muslim.uz
Online: Қуръон мусобақаси (Facebook)
Ёшлар радикаллашувининг асосий сабаби нимада?
Қирғизистонлик диний арбоб Қодир Маликовнинг фикрича, ёшларнинг экстремистик ташкилотларга қўшилиб кетаётганига, асосан, ижтимоий адолатсизлик сабаб бўлмоқда, деб хабар беради 24.kg нашри.
«Карвонсарой» хабарига кўра, Қирғизистон уламолар кенгаши аъзоси бўлган Маликов бу ҳақда 6 февраль куни «МДҲ мусулмонлари орасида радикал ғоялар тарқалишининг олдини олиш» деб номланган видеоконференциядаги нутқида айтиб ўтган.
“Яна бир омил – ёшларнинг Исломга оид билимининг пастлиги, шунингдек, адолатсизлик, жамиятнинг бойлар ва камбағалларга табақаланиши ёшларни, энг аввало, мафкуравий саволларга Исломдан жавоб излашга ундамоқда.
Гап шундаки, бугунги ёшлар Исломда фақат намоз ўқиш, рўза тутиш каби диний маросимларни эмас, балки кўплаб сиёсий саволларга ҳам жавобларни кўрмоқда», деди у.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Сабрда ажр бор
“Ҳидоят” журналининг ўтган йилги еттинчи сонида “Бир дуо шарҳи” сарлавҳали мақолам эълон қилинган эди. Унда ҳазрат Довуд алайҳиссаломнинг ноқобил фарзанддан, қарилик келмасдан олдин қаритадиган ёмон хотиндан паноҳ сўраб қилган дуо-ю илтожолари келтирилган эди. Орадан кўп ўтмай бир хат олдим.
Хатда жумладан: “...Домла, дуодаги ҳолат айнан менинг ҳолатим экан. Ҳар куни оиламда жанжал... Уйимда ўзимни бегонадек ҳис қиляпман. Шу ғалвалардан қутулиш учун бир ёқларга бош олиб кетсам дейман...” дейилибди.
Мен унга: “Сабр қилиб, ҳақларига дуода бўлинг, муроса чораси топилади. Болаларингизни ўйланг, ўғил уйлаб, қиз чиқариш вақтида хотиндан ажралиш фарзандлар бахтига зомин бўлишдир. Аллоҳдан тавфиқ сўранг, ажабмас диллари юмшаб, феъллари ўзгарса...” дея жавоб йўлладим.
Хатдан оиладаги можаролар фарзандлар тарбиясига ҳам, ўзининг руҳиятига ҳам салбий таъсир қилгани, оқибатда файз-барака кўтарилиб, болалар ота-онасига меҳрсиз бўлиб ўсаётгани билинар эди. Шу баҳона кўнглимда яна бир мақола қилиш нияти туғилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмон хулқи сабабли бир-бирига озор берувчи эр-хотинлар тўғрисида бундай башорат берганлар:
“Қайси эр ўз аёлининг ёмон феълига чидаб, сабр-қаноат билан яшаса, унга Айюб пайғамбарга (алайҳиссалом) берилган ажру савоб миқдорида мукофот берилади. Қайси бир хотин ўз эрининг ёмон хулқига чидаб, сабр-бардош билан яшаса, Фиръавннинг хотини Осиё онамизга берилган миқдорда ажр берилади”.
Кези келганида ҳазрат Айюб алайҳиссалом ҳақида қисқача изоҳ бериб ўтсам:
Ҳазрат Айюб алайҳиссалом бошига қанча мусибатлар тушиб, бало-қазолар ёғилди. Оилалари, яқинлари, мол-дунёларидан айрилдилар. Қавмлари у зотдан юз ўгириб, бутун баданларига яра-чақа тошди, ёлғиз хотини билан яккаланиб қолдилар. Аммо тиллари Аллоҳ таоло зикри ва шукри билан машғул бўлиб, сабр-қаноат билан дуо қилдилар: «...“(Эй Раббим!) Менга мусибат етди. Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан”, деб илтижо қилган пайтини (эсланг)» (Анбиё, 83).
Ислом шариати оилани мустаҳкам сақлашни, муқаддас никоҳни ҳар қандай вазиятда асраб-авайлашни юқори даражага қўяди. Эр-хотиннинг феъл-атворидаги хато-камчиликлар ажрашишларга сабаб бўлмаслигини уқтиради.
Беҳуда гап-сўзларга ишониб, арзимаган нарсалардан муаммо чиқариб хотин қўядиган эрлар, можарони авж олдириб эрларининг ғазабини қўзғатиб, талоқ сўзини айтишга мажбур қиладиган қайсар хотинлар билсинлар: бу сўздан Аллоҳнинг Арши ларзага келади! Афсус, ғазабланганларида ақллари кетиб, ўзларининг бева қолиб, бегуноҳ болаларини ҳам тирик етим қилишларини ўйламайдилар.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«...Улар билан тотув турмуш кечиринглар. Агар уларни ёмон кўрсаларинг, (билиб қўйинглар,) балки сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин» (Нисо, 19).
