muslim.uz

muslim.uz

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 Бобур, аввалғи фарз қил таъриф –

Ким, бор инсонга аввал ул таклиф.

Будур иймон, мен айтайин, эшитинг,

Ҳар не дермен, ани  кўнгулга битинг.

Муъманун  биҳқаким  бўлур  таҳқиқ,

Қилғай иқрор тил, кўнгул тасдиқ.

 

НАСРИЙ БАЁН

*   *   *

Биринчи фарзнинг баёни

 

Бобур, энди биринчи фарзнинг таърифини баён қил, чунки инсонга аввал шу нарса таклиф қилинган – юкланган, буюрилган. Бу (биринчи фарз) иймон келтиришдир, буни эшитинг ва ҳар айтган сўзимни кўнгилга ёзиб қўйинг.

Биринчи иймон келтириладиган нарса, таҳқиқ қилиниб, ўрганилиб, ҳақиқати юзага чиқарилганда, (Аллоҳнинг якка-ягоналигини ва ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканликларини) тил билан иқрор қилиб, қалб билан тасдиқ қилмоқдир.

 

ШАРҲ. Калимаи тоййиба: “Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳммадур-Расулуллоҳ” (“Аллоҳдан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқ, ҳазрати Муҳаммад (алайҳиссалом) Аллоҳнинг Расулидирлар”).

 

Калимаи шаҳодат: “Ашҳаду ал-ло илоҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва Росулуҳ” (“Мен гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқдир ва яна мен гувоҳлик бераманки, (ҳазрати) Муҳаммад (алайҳиссалом) Аллоҳнинг бандаси ва Расулидирлар”).

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

vendredi, 16 octobre 2020 00:00

Илм-маърифат бешиги

Марказий Осиё – илм-маърифат ўчоғи. У дунё цивилизациясига ҳисса қўшган буюк алломалар бешиги ҳамдир. 

Бу заминда азалдан комил инсон тарбиясига устувор аҳамият қаратилган. Бунга ушбу заминда туғилиб вояга етган буюк алломалар ижодию жаҳонгир саркардаларнинг бунёдкорлик фаолияти ёрқин мисол. 

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида IRCICA–Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш халқаро маркази ҳамда “Ислом тарихи ва манбашунослиги –IRCICA” кафедраси ҳамкорлигида “Марказий Осиё халқлари маданияти, диний анъана ва урф-одатлари” мавзусида ўтган республика илмий-амалий онлайн конференцияда шу ҳақда сўз борди. 

Конференцияда Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш халқаро маркази мутасаддилари, тарихчилар, санъатшунослар, шарқшунослар, турли давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳамкор муассасалар раҳбарлари, илмий-тадқиқотчилар, ўқитувчи ва талаба-ёшлари иштирок этди.
 
photo_2020-10-15_09-34-02.jpg

Анжуманда Ўзбекистон халқаро ислом академияси диний-маърифий фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича биринчи проректори, профессор Шуҳрат Ёвқочев, “Ислом тарихи ва манбашунослиги–IRCICA” кафедраси мудири, тарих фанлари доктори Неъматулло Муҳамедов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда муқаддас динимизнинг асл тинчлик, бағрикенглик, инсонпарварлик моҳиятини тарғиб қилиш, уни турли хуружлардан асраш, илмий-маданий меросни ўрганиш ва тарғиб қилиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш тамойили асосида кенг қамровли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.Ўтган қисқа вақт ичида Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилгани мазкур соҳага кўрсатилаётган эътибор натижасидир. 

IRCICA – Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш халқаро маркази бош директори, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг “Фахрий доктори” Халит Эрен Марказий Осиё халқларининг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси ўзига хос эканини таъкидлади. 

– Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида минтақада санъат, маданият ва илм-фан янада ривожланди, – дейди Халит Эрен. – Минтақа турли хил эътиқод ва маданий ўзига хос халқларни қабул қилди ва кўп маданиятли ҳаёт тажрибасига эга бўлиб келмоқда. Марказий Осиёда камолга етган алломалар бугунги замонавий фанлар – архитектура, илоҳиёт, астрономия, тиббиёт, фалсафа, геометрия, география, ҳуқуқшунослик, тасаввуф фанлари ривожига катта ҳисса қўшди. 

