muslim.uz
Ўзбекистон Президенти Қозондаги Кремль обидалари билан танишди
Татаристон Республикасига ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Қозон Кремли” тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонасида бўлди.
Давлатимиз раҳбарига Татаристон Раиси Рустам Минниханов ҳамроҳлик қилди.
Қозондаги Кремль ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Қозоннинг энг қадимги қисми бўлиб, шаҳарнинг кўп асрлик тарихини ўзида мужассам этган меъморий, тарихий ва археологик ёдгорликлардан иборат.
Бу ерда Ўзбекистон Президенти Қул Шариф масжидини кириб кўрди. Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Камиль Самигуллин олий мартабали меҳмонга масжид тарихи ҳақида батафсил сўзлаб берди. Дуо ўқилди.
Масжид 1996-2005 йилларда Қозон хонлиги ҳудудида XVI асрнинг иккинчи ярмига қадар мавжуд бўлган жума масжиди ўрнида бунёд этилган ва Имом Қул Шариф номи билан аталган.
Давлатимиз раҳбари Қозон ва Татаристон митрополити Кирилл ҳамроҳлигида Благовешенск соборини ҳам кўздан кечирди. Қозон Кремли ҳудудидаги обидаларнинг энг қадимгиси бўлган ушбу иншоот XVI асрда бунёд этилган. Псков меъморчилик анъаналарининг ёрқин намунасидир.
Уламоларни ҳурмат қилиш вожиб амал
Уламолар пайғамбарлар меросхўрларидир. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламдан сўнг одамларни ҳаққа чақирадиган, жоҳилларга таълим берадиган, адашганларни йўлга соладиган ва бидъатларнинг ҳалқ орасига кириб келишини олдини оладиган зотлардир. Аллоҳ таолодан чин маънода қўрқиш олимларнинг сифати эканлигини Ҳақ таолонинг Ўзи Каломи шарифида баён қилган.
وَمِنَ النَّاسِ وَالدَّوَابِّ وَالْأَنْعَامِ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ كَذَلِكَ إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاء إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ غَفُورٌ
“Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар. Албатта, Аллоҳ азиз ва ўта мағфиратли Зотдир” (Фотир сураси, 28-оят).
Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَتِلْكَ الْأَمْثَالُ نَضْرِبُهَا لِلنَّاسِ وَمَا يَعْقِلُهَا إِلَّا الْعَالِمُونَ
“Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас” (Анкабут сураси, 43-оят).
Амр ибн Мурра раҳматуллоҳи алайҳи шундай деган: “Агар Аллоҳнинг Китобидан бирор оятни тушунмасам ўшандан ҳижолатга тушаман. Чунки Аллоҳ таоло: “Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас” деган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам уламонинг фазли тўғрисида бир неча ҳадислар ворид бўлган.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимнинг обиддан ортиқлиги, менинг сизларнинг энг пастингиздан ортиқлигим кабидир. Дарҳақиқат Аллоҳ ва Унинг фаришталари, осмонлар ва ер аҳллари ҳатто уясидаги чумоли ва ҳатто балиқ одамларга яхшиликни таълим берадиганга саловат айтади”, дедилар”. Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривояти.
Олимларга бўладиган эҳтиромни кўринг. Нафақат инсонлар, балки, тилсиз жонзотлар ҳам уларни ҳурмат қилар экан. Олимларнинг даражаси қанчалик баландлигига шу ҳадиснинг ўзи кифоя қилади!
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаб қилиб йўлга чиқса, Аллоҳ уни жаннат йўлларидан бир йўлга йўллаб қўяди. Дарҳақиқат фаришталар қанотларини илм талаб қилувчи учун рози бўлган ҳолида тўшаб туришади. Олим учун осмонлару ердагилар, сувдаги балиқлар истиғфор айтади. Олимнинг обиддан ортиқлиги ўн тўрт кечалик ойнинг бошқа юлдузлардан ортиқлиги кабидир. Дарҳақиқат уламолар набийларнинг меросхўрларидир. Набийлар дийнор ва дирҳам мерос қолдиришмаган. Улар илм мерос қолдиришган. Ким уни олса, тўлиқ насибани олибди”, дедилар” (Термизий ривояти).
