muslim.uz

muslim.uz

Бишкекдаги марказий масжидда жорий йилнинг 27 апрель куни Республика муаззинлар мусобақаси бўлиб ўтади.

Азон айтиш бўйича мусобақа ғолиби Ҳаж зиёрати учун йўлланмани қўлга киритади. Бу ҳақда islam.ru нашри Қирғизистон мусулмонлари идорасига таяниб хабар берган.

Иккинчи ва учинчи ўринлар соҳибларига қимматбаҳо совғалар топширилиши айтиб ўтилган. Мусобақанинг саралаш босқичи 2018 йилнинг ноябрь ойида ўтказилган бўлиб, унда 500 нафардан ортиқ иштирокчилар қатнашган. Мусобақа финалида 27 нафар иштирокчи ўзаро беллашади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган Истанбул кўргазмалар марказида 6-масжид қурилиши жиҳозлари кўргазмаси ташкил этилди. Бу ҳақда «Анадолу» агентлигига таяниб Азон интернет нашри хабар берди.

Ушбу кўргазма 14 апрелга қадар давом этиши маълум қилинган. Кўргазмада меҳроб, минбар, ёғоч эшиклар ва овоз кучайтириш тизимлари каби масжид қурилишида фойдаланиладиган буюмлар намойиш этилган.

Кўргазмада иштирок этаётган «Проактиф» ширкатининг бошқарув кенгаши раиси Ҳусайн Шоҳиннинг сўзларига кўра, кўргазмада 103 та ширкат иштирок этмоқда ва уларнинг 5 таси Туркия ташқарисидан келган ширкатлардир.

Шоҳин кўргазмада иштирок этиш учун Туркия ва дунёнинг бошқа мусулмон давлатларидан зиёратчилар келиши кутилаётганини айтган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ислом тараққиёти банки билан ҳамкорликда юртимиздаги олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича янги лойиҳа амалга оширилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ахборот хизмати маълум қилди.

“Олий таълим муассасаларини моддий-техник базасини мустаҳкамлаш” лойиҳасининг умумий қиймати 60,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, бунда Ислом тараққиёт банки маблағлари 47,72 миллион АҚШ долларини ва Ўзбекистон Республикаси улуши 12,81 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.

Лойиҳанинг асосий мақсади республикамиз миқёсида 50 та ОТМни замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминлашдан иборат.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 21-25 апрель кунлари Татаристон республикасида Қозон мусулмонлар халқаро ХV кинофестивали бўлиб ўтади.

Ушбу кинофестивал “Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий” номли бадиий фильм билан очилиши режалаштирилмоқда. Фильм режиссёри Абдуҳалил Мигнаров бошчилигидаги ижодий гуруҳни фестивалнинг ижрочи директори Миляуша Айтуганова кинофестивалга таклиф қилган ва сафар ҳаражатлари ушбу кинофестивал томонидан қопланишини маълум қилинган.

Кинофестивал 2005 йилдан буён ўтказилиб келинади ва бағрикенглик, тинчликсеварлик, матонат ва инсонпарварлик ғояларини фильмларда тараннум этиши билан мусулмон оламидаги киноижодкорлар ўртасида машҳурдир.

Ушбу филмнинг Тошкетдаги премераси эса 20 апрелга мўлжалланган. Фильм ижодкорлари ўз ижод маҳсулларини ўзбек киномухлисларига Рамазон туҳфаси сифатида тақдим этишни мақсад қилишган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жалолиддин Румий ёки Мавлоно Румий (1207-1273) номи билан машҳур бўлган зот дунёнинг улуғ донишмандларидан бири, беназир шоир ва бетакрор бир мутафаккир, валий инсондир. Айни пайтда Туркияда мавлоно Румийнинг Кўнёга келишининг 791 йиллигини кенг нишонлаш борасида тайёргарлик кетмоқда, деб хабар бермоқда dailysabah.com.

