muslim.uz
Янги Зеландиядаги хунрезликдан сўнг уйсиз ва гиёҳванд одам мусулмонликни қабул қилди
Бир неча ҳафта аввал Мусонинг ҳаёти бутунлай бошқача эди. Уни Шей Кенни деб чақиришар, у 25 яшар қонун билан муаммоларга эга бўлган гиёҳванд ва уйсиз одам эди, деб хабар бермоқда stuff.co.nz.
Унинг ҳаётидаги кескин ўзгариш Янги Зеландиянинг икки масжидида рўй берган хунрезлик оқибатида 50 нафар одам қурбон бўлиб, яна шунча одам яраланганидан кейин рўй берди. “Мен мусулмон дегани бу мамлакат бўлса деб ўйлар, уни харитадан топа олмас эдим”, – дейди у. – “Ҳозир буни гапирар эканман, ўзимни аҳмоқдек ҳис этаяпман, аммо бу ҳақиқат”.
Аммо бир неча ҳафта илгари у теракт қурбонларидан бирининг жанозасида қатнашишига тўғри келди ва Аллоҳ унинг қалбини ўз нури билан ёритди. У исломни қабул қилди, ўзига янги исм олди ва энди ҳаётини ўнглашга ҳаракат қилмоқда.
Бундан ташқари, у гиёҳванд моддаларни қабул қилишни тўхтатди, уйсиз кўча-куйда тентираб юришни йиғиштириб, авария ҳолатидаги уйга кўчиб ўтди .
“Мен ҳеч қачон умримда бунчалик кўп муҳаббат ва хотиржамликни ҳис этмаганман ”, – таъкидлайди. “Мусулмонлар жамоаси одамларга қўлидан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилади ва мен ҳам уларнинг катта қўллаб-қувватловини ҳис этдим. Улар – менинг ака-укаларим, опа-сингилларим, менинг янги оилам”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Имом-хатиб ночор оилага янги уй қуриб берди
Хоразм вилояти Гурлан тумани бош имоми, “Қора Алам Бобо” жоме масжиди имом-хатиби Маҳмуджон Ҳабибуллаев Гурлан тумани Фидокор маҳалласида яшовчи Қутлимуратовлар оиласига ўз ҳисобидан янги уй қуриб берди. Мазкур оила ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бири бўлиб, яшаб турган хонадони ночор ҳолатда, уйнинг шифти, поллари яроқсиз аҳволда эди. Унинг устига, газ, электр токидан катта миқдордаги қарздорлиги сабабли тармоқдан узиб қўйилган эди. Имом-хатиб эски уйнинг ёнидан алоҳида бинода 5 хоналик янги уй қуриб берган, коммунал тўловлардан ҳам қарзларини тўлаб берган.
Аслида бу хабар, мазкур хонадон соҳиби, уч фарзанднинг отаси Умрбек Қутлимуродовнинг Диний идорага Маҳмуджон Ҳабибуллаев номига ёзилган Ташаккурнома хатидан сўнг маълум бўлди.
Ташаккурнома хатида: “Бош имом Маҳмуджон ака бизларни зах, кўримсиз жойдан халос қилиб, ўз ҳисобидан беш хонали замонавий тартибда уй солиб берди. Биз фарзандларимиз билан ҳар куни эрталаб қўлимизни дуога очиб, у кишини узоқ умр кўришини, қилаётган хайрли ва савобли ишлари Қодир Аллоҳ ҳузурида ўзларига соябон бўлишини истаб қоламиз, дея мамнуният сўзлари битилган.
Биз бу масала бўйича биз имом домла билан боғланганимизда камтарлик билан: “Ҳа, ўтган йили қиш ойларида хонадоннинг оғир шароитини кўриб, Аллоҳ қодир қилса, шу оилага янги уй қуриб беришни ният қилган эдик, ёзга чиқиб, шу иш насиб бўлди ва тез фурсатда уй ҳам битди, дедилар.
Аллоҳ розилиги, халқ хизмати йўлида қилнаётган бу каби ишлар кўпаяверсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Малайзияда 61-халқаро Қурон мусобақаси бошланди
Iqna хабарига кўра, 15 апрель куни Малайзиядаги 61-халқаро Қурон мусобақаси иштирокчиларининг бирламчи рўйхатдан ўтказилиши, лотереяси ва брифинги бўлиб ўтди. Танловда Бангладеш, Миср, Фаластин, Ироқ, Малайзия, Таиланд, Эрон ва Индонезиядан таниқли Қуръон ҳофизлари иштирок этишади.
Малайзия вакили чоршанба куни, Миср вакили эса жума куни ўз чиқишини бошлайди. Мусобақалар 19 апрель кунига қадар давом этади, якуний, тақдирлаш маросими эса 20 апрель куни бўлиб ўтади. Танловда 25 иштирокчи Қуръон тиловати ва 23 иштирокчи ҳифз йўналишларида баҳслашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
The Straits Times журналистини X асрда бунёд этилган Жума масжиди ҳайратга солди
Сингапурнинг The Straits Times газетасининг навбатдаги сонида шу нашр журналисти Шаффиқ Алхотибнинг чоп этилган мақоласида унинг Ўзбекистон бўйлаб қилган сайёҳати таассуротлари баён қилинган. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Алхотибнинг Ўзбекистонга сайёҳати ажойиб Ичан Қалъаси, қадимги дарвозалари, саройлари, миноралари, масжидлари ва мақбаларалари бўлган қадимги Хива билан танишишдан бошланади. Айниқса Жума масжид, Хива жума маcжиди — Хива (Хоразм)даги меъморий ёдгорлик (X-XVIII асрлар), унинг турли даврларга тегишли бўлган ўзига хос мутаносиблик ва кўринишга эга 212 та ўйма устунлари журналистнинг ҳайратини оширади.
Бухородаги сайёҳатини тасвирлар экан, журналист 1127 йилда қурилган Калон минорасига алоҳида тўхталади. Ўзбекистонга қилинган бирон бир сайёҳатни Самарқанддаги Регистон майдонига ташрифсиз тасаввур этиб бўлмайди, деб таъкидлайди муаллиф. Тошкентда уни шаҳарнинг замонавий меъморчилиги ўзига мафтун қилади, айниқса 1966 йилдаги кучли зилзилага бағишланган “Матонат” монументини у ажратиб кўрсатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Дубайда Рамазон фестивали ўтказилади
Биринчи Рамазон Дубай фестивали битта соябон остида, бир ой давомида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Gulfnews нашрига таяниб Ислом.уз хабар беради.
Дубайдаги Исломий ишлар хайрия фаолияти бошқармаси (IACAD) берган маълумотга кўра, Дубайдаги энг катта савдо марказида бутун Рамазон ойи давомида турли тадбирлар ўтказилади.
Жумладан, Рашид ибн Муҳаммад Рамазон форуми, Рамазон, Дубай мажлиси, Ифтор диалоги, Рамазон кечаси ва майдон каби дастурлар шулар қаторидан ўрин олган. “Умуман олганда Рамазон Дубай фестивалининг асосий ғояси БАА да яшаб келаётган турли миллат вакиллари ўртасида Қуръон ва суннатга мувофиқ дўстона муносабатни кучайтиришдан иборат.
«Тадбирдан кўзланган мақсад аҳолининг барча қатламларини қамраб олиш ният қилинган», – дейди IACAD бош директори Ҳамад ал-Шайбоний.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.