muslim.uz

muslim.uz

“Вақф” фонди тушумлари миқдори маълум

Инсонларга меҳр-мурувват, хайру-саховат кўрсатиш мўмин мусулмонларнинг асосий вазифаси саналади. Бугун юртимиздаги масжидлардан Қурбон ҳайити байрами муносабати билан “Вақф” хайрия жамоат фондига йиғилган пул миқдори 4.067.131.544 сўмни ташкил қилди. 

Булардан ташқари юртимиз имом-хатиблари томонидан Қурбон ҳайити муносабати билан кам таъминланган оилалар, меҳрга мухтож кишилар, боқувчисини йўқотган қариялар, “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларига 1.449.473.900 сўм миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилди.

«Вақф» фонди томонидан  «Маҳалла», «Ўзбекистон ёшлар иттифоқи», «Нуроний» ҳамда ҳокимлик вакиллари билан ҳамкорликда жойларда амалга оширилган моддий ёрдамлар 5 млрд. 343 млн. 87 минг сўм ташкил этади, жумладан, 54849 нафар ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оилаларга 4 млрд. 975 млн. сўмдан ортиқ, 89 та «Меҳрибонлик», «Мурувват» ва «Саховат» уйларига эса 367 млн. 425 минг сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди ва бу каби хайрли тадбирлар давом этмоқда.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Дунёда икки юздан ортиқ давлат, минглаб халқ ва элатлар мавжуд. Улар орасида Ўзбекистон дея аталмиш гўзал ва бетакрор мамлакатнинг ўз ўрни ва нуфузи, ўзига хос тараққиёт йўли борлиги қалбимизга ифтихор бағишлайди. Мустақиллигимиз биз учун Она каби мўътабар, нондай азиз ва қадрлидир. Тарихи бир неча минг йиллар билан бўйлашадиган, жаҳон тамаддунининг тамал тошини қўйган, илм-фани, санъати, маданияти, улкан маданий ва маънавий мероси, олиму фузалолари билан донг таратган халқимиз ўз истиқлолини осонликча қўлга киритгани йўқ. Яқин ўтмишда-қарийб бир аср давомидаги мустамлака ҳолатидаги ҳолат, унгача ҳам ҳақ-ҳуқуқлари поймол этиб келинган халқимиз қаддини, руҳини ҳеч қандай куч буколмаган, сўндиролмаган. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани, 1990–1991 йилларда Наврўз байрами қайта тиклангани, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари байрам ҳамда дам олиш кунлари деб эълон қилингани халқимизнинг асрий орзу ва армонлари рўёбга чиқиши, миллий қадриятларимиз тикланиши йўлидаги дастлабки йирик қадамлар бўлганини алоҳида таъкидлаш зарур. Мустақилликка эришилиши билан дастлаб унинг кафолати бўлмиш Конституциянинг қабул қилиниши, мамлакатни модернизациялаш миллий давлатчилигимизни барпо этиш йўлидаги залворли қадам бўлди. Теран тарихий илдизларимиз, кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятларимиз, аждодларимизнинг ҳуқуқий мероси, халқимизнинг орзу ва интилишлари чуқур сингдирилган Конституциямизнинг ҳаётий негизи жуда мустаҳкамдир. Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш бош вазифа этиб белгиланиб, мамлакат сиёсий ҳаётида кўппартиявийлик муҳити қарор топди, нодавлат тузилмалар, жамоат ташкилотлари ва ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолияти такомиллаштирилди, суд-ҳуқуқ тизимида, оммавий ахборот воситалари, маънавий-маърифий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Таълим тўғрисида” ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури, мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши таълим сифати ва мазмун-моҳиятини тубдан яхшилаш имконини берди. Бугун мамлакатимизнинг олис қишлоқларида ҳам қад кўтарган замонавий мактаб, лицейда ўқувчиларнинг таълим олиши учун барча шарт-шароит яратилган. Бу эзгу ишларнинг бари Ватан келажагига, миллат истиқболи йўлидаги ғамхўрликнинг амалий ифодасидир. Мамлакатимизнинг қулай геосиёсий ўрни, унинг биринчи навбатда ўз миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда олиб бораётган ҳар томонлама чуқур ўйланган, мустақил ва изчил ташқи сиёсати давлатимизнинг жаҳон халқаро ҳамжамияти томонидан эътироф этилиши, халқаро майдонда мамлакатимиз обрў-эътиборининг ортиб боришини таъминлади. Ўзбекистон БМТ, Ислом конференцияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотлари, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби кўплаб халқаро ташкилотлар, ихтисослашган халқаро тузилмалар ишида фаол иштирок этиб келмоқда. Мустақиллик халқимизга, миллатимизга ўзлигини теран англаш, минг йиллар давомида аждодларимиз томонидан яратилган бой маънавий-маданий меросдан баҳраманд бўлиш имконини берди. Мустақиллигимизнинг турли йилларида миллатимизнинг буюк фарзандлари-Аҳмад Фарғоний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий, Имом Бухорий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотурудий, Бурҳониддин Марғилоний, Имом Термизий, Хожа Аҳрор Валий сингари улуғ зотларнинг таваллуд саналарини алоҳида нишонлаш ҳамда бой илмий, диний-маърифий меросини кенг оммалаштириш ва ўрганиш, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Марғилон сингари қадим ва муаззам шаҳарларнинг халқаро миқёсдаги юбилейлари ўтказилди.

