Рамазон-2020

ДОЛЗАРБ САВОЛГА АНИҚ ЖАВОБ: Шом намозини ўқишдан олдин оғиз очиладими ёки намоздан сўнгми?
ЖАВОБ: Динимизда оғиз очишни қасддан Шом намозидан кейинга суриш суннатга хилофдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда аввал оғиз очиб, кейин шом намозини адо этар эдилар. Демак, рўзадор оғзини очиб, чанқоғини қондириб олгандан кейин шом намозини адо этишга киришиши мақсадга мувофиқ.
 
Ифторни тезлатиш афзаллиги борасида ҳадиси шарифда шундай дейилган: Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар оғиз очишни тезлаштирсалар, яхшиликда бардавом бўладилар”, деганлар.
 
CАВОЛ: Қазоси бор киши нафл рўза тутиши мумкинми?
 
ЖАВОБ: Рамазон рўзасидан қазоси бор кишининг нафл рўза тутиши ҳақида Алоуддин Косоний “Бадоиус саноиъ“ китобида шундай дейди: “Рамазон рўзасидан қазоси бўлган киши нафл рўза тутиши макруҳ бўлмайди“.
 
Мазкур китобнинг бошқа бир ўрнида шундай дейилган: “Қазони ўтаб бериш ҳақидаги буйруқ муайян вақтда вожиб бўлмайди, балки мутлақ вақтда (яъни, банда имкон топган) вожиб бўлади”.
 
Шунга биноан Рамазон рўзасидан қарзи бор киши қазосини тутмай туриб ҳам нафл рўза тутиши мумкин. Валлоҳу аълам.
 
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси Ҳикматуллоҳ Тоштемиров жавоб берди.

 

Муҳайё Тошқораева тайёрлади, ЎзА
 
Манба: http://uza.uz
Read 2007 times

Мақолалар

Top