Конституциямизнинг 14-боб, 63-моддасида: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”, деб белгиланган.
Оилада тарбиявий муҳит оқилона йўлга қўйилсагина мамлакат ривожига таъсир қилади. Шу боис ҳам нотинч оилаларга алоҳида эътибор қаратишга ҳар биримиз масъулмиз. Ҳукуматимиз ҳар бир оилага, оналар ва болалар саломатлигига катта эътибор қаратаётганининг боиси ҳам шунда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қошидаги “Оналик ва болаликни асраш” халқаро жамияти 160 та давлат иштирокида ўтказган тадқиқот ва таҳлиллар натижасига кўра бу борада юртимиз дунёда 9-ўринни эгаллагани барчамизни қувонтириб, оилаларни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни янада фаоллаштиришга ундайди.
Иззатуллоҳ ТУРҒУНОВ,
ЎМИ Матбуот хизмати
Қишда қорни соғинтирма...
Аллоҳ таолонинг бебаҳо неъматларидан бири бу – қор. Паға-паға, оппоқ қор ёғиб бошлаганини кўрганимизда ёшу қари бирдек севинамиз: кўчалар болажонларнинг шодон қийқириғига тўлади; совуқни, аёзни назарига ҳам илмасдан аллақайларда чанг босиб ётган чанғиларини қидириб қолади улар. Завқи ичига сиғмаган болажонлар қорнинг тагида чопқиллаб ўйнаб кетса; бир оз улғайиб, хаёлпарастроқ бўлиб қолган ўсмир ёшлар қорнинг парчаларини кафтига тутиб қўлларининг тафтида эриб кетишини томоша қилади; ёши улуғларимиз эса Раббимиздан ёғдираётган қорларини бандалари учун манфаатли бўлишини сўраб дуога қўл очади.
Барибир. қорнинг севинчи бўлакча, у инсонга болалик хотираларини эслатади, оний лаҳзаларга бўлса-да, кишининг болалик хотиралари кўз ўнгидан ўтиб энтикади. Аввало, мана шу кунларга, қор неъматини яна бир карра кўриш насиб этганига шукр айтиб, меҳрибон Парвардигоримиз марҳамати ила ана шу ёғаётган қорнинг шарофатидан тоғларимизга кўп сув захираси тўпланади, далалар сувга тўйинади, бу йилги ризқимиз баракали бўлади, дея умидвор бўлади.
Аммо шу кунларда жаннатмонанд юртимизда кезаётган қора совуқлар таъсирида севинчимиз бир оз ортга чекингандек бўлди. Чунки қиш зийнати бўлмиш қорсиз совуқнинг ўзи одамнинг суягидан ўтиб кетаркан. Аммо биз Аллоҳга таваккал қилган бандалармиз, умидимизни сўндирмаймиз. Аллоҳ таолодан бу совуқларни ҳам ҳикматли қилишини, биз бандаларига ажрли бўлишини ва кўзимизни, юзимизни қор севинчи билан суйинтиришини сўраб дуолар қилаверамиз.
Парвардигоро, деҳқону чорвадорларимиз, тадбиркору миришкорларимиз, қолаверса, бутун Ўзбекистон тупроғи интиқ бўлиб кутаётган бу неъматни тез кунларда юртимиз узра ёғдиргин. Қорни кўриб шодон қийқираётган болаларимиз овози, дуога қўл очиб, хайрли қилгин, ё Раббим, дея муножот қилаётган кексаларимиз дуолари юртим узра таралиб турсин.
Обидларимиз узун тунларни ғанимат билиб ибодатини, тиловатини, муножотини янада кўпайтирмоқда.
Мана, айни кунларда юртимизда қорилар мусобақаси давом этяпти. Қуръон тиловатлари ортидан замину осмонимиз узра муҳтарам устозларимиз, қориларимиз, элу юртимизнинг дуолари ёйилмоқда. Парвардигорим, ана шу яхшиларингнинг ҳурмати юзасидан юртимизга қор неъматини ато айла!
Қизманой ҲАЙИТОВА
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон туманида энг яхши қориялар аниқланди
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида аёл-қизлар ўртасида ўтказилган Қуръон мусобақаси ўз якунига етди. Мусобақада иштирок этган жами 57 иштирокчидан ғолибликни қўлган киритганлар рўйхатини эълон қиламиз.
Тиловат йўналиши
18–25 ёш
1. Назокатхон Алиматова
2. Саидахон Ураимова
3. Чаросхон Солижонова
26–40 ёш
1. Наргизахон Эрназарова
2. Муслимахон Мирзажонова
3. Марғубахон Кимсанова
Ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Қуръон мусобақасини muslim.uz портали ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида кузатиб боринг!
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.