўлади.

«...Оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган...». Банда Қуръонни қанчалик кўп тингласа ва тиловат қилса, унинг маъноларини тафаккур қилса, имони шунча мустаҳкам бўлади.

«...Ўзларининг Парвардигоригагина (барча ишларида) таваккул қиладиган...». Аллоҳга таваккул қилиш ҳақиқий мўминнинг сифатидир. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Осмонлар ва Ернинг ғайбий сири (уларнинг илми) Аллоҳга хосдир. Барча иш Унгагина қайтарилур. Бас, Унга ибодат қилинг ва Унга таваккул этинг! Қилаётган ишларингиздан (эса) Раббингиз ғофил эмасдир» (Ҳуд сураси, 123-оят).

Мўмин банда ҳар бир иш Аллоҳнинг иродаси ила бўлишига имон келтиради, шу сабабли ҳар бир ишини Аллоҳга таваккул қилган ҳолда бажаради.

«...Намозни баркамол ўқийдиган...». Ҳақиқий мўминлар намозни бенуқсон адо этишади.

«...Ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир...». Мўмин қўлидаги барча нарса Аллоҳнинг унга берган омонати эканини билади. Шу боис, Аллоҳ рози бўладиган йўлларга сарф қилади, қўлидаги бойликнинг кўп ёки озлигидан қувонмайди, балки холис Аллоҳ йўлида сарфлаганидан севинади.

Аллоҳ йўлида сарф қилинган бойлик асло камаймайди, аксинча, янада кўпаяди. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (саво­бини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами)кенг ва билимдон Зотдир» (Бақара сураси, 261-оят).

Демак, ушбу оятнинг бошида келтирилган сифатларга эга бўлган мусулмон ҳақиқий мўмин номига лойиқдир ва улар учун «...Парвардигор ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)...».

Ҳақиқий мўминлардан бўлишни истаган банда ўз нафсини тафтиш этиши лозим. Зикр этилган сифатларнинг бандада мавжуд бўлиши мўминнинг комиллигидандир. Барчамиз Аллоҳ таоло ҳузуридаги улуғ даражаларга ана шу сифатлар билан эришишга ҳаракат қилмоғимиз зарур.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

 

Қуръони карим – дардлар шифоси

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлар ўзингизга икки шифо – Қуръон ва асални лозим тутинглар!” деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Баъзан бемор Қуръонни тиловат қилолмайдиган даражада оғир ҳолатда бўлиши ёки Қуръонни тўғри ўқий олмайдиган ҳолатда бўлиши мумкин. Бунда унга Қуръонни тиловат қиладиган киши ёрдамга келади. У Қуръонни ихлос билан, оятлар баракотидан бемор шифо топади деган ниятда овозини баланд ҳам, жуда паст ҳам қилмасдан бемор эшитадиган даражада тиловат қилади.

Бемор иложи борича, ҳар куни бир неча марта Қуръони карим тиловатини тинглашга ҳаракат қилиши лозим. Тинглаётган оятларини тадаббур қилиб, маъноларини тушунишга ҳаракат қилиши муолажа самарасини янада оширади.

Олимлар товушлар тери ҳужайраларига, юракка таъсир этади дея кўп такрорлайдилар. Аллоҳ таоло айтади: «Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)» (Раъд, 28).

Тана аъзолари, ҳатто, бош мия ва юрак ҳужайраларини фаоллаштиришда Қуръон оятлари катта таъсирга эга. Бу борада баъзи оятлар “шифо оятлари” дея ажратилмайди. Зеро, Қуръоннинг барча оятлари дардларга шифодир.

Олимлар тиббий тадқиқотларида аниқлашларича, инсон туғилганда унинг бош миясида ростгўйлик, яхшиликни севиш, хатолар ва ёмонликлардан қочиш каби гўзал хислатлар табиий дастурланган бўлади.

Олимлар махсус кузатув жиҳозлари орқали инсон сўзлаганда унинг бош миясидаги ўзгаришларни ўрганишди. Тадқиқот натижасида инсон рост сўзлаган пайтда унинг бош миясида ҳеч қандай қувват сарфланмай, аксинча ёлғон гапирганда катта куч йўқотиши аниқланди.

Агар инсон ёмон ўй-фикрларни ўйласа унинг бош миясида катта миқдорда қон айланиб, бош мия катта куч сарфлайди. Инсон эшитган маълумотлари ва айтган сўзлари унинг бош миясига катта таъсир кўрсатади. Қуръони карим тиловати инсоннинг айнан ушбу аъзосига таъсир қилади. Бу аъзо бошқарувга ва қарорларни қабул қилишга масъулдир.