Мустақиллигимизнинг ўтган йигирма етти  йилида, айниқса охирги икки йилида амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар, эришилган натижаларни шарҳлаш, таҳлил қилиш учун йиллар камлик қилади. Ҳар бир воқеа, ҳар бир жараён, ҳар бир соҳа-катта тарихдир.

МУСТАҚИЛЛИГИМИЗ БИЗ УЧУН ОНА КАБИ МЎЪТАБАР, НОНДАЙ АЗИЗ ВА ҚАДРЛИДИР.

 

Абдулазиз  БОБАМИРЗАЕВ

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти мудири

Бугун Республикамизнинг барча ҳудудларида Қурбон ҳайити байрами тинчлик ва осойишталикда ўтди. Юртимиздаги 1982 та масжидда 1906974 нафар мўмин-мусулмонлар эмин-эркин, кўтаринки кайфиятда Қурбон ҳайити намозини адо этдилар. Фазилати улуғ кунда юртимиз мусулмонлари бир-бирларини байрам билан муборакбод этиб, шундай кунларга етказган Аллоҳ таолога шукроналикда дуолар қилдилар.

Имом-хатиблар ҳозирда юртдошларимиз Ҳаж амалларини адо қилиб, дуолар қилаётганлари, шунингдек, Қурбон ҳайитининг фазилатлари ҳақида маъруза қилдилар.

ЎМИ матбуот хизмати


 

Нуриймон Абулҳасан Маккада Каъба калитдори (ҳожиби) саҳобий Усмон ибн Толҳа авлодлари билан учрашди.
 
Тарихдан маълумки, Иброҳим алайҳиссалом Каъбани қурганидан кейин, унинг назоратини ўғиллари Исмоил алайҳиссаломга топширди. Каъбанинг калити дастлаб Исмоил алайҳиссалом, сўнгра уларнинг авлодларида бўлди. Кейинроқ калитни Исмоил алайҳиссалом авлодларидан Яманнинг Журҳум қабиласи, сўнгра Журҳумдан Хузоа қабиласи тортиб олди. Бундан 16 аср олдин Қусай ибн Килоб Хузоа қабиласи устидан ғалаба қозониб, калитни Қурайшга – Исмоил авлодларига қайтарди.
 
Расулуллоҳ (с.а.в) насаблари қуйидагича: Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳашим ибн Абдул Манаф ибн Қусай ибн Килоб. Бинобарин, Қусай ибн Килоб Расулуллоҳнинг (с.а.в) 4-боболари ҳисобланади.
 
Қусай ибн Килоб ўлимидан олдин Каъба ҳожиблиги (калитдорлик) катта ўғил Абдуддорга мерос қолди. Шу билан Каъба ҳожиблиги пайғамбаримиз (с.а.в) Маккани фатҳ қилиб, ислом нурини муқаддас диёрга қайтаргунларича Қурайшнинг Бани Абдуддор оиласида бўлди. Бу оиланинг раҳбари Усмон ибн Толҳа Макка фатҳидан олдинроқ Холид ибн Валид билан ҳижрат қилиб, исломга кирган эдилар. Макка фатҳ этилган куни Расулуллоҳ Усмон ибн Абу Толҳани олдиларига чорлаб: «Эй Абу Толҳа ўғиллари, ҳожибликни – калитдорликни авлоддан-авлодга абадий мерос ўлароқ олинглар, уни сизлардан фақат золимгина тортиб олади», дедилар. Шундай қилиб, Каъба калитдорлиги баъзи қисқа узилишларни ҳисобга олмаганда 1 минг 400 йил давомида Усмон ибн Толҳа авлодлари қўлларида сақланади.
 
photo5463036527945820722.jpg
 
Куни кеча Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан Каъбатуллоҳ калитдорлари бўлган Усмон Ибн Толҳа авлодларининг уйида меҳмон бўлди.
 
