muslim.uz

muslim.uz

“Мен ҳеч кимни ғийбат қилмаганман” деб кимдир айта оладими? Йўқ, аникки, ўзимиз истаган ё истамаган ҳолда, кимнидир, албатта, ғийбат қилганмиз ва қилмоқдамиз.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ғийбат нималигини биласизларми?” дедилар. “Аллоҳ ва Унинг расули билувчи”, дейишди. “Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг”,  дедилар. “Биродаримда мен айтган сифат бўлса-чи?” дейишди. “Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, агар бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Бир танишим ўта тушкун кайфиятда ўзини қийнаётган масалани шундай ҳикоя қилди: “Ўзимни қаттиқ тафтиш қилиб, қилган ишларимни эслаб, чин кўнгилдан афсусдаман. Ва ҳеч қачон олдинги хатоларимни, қилган ғийбатларим, хазил-мутойибаларимни қилмасликка аҳд қилдим.

Ҳаммани устидан ҳажв қилиб кулиб юрардим. Ғийбат мен учун оддий кундалик машғулот эди. Ота-онаси ўлганларнинг баъзи давраларда кулганларини кўриб: “Бемеҳр одам экан ота-онасидан, икки қанотидан айрилса ҳам кулиб, ҳаёт ташвишларини қилиб юрибди”, дердим.

Кунлар ўтиб онаизоримдан, ҳар тонг ва кечда мендан хабар олгувчи меҳрибонимдан айрилдим, аммо кулаяпман. Ҳар кулганимда ўзгаларни иғво қилиб, ғийбат қилганим эсимга тушиб: “Қандай кулаяпсан, онанг ўлганку?”, деган овоз келаверади ичимдан. Яшаса, кулса бўларкан. Аллоҳ мусибатига яраша сабр ва кўникиш туйғуларини ҳам инсонга бераркан.

Боласи ўлганларни кўриб қандоқ яшаяпти жигар порасини қора ерга топшириб деб таъна қилардим.... Оҳ мени ўйламасдан гапирган сўзларим ўз бошимга дўл каби бирин-кетин ёғилиб келди.

Йиллар ўтиб, юрагимнинг бир парчаси, кўзимнинг оқу-қораси болажонимдан айрилдим, лекин яшаяпман. Юрагимга бир мушт уриб: наҳот тирикман усиз?! Қалбимда айрилиқ азобининг изи ҳали ҳам кетмаган. Бировни гапириш жуда осон экан, оғзимнинг бир чеккасидан чиқиб кетган бир қатор сўзларнинг қанчалик оғир эканини энди ич-ичимдан ҳис қилмоқдаман”, деб кўз ёшларини тўхтатолмади, бечора.

Мен унга далда бериш учун Аллоҳ таолонинг ушбу оятини эслатдим: “Албатта, Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).

ИМРОН

Муҳтарам Юртбошимизнинг 2019 йил 24 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони бугунги доруломон кунларимизга муносиб ҳисса қўшган нуронийларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Шу кунларда жойларда қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларининг жасорати ва матонати давлатимиз ва халқимиз томонидан қадрланиб, уларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб келинмоқда.

Муборак Рамазон ойи ҳамда Хотира ва қадрлаш куни арафасида Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри “Тегирмонбоши” жоме масжиди имом-хатиби Нурбек Мамасолиев 2-жаҳон уруши фронт орти қатнашувчиси, 1925 йилда туғилган, Ҳамидуллоҳ ота Бобомуродовнинг хонадонида бўлди. Шунингдек,  Булунғур тумани “Ниёзмат” жоме масжиди имом ноиби Аззамқул Бегматов “Ниёзмат” маҳалласида яшовчи, иккинчи жаҳон уруши қатнашувчиси Ўразали ота Пирмановнинг хонадонига йўқлаб борди. Жасорат эгаларининг жангоҳ хотиралари суҳбатдошлари қалбини тўлқинлантириб юборди. Бугунги осуда кунларимизни қанчалик қадрлаш, шукрона ила яшаш ҳақидаги ҳаётий ўгитлари хотираларга муҳрланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Муҳтарам Президентимизнинг шу йил 29–30 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифлари давомида берган тавсиялари асосида апрель-май ойларида маҳаллалардаги хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларнинг диний-маърифий билимларини ошириш мақсадида, қисқа муддатли ўқув-машғулотларини ташкил этиш белгиланган эди.
Шунга мувофиқ, Бухоро туризм коллежи биносида ташкил этилган ўқув-машғулотларида Мир Араб олий мадрасасининг ректори Ҳайдархон Юлдашходжаев “Ҳаракатлар стратегияси ва диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти” мавзусида ва Мир Араб олий мадрасасининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Мустафо Ходжаев “Сўнгги йилларда республикада диний-маърифий соҳада қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти” мавзусида маърузалар ўқимоқдалар.
Маърузалар давомида республикамизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг
мазмун-моҳияти, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, Ислом тинчлик ва маърифат дини экани, унда бузғунчилик, одам ўлдириш ва барча ёмонликлар қоралангани билан боғлиқ масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилмоқда.


Мир Араб олий мадрасаси

Муборак Рамазон - меҳр-оқибат ва саҳоват ойидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида бошқа ойларга нисбатан эзгу ишларда, хайру саҳоватда янада зиёда бўлар эдилар.

Бу ойда эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга кўмаклашиш айни динимиз кўрсатмалари ва миллатимизга хос бўлган фазилатлардан ҳисобланади.

Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги Кероит қишлоғида истиқомат қилувчи Феруза Ҳайдаралиева 2012 йилда жиноят содир этиб, озодликдан маҳрум этилган эди. 2013 йилда ҳукуматимиз томонидан авф этилиб, жазодон озод қилинган. Яқинлари йўқ, оғир шароитда яшаб келар эди. Қишлоқдаги   “Батош” жоме масжиди имом-хатиби Абдулазиз Махсумов Феруза опани муаммоларини ўрганиб, унинг қўлидан тикувчилик ҳунари келишини билгач, унга зарурий бўлган тикув машинасини олиб беришини ваъда қилган эди.  Муборак кунлар арафасида Феруза опа янги тикув машинасига эга бўлди. Энди у ўзи тикиб-бичаётган маҳсулотлари билан қишлоқдагилар жонига оро кирмоқда. Даромади ҳам ёмон эмас. Биргина кишига тўғри йўлланма кўрсатиб, унинг ҳожатини чиқаришнинг фазли нақадар улуғ эканлигини яхши биламиз. Бу каби саҳоват ишлари Рамазон ойида иншааллоҳ янада кўпайиб боради. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top