Демак, хатолар, ёлғон, барча ёмон ишлар бош мия ҳужайраларига салбий таъсир кўрсатиб, унинг фаолиятини бузади. Вақт ўтиши билан бу ҳолат руҳий ва жисмоний касалликларга олиб келади. Ҳужайраларни озиқлантириш ва асл ҳолига қайтариш эса Қуръони карим тиловати билан бўлади.

 

Бунда аввало, мўъмин киши Қуръонни шифо эканига ишониши лозим. Чунки шифо топишда ишонч катта аҳамиятга эга. Энг муҳими, оятларни савоб умидида, нафсий ва жисмоний касалликларга шифо бўлишини сўраб, ихлос билан ўқиш ва сабрли бўлиш лозим. Бирор касалликка шифо бўлишини сўраб ўқилганда, баъзилар тезда тузалишни истаб, шошқалоқлик қилади. Агар касалидан тузалмаса, Қуръон фойда бермади деб ўйлайди. Бу нотўғридир. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонни шифо эканининг хабарини бериб, бундай марҳамат этади: «(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз» (Исро, 82).

Бир касаллик тузалмаган бўлса, оятлар баракотидан ўзимиз билмаган бошқа оғирроқ хасталик ёки мусибат даф бўлган бўлиши ёки унинг ижобати охират азобидан қутулиш учун қолдирилган бўлиши мумкин. Айни пайтда, Қуръони карим тиловати билан барча касалликларимиздан қутулиш арафасида турибмиз. Шундай экан, Рамазони шарифда кечалари қоим бўлиб, Қуръонни хатм қилайлик. Ғаниматли вақтдан унумли фойдаланиб қолайлик.

 

Муҳаммадзариф ДАДАМИРЗАЕВ

 

 

 

 

 

 

 

 

Юртимизда коронавирус сабаб эълон қилинган карантин даврида корхона, ташкилот ва идораларда иш тўхтаб қолгани йўқ. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам Республика махсус комиссияси кўрсатмаси ва карантин талаблари асосида ишни тўғри ташкил қилиб, белгиланган йиллик режа ва халқаро миқёсда эришилган келишувларни ўз вақтида сифатли бажариш мақсадида тизимли чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Хабарингиз бор, жорий йил 3-4 март кунлари Самарқандда “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилди. Унинг доирасида дунёнинг етакчи исломшунос олимлари билан соҳага доир маълумотлар алмашилиб, муҳим келишувларга эришилди. Жумладан, таниқли мотуридийшунос олим, “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг турк тилига таржимони, Мармара университети профессори Юсуф Шавқий Явуз билан ўзаро тажриба алмашиш мақсадида илмий семинар ташкил қилишга келишилган эди.

Шу муносабат билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази «Имом Мотуридий ва унинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари» мавзусида онлайн семинар ўтказди. Унда туркиялик олим Юсуф Шавқий Явуз, Марказ илмий ходимлари ва ўзбекистонлик 50 дан зиёд олим ва тадқиқотчилар иштирок этди.

Видеоконференцияда профессор Юсуф Шавқий Явуз Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарини турк тилига таржима қилиш жараёни, бу борадаги қийинчиликлар, орттирилган тажриба ҳақида сўзлади. Олимнинг айтишича, Мотуридий илмий мероси узоқ вақт мобайнида ислом уламолари ва оддий мусулмонлар эътиборидан четда қолиб келган. Фақат ХХ аср бошларида дунё сиёсий коньюктурасида рўй берган ўзгаришлар буюк олим асарларини яна қизиқиш объектига айлантирди.

Юсуф Шавқий Явуз “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг турк тилига таржима қилиниши Мотуридий даҳосининг янгидан кашф этилишига олиб келганини, унинг давомида кўплаб тест-сўровлар ўтказилиб, кенг афкор омманинг диққати жалб қилинганини мамнуният билан таъкидлади.

“Мусулмон ўлкаларида илм-фанга эътибор юксак бўлган даврда ислом маданияти гуллаб-яшнаган, ислом уммати кучли ва барқарор жамиятлар барпо этган. Кейинчалик эса маълум давр мобайнида Ғарбдан ортда қолиб келди, баъзи ҳолларда унга эргашган даврлар ҳам бўлди”, – деди Мармара университети профессори Юсуф Шавқий Явуз.

Унинг фикрича, ислом таълимотида нақлни инкор этмайдиган ақлий ёндашувга эҳтиёж жуда катта эди ва буни қоплашда айнан Имом Мотуридийнинг мазкур асари жуда муҳим манба, илмий-амалий пойдевор бўлди.
Туркиялик олим “Таъвилот ал-Қуръон” тафсирга оид асар бўлса-да, ўзида чуқур фалсафий ғоя ва фикрларни ҳам жамлаганини таъкидлади. Унинг фикрича, кимларгадир кўр-кўрона эргашиш, моҳиятини теран англамай туриб қандайдир ғоялар йўлини тутиш орқали ҳақиқатга эргашиш мумкин эмас.

