muslim.uz

muslim.uz

Зиёуддин домла Мирсодиқов
"Бўтабува" жоме масжиди имом-хатиби

Бугун, 20 октябрь куни Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси ўринбосари Селим Аргун бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди.
Мартабали меҳмонларни Диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва раис ўринбосари Ўткир Ҳасанбаев кутиб олди.
Учрашувда Селим Аргун марҳум муфтий Усмонхон Темирхон ўғли раҳимаҳуллоҳнинг вафотлари юзасидан ҳамдардлик билдирди. Ўз навбатида, куни кеча бўлиб ўтган Уламолар Кенгашида Нуриддин домла Холиқназаров муфтий лавозимига сайланганлари муносабати билан Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси, доктор Али Эрбош жанобларининг табрикларини етказди.
Ўзаро мулоқотда икки давлат алоқалари янги босқичга кўтарилгани, диний идоралар билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида яхши натижаларга эришилгани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, диний адабиётларни нашр этиш ва хайрия тадбирларини ўтказишдаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида урғу қаратилди.
Ташриф якунида муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ҳам меҳмонлар билан суҳбатлашиб, эътибор ва эҳтиром учун миннатдорлик билдирдилар.
Томонлар бир-бирларига эсдалик совғалари тақдим этдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Наманган шаҳридаги "Мавлоно Алиюл қори"

масжиди имом-ноиби Исломхон Усманов

بسم الله الرحمن الرحيم

الْحَمْدُ لِلَّهِ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِنَا رَسُولِ اللَّه، وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّينِ أَمَّا بَعْدُ

Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг!

 

Ҳурматли жамоат! Инсоният яратилганидан бери Аллоҳ таоло уларга кетма-кет пайғамбарлар жўнатиб, илоҳий китоблар нозил қилиб турган. Жумладан, Ислом умматига ҳидоят қилиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга охирги китоби Қуръони каримни нозил қилди.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг умматларига муҳим васиятларидан бири –Қуръони карим ва ҳадиси шарифни маҳкам тутиш эди. Мусулмон киши нима савоб, нима гуноҳ, нима яхши, нима ёмонлигини мана шу икки мезон асосида аниқлаб, ҳаётига татбиқ қилади. Қуръони каримда мусулмон ҳаётида доимий қоидаларга айланадиган кўрсатмалар бисёр. Масалан, ишонч, ростгўйлик, омонатдорлик, ҳалоллик, хушмуомалалик, дўстлик, парҳезкорлик ва ҳоказо... Ислом оламида минг йиллардан бери қоида бўлиб келаётган яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш, ёмонлик ва гуноҳда бир-бирига ёрдам бермаслик ҳам Исломнинг асосий ғояларидан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

 وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

яъни: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси 2-оят).

Демак, шариатимизда буюрилган амалларни бажариш ва қайтарилган ишларни тарк қилиш борасида ўзаро ҳамкорлик қилишимиз ҳамда гуноҳ ва адоватга сабаб бўладиган ишларда бошқаларга ёрдам бермасдан, балки уни тўғри йўлга бошлашимиз – динимиз талабидир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда шундай дейдилар: 

 اُنْصُرْ أَخَاكَ ظَالِمًا أَوْ مَظْلُومًا فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ أَنْصُرُهُ مَظْلُومًا فَكَيْفَ أَنْصُرُهُ ظَالِمًا؟

قَالَ: تَمْنَعُهُ مِنَ الْظُلْمِ فَذَاكَ نَصْرُكَ إِيَّاهُ

متفق عليه عن أنس رضي الله عنه

яъни: “Биродарингизга золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам беринг”. Бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Мазлум бўлсаку, ёрдам бераман, лекин қандай қилиб золим бўлса ҳам ёрдам бераман?”, – деб сўради. Айтдилар: “Уни зулмдан тўсасиз мана шу унга ёрдам қилишдир” (Муттафақун алайҳ).

Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар:

اَلدَّالُّ عَلَى الْخَيْرِ كَفَاعِلِهِ

(رواه الامام الترميذي عن انس رضي الله عنه)

яъни: “Яхшиликка йўлловчи киши ўша яхшиликни қилувчи кабидир” (Имом Термизий ривоятлари).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бировнинг омонатини сақлаб, сўралган вақтда адо қилган, яхшиликка вакил қилинган кишига ҳам ўша яхшиликни қилган кишидек савоб бўлишини баён қилиб шундай дейдилар:

الخَازِنُ المُسْلِمُ الأمِينُ الَّذِي يُنفِذُ مَا أُمِرَ بِهِ فيُعْطيهِ كَامِلاً مُوَفَّراً طَيِّبَةً بِهِ نَفْسُهُ فَيَدْفَعُهُ إِلَى الَّذِي أُمِرَ لَهُ بِهِ ، أحَدُ المُتَصَدِّقين

  (مُتَّفَقٌ عَلَيهِ عن أَبي موسى الأشعري رضي الله عنه)

яъни: “Буюрилган нарсани бажарувчи ишончли мусулмон хазинабон омонатни буюрилган жойга тўла-тўкис ҳолда чин кўнгилдан топширса, садақа қилувчилардан бирига айланади” (Муттафақун алайҳ).

Динимиз киши ўз зиммасидаги ҳақлар ва масъулиятларни  ҳеч нуқсонсиз тўлиқ бажаришга тарғиб қилади. Ихлосли, омонатдор, вазифадор киши мусулмонларнинг молини уларнинг манфаатлари йўлида тўғри сарфласа, худди ўз молидан сарфлаган кишидек ажрга эга бўлади.

Яхшиликка ёрдам беришнинг зидди – ёмонликда ҳамкорлик қилишдир. Ёмонлик ва гуноҳга ёрдам берган киши ўша ёмонликни қилган киши каби гуноҳкор бўлади.

Ёмонликка ёрдам бериш уни тасдиқлаш ва рози бўлиш билан ҳам бўлиши мумкин. Ҳозирги кунда жамиятимизда учраб турадиган уюшган жиноятчилик, оммавий муштлашишлар ва жанжаллар – гуноҳда ҳамкорлик қилишнинг бир кўринишидир. Мусулмон киши бундай ишларга гувоҳ бўлиб қолганда, унга қўшилиб кетмасдан, ўртани ислоҳ қилишга киришиши керак. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда шундай дейдилар:

لَوْ أَنَّ أَهْلَ السَّمَاءِ وَأَهْلَ الأَرْضِ اشْتَرَكُوا فِى دَمِ مُؤْمِنٍ لأَكَبَّهُمُ اللَّهُ فِى النَّارِ

(رواه الامام التِّرْمِذِي عن أَبَي سَعِيدٍ الْخُدْرِىّ رضي الله عنه)

яъни: “Агар осмон ва ер аҳлининг барчаси бир мўминнинг қонини тўкишда иштирок қилсалар, Аллоҳ таоло уларни дўзахга юзтубан йиқитган бўлар эди” (Имом Термизий ривоятлари).

Шунинг учун Ислом умматининг ўзига хос хусусияти – ёмонликни  кўрганда, ундан қайтаришдир! Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ

 яъни: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” (Оли Имрон сураси 110-оят).

 Ҳурматли жамоа! Мана эртадан кейин мамлакатимиз ҳаётида муҳим воқеа – президентликка сайлов бўлиб ўтади. Юқорида айтилгани каби, эзгу ният ва яхшиликда ҳамкорлик қилиб, муносиб номзодни сайлаб олишда фаол иштирок этишимиз керак бўлади.

  Қадим-қадимдан давлат раҳбарларини асосан халқ томонидан эркин сайлов йўли билан тайинлаш амалиёти бўлган. Ислом дини худди шу услубни йўлга қўйган. Муқаддас динимизда ҳам давлат раҳбари омма томонидан эркин сайлов йўли билан сайланиши белгилаб қўйилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин-мусулмонларни мақтаб: “Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур”, – дея марҳамат қилган (Шўро сураси 38-оят). Ислом уламолари сайлаш ва сайланиш фаолияти шариатга мувофиқ амал эканига ушбу ояти карима далил эканини қайд этадилар. Яъни, дунёвий масалаларда мусулмонларга ўзаро маслаҳат қилиш буюрилган. Сайлов эса айнан мана шу маслаҳатнинг бир шакли ҳисобланади.

Маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишлари билан, дафн қилинмай туриб, мусулмонлар жамоасига раҳбар сайлаш учун саҳобалар тўпланганлар. Ансорийлар Саъд ибн Убода разиаллоҳу анҳунинг номзодини кўрсатганлар. Баъзилар муҳожирлардан битта, ансорийлардан битта амир сайлайлик, дейишган. Саҳобийлар Абу Бакр Сиддиқ, Умар ва Абу Убайда разиаллоҳу анҳуларнинг номзодларини кўрсатганлар. Кейинги икковлари ўз номзодларини қайтариб олиб, Абу Бакр разиаллоҳу анҳунинг номзодларини кўрсатганлар. Бу номзодни ҳақли эканига далиллар келтиришди. Бунга барча саҳобийлар рози бўлганлар ҳамда Ҳазрати Абу Бакр разиаллоху анҳу мусулмонларнинг раҳбари этиб сайландилар.

Бу сайлов энг халқчил йўл билан бўлгани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Сайловдан олдин умумий йиғилиш бўлган. Бир неча номзод кўрсатилган. Номзод кўрсатганлар ўзлари кўрсатган номзодни ташвиқот қилишган. Охири номзодлар ичида кўпчиликка маъқул бўлган шахс сайланган. Қуръони каримдаги Шўро ҳақидаги оятга амал қилиб, саҳобалар мажлис ўтказганлар ва ўзларига раҳбар сайлаганлар.

Гувоҳ бўлганимиздек, хулафои-рошидинлар айнан сайлов йўли билан давлат раҳбари этиб тайинланганлар. Бу – мусулмонларнинг сайловда иштирок этишлари мумкин эканининг яққол далилларидан биридир.

Ислом фақат ибодат эмас, балки мусулмонларнинг ҳаёт тарзи ҳамдир! Мусулмонлар ҳаётнинг барча соҳаларида олдинги сафларда бўлишга ҳаракат қилишлари лозим. Бунинг учун давлат ва жамиятни тараққиётга етаклаб бора оладиган, одамларни, шу жумладан мусулмонларни ҳаётини яхши томонга ўзгартира оладиган одил, доно ва ғамхўр раҳбарни танлаш ва сайлаб олиш – ўта муҳим масаладир. Машҳур муҳаддис Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Агар ижобат бўладиган биргина дуоим бўлганида, уни албатта ҳукмдорни ҳаққига қилар эдим. Чунки ҳукмдорнинг яхши бўлиши билан халқи яхши бўлади”.

Ислом тарихига назар солинса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин чоҳор ёрлар даврида ҳам, кейинги асрларда ҳам халқ вакилларининг ўрни катта бўлган. Улар раҳбар ва амирларни сайлашда ҳам бевосита халқнинг номидан иш кўришган.

Муҳтарам азизлар! Сайловчи киши номзод танлашда бор билим-тажрибасини ишга солиш баробарида, ўта холис бўлиши, шахсий манфаатларни устун қўймаслиги лозим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадиси шарифларида шундай дейдилар: “Ким бир жамоа ичидан бир кишини ишга тайинласа, ҳолбуки уларнинг ичида ундан кўра Аллоҳ рози бўладиганроғи бўлса, у тайинловчи Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларга хиёнат қилибди” (Имом Ҳоким ривоятлари).

Замонамиз уламолари сайлов ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи бўлиб, агар шу йўл билан мусулмон киши ўз дини ва жамияти учун зарур бўлган ишни амалга ошириб, яхшиликни жалб қиладиган бўлса, бу иш ҳолатга қараб, вожиб даражасида бўлиши ҳам мумкин, дейдилар.

Афсуски, ҳозир айрим мутаассиб тушунчадаги кишилар фитна чиқариб: “Сайловларда иштирок этиш демократик тузумда бўлади, Исломда эмас. Демократия тузуми мутлақо Исломга зид тузум. Шунинг учун сайловда иштирок этиш куфрга рози бўлиш саналади” деб сайловда иштирок этишдан қайтаришга ҳаракат қилмоқда.

