www.muslimuz

www.muslimuz

Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар залида «Uzbekistan Airports, Aviation&Logistics Forum» (UAALF-2020) биринчи халқаро авиация форуми иш бошлади. Форумни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

Биринчи халқаро авиация форуми Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги, Uzbekistan Airways акциядорлик жамияти томонидан Саудия Арабистони Подшоҳлигининг “Hidaya Global Groups” компанияси ҳамкорлигида ўтказилмоқда.

Таъкидлаш керакки, хорижий авиакомпанияларни жалб қилиш доирасида сўнгги уч йилда республикамизга қатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар сони 15 тадан 23 тага етди.

Ўтган давр мобайнида “ИрАэро”, “FlyDubai” “Zagros Airlines” каби авиакомпанияларининг мамлакатга янги йўналишларда доимий қатновлари йўлга қўйилди, “Zhejang Loong Airlines Co.Ltd.” ва “Atlasglobal” авиакомпанияларининг чартер рейслари очилди.

19-20 февраль кунлари ўтказиладиган икки кунлик тадбирга дунёнинг 130га яқин халқаро ташкилоти жалб қилинган, хусусан, Boing ва Jetcraft (АҚШ), Air Charter Service (Буюк Британия), Bombardier Business jets (Канада), TLD (Ҳиндистон), Luftansa Consulting (Германия), EGIS (Франция), ATR (Испания), Kuwait Airways (Кувайт), Air Arabia ва BGT Events (БАА), Gulf Air (Баҳрайн), Korean Air ва Asiana Airlines (Жанубий Корея), Azerbaijan Airlines (Озарбойжон), Aeroflot ва IrAero (Россия), Al Masriya (Миср), Zagros Airlines (Эрон), Pegasus Airlines ва Turkish Airlines (Туркия), Mitsubishi Corporation, Air Astana (Қозоғистон) ва бошқалар шулар жумласидан.

Унда қатнашаётган Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, тез орада Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Саудия Арабистони Подшоҳлигининг “Hidaya Global Groups” компанияси ҳамкорлигида Hidaya Airlines номли янги авиакомпания фаолияти йўлга қўйилади.

Бу авиакомпания Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида “Умра плюс“ дастури бўйича Индонезия, Малайзия каби давлатлардан умра сафарига борувчиларнинг Ўзбекистон орқали парвоз қилишларини ташкиллаштиради.

Бу борада Президент томонидан авиациядаги барча бўшлиқларни бартараф этиш, очиқ осмон режимини жорий этиш, аэропортларни, ерусти ускуналарни ва навигация тизимини замонавий талабларга мувофиқ равишда реконструкция қилиш, бу масалада бизга ёрдам бера оладиган хорижий авиакомпаниялар ҳамда шерикларни жалб қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

 

 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида “Бухоро – 2020 йил ислом олами маданияти пойтахти” тадбирларига тайёргарлик кўриш мақсадида ЮНЕСКОнинг Таълим, фан ва маданият бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим Минаваров, Маданият вазири ўринбосари Камола Акилова, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ISESCO кафедраси ходимлари қатнашди.

Давра суҳбати давомида Бухородаги анжуманга катта тайёргарлик кўрилаётганлиги қайд этилди.

Маданият вазири ўринбосари Камола Акилова нуфузли тадбирлар доирасида Ислом дунёси мамлакатлари вакиллари ва юртимиз аҳолиси учун шарқ ҳунармандлик ва хаттотлик санъати намуналаридан ташкил топган кўргазмалар намойиш этилишини маълум қилди.

Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим Минаваров: “Нуфузли тадбирнинг тантанали очилиш маросимига ISESCO бош директорининг иштирокидан мамнунмиз”, деди.

 ISESCO бош директори ўринбосари, Маданият йўналиши бошлиғи Рихиати Салих Нажиб Ислом маданияти маркази нафақат динни тарғиб қилувчи, балки динимиз илм-фан, маданият олами эришган ютуқлари бўйича тажриба алмашиш майдони тушунилиши зарурлигини таъкидлади.

ISESCO бош директори маслаҳатчиси Бенарафа Абдел Иллаҳ умри давомида Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишни орзу қилгани, Бухоро шаҳрига сафари давомида буюк муҳаддис қабрини зиёрат қилиш нияти амалга ошаётгани бахтли экани айтди.

Ҳозирда ISESCO вакиллари Бухорода ўтказиладиган анжуманга шаҳарнинг тайёргарлик масаласини ўрганмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 14-17 апрел кунлари Бухоро шаҳрида “Бухоро – 2020 ислом олами маданияти пойтахти” тадбирлари бўлиб ўтади.

Таълим, фан ва маданият бўйича Ислом ташкилоти (ИСЕСКО) ижроия кенгаши ўз номини Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ИДТФМТ) деб ўзгартирди, дея хабар беради wам.аэ сайти.

– Янги ном ташкилот вазифалари моҳиятига оид тартибсизликни бартараф этиш ва унинг нуфузини халқаро миқёсда янада кенг ёйишга қаратилган, – дейди ИСЕСКО Бош директори доктор Салим бин Муҳаммад ал-Малик. – Бу ўзгариш ташкилот мақсад ва вазифаларни аниқ акс эттиради.

Исломосфера веб-сайтининг хабар беришича, ИСЕСКОнинг ижроия кенгашининг Абу Дабида бўлиб ўтган 40-сессиясида ташкилотнинг яқин ва узоқ йилларга мўлжалланган ҳаракат режаси ва Бош директор томонидан кенгашга тақдим этган бир қатор ташкилий масалаларҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2020 йил 18 февраль куни соат 15:42да 34 002 881 киши бўлди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

Айни пайтда мамлакатимиз аҳолисининг 17 093 248 нафари эркаклар, 16 909 633 нафарини эса аёллар ташкил қилади.

2020 йил бошидан бери 127 387 бола туғилди, 29 193 киши вафот этди. Республикамизга 23 617 киши кўчиб келди, 24 729 киши Ўзбекистонни тарк этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бугун Хитойдан олиб келиниб “Бўстон” санаторийсига жойлаштирилган 294 нафар юртдошимизни карантин муддати якунига етиши муносабати билан уйига кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, турли мақсадларда Хитойда сафарда бўлган 584 нафар ватандошимиз жорий йилнинг 4-6 февраль кунлари учта чартер рейс орқали мамлакатимизга олиб келинган эди. Уларнинг 459 нафари эркак ва 125 нафари хотин-қизлардир.  

Сўнг барча йўловчилар коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, хавфсиз санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида махсус тайёрланган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосан, коронавирус инкубацияси даврини ҳисобга олган ҳолда, Хитойдан олиб келинган фуқароларимиз 14 кун давомида халқаро санитария-эпидемиология талаблари асосида қатъий карантин ҳолатида сақланди. Шу давр якунига қадар тиббий кузатув ва махсус лаборатория текширувлари тўлиқ, халқаро стандартлар бўйича олиб борилди. Карантинда бўлган фуқаролар биринчи кун ва инкубация даврининг тугаши билан, яъни икки марта коронавирус инфекцияси бор-йўқлигини аниқлаш бўйича вирусологик лаборатория текширувларидан ўтказилди. Таҳлил натижалари бирор фуқарода ҳам коронавирус инфекцияси йўқлигини аниқлаб берди.

Шу тариқа бошқа тиббиёт муассасаларидаги Хитойдан олиб келинган фуқароларимиз ҳам карантин муддати якунига етгач ўз уйларига кузатилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Мақолалар

Top