muslim.uz
Ўргимчак уяси ҳақида биласизми?
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
مَثَلُ الَّذِينَ اتَّخَذُوا مِن دُونِ اللَّهِ أَوْلِيَاء كَمَثَلِ الْعَنكَبُوتِ اتَّخَذَتْ بَيْتاً وَإِنَّ أَوْهَنَ الْبُيُوتِ لَبَيْتُ الْعَنكَبُوتِ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ
“Аллоҳни қўйиб, ўзга дўстлар тутганларнинг мисоли ўзига уй тутган ўргимчакка ўхшайди. Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки билсалар эди”. (Аллоҳдан ўзганинг йўлини тутганлар, унинг уйидан ўзга уйда яшашни ихтиёр қилганлар ўзларининг ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини кошки билсалар эди. Уларнинг тузган тузумлари худди ўргимчак уясига ўхшаб, ўта нимжон эканини билсалар эди. Такаббурликлари ила Аллоҳ қуриб берган улуғвор қасрни инкор этиб, ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини билсалар эди. Бу ҳақиқатни биладиларми, билмайдиларми — уларга фарқи йўқ.) (Анкабут сураси, 41-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда Ўзидан бошқаларни дўст тутиб, улардан ёрдам сўраб, бошқаларга сиғиниб, Унга ширк келтирганларга ўргимчак уясини зарбулмасал қилиб келтирмоқда.
Ўргимчак инининг заифлиги нимада кўринади?
Ўргимчак ин қуриб, ўша инида яшайди, уни ҳимоя қилади. Аммо ушбу ин уни иссиқ-совуқдан, ёмғир-қордан ва бирорта душмандан ҳимоя қилолмайди.
Ўргимчак уяси ҳақида бир неча илмий ҳақиқатлар бор.
Эркак ўргимчак уя қура олмайди. Уяни фақат урғочи ўргимчак тўқийди. Унинг қорнида ип йигирув аъзоси бўлиб, бундай аъзо эркак ўргимчакларда йўқ.
Урғочи ўргимчак вояга етиб, кўпайиш пайти яқинлашганда, ин тўқишни бошлайди. Ушбу ин эркак ўргимчакни ўзига жалб этиш воситаси ҳисобланади. У ўз уясини ўта сезувчан бўлиши учун геометрик шаклда, режали тарзда, катакли қилиб тўқийди. Натижада бундай уя ташқаридаги бирор ҳаракатни дарҳол сезадиган, товуш тебранишлари таъсирида титрайдиган бўлади. Уясини тўқиш жараёнида унга ёпишқоқ елим модда қўшиб юборади. Бу эса уянинг ёнидан учиб ўтаётган бирор ҳашаротнинг унга ёпишиб қолишига ва чиқиб кета олмаслигига хизмат қилади. Ҳа, бу уя ўлжалар учун кишан вазифасини ўтайди. Бир четда кузатиб турган урғочи ўргимчак уясига илинган ўлжа олдига келади-да, уни паққос туширади.
Урғочи ўргимчак эркагидан уруғланиб, жуфтлашиш босқичи якунлангач, жуфтига ҳужум қилиб, уни ўлдириб, паққос туширади-да, кейин узоқроқ ва тинчроқ жойга кетади. Бундай ҳужум ўргимчаклар ҳаётида доим содир бўлади. Чунки тухумларнинг пишиб-етилишида эркак ўргимчак тўқималарининг ўрни жуда муҳимдир.
Уянинг заифлиги фақат ҳиссий бўлиб қолмай, балки маънавий, ижтимоий томондан ҳам заифдир. Зеро, ушбу уя эркак ўргимчак учун омонлик маскани бўлиб кўринади. Аммо унинг ҳалок бўлиши шу уяда содир бўлади. Унинг учун бу уй чинакам омонлик ва хавфсизлик маскани бўла олмайди.
Ҳа, бу уй дунёдаги энг заиф уйдир. Барча жонзотлар мустаҳкам, пишиқ уйлар қуради. Аммо ўргимчак шамол, ёмғир ва бироз таъсир натижасида бузилиб кетадиган уй қуради.
Сувда яшайдиган ўркимчаклар сувнинг сатҳида ҳаво пуфакчасини ҳосил қилиб, ўшанинг ичига ин қуради. Бундай уй арзимаган таъсир сабабли бузилиб кетади.
