muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг 10 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртларида 2018-2019 ўқув йили учун қабул имтиҳонлари бошланди.

Имтиҳонлар тасдиқланган низомга кўра, “Маънавият ва маърифат” фанидан суҳбат, “Чет тили” ва “Тарих” фанларидан тест синови шаклида бўлиб ўтди.

Имтиҳонлар Қорақалпоғистон Республикасидаги Муҳаммад Беруний номидаги Ислом ўрта-махсус билим юрти, Андижон вилоятидаги Саййид Муҳйиддин махдум ўрта махсус ислом билим юрти, Бухоро вилоятидаги Мир араб мадрасасида ўтказилди.

Имтиҳонлар давом этмоқда, имтиҳон ҳақида қўшимча маълумотлар порталимизда эълон қилинади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

58 ёшли марокашлик Муҳаммад Руҳубат Ҳаж зиёратини амалга ошириш учун Марокашдан Саудия Арабистонига қараб велосипедда йўлга чиқди. Унинг олдида минглаб километр масофани босиб ўтиш вазифаси турганини айтиб ўтилган. Бу ҳақда "dailysabah.com" нашри хабар берди.

Муҳаммад Руҳубат ўз саёҳатини 1 апрелда бошлаган бўлиб, босиб ўтиладиган йўл уч ой тўққиз кунни давом этади. Саёҳатчи Марокашнинг Мекнес шаҳридан йўлга чиқиб, Мавритания, Мали, Буркина Фасо, Нигер, Чад, Судандан ўтади.

Руҳубат ҳар куни қарийб 120 км масофани босиб ўтмоқда.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

mercredi, 11 juillet 2018 00:00

Нафс қулига айланган аёл

Бир неча йил бурун кеч куз Самарқандга бориш учун автобусга чиқдим. Автобус топ-тоза, шинам, ҳар томонлама қулай. Бир нечта (тадбиркор) аёллар автобус салонига чиқиб, қўлларида турли нарсаларни кўтариб, йўловчиларга ўтказиш учун молларини мақтай кетди. Аёллардан бири қўлида мандарин кўтариб олганди. Ўзи келишган, чиройли, жуда ширинсўз экан. Ҳамма қатори у ҳам мандаринини мақтай бошлади. У шундай муомала қилардики, ҳар қандай одамни ўзига маҳлиё айларди. Йўловчилардан бир нечтаси мандарин харид қилди. Улардан бири:

– Опажон, ишқилиб мандаринларингиз чиримаганми, яхшими? – деди.

– Айланай, укажон! Сотганларим ортидан бола-чақа боқаман-а, буюрмасин-а! – деб қасам ичди. Аёлнинг қасам ичиши ва ширин гапи, қош қоқишларига учган яна бир неча харидорлар мандарин олди. Аёл сотганича сотиб, автобусдан тушиб, эшик олдида туриб бошқа харидорларга молини мақтарди. Бир вақт йўловчилар ичида ғала-ғовур бошланди. “Қасамхўр, ёлғончи”, каби гаплар қулоққа чалина бошлади. Бояги йигит қўлига мандаринни олиб, эшик олдида турган сотувчи аёлни чақирди. Аёл яна мандарин олса керак, деган илинжда автобусга кўтарилди.

– Опа, сиз мандаринларим чиримаган, ҳозир келтирилган, деб қасам ичганингизга ишониб олгандим. Аммо мандаринларингиз чириб кетган экан. Устига бир-иккита яхшисини қўйиб, ичига чириганларини солиб сотибсиз, деб гапини тугатмасдан аёлнинг чиройли юзлари тундлашди, қалдирғоч қошлари чимирилиб, оҳу кўзлари чақнади, ширин сўзлар ўрнига заҳарли ва ҳақоратли сўзлар ўқдек ёғила бошлади. Нозик қўллар йигитнинг ёқасига ёпишди. Ҳай-ҳайлаб, бир амаллаб аждарҳо чангалидан йигитни қутқариб, “заҳарли илон”ни пастга туширдик. Йигит қўлидаги мандарин солинган халтачани аёлнинг орқасидан “топганларинг болаларингнинг азасига буюрсин!” деб отиб юборди. Бошқа мандарин харидорлари ҳам бирин-кетин заққумли қарғишларини ёғдира кетишди. У бепарво бошқа автобусга мандаринларини кўтарганча чиқиб кетди. “Эй, Худо! Бу қарғиш ўқларидан аёлнинг бегуноҳ болаларини асрагин”, деб дуо қилдим.

