muslimuz

muslimuz

Cавол: Инсоннинг бу дунёси қандай бўлса, (бахтли ёки бахтсиз) охирати ҳам шундай бўлади деб эшитдим. Шу тўғрими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Бу масала “бахт” сўзини қандай тушунишга боғлиқ. Кўпчилик инсонлар “бахт” деганда дунё ҳаётида бекаму кўст яшашни тушунадилар. Ваҳоланки, оят ва ҳадисларга мурожаат қилсак, унда “бахт ва бахтсизлик”  асосан иймон ва куфр масаласига боғлиқ маънода келтирилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақда бундай марҳамат қилади: “У кунда фақат Аллоҳ изн берган кишиларгина гапира олурлар. Улардан бахтсизлар ва бахтлилар бордир” (Ҳуд сураси, 105-оят).

Муфассир уламоларнинг таъкидлашича “бахтлилар” иймон билан ўтган мўминлардир. “Бахтсизлар” эса куфр узра вафот топганлардир. Аллоҳ сақласин.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис мазмунига кўра инсон ҳали ҳомила ҳолатида унга руҳ ато қилингандан сўнг фаришталарга унинг тўрт нарсасини ёзишга буйруқ берилади:

  1. Ризқи.
  2. Ажали.
  3. Амаллари.
  4. Унинг бахтли ёки бахсизлиги.

Шу каби асослардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, дунёда моддий ҳолати қандайлигидан қатъи назар иймон билан яшаб ўтганлар дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтлидирлар. Дунёда куфрни танлаб, куфр билан ўтганлар ҳар икки дунёда бахтсиздирлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Cавол: Хотиним онасини уйига ҳафта, ўн кунда боради. Қаршилик қилсам фойдаси бўлмаяпти. Қайнонамни чап қўли ва чап оёғи яхши ишламайди, онамга ёрдам керак, дейди. Лут алайҳиссаломнинг ҳам хотини кофир бўлган уйидаги сирни ўз қишлоқдошларига сотган деб эшитгандим. Ота-онам сабр қил дейди, сиз нима дейсиз?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Лут алайҳиссаломнинг кофир аёли билан муслима аёлни қиёслаш катта хато бўлади. Бунинг устига аёл оиладаги сирни сотиш учун эмас, бемор онасини зиёратига бораётган бўлса, масала бутунлай бошқа-бошқа.

Ота-онангизнинг гаплари тўғри. Оила масаласида сабр ва бағрикенглик билан иш кўриш лозим.

Фиқҳ китобларимизда зикр қилинишича, ота-она ўзи келиб турмуш қурган қизини зиёрат қила олмаса, унга вақти-вақти билан, урфга мувофиқ, ота-онасини зиёрат қилиши учун рухсат бериб туриш лозим.

Агар келиннинг ота ёки онаси узоқ муддат бемор бўлиб ётиб қолган ва қизининг хизматига муҳтож бўлса, хизмат қиладиган бошқа киши бўлмаса, уларга хизмат қилиш қизга вожиб бўлади. Ҳатто шу ҳолатда ота ёки она ғайридин бўлса ҳам уларнинг хизмати лозим бўлади, бу Қуръони каримда буюрилган: “Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да,) дунёда яхши муомалада бўлгин” (Луқмон сураси, 15-оят), оятидаги ота-онага яхшилик қилишдандир. Бу ҳолатда эр рози бўлмаса ҳам, ота-онанинг ҳаққи устунлик қилади (Раддул муҳтор китоби).

Ҳолат ҳақиқатан аёлингиз айтгани каби бўлса, ота-онасига хизмат қилишдан тўсмаслик керак. Яхши ният билан рухсат берсангиз, сизга ҳам савоб бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

“Ал-Қувайт” клуби конголик футболчи Арсен Зола ислом динини қабул қилганини “Зайд Муҳаммад ал-Малим” жоме масжидида эълон қилди.

“IQNA” сайти “Вето” таяниб хабар беришича, “Ал-Қувайт” футбол клуби Арсен Зола исломни қабул қилгани ва исмини Малик деб ўзгартиргани ҳақида расмий баёнот тарқатди.

Маълумот ўрнида ўтган йил январь ойида “ал-Қувайт” клуби 28 ёшли конголик футболчи Арсен Золани Марокашнинг “Ведад” клуби билан жорий мавсум охиригача бўлган шартнома асосида сотиб олган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Роббингиздан бўлган мағфиратга ва жаннатга шошилинг … (Оли Имрон сураси, 133-оят).

