muslim.uz
Фоторепортаж: Ҳазрати Нақшбанд зиёратгоҳи
Самарқандда қабристонларни ободонлаштириш бўйича ҳашар ташкил этилди
Аждодларимизнинг ҳоклари қўним топган масканларни тоза тутиш, бир кун келиб ўзимиз ҳам охиратга қадар қўйилишимиз мумкин бўлган жойларни ободонлаштириш ҳар бир мўмин кишининг бурчидир. Шундай хайрли ишларни амалга оширишда бугунги кунда диний соҳа ходимлари фаоллик кўрсатмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги ҳамда жойлардаги масжидлар томонидан жорий йилнинг 2-3 март кунлари қабристонларни ободонлаштириш ва тозалаш бўйича ҳашар ўтказилди.
Вилоятда 1441 та қабристон бўлиб, шундан 819 тасида ҳашар ўтказилган. Унда 27 минг нафардан ортиқ фуқаролар иштирок этиб, ҳашар жараёнида кўчатлар ўтқазилган, тозалаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.
Жумладан, 2290 дона манзарали дарахт кўчатлари экилган, 13 минг метрдан ортиқ ариқлар тозаланган. 91,5 тонна чиқиндилар олиб ташланган. 7900 туп дарахтлар оқланиб, уларга шакл берилган. Ушбу ишларга 73 та техника жалб этилиб, 560 та қабрлар сомонли сувоқ қилинган.
Март ойида қабристонларни ободонлаштириш ишлари яна давом эттирилиши маълум қилинган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Беҳуда нарсаларни тарк этиш
Маълумки, инсон бу дунёда қилган ишларига ва гапирган гапларига охиратда жавоб беради. Елкамиздаги фаришталар қилган ишларимиз билан бирга оғзимиздан чиққан ҳар бир сўзни ёзиб боришади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
إِذْ يَتَلَقَّى الْمُتَلَقِّيَانِ عَنِ الْيَمِينِ وَعَنِ الشِّمَالِ قَعِيدٌ مَا يَلْفِظُ مِن قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ
“Зотан икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар. У бирор сўз айтмас, магар ҳузурида (фаришта) ҳозиру нозир” (Қоф сураси, 17-18-оятлар).
Буюк тобеинлардан бўлган Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ “Айтаётган гапини амалидан деб билган одамнинг гапи оз бўлади” деганлар.
Бир масални келтирсак: “Бир куни эшак арслоннинг терисини ёпиниб олиб, ҳамма ҳайвонларни қўрқита бошлабди. Шу пайт у тулкига йўлиқиб қолди ва бошқа ҳайвонларни қўрқитганидек, уни ҳам қўрқитмоқчи бўлди. Шунда тулки: “Менга ишон, агар сенинг ҳанграганингни эшитиб қолмаганимда, сендан қўрқиб кетган бўлардим” деди”.
Аҳмоқ кимсалар ақлли инсонларнинг “либослари”ни кийиб оладилар. Кейин ўзларининг бемаъни маҳмадоналиклари билан аҳмоқ эканликларини фош қилиб қўядилар.
Дўстлар, дунё ва охиратимизга фойдали бўладиган ўринлардагина гапирайлик. Бўлмаса, сукут сақлаб турайлик. Зеро, муборак ҳадисда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилиши киши Исломининг ҳуснидандир», дедилар».
Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Гўзал мусулмоннинг қиладиган ишлари ва айтадиган сўзлари фақат фойдали, ўринли бўлиб, беҳуда, кераксиз гапларни гапирмайди, ундай ишларни қилмайди.
Аллоҳ таоло бизни ҳам айтадиган сўзини амалидан деб, фойдали ўринлардагина гапирадиган бандаларидан қилсин, омин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Нишонга урилган гаплар: “Ҳақиқий дўстлар сенга билдирмасдан одамлар олдида сени ҳимоя қиладилар”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
*****
Ақлли инсон деб қачон гапиришни, қаерда гапиришни ва кимга гапиришни биладиган кишига айтилади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Донолик ва заковат хунукликни гўзалликка айлантиради.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Намозинг тонна бўлса ҳам, қилчалик зулминг вазнингни йўқ қилади.
Аҳмад Матар
*****
Баъзан турган жойингдан кетишинг қолганларни ҳалокатдан қутқариб қолади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Агар олдингга ғамга ботган одам келса, унинг сўзларига қулоқ сол. Агар олдингга кимдир узр айтиб келса, уни кечир. Агар олдингга муҳтож киши келса, унга инфоқ қил.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳақиқий дўстлар сенга билдирмасдан одамлар олдида сени ҳимоя қиладилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Жоҳиллар ва аҳмоқлар ўзлари тушунмаган нарсанинг устидан кулиб, масхара қиладилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Имконини қилиб уйлан. Агар яхши аёл насиб этса, бахтли бўласан. Агар ёмон аёл насиб этса, файласуф бўласан.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Шундай одамлар борки, улар билан бирга ўтирсанг, иймонинг зиёда бўлиб, ҳимматинг ошади.
Яна шундай кимсалар борки, улар билан бирга ўтирсанг, иймонинг заифлашиб, ғафлатинг ортади. Қандай инсон билан ўтиришни ўзинг танла!
“Фикр дурдоналари”
*****
Сен бир ҳақиқатни билиб ол: Баъзи кимсаларга яқинлашишни ҳар қанча хоҳласанг ҳам, барибир улар сенинг ҳаётингга муносиб эмаслар.
“Фикр дурдоналари”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.