Азизлар! Биз болаларимизни ҳаром луқма бериб улғайтирсак, ҳалол-ҳаромни ўргатмасак, ўзимизнинг бадкирдор амалимиз билан уларни қарғишлар ўқига дучор қилсак, фарзандларимиздан буюклик ва олимлик кутсак тўғри бўлармикин? Биз ҳалол ризқ топиб, эл-юрт, кексалар ва олимларнинг дуосини олиш ўрнига ўзимиз, болаларимиз, ўтганларимизга лаънатлар ёғдирсак, оқибатимиз хор-зор бўлмайдими?

 

“Қасамини бузган қиз”

китобидан олинди

mercredi, 11 juillet 2018 00:00

Ҳалолида ҳаловат бор

Аллоҳ таоло инсоннинг ризқини тақдири азалда белгилаб қўйган бўлиб, шариат ана шу ризқни ҳалол йўл билан топишга буюради. Ҳалол меҳнат билан оиласини боқиш қанчалик муҳим экани ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким одамларнинг қўлига қарам бўлмаслик ва иффатини сақлаш учун ҳалол мол – дунё талаб қилса, Аллоҳга юзи тўлин ой кечасидаги ой каби (порлаган ҳолда) бўлиб, йўлиқади” (Имом Сарахсийнинг “Ал – Мабсут”).

Аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби уламолари таърифича, Аллоҳ таоло махлуқотларига – одамлар ва ҳайвонларга берган ва улар манфаат олган дунёвий ва ухровий ҳар бир нарса ризқдир. Демак, ҳар бир инсонга, ҳайвонга берилган ва улар фойдаланадиган емак, ичмак, кийим ёки уй-жой – уларнинг ризқи экан.

Абу Ҳафс Насафий ўзининг “Ал-ақоид ан-Насафия” рисоласида: Ҳаром ҳам ризқдир. Ҳар бир инсон ўз ризқини – хоҳ у ҳалол бўлсин, хоҳ ҳаром – тўла олади. Бирор инсон ўз ризқини емади ёки унинг ризқини биров еб қўйди, деб тасаввур қилинмайди”, деб ёзади.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича, таваккул қалбга ва касб аъзоларга боғлиқ иш бўлиб, сабабларни ишга солмагунча, таваккул ҳосил қилинмайди.

Ватандошимиз Ҳаким Термизий Муовия ибн Қуррадан ривоят қилади: Умар ибн Хаттоб бир гуруҳ одамларга йўлиқиб қолиб: “Сизлар кимсизлар?” деб сўради. “Таваккул қилувчилармиз”, дейишди. “Йўқ, сизлар текинхўрларсиз, таваккул қилувчи аввал донни ерга сепиб қўйиб, кейин Аллоҳга таваккул қилади”, деди.

Афсуски, оилани боқиш вазифамиз экан деб, кўчадан топганларимизни, ҳалолми, ҳаромми, суриштирмасдан ёки фарқига бормасдан уйга олиб келаётганларимиз ҳам йўқ эмас. Инсонда яшаш ҳуқуқи ва мол тўплаш ҳуқуқи бор, бу ҳуқуқни деб бурчимизни унутиш керакмас, аксинча, бу бурч бизга луқмамизни ҳаромдан сақлаш масъулиятини юклайди.

Луқма поклигини, кўз қорачиғини сақлагандек асраш лозим. Зеро, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳалол ризқ талаб қилиш – иккинчи даражадаги фарздир”, дедилар.

Мусулмон киши билибми-билмай бирор гуноҳ содир этса, бу ишидан афсус-надомат чекиб, Раббисига истиғфор айтади, тавба қилади ва ёмон амалидан қайтади. Ана шундан кейингина қалб сокинлигига ва хотиржамликка эришади. Халқимизда сақланиб келаётган бир мақолда юқоридаги мавзуга алоқадор фикр таъкидланади: “Яримта ноним – роҳати жоним”.

Ҳалол ризқ талаб қилиш ҳам диннинг бир бўлагидир. Фақат шарти –  шариат талабига мувофиқ, жоиз йўл билан бўлишидир.

Агар  мақсадимиз фақат мол-дунё талабининг ўзигина бўлиб қолса, хоҳ у жоиз йўл билан бўлсин ёки ножоиз, хоҳ ҳаром йўл билан бўлсин, хоҳ ҳалол, у ҳолда ҳадисда зикр қилинган фарзни адо этиш фазилати топилмайди.

Ёши улуғларимиз билан суҳбатлашганимизда кўп эшитганмиз. XX асрнинг қирқинчи йилларида халқнинг бошига чунонам қийинчиликлар тушганки, ўша даврни ҳолатини эшитган ёшларимиз, Аллоҳ таолонинг неъматлари еру осмондан ёғилаётган замонда, ўша қийинчилик, очарчилик ва қаҳатчиликни тасаввур ҳам қила олишмайди. Лекин ўша вақтлар ҳам одамлар ҳалол яшашган, одамларнинг инсофи, имони бўлган, қорни оч эса-да, кўзи тўқ бўлган.

