muslim.uz

muslim.uz

Бугунги кунда аёлларимиз орасида соғлом турмуш тарзи, диний билим ва кўникмаларни тарғиб этишда дин соҳаси вакиллари, шу жумладан отинойиларнинг ўрни беқиёс.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда шаҳарда фаолият олиб бораётган отинойилар билан давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шуҳрат Турдикулов, мутасадди идоралар вакиллари ҳамда туманларда фаолият олиб бораётган отинойилар иштирок этди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Унда отинойиларнинг фаолияти, улар замон билан ҳамнафас бўлишлари, доимий равишда илмларини бойитиб боришлари ва инсон руҳиятини яхши тушуниши кераклиги муҳокама этилди.

Учрашув давомида бир гуруҳ фаол отинойиларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар топширилди.

Маълумот учун, Тошкент шаҳрида 203 нафар отинойилар фаолият юритмоқда. Ҳар бир отинойи яшаш манзили ва унинг атрофидаги маҳаллаларга бириктирилган. Уларнинг саъй-ҳаракати билан 377 нафар маънавий кўмакка муҳтож аёлларнинг дунёқараши, 313 нафар нотинч оилалардаги муҳит соғломлаштирилди, 478 нафар ажрим ёқасидаги оилаларни яраштиришга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 6 март куни Жиззах шаҳридаги "Хўжа Нуриддин ҳожи" жоме масжидида Жиззах вилоятида истиқомат қилувчи эшитиш ва гапириш билан боғлиқ ногиронлиги бўлган шахслар билан давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти вакили ўринбосари Б.Рузиев иштирок этди. "Исломниг одоби ва мазмун моҳияти" мавзусида маъруза қилинди.

Суҳбатда 70 нафарга яқин имконияти чекланган кишилар иштирок этишди. Уларга "Мен ҳам намоз ўқийман" номли ўзбек ва рус тилларида ёзилган китоблар тарқатилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугунги кунда аёлларнинг жамият ҳаётида тутган ўрнининг беқиёслигидан келиб чиқиб, Давлатимиз раҳбари томонидан жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизлар учун "Мўтабар аёл" кўкрак нишони таъсис этилган эди.

Ушбу кўкрак нишони Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган бир гуруҳ фаол хотин-қизларга топширилди. Жумладан, Самарканд вилояти Тайлоқ тумани бош отинойиси Зухра Убайдова ҳамда Тошкент вилояти Бекобод шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Насиба Раҳмонбердиевалар мукофотга муносиб кўрилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан юксак мукофот соҳибаларини муборакбод этиб, уларнинг истиқболдаги фаолиятларида зафарлар тилаймиз!

Юрт келажаги, инсон манфаатлари, дин ривожи, соф Ислом таълимотларини тарғиб қилишда олиб бораётган масъулиятли ва шарафли ишларига муваффақиятлар тилаб қоламиз. Аллоҳ фаолиятингизда мададкор бўлсин, хайрли ва савобли меҳнатларингизни икки дунёда манфаатли қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Зироъ деб ҳайвонларнинг қўлига айтилади. Фақат инсондагина қўлнинг тирсагидан ўрта бармоқнинг учигача бўлган миқдорга айтилади. Шаръий ҳукмларнинг масофа ва узунликка оид мавзуларида зироъ асосий ўлчов бирилиги сифатида кўрсатилади. Кўплаб манбалар, хусусан, фиқҳий манбалар унинг инсон қўлидан тирсакдан бошланиб бармоқ учигача бўлган миқдор эканлиги, у олти мушт, мушт эса тўрт бармоқ, бармоқ эса бирининг олди иккинчисининг орқасига қилиб ёпиштириб қўйилган ўртача олтита арпа, арпа эса хачирнинг думидан олинган олтита соч миқдоридадир.