Дарҳақиқат, ўша даврда ҳудудда кўплаб кутубхоналар, расадхоналар қурилди. Хусусан, Юсуф Хос Ҳожибнинг Марказий Осиё халқлари учун беқиёс аҳамиятга эга, адолатли бошқарув ҳақидаги “Қутадғу билиг” китоби ёзилди. Ал-Фарғонийнинг астрономияга оид китоби кўп йиллар мобайнида Европа таълим муассасаларида асосий манба бўлиб хизмат қилди. Форобий Аристотелдан сўнг “Иккинчи муаллим” сифатида эътироф этилди. Ибн Сино тиббиёт илмини, ал-Хоразмий алгебра фанини янги босқичга олиб чиқди. Форобий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби сиймолар жаҳонга танилди. 

Қувонарлиси, бугун ҳам мазкур жараён давом этмоқда. IRCICA – Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш халқаро маркази барқарор ривожланиб боряпти. 

Конференция турли мавзуларда маърузалар тингланди. Шунингдек, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров “Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясининг таркибий тузилиши” мавзусида маъруза қилди. 

– Президентимизнинг 2017 йил 23 июндаги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепция ишлаб чиқилди, – дейди Шоазим Миноваров. – Марказ учун Тошкент шаҳрида маҳобатли иншоот қурилиши бошланган бўлиб, шаклан ва мазмунан тенги йўқ мазкур мажмуада юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осор-атиқалар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида намойиш этиладиган “Ислом санъати музейи”, улкан фондга эга кутубхона, йирик илмий тадқиқотлар маркази, энг замонавий усулларда реставрация қилиш, тиклаш ва кўпайтириш бўлимлари, нашриёт ҳамда замонавий конференция зали ташкил этиш режалаштирилган. 

Конференцияда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов “Марказий Осиё маданияти тарихига оид манбаларда кутубхоналар ҳақида маълумотлар” мавзусида батафсил маълумот берди. 

– Ўрта асрларда минтақа шаҳарларида кўплаб кутубхоналар фаолият кўрсатган, – дейди Ш. Зиёдов. – Кутубхоналар асос эътибори билан уч хил – сарой, масжид ва мадрасалар ҳамда сулолавий-хусусий кутубхоналарга ажратилган. Ушбу зиё даргоҳларида китоблар уйга берилган ёки кутубхонанинг ўзида фойдаланилган. Китобларни бошқа шаҳарга олиб чиқиш ёки сотиш қатъиян ман қилинган. Кутубхоналарда сақланаётган Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино каби кўплаб алломаларнинг қўлёзма асарлари минтақа халқларининг илм олиши, маданияти шаклланишига катта таъсир кўрсатган. 

Марказий Осиё минтақаси жаҳон цивилизацияси марказларидан бири саналади. Минтақа халқлари тарихи, маданияти, диний анъана ва урф-одатлари, аллома ва олимлар ҳаёт йўлларини ўрганиш, уларнинг меросини тадқиқ этиш долзарб масалага айланган. 

Конференцияда Марказий Осиё халқлари тарихи ва маданияти ҳамда ёзма ёдгорликлари ва илмий меросига оид мавзулар ҳам муҳокама қилинди. 