Шу муносабат билан Мармара университети профессори Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилгани, Ўзбекистонда Имом Бухорий, Имом Термизий марказларининг ташкил қилингани айни муддао бўлганини алоҳида қайд этди.

Қизиқарли савол-жавоблар тарзида давом этган семинарда Имом Мотуридийнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси, мотуридийлик таълимотини ўрганишнинг аҳамияти, “Таъвилот ал-Қуръон” асарини таржима қилишнинг ўзига хос жиҳатлари атрофлича муҳокама этилди.

Маълумот учун, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида айни кунларда Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари ўзбек тилига таржима қилинмоқда. Туркиялик олим бу борада Марказ ходимларига муваффақият тилаб, таржима асносида буюк алломанинг ёзув услубиятига, туркий, арабий ва фиқҳий истилоҳларга ўта диққатли бўлиш, мутаржимлар ишларини бирлаштиришда асарнинг бир инсон томонидан ёзилган эканини кўрсата олиш ғоят муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Мулоқот якунида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Мармара университети профессор-ўқитувчилари билан илмий ҳамкорликни давом эттириши ҳақидаги таклифи қўллаб-қувватланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Динимизда инсонлардаги ғайрат, шижоат сингари сифатлар қадрланади ва унга тарғиб қилинади. Жумладан, буюк бобакалонимиз, ҳадис мулкининг султони Имом ал-Бухорий ҳазратлари ҳам ушбу фазилат билан сифатланганлар. Айниқса, у зотнинг ҳадис жамлашдаги ғайрат ва шижоатлари таҳсинга сазовордир. Улуғ алломалардан Ал-Муборакфурий айтадилар: “Имом ал-Бухорий машаққатларга чидамли, ишда тиришқоқ бўлиб, ўз қўлларидан келадиган юмушни бировга юклашни хушламас эканлар”.

Ғайрат – саъй-ҳаракат, иштиёқ, жўшқинлик, иш-ҳаркатга бўлган кучли, астойдил киришиш маъноларида ишлатилади. Ғайратли киши бирор ишга бор куч-қуввати билан ҳаракат қиладиган, шижоатли одам тушунилади.

Росулуллоҳ (с.а.в.) бундай дейдилар: “Албатта, Аллоҳ таоло бандалари ичида ғайратлисини яхши кўради” (Имом Бухорий ривояти). Яъни кимки ҳар бир ишда у хоҳ диний, хоҳ дунёвий бўлсин ғайрат, шижоат билан бажарадиган бўлса, албатта, уни Аллоҳ таолонинг ўзи ёрлақайди ва у мақсад қилган нарсаларга эришади. Чунки саъй-ҳаракат бандадан, уни баракасини бериб, зиёда қилиш Аллоҳдандир.

Анушервони одил вазири Бузуржмеҳрдан сўради: “Ғайрат, шижоат нима?” Бузуржмеҳр унга: “Юракнинг қуввати” – деб жавоб берди. Анушервон яна ундан: “Нега қўлнинг қуввати эмас?”– деб сўради. Бузуржмеҳр: “Агар юракда қувват бўлмаса, қўлда ҳам қувват бўлмайди. Қўл қуввати юрак қувватига боғлиқ”– деб жавоб беради.

Дарҳақиқат, инсон юракдан бирор ишга ғайрат ва шижоат билан қўл урар экан, у нафақат кўзлаган мақсадига, балки унданда кўпроғига эришади. Муҳаммад Жавҳар Заминдор бундай дейди: “Мақсадни қўлга киритишда ғайрат иш беради. Ҳар кимда ғайрат бўлмаса, унда ўзгаларга ибрат бўла олиш қобилияти бўлмайди”.

Кўплаб ғайрат ва шижоат эгалари бошқаларга доимо ибрат бўлиб келган. Жумладан, буюк фақиҳ Имом Абу Юсуф (р.а.) ҳазратлари бунга намунадир. У зот тўғрисида устозлари Абу Ҳанифа (р.а.) бундай дейдилар: “Сени зеҳнинг паст эди, сенинг доимийлигинг, ғайратинг ва шижоатинг бундан ҳалос этди”.

Улуғларимизнинг сиймоларидаги ғайрат, шижоат сингари сифатлар авлодаларга намунадир. Ушбу юксак ҳулқ билан барчаларимиз ҳулқланишимизни Яратган эгамиз насиб айласин.

Абдулазиз Бобамирзаев
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти мудири

Мақолалар

Top