www.muslimuz

www.muslimuz

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Саҳобаларнинг муҳаббатлари

Маккаликлар қўлида асир бўлиб турган Зайд ибн Дасина розияллоҳу анҳуни Макка аҳли ўлдириш учун Ҳарамдан ташқарига чиқараётганларида Абу Суфён ибн Ҳарб ҳали мушрик эди. У Зайд розияллоҳу анҳуга деди: «Эй Зайд, агар Муҳаммад ҳозир сенинг ўрнингда асир бўлса-ю, биз унинг бўйнига қилич урсак, сен эса оиланг бағрида бўлишни истайсанми?»

Зайд розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, Муҳаммад алайҳиссаломга ҳозирги турган жойида бир тикан кириб азият беришини, мен эса оилам бағрида бўлишимни асло истамайман».

Шунда Абу Суфён: «Мен Муҳаммаднинг саҳобалари уни яхши кўришганидек бошқа ҳеч ким бировни яхши кўрганини кўрмадим», деди.

*****

Агар осмондан ҳуррият ёмғир каби ёққанда ҳам баъзи кимсаларнинг соябон тутиб олганини кўрасан.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Роҳат – сени эшитадиган эмас, балки сени тушунадиган киши билан суҳбат қилишингдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Кўрлар давлатида кўзи ғилай киши подшоҳ бўлади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

“Афсус, узр сўрайман” деган сўз нафсни хорлаш, ерга уриш эмас, балки бу кимнидир кетишини истамаётганингни ўша кишининг ўзи ҳам билиши учун айтиладиган сўзлардир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Бирор киши сенга ёмонлик қилса, унга уникидан ҳам кучлироқ жавоб қайтаришга уринма, балки уникидан афзалроқ жавоб қайтаришга урин. Чунки ахлоқ ажойиб нарса-да!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Денгиздан кўтарилган буғ ёмғир бўлиб ёққанида дарёлар ҳосил бўлади. Кейин улар ўз сувини яна денгизга қуяди. Сен ҳам одамларга яхшилик қил. Бир куни яна ўзингга қайтади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

 

Интернет материалларидан тўплаб,

таржима қилувчи Нозимжон Иминжонов

NGC 1365 – спиралсимон улкан галактика бўлиб, унинг ядросида жуда катта қора туйнук жойлашган. Тутилиш туфайли олимлар унинг ҳажмини ҳисоблашга муваффақ бўлдилар. Ушбу галактика турли космик телескоплар орқали кўринади.

Галактикани кузатар эканмиз, унинг маркази атрофида кўплаб юлдузлар айланаётганини, галактиканинг икки ёнида тирсакка ўхшаш узун тасмани, тасма миллионлаб юлдузлар, газсимон булутлар ва туманликлардан ташкил топганини кўришимиз мумкин.

Бу осмон жисмини ўрганган олимлар унинг диаметри 200 минг ёруғлик йилига тенглигини аниқладилар. Ушбу галактика сайёрамиздан 60 миллион ёруғлик йили узоқликда жойлашган бўлиб, улкан космик орол ҳисобланади.

2009 йилда астрономлар галактика марказидаги қора туйнукдан чиқаётган кўп миқдордаги рентген нурланишини қайд этдилар.

2013 йилда эса галактиканинг марказидаги қора туйнукнинг массаси ва бурчак тезлигини аниқладилар.

Галактика назар солсак, улкан ҳажмдаги чанг ва булутларни ўз ичига олгани ҳам яққол кўриниб турибди. Бу чанг ва булутлар унга ўзига хос чирой бериб турибди. Ушбу улкан осмон жисми ўз ўқи атрофида 350 миллион йилда тўлиқ бир марта айланиб чиқади.

Энди ушбу миллионлаб юлдузларни ўз ичига олган галактиканинг ҳажмини тасаввур қилиб кўрайлик!

У тасодифан пайдо бўлган бўлиши мумкинми?!

Унга нозик ва аниқ тарзда ҳаракатланиш имконини ким берган?

Уни бошқа осмон жисмлари билан тўқнашмайдиган қилиб энг тўғри жойга ким жойлаб қўйган?

Ундаги юлдузлар, чангу туманликлар, космик булутларни ким яратган? Албатта, барча нарсани Яратувчи Зот – Аллоҳ таоло яратгандир!

Бу галактика ва бошқа осмон жисмлари билан яқиндан танишар эканмиз, Роббимизнинг қудрати олдида нақадар ожизлигимизни яна бир бор ҳис этамиз.

