muslim.uz

muslim.uz

Куни кеча, 18 сентябрь куни АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Самуэл Браунбек бошчилигидаги делегация Диний идорага келди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ушбу мартабали меҳмон билан мулоқот ўтказди.
Учрашув аввалида муфтий ҳазратлари диёримизда диний ибодатларни, маърака маросимларни эмин-эркин ва тинчлик-осойишталикда адо этиб келинаётгани ҳамда юртимиздаги хайрли ислоҳотлар, улкан ижроотлар ва илғор ташаббуслар ҳақида сўзлаб бердилар.
Элчи Самуэл Браунбек жаноблари ўтган вақт давомида Ўзбекистонда амалга оширилган диний соҳадаги ишларга юқори баҳо берди. Шунингдек, инсон ҳақ-ҳуқуқлари муқаддас экани, айни пайтда бу масала мамлакатлар манфаати учун катта хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Мартабали меҳмон “Ҳазрати Имом” мажмуасидаги тарихий обидалар, “Ҳазрати Усмон Мусҳафи”ни зиёрат қилди ва “Барақхон” мадрасасидаги ҳунармандчилик ишлари билан танишди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

15 сентябр куни Кармана туман маданият саройида жорий йилда вилоятимиздан муборак ҳаж сафарини адо этиб келган 150 нафар фуқаролар, маҳалла раислари, фаоллар, имом-хатиблар ва отинойилар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни Навоий вилоят ҳокимининг диний ва жамоат ташкилотлари билан ишлаш бўйича ўринбосари Ғ.Мусурманов очиб берди. Ўз ибодатларини эсон-омон адо этиб келган ҳожиларни қутлаб, келгусида ҳамкорликда ишлаш, уларнинг халқ олдидаги мавқеълари ва ҳаётий тажрибаларни инобатга олиб, нотинч оилаларни яраштиришда, адашиб, нотўғри йўлга кириб қолган, эътиқоди бузуқ кишиларга тўғри йўл кўрсатишда ҳожиларимизнинг ҳам ёрдамига суянилишини таъкидлаб ўтди.
Йиғилишга таклиф этилган Маҳалла хайрия жамоат фонди раиси, Нуроний жамияти раиси ва вилоят бош имом хатиби ўринбосари сўзга чиқиб, ўз соҳалари бўйича ҳожиларга керакли кўрсатма ва тавсияларни беришди.
Йиғилиш сўнгида жожилардан бир неча нафарлари сўзга чиқиб, ҳаж сафарини бекам-у кўст адо этиб келганликлари, у ерда Ўзбекистонлик ҳожиларга яратилган шароитлар ҳақида тўлқинланиб гапиришди. Уларга топширилган масъулиятни, астойидил адо этишларини, халқ олдида беминнат хизмат қилишларини қайд этиб ўтишди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугунги кунда мамлакатимиз мусулмонлари томонидан кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотган оилалар, етимларга мурувват кўрсатиш Аллоҳ таоло ва пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.) буюрган ишлардандир.

Шундай хайрли тадбирлардан бири пойтахтнинг Яшнобод туманида амалга оширилди. Тумандаги 30-меҳрибонлик уйининг юздан ортиқ тарбияланувчилари учун Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни байрами муносабати билан байрам эҳсон дастурхони ёзилди. Мулла Қосим жоме масжиди жамоати ҳомийлигида эҳсон оши берилиб, болалар кўнглига бироз бўлсада шодонлик, илиқлик олиб кирилди.

Масжид имом-хатиби Азимжон Алимжоновнинг сўзларига кўра, бу сингари хайрли ишлар туманда янада кўпроқ ташкил этилиши давом этади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида 2018-2021 йилларда 1,3 миллиард долларлик янги ҳамкорлик стратегияси имзоланди. Бу ҳақда "Kun" интернет нашри хабар берди.

«Бугун биз ҳукумат билан 1,3 миллиард долларлик ҳамкорлик стратегиясини имзоладик. Ушбу маблағ турли йўналишлар бўйича тақсимланади: транспорт, энергетика, таълим ва соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида», - деган Ҳожар журналистларга.

Ислом тараққиёт банки раҳбарининг таъкидлашича, банк Ўзбекистон президенти ва ҳукумати томонидан танланган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди. «Биз Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишда иштирок этаётганимиздан хурсандмиз», - дея қўшимча қилиб ўтди у.

Ўзбекистон 2003 йил 3 сентябрда ИТБнинг тўлақонли аъзоси бўлган. Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси маълумотларига кўра, ИТБ билан ҳамкорлик даврида 926 млн долларлик 17та лойиҳа амалга оширилди. Бугунги кунда 1 млрд долларлик 9 та лойиҳа амалга ошириш босқичида турибди.