“Эртага тавба қиламан”, “Намозни эртадан бошлайман”, “Қуръон ўқишни ёдлашни режалаштираман”, деб яхши амални кечиктирманг!

Сунобиҳий раҳимаҳуллоҳ бундай ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилиш учун Ямандан йўлга чиқдик. Мадинага келганимизда, даҳшатли хабарни эшитдик: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам БЕШ КУН олдин вафот этдилар! (Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривояти).

Беш кунлик кечикиш уларни саҳобалик мақомидан маҳрум қилди!

Доно халқимиз: Қолган ишга қор ёғар, деб бежизга айтмаган.

Шошилинг! Эҳтимол бир соат кечикишингиз сизни Жаннатдан маҳрум қилар!

Абдуллоҳ Абдулмажид тайёрлади

Ишингизни пишиқ қилинг, зеро Аллоҳ таоло Ўзини пухта қилиш билан васфлаган: “Бу ҳар бир нарсани пухта қиладиган Аллоҳнинг санъатидир” (Намл сураси 88-оят)

Пухталиксиз қилинган иш рад этилади. Аллоҳ таолонинг “У ўлим ва ҳаётини сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканлигингизни синаш учун яратгандир” (Мулк сураси, 2-оят) оятини муфассир уламолар: “Қай бирингиз энг тўғри ва энг холис амал қилишингизни синаш учун…”, деб тафсир қилишган.

Пухталик ҳеч ким тепангизда кузатиб турмаганда ҳам ишни яхши шаклда бажаришдир. Ҳар бир қилаётган ишингизни меҳр бериб қилинг, у иш қанчалик кичик бўлса ҳам. Мана шу муваффақият сирларидан биридир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ ишни пухта қилишингизни хуш кўради”.

Аллоҳ таолони худди устингизда зикр қилиб турганингиздек, ичингизда ҳам зикр қилинг, сизни кузатиб турганини доим ёдингизда тутинг. Мана шу ишни пишиқ қилиш устига ихлосни ҳам қўшиш бўлади! Ахир Аллоҳ таоло айтади-ку: “Сен: “Амал қилинглар! Бас, албатта, Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар амалингизни кўрарлар”, деб айт” (Тавба сураси, 105-оят).

Қачондир одамлардан холи қолсангиз, бўлди холи қолдим, деманг. Бир кузатувчингиз бор!

Ўзингизни тобора яхшилаб боришга ҳаракат қилинг. Зеро, бу “Ҳисобга тортилишингиздан олдин, ўзингизни ҳисоб-китоб қилингиз” ҳадисига мувофиқ пишиқликка ҳаракат қилиш ҳисобланади.

Ҳаётдаги баъзи тараққиёт босқичларида ортда қолганимизнинг сабаби ишимизда ихлос ва пухталик руҳини йўқотганимиздир! Шундай экан, ишингизни ҳеч қачон тез битиришга ҳаракат қилманг, уни чиройли бажаришга ҳаракат қилинг. Чунки одамлар сиздан қанча вақтда битирганингизни сўрашмайди, балки унинг пишиқлигига, сифатига қарашади.

Ҳақиқатан ҳам ҳозирги кунимизда Ислом диёрларидаги ажабланарли ҳолат – пухталик ва юқори сифатга эга бўлмаган уйларни кўраётганимиздир. Кўприклар, уйлар бузилиб тушаётгани бежизга эмас. Бунинг иккита асосий сабаби бор: ишга жон бериб, самимий ёндошмаслик (хўжа кўрсинга қилиш) ва пухта қилмаслик.

Уйларнинг чидамсизлиги ва сифацизлигидан тортиб, оддий савдо-сотиқда тарозидан уриб қолишгача мана шу икки омил асосий рол ўйнайди. Одамларда ишига содиқлик, бажараётган ишини сидқидилдан қилиш деган нарсалар тобора йўқолиб бормоқда. Ҳатто Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтган ҳадисдаги замонга қолиб кетдиммикин деб хавотир қиласан киши: “Одамларга шундай замон келадики, киши молни ҳалолданми, ҳаромданми, қандай топаётганига парво қилмайди”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Page 1 sur 199

Мақолалар

Top