Буюк саҳобий авлодлари уй музейида Каъбатуллоҳнинг қадимги ва бугунги кундаги калитлари, турли асрлардан сақланиб қолган каъбапўш парчалари, Каъбани таъмирлаш вақтида унинг остидан топилган қадимий, тарихий ашёлар, ёзувлар ва хазиналар сақланар экан.
 
Муборак оила вакиллари билан учрашув илмий мазмунга ва таассуротларга бой ўтди. Унда саҳобий Усмон ибн Толҳа авлодлари Имом Бухорий юртини зиёрат қилиш ва Ҳазрати Имом мажмуасидаги Усмон мусҳафини кўриш орзусида эканликларини билдирди.
 
photo5463036527945820721.jpg
 
Ҳожиларимиз Ҳаж ибодатларини чиройли адо қилиб, юртимизга соғ-саломат қайтиши, дин ва халқ манфаати йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар бардавомлигини тилаб дуолар қилди.
 
Нуриймон Абулҳасан саҳобий Усмон ибн Толҳа авлодларини Ватанимизга таклиф қилди ва навбатдаги учрашув яқин келажакда Ўзбекистонда бўлишига келишиб олишди.
 
Саҳобий авлодлари Ўзбекистон делегациясини муқаддас Каъбатуллоҳга кириш ва уни ювиш маросимига таклиф этди. Бу шарафли анъана Ҳаж якунида Саудия Подшоҳи иштирокида ўтказилиб, фақат мартабали меҳмонларгагина насиб этади. Мазкур маросимга Марказий Осиёдан фақат Ўзбекистон «Ҳаж-2018» ишчи гуруҳи раҳбари таклиф этилгани мамлакатимизга ва ҳожиларимизга бўлган чексиз ҳурматдан далолатдир.
 

 

ЎзА
lundi, 20 août 2018 00:00

Неъматнинг шукри

Аллоҳ таоло бандаларига шу қадар кўп неъматлар берганки, уларни санаб тугатиб бўлмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деб марҳамат қилган: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир” (Наҳл сураси, 18-оят).

Банда неъматларга шукр қилиши керак. Бу Аллоҳ ва Расулининг амридир. Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Албатта, қиёмат куни Аллоҳ таборака ва таолонинг энг афзал бандалари кўп ҳамд айтувчилардир” (Ибн Ҳиббон, Ибн Можа ривояти).

Неъматга шукр қилиш ўша неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Шукр қилмаган банда нонкўр, ношукр бўлади. Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилган: “Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).

Бу ояти каримада банда неъматга шукр қилса, Аллоҳ уни зиёда қилишини қасам ила айтмоқда. Шунинг учун ҳам, астойдил шукр қилиш керак, токи неъматлар янада кўпайсин ва ўзимиз шокирлардан бўлайлик.

Оятнинг давомида шукр қилмаган, нонкўрлик қилганларга шиддатли азоб борлиги эслатилмоқда. Банда қаттиқ азобга дучор бўлмаслиги учун ҳам шукрни кўпайтириши керак.

“Шукр” деганда кўпчилигимиз “Ўзингга шукр”, “Алҳамдулиллаҳ” деб айтишни тушунамиз. Тўғри, булар ҳам шукр. Булар лафзий шукр ҳисобланади. Яъни шукрнинг тилда айтиладиган туридир. Ҳар қандай неъматга сўз орқали шукр қилинганда, ўша неъмат зикр қилиниб, масалан, “Фалон неъматни берганинг учун шукр” деб шукр адо этилаверади.

Аллоҳ таоло берган неъматлар ҳақида гапирганда, аввало, энг улкан неъмат ҳақида сўз юритамиз. Бу иймон неъматидир!

Ҳа, У бизга иймон берди. Бу энг катта неъмат! Энди бу неъматнинг сўз билан бўладиган шукри “Иймон неъматини берганинг учун Ўзингга шукр” дейиш бўлса, амал билан бўладигани Аллоҳни таниш, Унга сажда қилиш, Унинг юборган Пайғамбаринининг ҳаётини ўрганиб, унга эргашиш, унга нозил қилган Қуръонни ўқиб-ўрганиб, амал қилиш, ибодатда бардавом бўлиш, хуллас, иймон тақозо қилган нарсаларни адо этиш билан бўлади.