Инсонларни илмга қизиқтириш учун бундан ортиқ гап бўлмаса керак! Демак, ҳақиқий бойлик молу давлат эмас, балки, илмдир.
Олимга душманлик қилган одам Аллоҳга уруш қилганга ўхшайди. Аллоҳ азза ва жалла билан урушган ғолиб бўлармиди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ айтади: “Ким менинг дўстимга душманлик қилса, унга уруш эълон қиламан”. Бухорий ривояти.
Ибн Ҳажар роҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Аллоҳнинг дўстидан мурод Аллоҳни танийдиган, Унинг тоатида доим бўладиган олимдир” (Фатҳул Борий, 11-жилд, 342-бет).
Энди шу ўринда салафи солиҳларимиз уламоларга, устозларга ҳурмат қилиш борасида қандай йўл тутганларини кўриб чиқсак.
Хатиб Бағдодий Абу Ҳанифа ва Шофеъий роҳимаҳумаллоҳларнинг шундай дейишганини ривоят қилади: “Агар фуқаҳолар Аллоҳнинг дўстлари бўлмаса, демак Аллоҳнинг дўсти йўқдир”.
Фуқаҳо дегани Аллоҳнинг динини теран, чуқур англовчи кишилар дегани. Агар шулар Аллоҳнинг дўсти бўлишмаса, унда ким ҳам Унинг дўсти бўла олар эди?!
Олимнинг фазлини Аллоҳ ва Унинг Расули улуғлаб турсаю, унга нисбатан ҳурматсизлик қилиш дарҳақиқат Аллоҳ ва Унинг Расулига ҳурматсизлик қилишдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Ким фақиҳга азият етказса, дарҳақиқат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга азият етказибди. Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга азият етказса, дарҳақиқат Аллоҳ азза ва жаллага азият етказибди” (Мажмуъ шарҳул Муҳаззаб, 1-жилд, 42-бет).
Уламоларни ғийбат қилишнинг хатари бошқаларни ғийбат қилиш хатаридан кўра хавфлироқдир. Ғийбатнинг ёқимсизлиги ўлимтик гўштини ейишга ўхшатилган бўлса, олимни ғийбат қилиш унинг заҳарланган гўштини ейишга ўхшатилган.
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтади: “Олимларнинг гўштлари заҳарлангандир, ким уни ҳидласа касал бўлади, еган эса ўлади”.
Демак, олимларни ғийбат қилган киши аниқ бир балога йўлиқар экан.
У киши яна айтади: “Ким олимга тил теккизса, унинг ўзи ўлишидан олдин қалби ўлади”.
Мўмин банда учун қалбининг ўлишидан ҳам каттароқ мусибат борми?!
Абдуллоҳ ибн Муборак роҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Ким олимларни пастга урса, унинг охирати барбод бўлади, ким амирларни пастга урса, унинг дунёси барбод бўлади. Ким биродарларини пастга урса, унинг одамгарчилиги барбод бўлади”.
Авзоий роҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Аҳли илмларни, хусусан уларнинг улуғларини ортидан гапириш гуноҳи кабиралардандир”.
Кабира гуноҳлар сирасига намоз ўқимаслик, зино қилиш, хамр ичиш кабилар киради. Уламоларнинг ортидан гапириб, уларни ғийбат қилиш ҳам мана шундай оғир гуноҳ экан.
Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Устозим Ҳаммоднинг уйи томонга оёғимни узатмадим... У вафот топгач ҳар намозим ортидан ота-онамга қўшиб унга ҳам истиғфор айтардим”.
Улуғларимизнинг устозларига бўлган ҳурматларини қаранг! Уларга ҳурмат юзасидан ҳатто уйлари тарафга ҳам оёқларини узутишмаган экан.