Бу эътирозга жавоб беришдан олдин шуни таъкидлаймизки, ҳозирги кунда мутаассиблар учун одамларни фосиққа, кофирга чиқариш енгил ишга айланди. Ваҳоланки, динимизда бу нарсадан қаттиқ қайтарилган ва агар ноҳақ куфрда айбласа, шу нарса ўзига қайтиши баён қилинган.

Яна шуниси аниқки, ҳозиргача ҳеч ким “Ислом – айнан демократия, демократия эса – исломдир”, – демаган. Буларнинг бири илоҳий дин, бири давлат бошқарув тизими экани кундай равшан! Ҳозирги кунда деярли аксарият мусулмон юртларида ислом асосий дин сифатида эътироф этилиб, давлатни бошқарув тизими сифатида эса демократиядан фойдаланмоқда.

Уламолар орасида бир қоида бор: “Бир нарса устидан ҳукм чиқариш уни тасаввур қилишга боғлиқдир. Ким бир нарсани пухта билмасдан ҳукм берса, у хато қилади”. Ҳозирда баъзи кишилар “демократия”нинг моҳиятини билмасдан, ўрганмасдан ҳукм чиқармоқдалар.

Демократиянинг асли – халқ сайлови, референдум каби йўллар билан кўпчиликнинг фикрини юзага чиқаришдир. Сиёсий партияларнинг кўп бўлиши, озчиликнинг ҳам фикри эшитилиши, сўз эркинлиги ҳам – муҳим асослардир. Демократиянинг мана шу асослари Исломга зидми ва уни йўққа чиқарадими!?

Ислом тарихига назар ташласак, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд ғазотида кўпчиликнинг фикрига кўниб, Мадинадан ташқарида жанг қилишга рози бўлдилар. Аслида У Зот ва катта саҳобаларнинг фикрлари Мадина ичкарисида қолиш эди.

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу маслаҳат соладиган 6 кишилик кенгаш бор эди. У зот вафотлари олдидан мана шу кенгаш ичидан бир кишини раҳбар сифатида танлашни, агар овозлар тенг бўлиб қолса, ташқаридан бир киши тайинланиб, бир томоннинг сўзини қувватлашини васият қилдилар. Бундан ташқари ҳадиси шарифларда катта жамоатни маҳкам ушлаш, уммат залолат устида жам бўлмаслиги, Аллоҳ таолонинг розилиги жамоат устида бўлиши ҳақида зикр қилинади.

Шубҳасиз, халққа маъқул бўлган киши раҳбар бўлиши лозим. Шунинг учун фуқаролар номзодларнинг дастурларини ўрганиб, ўзи ишонган номзодга овоз бериш орқали жамиятни бошқаришда иштирок этади.

        Яна бир саҳиҳ ҳадиси шарифда: “Ҳокимларингизнинг яхшиси сиз уни яхши кўрган ва у ҳам сизни яхши кўрганидир...” – дейилади (Имом Муслим Авф ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Ўзаро маслаҳат билан иш юритиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш – ислом қоидаларидан биридир! Ҳоким халққа маслаҳат солиши, халқ эса унга самимий бўлиб, тўғри йўлни кўрсатиши – динимиз талабидир. Кўриниб турибдики, Ислом дини юқорида саналган демократия асосларини йўққа чиқармайди ва унга зид келмайди, балки демократиянинг асл моҳияти соф исломга ҳамоҳангдир

Баъзи бир кишилар “Мен сайловга чиқсам ҳам, чиқмасам ҳам барибир, аҳамияти йўқ, балки номзодлар танланиб бўлгандир ҳам”, деган қабилда лоқайдликка йўл қўяди. Таъкидлаш жоизки, мусулмон киши ўз вазифасини бажариш билан бўйнидаги масъулиятни соқит килиши лозим. Имом Бухорий Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон омонат зое қилинса, Қиёматни кутаверинг!” – дедилар. “Уни зое қилиш қандай бўлади?” – деди бир аъробий. У Зот: “Қачон иш ўз аҳлидан бошқага топширилса, Қиёматни кутаверинг!” – дедилар.

Умматга раҳбар тайинлашда иштирок этиш шариатимизда ҳам, амалдаги қонунларимизда ҳам буюрилган экан, демак сайловда иштирок этиб ушбу вазифани адо этишимиз зарур!