Қизғин мунозара, савол-жавоблар остида ўтган онлайн-анжуман йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Ҳамкор ташкилотлар билан илмий-амалий алоқаларни янада давом эттиришга келишиб олинди. 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
матбуот хизмати

Дубай Халқаро молия марказида замонавий меъморий услубда бажарилган янги масжид очилди. DIFC Grand Mosque биносининг майдони 14,5 минг квадрат футни ташкил этади.
Islam.ru маълумотлари бўйича, бино етакчи RMJM меъморий бюро томонидан ишлаб чиқилган. Замонавий куб шаклидаги масжид 500 ибодатчиларини ўз бағрига сиғдира олади. У куну тун фаолият юритиши кутилмоқда.
Жуда камтарона ташқи қарамай, масжидички жуда таъсирли. Шундай қилиб, асосий зал ҳашаматли қандил билан безатилган. Бино Араб меъморий анъаналарини қайта талқин етди. Масжидда махсус аёллар намозгоҳи ва жума намозига мўлжалланган зал мавжуд.
Khaleej Times маълумотларига кўра, COVID-19 нинг олдини олиш бўйича белгиланган қоидаларга кўра, Бирлашган Араб Амирликларидаги барча масжидлар бинолари умумий сиғимининг 50% миқдорида тўлдиришга рухсат этилади.
Ибодат қилувчилар орасидаги хавфсиз масофа камида 2 метр бўлиши керак. Намоз (Азон) га чақириш билан намознинг ўзи (Салоҳ) орасидаги вақт оралиғи 5 дақиқани ташкил этадиган шом намози (Мағриб)ни мустасно этганда 10 дақиқага оширилди.
Ибодат қилувчилар ўз жойнамозларини олиб келишлари, масжидда ҳамма вақт ниқоб кийиб, уйда таҳорат қилиб келишлари талаб қилинади. 60 ёшдан катта кексалар, 12 ёшгача болалар ва сурункали касалликлар билан оғриганлар ёки уйда COVID-19 га чалинган беморлар бўлганларга уйда ибодат қилиш ва масжидларга бормаслик тавсия этилади.
Масжидга намоз ўқиш учун келган ҳар бир киши Al Hosn иловасини смартфонига юклаб олиши керак. Қуръонни ҳам фақат электрон вариантда ўқиш мумкин. Кириш ва чиқишда тўпланиш, қўл сиқиш ва бир-бири билан қучоқлашиб кўришиш таъқиқланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Кийим – киши маънавияти, маданияти, диди ва дунёқарашининг кўзгуси. У инсонни иссиқ ва совуқдан сақлайди, авратларини беркитиб, кишига зийнат бўлади. 

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй, Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси – бу, яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар!” (Аъроф сураси 26-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга авратларини беркитадиган ва уларга зийнат бўладиган турли либосларни бичиш, тикиш тайёрлаш учун имкон берганини “нозил қилдик” дея авратларни ушбу либослар ила тўсишга амр этмоқда.

Бугун жамиятимиз аъзолари орасида кийиниш маъданиятига бўлган талаб кескин ўзгармоқда. Бу мавзу асосан ёшлар тегишли.

Ўзбек халқи асрлар оша қадрлаб келаётган миллий либослари билан бутун дунёга довруғ таратган. Турли рангларда атласу адраслар нозик хилқат вакиллари кўркига кўрк қўшади. Беқасам тўн, миллий дўппи ва белбоғ алп ўғлонларга ярашади.

Бугун маданий қадриятлар глобаллашуви либосларга ҳам ўз таъсирини ўтказгани ачинарли ҳол. Ғарбдан кириб келаётган ажнабий сурат ва турли ёзувлар акс этган кийимларни кўрганда киши ёқа ушлайди. Айниқса, айрим ўсмир йигитлар устидаги либослар ҳар қандай инсонни таажжубга солиши, шубҳасиз.

Кийиниш маданияти борасида буюк мутафаккир ва алломалар ҳам ўз асарларида турли фикр-мулоҳазаларни баён этишган. Сўз мулкининг султони Алишер Навиой “Маҳбуб ул-Қулуб” асарида: “Эркакларнинг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши хотинларнинг оройиш учун безаниши кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир”, дея таъкидлаб ўтган.

Шу боис ҳар бир фарзандни тарбиялаб, вояга етказаётган оилаларнинг фарзанд тарбияси ва кийинишга бўлган эътибори муҳим аҳамиятга эга бўлган омиллардан ҳисобланади.

 

А.Пазлитдинов,

Янгийўл шаҳар бош имом-хатиби

Мақолалар

Top