Энди ушбу оятга эътибор берайлик:

هَذَا خَلْقُ اللَّهِ فَأَرُونِي مَاذَا خَلَقَ الَّذِينَ مِن دُونِهِ بَلِ الظَّالِمُونَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ

“Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар” (Луқмон сураси, 11-оят).

 

Абдуддоим Каҳел мақоласи ва интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Ўзбекистон бош консуллигининг янги биноси очилди. Бу ҳақда ТИВ Матбуот хизмати хабар берди.

Бинонинг очилиши тантанали маросимида Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигининг Олмаотадаги ваколатхонаси раҳбари Ерлан Искаков, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси Саидикром Ниёзхўжаев, Ўзбекистонинг Олмаотадаги бош консули Аброр Фатҳуллаев иштирок этишди.

Унинг айтишича, жорий йилда Ўзбекистонда 2018 йил Қозоғистонда ўтган Ўзбекистон йилининг мантиқий давоми сифатида Қозоғистон йили ўтказилмоқда. “Бугунги кунда Ўзбекистонда нафақат Қозоғистоннинг маданият арбоблари, балки ишбилармонлари иштирокида бир қатор тадбирлар ўтказилган”, деб қўшимча қилган Ўзбекистон элчиси.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мамлакатдаги умумтаълим муассасаларида “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Динлар тарихи”, “Ватан туйғуси” каби фанларни бирлаштирган ҳолда, 2020/2021 ўқув йилидан ягона “Тарбия” фани босқичма-босқич жорий қилинади.

2019 йил 23 август куни Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва жамиятда ўқитувчи мавқеини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилиш баёнида айтилишича, Республика Маънавият ва маърифат маркази Халқ таълими вазирлиги (Шерматов) билан биргаликда бир ой муддатда бу бўйича амалий чоралар кўради.

Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Мажидов), Республика маънавият ва маърифат маркази, Мактабгача таълим вазирлиги (Шин), Халқ таълими вазирлиги (Шерматов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Қудбиев) бир ой муддатда мактабда тарбиявий ишларни ташкил этадиган янги профессионал педагоглар авлодини тайёрлаш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5611-сон Фармонига қўшимча киритиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 5 январдаги ПФ-5611-сои фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчи хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун қўшимча (электрон бўлмаган) кириш визалари тоифаларини жорий этиш рўйхати қуйидаги мазмундаги 6-банд билан тўлдирилди:

“6. “Investment visa" - хорижий инвестиция киритиш вақтида Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 8500 бараварида хўжалик жамиятларининг акциялари ва улушларини сотиб олиш, шунингдек, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ташкил этиш шаклида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига инвестиция киритган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга расмийлаштириладиган, ушбу корхоналарнинг буюртмаси бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқмасдан муддатини узайтириш имконияти билан бериладиган, амал қилиш муддати уч йилгача бўлган кўп марталик инвестиция визаси.

Бунда, инвесторнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи, ота-онаси ва фарзандлари)га “Investment visa” амал қилиш муддатига мос равишда меҳмон визаси республикадан чиқмасдан туриб узайтириш ҳуқуқи билан расмийлаштириб берилади”.

Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчи хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун қўшимча (электрон бўлмаган) кириш визалари тоифаларини жорий этиш рўйхати шу кунга қадар қуйидагича эди:

«Vatandosh» — Ўзбекистон Республикасида туғилган шахслар ва уларнинг оила аъзолари учун Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган ва унинг ҳудудида доимий яшовчи қариндошларининг таклифномаси асосида бериладиган 2 йиллик виза;

«Student visa» — Ўзбекистон Республикасининг таълим муассасалари, тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг илтимосномасига кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган таълим муассасаларига қабул қилинган хорижий талабаларга бериладиган бир йиллик виза;

«Academic visa» — Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикасидаги илмий-тадқиқот ташкилотлари, олий таълим муассасалари, вазирлик ёки идоралар илтимосномасига кўра Ўзбекистон Республикасида илмий-тадқиқот ва педагогик фаолиятни амалга оширишни истаган хорижий шахслар учун 3 ойдан 2 йилгача бўлган муддатга бериладиган виза;

«Medical visa» — тиббий муассасанинг таклифига биноан даволаниш учун Ўзбекистон Республикасига кирувчи хорижий фуқаролар учун 3 ойгача бўлган муддатга бериладиган виза;

«Piligrim visa» — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва туристик фаолият субъектларининг аризасига кўра Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва диний мероси, анъаналарини ўрганиш мақсадида кирувчи хорижий фуқаролар учун 2 ойгача бўлган муддатга бериладиган зиёрат визаси.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top