Уламоларни ҳурмат қилиш иймоннинг саломатлигига далилдир. Уларни камситиш эса нифоқ аломатидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни фақат мунофиқлар ёмон кўришар, у зотни камситишга ҳаракат қилишарди. Олимларимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг омонатларини етказувчилардир. Шу маънода уларни ёмон кўриш мунофиқлик аломатлардан дейилади.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васаллам: “Катталаримизни улуғламаган, кичикларимизга раҳм қилмаган ва олимларимизнинг ҳаққини билмаган умматимдан эмасдир”, дедилар” (Имом Мунзирий “Тарғиб”да зикр қилган. Ҳадиснинг санади ҳасандир).
Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда оғир гап айтяптилар. “Умматимдан эмасдир” дегани менинг йўлимда эмасдир дегани. Инсон учун бундан оғир мусибат борми?! Икки олам сарварининг йўлларидан бошқа йўлда бўлиб қолишдан оғирроқ ҳолат борми?! Шунинг учун олимларнинг ҳаққига риоя этиш, уларни икром қилиш керак.
Салафларимиз олимларга гўзал муносабатда бўлишарди
Шаъбий роҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу отга миндилар. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо отнинг юганидан ушлаб юра бошладилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу у кишига: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғли, бундай қилманг”, дедилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Олимларимизга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз”, дедилар. Зайд розияллоҳу анҳу: “Қўлингизни беринг”, дедилар. У киши қўлларини узатган эдилар, уни ўпиб: “Набийимиз соллаллоҳу алайҳ васалламнинг аҳли байтларига шундай муомала қилишга буюрилганмиз”, дедилар” (Ибн Саъд буни “Табоқот”да, Заҳабий “Сияр”да, Ибнул Жавзий “Сифатус Софва”да, Ибн Абдулбарр “Мужоласа” ва “Жавоҳирул илм”да, Ҳофиз “Исоба”да ривоят қилган).
Бу одобнинг намунасини бизларга мерос қилиб қолдираётганлар улуғ саҳобалардир.
Муслим ибн Ҳажжож раҳматуллоҳи алайҳи Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳининг олдиларига келиб: “Эй устозларнинг устози, муҳаддисларнинг саййиди, ҳадис иллатларининг табиби, келинг оёғингиздан бир ўпай!” дедилар (Сияр Аъломин Нубало).
Бу каби тавозеъ намунаси бизларга мерос қилиб қолдираётганлар икки саҳиҳнинг соҳибларидир.
Исҳоқ Шаҳидий айтади: “Яҳё Қаттонни кўрдим. Асрни ўқиб сўнг масжиднинг минорасига суяниб ўтирди. Унинг олдида Алий ибн Мадиний, Аҳмад ибн Ҳанбал, Яҳё ибн Маъин ва бошқалар тик турган ҳолларида ундан шом намозига қадар ҳадис сўрашди. Яҳё Қаттон уларнинг бирортасига: “Ўтир”, демади, улар ҳам унинг ҳайбатидан ва ҳурматидан ўтириб олишмади”.
Бу қадар фидоийликнинг намунаси умматнинг энг ишончли инсонларидан содир бўлмоқда.
Айюб роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳасан Басрийнинг мажлисида тўрт йил ўтирдим. Унинг ҳайбатидан бирор нарса сўрай олмадим” (Ҳилятул авлиё 3-жилд, 11-бет).
Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, уламоларни, устозларни ҳурмат қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир. Афсуски, ҳозирги пайтда масжидларда, ижтимоий тармоқларда аҳли илмлар, уламоларни ғийбат қилиш, очиқчасига ҳақорат қилиш, камситиш, менсимаслик каби ишлар авж олмоқда. Уламоларни сўкиш, ҳақорат қилиш у ёқда турсин, уларга нисбатан қалбда адоват, нафрат бўлишининг ўзиёқ кишининг мунофиқлигига далил экан. Шунинг учун олимларга нисбатан меҳрли бўлишимиз, уларнинг ҳақларига Аллоҳдан офият сўрашимиз, хато қилган бўлсалар, Аллоҳдан улар учун мағфират сўрашимиз лозим бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни олимлар, аҳли илмлар, имомларга нисбатан меҳрли бўлишимизни ва уларни ғийбат қилишдан, сўкишдан тийилиб, ҳақларига истиғфор айтишимизни насиб этсин, омин.