Баъзида ўргимчаклар янги ипак ишлаб чиқариш учун ўз уясини ейди. Она ўргимчак жуфтини, болаларини, ҳатто ака-ука, ота-онасини ҳам ейди. Уларнинг ҳаёти мана шундай тарзда кечиб, ижтимой жипслик йўқ.
Ўргимчакларнинг бошқа ҳашаротлардан фарқи шуки, улар ёлғиз яшайди. Уларда жамоа бўлиб яшаш шаклланмаган. Ўргимчакларда чумоли, асалари каби ўзаро ҳамкорлик, бир-бирига ёрдам бериш, қабиласи, оиласи учун ўзини қурбон қилиш деган тушунчалар йўқ.
Ер юзида 37 000 турдаги ўргимчак бор. Аммо олимлар ҳалигача уларнинг ипига ўхшаш ип ишлаб чиқара олмаяптилар. Ўргимчак кучли муҳандисларни ҳам ҳайратда қолдирадиган шаклда уй қуради.
Ўргимчаклар узоқни кўра олмайди. Улар нари борса бир неча сантиметрни кўриши мумкин. Аммо моҳир овчидир. Ўргимчаклар йиртқич ва кўпи заҳарли ҳашарот бўлиб, яқинига келган ҳашаротга заҳрини сочиб, овлайди.
Ўргимчаклар орасида “қора бева” деган тури бор. Эркаги билан қўшилгандан кейин дарҳол уни еб қўйиб, ўзи бева қолгани учун шундай ном билан аталган. Бу ўргимчак дунёдаги энг заҳарли турларидан бўлиб, раҳм-шафқат нималигини билмайди.
Юқорида ўргимчак танасида ип ишлаб чиқарадиган аъзоси борлигини айтгандик. Мазкур ип ўргимчак танасидаги махсус оқсиллар орқали ишлаб чиқарилади. Ип ташқарига чиқаётган пайтда суюқ бўлади, ҳаво билан тўқнашгач, қаттиқлашади. Уясини тўқишдан олдин худди архитекторларга ўхшаб, аввал унинг чизмасини чизиб чиқади, аниқроғи, олдин тўрнинг четларини тўқийди.
Ўргимчак ипининг қалинлиги 0.004-0.001 мм (яъни миллиметрнинг мингдан бир ва мингдан тўрт улушича) бўлиб, инсон соч толасидан 10-30 мартагача ингичка экан. Буни тасаввур қилиш учун тикувчиликда ишлатиладиган оддий ип билан йўғон арқонни солиштириб кўринг. Шунингдек, ўргимчак ипи пахтадан анча енгилдир.
Тайёр бўлган ўргимчак тўри ўзига нисбатан жуда узун бўлади. унинг бўйига нисбатан тўқиган уясининг узунлигини солиштирадиган бўлсак, ўртача 1.70 см бўлган одам 150 метр баландликдаги уйни қуриши билан тенгдир. Агар инсон 150 метрли уй қурмоқчи бўлса, унга бир неча йиллаб вақт сарфлайди. Ўргимчак эса ўз инини бир соатдан кўпроқ вақтда тўқийди.
Соҳа мутахассисларининг айтишича, ўргимчак ипи дунёдаги энг пишиқ ва мустаҳкам ип бўлиб, агар ушбу ипни диаметри 60 миллиметрли қилиб ишлаб чиқарилса, у устма-уст тахланган 150 та машинани кўтара олади.
Ҳарбий соҳада ишлатиладиган зирҳли ҳимоя нимчалари (бронежилетлар) ўта пишиқ модда бўлган кевлардан олинади. Бу модда −196°C паст ҳароратга қадар ўзининг куч ва эластиклигини сақлаб туради. Шунингдек, бу модда 150°C иссиқ ҳароратда қуввати пасайишни бошлайди. 160°C даражада 500 соат ичида унинг кучи 10-20 фоизга камаяди. 250°C даражада кевлар 70 соат мобайнида кучининг 50 фоизини йўқотади. Ҳарорат 430—480 °C бўлганда эса, парчаланади.
Аммо ўргимчак ипи пўлатдан беш марта, ушбу кевлардан ўн марта пишиқроқ ва чидамлироқдир. Ундан тайёрланган зирҳли ҳимоя нимачаси – бронежилет анча енгил ва ўта чидамли бўлади.
