muslim.uz

muslim.uz

Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бирор бир банда ҳар тонгда ва тунда: Бисмиллаҳиллазий ла язурру маъасмиҳи шайун фил арзи ва ла фис самаи ва ҳувас самийъул алийм, деб уч марта айтса, унга бирор нарса зарар бермайди», дедилар.

(Аллоҳнинг исми билан бошлайман. Унинг исми туфайли еру осмонда бирор нарса зарар бера олмайди. У эшитувчи ва билувчи Зотдир.) (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти)

 

“Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайин қодир”

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайин қодир”, деб ўн марта айтса, Исмоил зурриётидан тўрт кишини озод қилгандек бўлади, дедилар (Маъноси: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, У ёлғиз, Унинг шериги ҳам йўқ, бутун мулк Уники, ҳамд ҳам Унга хос ва У ҳар бир нарсага қодирдир) (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайин қодир”, деб бир кунда юз марта айтса, ўнта қул озод қилган баробарида бўлибди. Унга юзта ҳасанот ёзилиб, юзта ёмонлиги ўчирилади, кеч киргунича шайтондан омонда бўлади. Унинг бу амалидан афзалроқ ишни ҳеч ким қила олмайди. Фақат шу калималарни кўпроқ айтган киши ўзиб кетиши мумкин, дедилар. 

 

   Даврон НУРМУҲАММАД

тўплади

 

mardi, 02 janvier 2018 00:00

Муножот

Худовандо, мурувват қил мани бечора ҳолимға,

Таним ожиз, забоним лол, белимда йўқ мажолимға.

 

Гуноҳ гирдобида қолдим, қаро юзли бўлиб борсам,

Нигоҳи раҳматинг-ла боқ эгилган қадди долимға.

 

Тирикликда кўриб лаззат, санга қилдим оз-оз тоат,

Агарчи тоатим оздир, эдинг барҳақ хаёлимға.

 

Карамликсан неча минглаб гуноҳкорларни афв этган,

Кечирганлар қаторида ишорат қил мисолимға.

 

Бўлай жаннат аро бир гўшада хизматгузоринг ман,

Суюкли бандалар бирла, дегил, етгил висолимға.

 

Умидим, Ҳусниё, ё Раб, бутун қилғил имонимни,

Ҳамма ҳамду сано хосдир карамлик Зулжалолимға.

Ҳусниддин ЗУЛФОНОВ,

Irfon.uz

Савол: Киши қўшнисидан қарзга олган туз, нон каби нарсаларни олганидан кўп ё кам қилиб қайтарса, гуноҳкор бўлмайдими?

 

Жавоб: Халқимизнинг қўшничилик муносабатлари динимиз кўрсатмалари асосида шаклланган миллий қадриятларимиздан биридир. Қўшнилар орасида олди-берди бўлиб туриши табиий. Динимиз нафақат озиқ-овқат, балки бошқа рўзғор буюмларини ҳам қўшни сўраса, беришга буюради. Рўзғор буюмларини қўшнилар ишлатиб туришга сўрашганида қизғаниш катта гуноҳ.

Фиқҳ китобларида қўшнисидан қарзга бир дона нон олган бўлса, бир дона нон қайтариш зарур дейилган. Агар туз ёки шакарга ўхшаш нарсаларни ўлчанмай берган ё олган бўлса, бериш ё олиш вақтида ҳадя деб ният қилиш керак. Шунда қайтарилган нарса кўп ё кам бўлса-да, рибо бўлмайди.

Аммо қўшнилар бир-бирига бир пиёла тузни икки пиёла қилиб ёки бир кило шакарни бир ярим кило қилиб қайтарасиз, деб шарт қўйишса, рибо бўлади. Бу нарса гуноҳдир.

Cўраган эдингиз...” китобидан

mardi, 02 janvier 2018 00:00

Синов дарвозаси

Қадим замонда бир подшо вазирликка муносиб номзод қидира бошлади. Энг яхши номзодни танлаш учун бир синов ўйлаб топди. Салтанатидаги энг катта дарвозани қалъага келтиришларини буюрди. Бу улкан темир эшикни кўрганлар ҳайратдан ёқа ушлади.

Сарой аъёнлари, турли амалдорлар, донишмандлар йиғилган мажлисда подшо шундай деди:

– Катта дарвозани кўрган бўлсаларинг керак. Уни бекорга олиб келмадим. Унинг эшигини оча билган кишини вазир лавозимига тайинлайман.

Аъёнлар дарвозага яқин ҳам бормади. Шунча одамнинг олдида шарманда бўлишни ўзларига эп кўрмай, бу ёғи нима бўлар экан деб кузата бошлади. Донолиги билан ном қозонган баъзи бир кишилар дарвозани бир қур айланиб кўрдилар-у, аммо эшикни очишга ҳаракат қилмадилар. Кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлди: донишмандлар воз кечган ишга уринишдан не наф!

Бироқ шу чоқ бир ясовул подшодан изн сўради. Рухсат олгач, дадил бориб дастани тортди: эшик осонгина очилди. Дарвоза ҳатто қулфланмаган ҳам экан. Шунчаки ўз ҳолича ёпиб қўйилган экан.

Ясовул ўзига ишончи, дадиллиги туфайли юксак мартабага эришди.

Ҳаётда айнан шундай вазият учраши амримаҳол бўлса-да, шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келиб турамиз. Таваккалчилик, иккиланмай олға қадам ташлаш бизга муваффақият келтирса, журъатсизлигу қатъиятсизлик афсус ва аттангларга сабаб бўлади.

Ориф ТОЛИБ тайёрлади

Мақолалар

Top