Энди тана аъзоларини кўриб чиқайлик! У бизга бош берди. Бошнинг амалий шукри – ундан ёмон хаёлларни чиқариб ташлаш, дунё ва охират учун фойдали бўлган нарсаларни ўйлаш, гўзал ният қилиш билан бўлади.

У бизга кўз берди. Кўзнинг амалий шукри – у билан ҳаромга боқмаслик, фақат ҳалол нарсага қараш, ота-онанинг, аҳли оила ва фарздандларнинг, устозларнинг юзига меҳр ила боқиш, диндошларнинг юзига табассум ила боқиш билан бўлади.

У бизга қулоқ берди. Қулоқнинг амалий шукри – у билан ҳаром нарсаларни эшитмаслик, фақат ҳалол нарсаларнигина эшитиш, Қуръон тинглаш, мавъиза тинглаш, илмий суҳбат тинглаш, ота-онанинг, устозларнинг, аҳли оиланинг гапларига қулоқ солиш, ёрдам сўраб келган инсонларнинг илтимосларини эшитиш ва ҳожатларини раво қилишга уриниш билан бўлади.

У бизга тил берди. Тилнинг амалий шукри – у билан ҳаром, гуноҳ бўлган гапларни гапирмаслик, фақат ҳалол, фойдали сўзларни гапириш, Аллоҳни зикр қилиш, Қуръон тиловат қилиш билан бўлади.

У бизга қўл берди. Қўлнинг амалий шукри – у билан ҳаром нарсани ушламаслик, ҳаром ишга қўл урмаслик, фақат ҳалол нарсани ушлаш, ҳалолга қўл уриш билан бўлади.

У бизга оёқ берди. Оёқнинг амалий шукри – у билан ҳаром, гуноҳ жойларга бормаслик, фақат ҳалол, савоб бўладиган жойларга юриб бориш, масжидга, диндош биродарининг ҳожатини раво қилиш, ота-она, устозлар, беморлар, етимлар зиёрати учун юриб бориш билан бўлади.

Хуллас, барча тана аъзоларини Аллоҳ рози бўладиган, савобли ишларга ишлатиш, ҳаром, гуноҳ ишларга ишлатмаслик, бирорта аъзо касал бўлса, уни даволатиш билан амалий шукр адо этилади.

Аллоҳ таоло фарзанд неъматини ато қилса, унинг амалий шукри ўша фарзандни Аллоҳни танийдиган, солиҳ, тақводор этиб тарбия қилиш билан бўлади.

Аллоҳ таоло илм олиш имкониятини берса, масалан, ўқишга кирилса, унинг амалий шукри ўша билим даргоҳида яхши ўқиш, устозларни ҳурмат қилиш, илм олиш йўлидаги машаққатларни енгиб ўтиш, дангасалик қилмаслик билан адо этилади.

Аллоҳ таоло бойлик берса, уни ҳалол ишларга сарф этиш, оиланинг нафақасини кенг қилиш, мискинлар, етимлар, бева-бечоралар ҳолидан хабар олишга сарфлаш, силаи раҳм, яхши қўшничиликка ишлатиш, маҳалладаги моддий маблағга бориб тақаладиган муаммоларга кўмак бериш, закот бериш, ўқишга кириб, шартнома пулини тўлолмай қийналаётган талабаларга ёрдам бериш кабилар билан бу неъматнинг амалий шукри адо этилади.

Аллоҳ таоло бир амални, мансабни насиб этса, у ерда ҳалол меҳнат қилиш, порахўрликка, таниш-билишчиликка йўл қўймаслик, давлатга, халққа, мусулмонларга фойда келтирадиган ишларни қилиш, юрт тинчлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш, ўз ишида фаол бўлиш, алдамчилик қилмаслик, интизомли бўлиш билан унинг амалий шукри адо этилади.

Аллоҳ таоло уй, маскан неъматини берса, ўша уйда ҳалол яшаш, ибодат қилиш, китоб ўқиш, қўшнилар билан гўзал муомала қилиш, солиҳ фарзандни етиштириш билан у неъматнинг шукри адо этилади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бандасига қандай неъмат берган бўлса ҳам, банда ўша неъматдан фойдаланиб, Унга маъсият қилмаслиги керак! Мана шунда ўша неъматнинг шукрини адо этган бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни шукрнинг ҳар икки турини – лафзий ва амалий шукрни ўз ўрнига қўйиб боришимизни насиб этиб, шокир бандаларидан қилсин ва неъматларини янада зиёда қилиб берсин!

 

 

Нозимжон ИМИНЖОНОВ

тайёрлади

Мақолалар

Top