Ҳозирги пайтда катта-катта майдонларда ўргимчак боқилиб, уларнинг ипини олиш йўлга қўйилган.
Шунингдек, ўргимчак ипи авиасозликда ҳам кенг қўлланилади.
Шунга қарамай у мана шу пишиқ ипдан ўта заиф уй қуради. Ҳа, уйнинг ўзи кичик бир таъсирга ҳам дош беролмайдиган даражада заиф, аммо унга ишлатилган ип ўта пишиқ ва мустаҳкамдир.
Юқоридаги оятни яна бир бор келтирсак:
مَثَلُ الَّذِينَ اتَّخَذُوا مِن دُونِ اللَّهِ أَوْلِيَاء كَمَثَلِ الْعَنكَبُوتِ اتَّخَذَتْ بَيْتاً وَإِنَّ أَوْهَنَ الْبُيُوتِ لَبَيْتُ الْعَنكَبُوتِ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ
“Аллоҳни қўйиб, ўзга дўстлар тутганларнинг мисоли ўзига уй тутган ўргимчакка ўхшайди. Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки билсалар эди”. (Аллоҳдан ўзганинг йўлини тутганлар, унинг уйидан ўзга уйда яшашни ихтиёр қилганлар ўзларининг ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини кошки билсалар эди. Уларнинг тузган тузумлари худди ўргимчак уясига ўхшаб, ўта нимжон эканини билсалар эди. Такаббурликлари ила Аллоҳ қуриб берган улуғвор қасрни инкор этиб, ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини билсалар эди. Бу ҳақиқатни биладиларми, билмайдиларми — уларга фарқи йўқ.) (Анкабут сураси, 41-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда “ўзига уй тутган” маъносини ифода қилувчи اتَّخَذَتْ (иттахозат) феълини аёл жинси (женский род) сийғасида келтирган. Фақат урғочи ўргимчаклар ин қуришини, эркакларида бундай қобилият йўқлигини айтиб ўтдик. Яна оятда “энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир” дейилган. Заифлиги қай даражада эканини юқорида айтиб ўтдик.
Энди савол: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам 1400 йил аввал ўргимчакларнинг фақат урғочиси ин уя солишини, уларнинг уяси дунёдаги энг заиф уя эканлигини қаердан билган эканлар?” Албатта, Аллоҳ таоло у кишига бу илмий ҳақиқат ҳақида хабар бергандир. Мазкур илмий ҳақиқатларнинг 14 аср олдин Қуръони Каримда баён қилиниши Қуръон Аллоҳнинг нозил қилган каломи эканига аниқ ва яққол далилдир!
Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсий, Абдуддоим Каҳел ва бошқа интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Бир оят тафсири: Илмнинг шарафи
“Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким зотдир” (Оли Имрон сураси, 18-оят).
Имом Қуртубий роҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Ушбу оят илмнинг фазлига, уламоларнинг шарафли эканига далолат қилади. Чунки агар уламолардан кўра шарафлироқ бирор кимса бўлганида эди, Аллоҳ таоло Ўзининг исми ва фаришталарининг исмига уламоларни қўшиб келтиргани каби уларни ҳам қўшиб келтирган бўлар эди.
Илмнинг шарафига Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: «ва: «Роббим, илмимни зиёда қилгин», дегин» (Тоҳа сураси,114-оят) деб айтган сўзи ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Албатта уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” деган сўзлари кифоя қилади.
Тошкент шаҳар “Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом ноиби
Қудратуллоҳ Сидиқметов таржимаси
Фирибгарлик - оғир жиноят
Кейинги вақтларда жамиятимизда ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштириш, хусусан фирибгарлик жинояти тез-тез содир бўлиб турмоқда. Аждодлари дину диёнат, ахлоқу одоб, ор-номус, ҳалолу покликка одатланган ўзбек халқининг авлодларидан мазкур жиноятга қўл ураётганларнинг учраши ачинарли ҳолдир. Ҳолбуки, динимизда бировнинг молини алдов, фирибгарлик, чув тушириш йўли билан ўзлаштиришдан қаттиқ қайтарилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган:
“Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси, 188-оят).