Хулоса қилиб айтганда, ҳалол ризқ топишда сабр, қаноат, кўзи тўқ бўлишнинг ўрни беқиёс экан. Аллоҳ барчамизни кўзи тўқ, ҳалолига қаноат қиладиган, собир ва шокир бандалардан қилсин!

 

Зайнилобиддинхон ҚУДРАТОВ

Пискент тумани бош имом-хатиби

Кеча, 10 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳаж ва умра сафарлари бўйича Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати раҳбари Шайх Солим Солиҳ Баҳвайний билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмон Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акромов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан мулоқот олиб борди.

Шайх Солим Солиҳ Баҳвайний ҳаж ва умра сафарларини ташкил этиш борасида Ўзбекистон ҳукумати томонидан жуда катта ишлар бажарилганини таъкидлаб шундай деди: “Саудия Арабистони подшоҳлиги Ўзбекистон томонидан муборак сафарларни ташкил этиш ишларига юқори баҳо бермоқда. Ҳатто, зиёратларни тартибли ва намунали ташкил этиш, Ҳаж ва Умра вазирлиги томонидан қўйилган талабларни тўлиқ бажариш борасида Ўзбекистон Туркия, Малайзия ва Индонезия давлатларидан ҳам ўзиб кетди. Аслида, ҳаж ва умра сафарлари давлатнинг обрў-эътибори эканини чуқур англаган Ўзбекистон ҳукумати, бу борада, жуда кўп амалий саъй-ҳаракатлар қилаётгани таҳсинга лойиқ”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари меҳмон томоннинг илиқ фикрларини қўллаб-қувватлаб, шундай дедилар: “Албатта,  биз “ал-Ҳидоя” ширкати билан кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Сиз юқорида санаб ўтган ютуқларимиз, Ҳаж ва умра сафарларининг муваффақиятли амалга оширилаётгани, бу – ўзаро ҳамкорлигимизнинг ижобий самарасидир”.

Суҳбат асносида Муфтий ҳазратлари бу йилги “Ҳаж – 2018” мавсуми иссиқ кунларга тўғри келаётгани сабабли тайёргарлик ишларини кенг кўламда олиб бориш муҳим вазифа эканини таъкидладилар. Шунингдек, келгуси мавсумни намунали ўтказиш ҳақида таклиф ва тавсияларни бердилар. Айниқса, зиёратчилар учун йўлда бериладиган таомлар сифатини ошириш, Мино ва Муздалифа водийларида жойлар етишмовчилигининг олдини олиш масаласига алоҳида урғу қаратдилар.

Шайх Солим Солиҳ Баҳвайний ўзбекистонлик ҳаж ва умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиш шараф экани, шу кунга қадар, бу борада муваффақиятларга эришиб келинаётгани, натижада, ҳамкор эмас, балки бир оила бўлиб хизмат қилинаётганини, ҳатто бошқа давлатларнинг бу йўналишдаги таклифларини рад этиб, фақат Ўзбекистон билан ишлаш ниятида эканини билдирди. Солиҳ Баҳвайний сўзида давом этиб, олдинги мавсумларда қайд этилган камчиликларни ва бошқа турли масалаларни кўриб чиқиб, муаммоларни бартараф этиб, Ўзбекистон томонининг ишончини тўлиқ оқлаш учун бор имкониятини ишга солишини таъкидлади. Шунингдек, Шайх Солим Солиҳ Баҳвайний Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича ўзининг таклифларини тақдим этди.

Учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов “ал-Ҳидоя” ширкати билан кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келинаётгани, ўтган давр мобайнидаги жуда катта муваффақиятларга эришилгани, айниқса, Саудия Арабистони ҳукуматининг мутасадди ташкилотлари томонидан ҳар йили ўзбекистонлик ҳожилар намунали деган мақтовга муносиб кўрилаётгани барчани мамнун этишини билдирди.

У сўзида давом этиб, Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича “ал-Ҳидоя” ширкати томонидан сармоя киритилаётгани жуда ҳам яхши натижаларга олиб келишини таъкидлади. Бу борада билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қисқа фурсатларда кўриб чиқилишини маълум қилди.

Шунингдек, мулоқотда келгуси ҳаж мавсумига хизмат кўрсатиш даражасини янада кўтариш, янги ва қулай меҳмонхоналар ажратиш, ўтган йиллардаги камчиликларни такрорламаслик учун бор куч-ғайрат ва имкониятни ишга солишга келишиб олинди.

Шайх Солиҳ Баҳвайний учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Дин ишлари бўйича қўмита ва Диний идора раҳбарларига яқиндан ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдирди.

Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Мақолалар

Top