ЎМИ Матбуот хизмати
Доғистон делегацияси вакиллари билан учрашув ўтказилди
Бугун, 3 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Доғистон Республикаси делегацияси вакилларини қабул қилди.
Учрашувда Ҳомиджон домла Ишматбеков меҳмонларни ташриф билан қутлаб, мамлакатимизда диний маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўз юритди. Хусусан, диёримиз мўмин-мусулмонлари ибодатларини эмин-эркин адо этиш учун муносиб шароитлар яратиш, Ислом динининг асл моҳиятини аҳолига етказиш ҳамда бутун дунёга танитиш борасида улкан саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, Ҳомиджон домла Доғистон делегацияси вакилларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти билан таништириб, кейинги пайтда Фатво бўлими алоҳида марказга айлангани, ҳаж квотаси йилдан йилга ортиб бораётгани, умра бўйича чекловлар бекор қилингани ва йил давомида зиёратлар ташкил этилаётганини маълум қилди. Сўнгра юртимизда кейинги йилларда жоме масжидлар сони кўпайиб, улар ибодат ва маърифат масканига айланаётгани, диний таълим муассасалари сони ва ўқитиш сифати янада ошиб бораётганини ҳам қайд этиб ўтди.
Ўз навбатида, Доғистон Республикаси муфтияти вакили Мурод Исмоилов самимий қабул учун миннатдорлик билдириб мамлакат муфтийси Шайх Аҳмад Абдуллаевнинг салом ва Мавлид ойи табригини етказди. Шунингдек, у Ўзбекистонда диний жабҳадаги ўзгариш ва ўзаро яқин ҳамкорлик алоқаларидан Доғистон томони жуда мамнун эканини билдирди.
Доғистонлик меҳмонлар сўзи давомида Ўзбекистонни алоҳида эҳтиром билан қадрлаши, бунинг боиси бу диёрдан Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган забардаст уламоларни етиш чиққани, хусусан, республикадаги кўплаб мўмин-мусулмонлар ақида борасида Имом Мотуридий, тасаввуф бўйича Нақшбандий тариқати йўлини тутганларини баён этди. Шунингдек, синовли кунларда кўплаб доғистонлик болаларга ўзбек халқи ўз бағридан жой бериб, меҳр кўрсатганини эҳтиром билан тилга олди.
Cамимий мулоқот давомида диний-маърифий соҳа вакилларининг ўзаро яқин ҳамкорлиги икки томон учун ҳам манфаатли ва динимиз ривожига ҳам туртки бўлиши айтиб ўтилди.
Дўстона руҳда ўтган учрашув сўнгида ўзаро ҳадялар алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
“Жумадан жумагача” муҳим хабарларнинг қисқача тафсилоти (02-10-2023)
“Жумадан жумагача” рукни орқали muslim.uz сайтида эълон қилинган энг муҳим хабарларнинг қисқача шарҳи билан танишиш мумкин.
Устоз отангдан улуғ!
Аллоҳ таоло оламларни бунёд этгандан cўнг унга сарвар қилиб Инсонни – Ҳазрати Одам Ато алайҳиссаломни яратди. Одам Ато қовурғасидан Момо Ҳавони яратиб, улардан фарзандларини кўпайтирди.
Ривоят этилишича, одамзотнинг кўнглига 3 нарса урмас, яъни инсон 3 нарсадан асло безор бўлмас, доимо ардоқлар экан.
Биринчиси эр учун аёл, аёл учун эр. Чунки, аёл Одам Атонинг қовурғасидан, яъни бир вужуддан яралган. Вужудда эса ошиқча аъзо йўқ. Ҳеч ким бирон аъзосидан воз кечолмагани каби аёл жинси эрдан, эр жинси аёлдан айри кеча олмас экан.