Фирибгарлик жинояти молни ботил йўл билан ейишнинг бир кўриниши бўлиб, бундай йўл билан топилган мол дўзах оташининг бир бўлаги ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қиладилар:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари бўлмиш Умму Салама розияллоҳу анҳо ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраларининг олдида жанжал овозини эшитиб, ташқарига чиқдилар ва дедилар: “Мен ҳам бир инсонман. Менинг ҳузуримда ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Балки бирингиз бошқангиздан сўзга чечанроқ бўлиб чиқарсиз ва мен уни рост гапиряпти, деб шунга қараб ҳукм чиқараман. Лекин билиб қўйингки, мен кимга бирор мусулмоннинг ҳаққини олиб берган бўлсам, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин” (Имом Бухорий ривояти).
Сир эмаски, кейинги вақтларда баъзи кишилар одамлардан қарзга ёки шерикчиликка, деб пул олиб, охир-оқибат уни қайтармай ўртада низо чиқиши, яқин кишилар бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Албатта, зарурат учун қарз олиш ёки шерикчилик билан шуғулланиш жоиз. Бироқ, олган қарзини пайсалга солмай қайтариш, шерикчиликда эса хиёнат қилмаслик лозим. Акс ҳолда бошланган ишлар ортга кетиб, касодга учраши тайин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзига талофат етказади” (Имом Бухорий ривояти).
Айниқса, савдо-сотиқ вақтида ҳаридорга фириб бериш, масалан, айбли молни айбини яшириб сотиш ёки сохта молни асл мол, деб сотиш энг оғир гуноҳдир. Қуйидаги ҳадислар бунга очиқ далил бўлади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дон сотаётган одамнинг ёнидан ўтиб қолибдилар. Унинг дони орасига қўл тиқиб кўрсалар, намланиб қолган экан. “Бу нима?!” деб сўрадилар. Сотувчи: “Эй Расуллуллоҳ! Унга ёмғир тегибди”, деди. Шунда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни устига қуймайсанми, одамлар кўрар эди” дедилар ва “Кимки алдаса, мендан эмас!” дедилар (Имом Мусим ривояти).
Ҳадиснинг арабча матнидаги “ғаш” сўзи луғатда “алдамоқ, фириб бермоқ, сохталаштирмоқ” маъноларида келади. Демак, умумий маънода алдов, фирибгарлик, бирор нарсани сохталаштириш мусулмоннинг иши эмас экан. Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Туя ва совлиқларингизни (серсут қилиб кўрсатиш мақсадида) атайлаб соғмай қўйманглар! Кимки (билмай) шундай ҳайвонни сотиб олган бўлса, унинг ихтиёрида икки йўл бордир, бири – уни ўзида олиб қолмоқлик, иккинчиси уни эгасига қайтариб бермоқликдир. Агар қайтариб берадиган бўлса (бир-икки кун соққани учун) бир соъ хурмо қўшиб берсин!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Демак, соғин сигир ва қўйларни сотишда ҳадисда баён этилганидек, фирибгарлик усулларини қўллаш ҳам жоиз эмас. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда “Борди-ю молни қайтариб бериладиган бўлса, унга хурмо қўшиб берилмайди”, дейилган.
Раҳмонов Абдуқаюм,
Ургут туман “Абдуқаҳҳор” масжиди имом хатиби
Нуриддин домла Холиқназаров – Куёвларга насиҳат
Ғамдан узоқ бўлиш учун...
- Ёмон инсонлардан узоқ юрмоғинг керак. Токи касалликлари сенга ҳам ўтмасин. Зеро, руҳ шамол кабидир. Агар хушбўй нарсаларнинг устидан эсиб ўтса, ҳиди ҳам хушбўй бўлади ва аксинча. Қалб тоза руҳли, одамохун кишилар суҳбатида баҳра топади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек:
"Яхши ўртоқ мушк-анбар соҳиби, ёмони эса олов пурковчи темирчи босқони кабидир. Мушки анбар эгаси ё бу хушбўйликдан бир миқдорини сенга ҳадя этади, ёки сен ундан харид қиласан, ёхуд уни ҳидлаб фойда оласан. Аммо темирчи босқонидан чиқаётган аланга ё сенинг кийимингни ёндиради, ҳеч бўлмаса унинг бадбўй ҳидидан ҳидлашга мажбур бўласан".
- Жунуб бўлган ҳолда ётиб ухламаслигинг керак.
- Ҳамиша таҳоратли бўлмоғинг лозим. Зеро, таҳорат энг асосий исломий тамойиллардан биридир. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки:
"Етти кунда бир марта ғусл қилиб, бош ва бутун жасадни ювмоқлик ҳар бир мусулмон учун зарур бўлган амаллардандир".