Сайлов масаласида машҳур ислом уламоси Шайх Юсуф Қарзовий ҳафизаҳуллоҳ қуйидагиларни таъкидлаганлар: “Исломда сайловларга гувоҳлик сифатида қаралади. Яъни, раҳбарликка сайланаётган одамнинг салоҳиятига гувоҳлик беришдир. Салоҳияти йўқ одамга салоҳиятли, деб гувоҳлик берилмайди. Агар салоҳиятли кишига ўз ўрнида гувоҳлик берилмаса, бу гувоҳликни яшириш бўлиб қолади”.

Фатво ва тадқиқотлар бўйича Европа кенгаши айнан сайловга доир масалада шундай фатво эълон қилган: “...Мусулмонларнинг сайловларда иштирок этиши – фуқаролик ҳуқуқларидир. Бундан ташқари жамият учун яхшиликни жалб этиш ва зарарни даф этиш бўйича ҳамкорлик қилиш ҳам уларнинг диний мажбуриятларидир. Аллоҳ таоло айтади: "(Эй мўминлар), сизлар яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!" (Моида сураси 2-оят).

Шунинг учун ҳам мусулмонларнинг сайловларда иштирок этиши мумкин ва бунда шариат жиҳатидан ҳеч қандай таъқиқ йўқ, деб айта оламиз. Айни вақтда сайловда овоз бериш мусулмонларнинг номзодлар билан ўзаро манфаат асосидаги ҳамкорлигининг бир тури ҳамдир. Улар ғалаба қозонган тақдирда жамият учун омматан ва мусулмонлар учун хоссатан фойда келтиради...”.

Юқоридаги маълумотларга асосланиб, комили ишонч билан хулоса бериш мумкинки, сайлов Ислом дини аҳкомларига мутлақо зид эмас. Балки Исломдага “шўро” (маслаҳат, кенгаш) маъносига мос келади. Шунинг учун барча мусулмонлар сайловда фаол иштирок этиб, юрт тақдири ва келажагини муносиб раҳбарга топширишни таъминлашлари лозим.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи ҳақда собит қилсин ва эл-юрт манфаати йўлида қўлни-қўлга бериб, имконимиз доирасидаги яхши ишларни амалга ошириб, икки дунё яхшилигига эришишимизни, халқимизга муносиб, одил, доно ва ғамхўр раҳбарни сайлашимизни насиб айласин! Омин!

  

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу – Пайғамбарлардан кейинги энг афзал инсон!” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.

 

 

 

Муфтий-Шайх Равил Гайнутдин 2021 йил 19 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолари Кенгашида сайланган Диний идора раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровга табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:
– Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси, Россия муфтийлари Кенгаши ва ўз номимдан Сизни юксак лавозимга тайинлаганингиз билан чин юракдан муборакбод этаман. Аллоҳ таолодан Сизга сиҳат-саломатлик ва узоқ умр ато этишини сўрайман.
Мусулмон халқлари яқинлигининг бой тарихига асосланган икки томонлама Россия – Ўзбекистон муносабатларининг кўп қирралилигини юқори баҳолаймиз. Ўзбекистон ва Россия мусулмонлари кўп асрлик қардошлик ва биродарлик тарихий алоқаларига эгадир. Бунга муборак Ислом дини асоси бўлган тинчлик ва яратувчилик ғоялари замин бўлмоқда.
Сизга келгуси ишларингизда Аллоҳ таолодан мустаҳкам соғлиқ, маънавий ва жисмоний куч-қувват ато этишини сўраймиз. Россия ва Ўзбекистон, қолаверса, бутун дунё мусулмонлари манфаати учун мусулмон идораларнинг янада самарали ҳамкорлиги ривожланишига чин дилдан умид қиламиз.
Сизга ва яқинларингизга бахт ва фаровонлик тилаймиз. Омин!


Ҳурмат ва эзгу дуолар ила,
Муфтий-Шайх Равил Гайнутдин

Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси

Россия муфтийлар кенгаши раиси

Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги

Диний бирлашмалар билан алоқалар Кенгаши аъзоси

Мақолалар

Top