ЎМИ Матбуот хизмати

  1. Киши модомики илм талабида экан, у олимдир. Агар у билиб бўлдим, деб ўйласа, жоҳиллиги бошланган бўлади.

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу)

  1. Ё олим бўл, ёки ўрганувчи бўл. Ҳаргиз бекорчи бўлма.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)

  1. Кишининг олим бўлишига Аллоҳ таолодан қўрқмоғи, илмсиз қолишига эса амалига мағрурланиши кифоя қилади.

Масруқ

  1. Ёки илмли бўл, ёки илмга таяниб иш тутадиган бўл, лоақал илмни тинглаб эшитадиган бўл, аммо тўртинчиси бўлма, чунки касодга учраб ҳалок бўласан.

Абулқосим аз-Замахшарий

  1. Ҳақ таоло ҳар замонда олимларни ўшал замона халқининг амалларига муносиб сўзлар билан гапиртириб қўяди.

Абу Туроб Нахшабий

  1. Олимнинг адо этилиши лозим бўлган ҳақлари бор. Унга кўп савол бермаслик, жавобига эътироз қилмаслик, эриниб турганида жавоб беришга зўрламаслик, ўрнидан туришга қўймай, этагига осилиб олмаслик, сирларини ошкор этмаслик, ҳузурида бирор кишини ғийбат қилмаслик, ундан хато қидирмаслик, борди-ю хато қилса, узрини қабул қилиш, модомики Аллоҳнинг амрига итоат этаркан, унга ҳам Аллоҳ учун ҳурмат кўрсатиш, олдида ўтириб олмаслик, бирор эҳтиёжи бўлса, уни раво қилиш учун ҳаммадан олдин шошилиш олимнинг ҳақларидандир.

Али ибн Абу Толиб

  1. Китоби йўқ олим - мевасиз дарахт.

Саъдий Шерозий

  1. Олим керакки, ўз илмининг поя ва миқдорини асрагай, гавҳарни имтиҳон учун тошга урмагай.

Алишер Навоий

  1. Илм ва диннинг машҳур кишилари ўз маслаҳатлари билан подшоҳларга ёрдам бериб келганлар.

Амир Темур

  1. Олимлар эҳтиромга лойиқ буюк инсонлардир. Илм билан мустаҳкамланмаган ҳар қандай улуғликнинг оқибати хорликдир.

Аҳнаф ибн Қайс

  1. Олим киши кечалари қойим, кундузлари рўзадор мужоҳиддан афзалдир. Олим вафот этса, Исломда бир ёриқ пайдо бўлади. У ёриқни фақат олимнинг ўринбосаригина тўлдиради.

Али ибн Абу Толиб

  1. Олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қони билан ўлчанади. Шунда олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қонидан оғир келади.

Ҳасан Басрий

  1. Эй ўғлим, сен олимлар билан ўтир. Уларнинг орасига кир, чунки Аллоҳ таоло ерни осмон суви билан тирилтиргани каби қалбларни ҳикмат нури билан тирилтиради.

Луқмони Ҳаким

  1. Кундузлари рўзадор, кечалари қойим (бедор) бўлган мингта обиднинг ўлими ҳалол-ҳаромни ажрата олувчи бир олимнинг ўлимидан енгилроқдир.

Умар ибн Хаттоб

  1. Олимлар бўлмаганида инсонлар чорва моллари каби бўлиб қолардилар.

Ҳасан Басрий

  1. Ота-оналар фарзандларини дунё оташидан ҳимоя қилади, олимлар эса уларни охират олови – дўзахдан муҳофаза этади.

Яҳё ибн Маоз

  1. Ким олимнинг олдига келиб, у билан бирга ўтирса, унинг илмини эгаллашга қодир бўлмаса ҳам, унга етти яхшилик бордир.

Абу Лайс Самарқандий

  1. Олимлар юлдузларга ўхшайди. Агар кўриниб турса, одамлар улар билан йўл топишади. Агар кўздан йўқолиб, зулматда қолсалар, қаёққа юришни билмай ҳайрон қолишади.

Ҳасан Басрий

  1. Илмга амал этишни ўзингга одат қил; агар олим илмини амалиётга татбиқ этмаса, у руҳсиз баданга ўхшайди.

Имом Аъзам

  1. Донишманд ва олимларнинг хулқларидан ўрнак олиш яхши хулқни тирилтиради, ёмонни йўқ қилади.

Абу Райҳон Беруний

  1. Дунё (юрт) ободлиги тўртта нарса сабабидан: раҳбарлар адолати, олимлар илми, бойлар саховати, муҳтожлар дуоси.

Абу Ҳомид ал-Ғаззолий

Мақолалар

Top