Ҳар бир руҳ таҳоратсизлик ва жунублик ҳолатидан нафратланса, таҳоратли ҳолидан масрур ва хушнуд бўлади ҳамда енгил тортади.
- Нафсингни сўроққа тутмоғинг, уни Аллоҳ ва Расулининг йўлидан юрмоқликка даъват этмоғинг даркор. Шайх ибн Арабий дейдики, шайхларимиз кундалик амал ва гапирган сўзларининг ҳисобини қилиб, дафтарларига қайд этиб боришарди. Қечқурун, хуфтон намозидан кейин эса дафтарларидаги қайдларни кўздан кечиришарди. Агар кун бўйи қилинган амаллар истиғфор талаб этса, истиғфор айтишар, тавба қилинмоғи лозим бўлса тавба, шукр керак бўлса, Аллоҳга шукрлар айтиб, сўнгра ётишарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб шундай дейдилар:
"Киши дўстини сўроққа тутгани каби ўз нафсини тергаб, еб-ичаётганларининг қаердан келаётганлигини сўрамагунча муттақий бўлолмайди".
- Ҳар кунги амалларингни назорат қилиб бор. Эътибор бергинчи, хайрли амалларинг кўпмикан ё ҳайвоний - ёмон амалларингми?
- Инсонларнинг сендан юз ўгиришлари ёхуд сенга мойилликларидан таъсирлаганча алданиб қолмаслигинг керак. Чунки бу - сени қулга қул бўлмоқлик сари етаклайди. Бу эса олчоқлик белгисидир.
- Қаҳқаҳа отиб кулмоқни тарк этишинг керак. Зеро, у сенлаги малаклик унсурини (фаришталик сифатини) ўлдиради. Шундан бўлса керакки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баланд овозда кулмаганлар. Фақатгина мулойим табассум қилганлар... Аслида қаҳқаҳа ифрот, қовоғи осиқлик эса тафритдир.
- Кунда фақат саккиз соат ухлашга одатланиш керак. Чунки кўп ухламоқлик ҳам инсондаги малакиёт сифатларини ўлдиради, уни танбал қилади, ҳайвоний сифатларга куч бағишлайди.
- Ўзингни кам гапиришга ўргатгин. Зеро, лақмалик - калтафаҳмлик белгиларидан бўлиб, "етти ўлчаб бир кесмоқлик"ка халал беради. Шошма-шошарлик ҳам ана шу ердан майдонга чиқади. Буни ҳамиша ёдингда тутгин.
"Ейингиз, ичингиз, фақат исроф қилмангиз" (Аъроф, 31-оят).
- Қорнинг очмагунча овқатланмаслигинг, тўймасдан дастурхон бошидан туриб кетишинг лозим.
- Овқатланишдан олдин: "Бисмиллоҳ", еб бўлгач: "Алҳамдулиллаҳ", дейишни унутма.
- Овқатланишга ўтирганингда ўнг тиззанг қорнингга тегадиган даражада тик бўлсин, чап оёғинг устида ўтир ва ўнг қўлда егин.
- Кўзингни аёлларга қараш, уларнинг "чиройли" сувратини томоша қилиш каби ҳаром манзаралардан асрамоғинг зарур. Бу каби нарсалар инсондаги шаҳват унсурини ғалаёнга келтиради, ақл чироғини сўндиради ва ҳаё пардасини йиртиб ташлайди. Охир-оқибатда эса ғазабга учрайдиганлардан бўлиб қоласан.
- Ўринсиз ҳазил-мутойиба ва мунозалардан узоқлашмоғинг лозим. Чунки булар инсон руҳига олчоқлик ва бировни мазах қилиш туйғусини жойлаштириб қўяди. Энг зарур бўлган виқор ва шахсиятнинг камол топишига халал беради.
Эй, иршод талабидаги қардошим! Юқорида санаб ўтганларимизнинг ҳаммаси манъ қилинган амаллардир. Ҳа, улардан узоқлашмоғинг даркор. Зеро, булар инсон шахсиятини йўқ қилиб, изтироб алангасига отади, уни масъулиятсиз бир ҳолга келтириб қўяди.
"Ғам-қайғусиз яшай десангиз (ўксинма)" китобидан.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.