Байрам шодиёналари 3-5 май кунлари Истанбулдан Кўнёга махсус “Румий” поездининг жўнаши билан бошланади. “Кўнё ташрифи” деб номланган тантаналар мусиқачилар, най усталарининг чиқишлари, Мавлононинг «Маснавийи маънавий» достонининг ўқилишини ўз ичига олади.

«Исламосфера» нашри таъкидлашича, тантаналар доирасида маршни ўтказиш, диний қўшиқлар айтиш, “Вуслат” (бирлашиш) спектакли, “Le Trio Joubran” фаластин гуруҳи концерти, сўфийлар киноси кунлари ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Карамандан Кўнёга келадиган Румийнинг 22-авлод набираси Эсен Челеби ва унинг оиласини Кўнё губернатори Жунейит Ўрхан Топрақ ва пойтахт муниципалитети мэри Угур Иброҳим Олтойлар кутиб олишади. Шундан кейин Румий ва Шамс Табризийларнинг мақбараларига зиёрат қилинади. Бу йил илк бор мармар, керамика ва рангтасвир кўргазмалари ўтказилади.

Мавлоно 1207 йилда қадимий Балх шаҳрида ўз даврининг машҳур мутасаввуф донишманди, йирик хатиб ва воизи бўлган Баҳовуддин Валад оиласида дунёга келади. Баҳовуддин Валад аслида Шайх Нажмиддин Кубро (1135 — 1221)нинг Маждиддин Бағдодий, Саъдуддин Ҳамавий, Разиуддин Алийи Лоло, Сайфуддин Бохарзий, Бобо Камол Жандий каби 300 га яқин забардаст шогирдларидан бири ҳисобланарди. Жалолиддин 12 ёшида унинг ота-онаси ҳам мўғул босқини хатаридан қочиш, ҳам ҳаж фаризасини адо этиш ниятида Балхни тарк этадилар. 1230 йилдан бу оила Кўнёда қўним топади.

Ўша кезларда Онадўлининг катта қисми Салжуқийлар давлатининг ҳукмронлиги остида эди. Бу давлатнинг пойтахти бўлган Кўнё санъат асарлари билан машҳур, олимлар ва санъаткорлари кўп шаҳар эди. Қисқаси, Салжуқийлар давлати энг порлоқ даврини бошдан кечираётган бўлиб, давлат ҳукмдори Баҳоуддин Валадни Карамандан Кўнёга таклиф этди ва шу ерда жойлашишини хоҳлади.

Баҳоуддин Валад Султоннинг таклифини қабул этди ва 1228 йил 3 майда Кўнёга оиласи ва дўстлари билан келди. Султон Алоуддин уларни тантана билан қаршилаб, яшашлари учун Олтинапа мадрасасидан жой ажратди. «Олимлар султони» 1231 йилнинг январь ойида Кўнёда вафот этди. Муборак жасади салжуқийлар саройининг Гул боғчасига қўйилди. «Олимлар султони» вафот этгач, шогирдлари ва муридлари Мавлононинг атрофида тўпландилар. Мавлонони отасининг меросхўри қилиб қўйдилар. Дарҳақиқат, Мавлоно буюк бир шоир ва дин олими бўлгач, “Ипликчи” мадрасасида ваъзлар ўқирди. Ваъзлари уни тинглашга келганлар билан тўлиб тошарди. Мавлоно 1244 йил 12 ноябрда Шамси Табризий билан учрашади. Бу учрашув тарихда «Икки денгизнинг учрашуви» дея аталди. Бироқ биргаликлари узоққа чўзилмади. Шамс фоний дунёдан узилди. Мавлоно Шамснинг ўлимидан сўнг узоқ йиллар якка ўзи яшайди. Кейинги йилларда Салоҳиддин Заркубий ва Ҳусомиддин Чалабий Шамси Табризийнинг ўрнини тўлдира бошлайдилар. Ҳаётини «Хом эдим, пишдим, ёндим» сўзлари-ла хулосалаган Мавлоно 1273 йил 17 декабрда якшанба куни Ҳақнинг раҳматига етишади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top