Маҳмудбек Фалакий (вф.1302 ҳ.) зироъ узунлигини
белгилаш учун бир неча тажрибаларга қўл урган. Жумладан, у ўртача қоматдаги 30 та инсоннинг қўлини ўлчаб чиққан ва ўртача зироънинг узунлиги 48 см деган хулосага келган.

Шунингдек, Иброҳим ибн Мустафо (вф.1328 ҳ.) ҳам бу борада қиёсий тажриба ўтказган. У 144 та арпанинг ён тарафини ўлчаган ва бу ишни 55 марта такрорлаган. Яна у бундай тажрибани хачир думидан олинган сочда ҳам 81 марта такрорлаган ва ҳисоб-китоблар натижасига кўра бир шаръий зироъ 48.5 см деган хулосага келган.

Шаръий зироънинг миқдори борасида энг дақиқ ўлчов Мисрнинг Азҳар жомиъасида жойлашган Табарсий мадрасасининг ҳовузидан маълум бўлган. Чунки уни ҳанафийлар қурган. Маълумки, ҳанафий мазҳабига кўра оқин бўлмаган сув 100 зироъ квадрат бўлгандагина таҳоратга яроқли бўлади. Маҳмудбек Фалакийнинг нақл қилишича, “Азҳар”га қарашли Табарсий мадрасасидаги ҳовузнинг масофаси роппа-роса 100 зироъ квадрат бўлиш шартига кўра қурилган. Маҳмудбек Фалакий ушбу ҳовузни ўлчаб унинг кенглиги 3.95 м, узунлиги эса 6.16 м.га баробар эканлигини аниқлаган. Бу унинг 24.332 м. квадрат 67 эканлигини билдиради. Бу миқдорни 100 га тақсим қилинса, 0.24332 м квадрат чиқади. Бу шаръий бир зироъ квадратнинг миқдоридир. Бу сонни илдиз остига бўлиш амалиётига кўра тақсимласак, 0.4932747712989 м, яъни 49. 32747712989 см чиқади.

Баъзи манбаларда эса бир зироъ 46 см дея кўрсатилган. Шулардан келиб чиқиб, биз “кирбос зироъси” деган иборага “Тадқиқотларга кўра мазҳабимизда бир зироъ 46-49.32 см ни ташкил қилади” дея изоҳ бердик. Шулардан келиб чиқиб биз зироънинг ўртача миқдорини 48 см деб олдик. Чунки юқоридаги иборалардан бир зироънинг олти мушт эканини, бир мушт эса тўрт бармоқдан иборат эканлиги маълум бўлган эди. Тажрибаларга кўра бир бармоқнинг эни тақрибан 2 см ни ташкил қилади. Олти муштда эса 24 бармоқ бор. 24 ни иккига кўпайтирилса 48 см келиб чиқади.

 

Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси магистранти,

Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси

Жўрабоев Ҳабибуллоҳ

Қатар музейлар уюшмасининг хабар беришича, Лондон академияси университети билан ҳамкорликда мамлакат ғарбидаги Югби вилояти ҳудудларида олиб борилган қазишмалар жараёнида дастлабки Ислом даврига оид энг қадимий ҳудуд кашф этилди.

Сосонийлар даврининг охирларига (милодий 538–670) мувофиқ келиши тахмин қилинаётган ҳудудда барпо этилган ва ҳанузгача сақланиб қолинган меъморий қолдиқлар Умавийлар даври (милодий 661–750)га асосланиши айтилмоқда. Милодий VII–VIII асрларга алоқадор топилган меъморий қолдиқлар орасида керамик анжомлар, дастлабки Ислом даврига оид идишлар, металлар, тош идишлар ва ов анжомлари ҳам бўлган.

Ушбу археологик кашфиёт Қатар музейлар уюшмаси ва Қатардаги Лондон академияси университети ўртасида уч йил олдин имзоланган “Захирага тўла чўл” қўшма лойиҳаси доирасида қўлга киритилган, дея ёзади Ислом.уз нашри.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top