Инсон кўнглига урмайдиган иккинчи нарса – ризқ-рўзи, яшаш омили бўлган нон экан. Мана неча минг-минг йиллар ўтса ҳам Одам Ато ва Момо Ҳаво илк бор таъмини татиб кўрган буғдой ҳамон уларнинг авлодлари насибаси бўлиб хизмат килиб келаётир. Дунёдаги не бир ширинликлар, таомлар нон ўрнини босолмаслиги барчага аён.
Башарият фарзанди учун учинчи улуғ нарса бу китоб экан. Зеро, Қуръондаги дастлабки оят «Икра!» («Ўқинг!») эканлиги, улуғ пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўқишни ўрганиб, Аллоҳнинг сўзларидан хабардор бўлиб, уларни халққа етказгани, мусулмонлар дилига сингдиргани маълумдир. Китобнинг Муқаддаслиги яна шундаки, одамлар у орқали фикран бойийдилар, ақлан ўсадилар, маънан соғлом бўладилар, ахлоқий камол топадилар, қандай сўзлаш, қандай яшаш зарурлигини, имон-эътиқодни асрашни биладилар. Шу боисдан ҳам Ислом динимиз саҳифаларидан асосий ўринни ёруғ оламнинг гултожи – Инсон, унинг ризқ-рўзи Нон ва ақл-идроки маҳсули – Китоб одобномаси ва ибратномасининг ўрин олиши бежиз эмас.
Буюк ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган доно халқимизнинг юксак маънавияти бўлмиш миллий ва диний кадриятларимиз эса буларнинг ҳаммаси – ахлоқий, ақлий ва жисмоний мактаб эканлиги олтиндан киммат, бебахо ва абадий қадриятларимиз, енгилмас кучимиздир!
Модомики Ислом динининг энг биринчи буйруғи «Ўқинг!» экан, демак Ислом дини – энг аввало маърифат дини экан. «Маърифат» сўзи араб тилидан таржима қилинганда «кишиларнинг онг-билимини, маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбия»; «маориф» деган маъноларни англатади.
Ислом динининг асосий ва Муқаддас Китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг еттидан бир қисми фақат илм мавзусига доир масалалардан иборатдир.
Ислом дини пайдо бўлишини Яратганимиз Муҳаммад алайҳиссалом орқали Арабистон ярим ороллигини ирода этган бўлса, ушбу Муқаддас, пок Ислом динимизни илму-фан, маърифат ила ривожланишини Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарийлардек буюк алломалар орқали бизнинг жаннатмакон юртимизни (!) Ўз илоҳий ҳикмати ила ихтиёр этди.
Яхшилик ва эзгулик, бағрикенглик ва тинчлик, яқинлари ва бегоналарига бирдек марҳаматли бўлиш, қон тўкмасликка чақирувчи, нафс васвасасига учмаслик, ота-онага улар ҳаёт эканларида меҳрибон ва сахийлик ила муносабатда бўлиш, дунёдан ўтганларнинг ҳақларига дуо қилишга, ватанни севишга даъват қилувчи муқаддас динимиз, айниқса мустақиллик йилларида ўз қадрини ҳамда ўзининг азалий вазифаси – эзгу мақсадларга чин маънода хизмат қилиш имкониятини топди.
Бизнинг қадимий ва гўзал диёримиз нафақат Шарқ, балки жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлганини халқаро жамоатчилик тан олмоқда ва эътироф этмоқда. Бу табаррук заминдан не-не буюк зотлар, олиму уламолар, сиёсатчи ва саркардалар етишиб чиққани, умумбашарий цивилизация ва маданиятнинг узвий қисмига айланиб кетган дунёвий ва диний илмларнинг, айниқса, Ислом дини билан боғлиқ билимларнинг тарихан энг юқори босқичга кўтарилишида она юртимизда туғилиб камолга етган улуғ алломаларнинг ҳизматлари беқиёс экани бизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг Каломи мажиди – Қуръони каримда ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида улуғлаб эъзозлаган етти тоифа инсонларни ҳар бир мўмин-мусулмон киши қадрлаб, ҳурмат қилиши лозим:
1) ота;
2 ) она;
3) устоз (манфаатли илм ё касб-хунар ўргатган инсон);
4) олим (фақат диний йўналишдагина эмас, балки инсон учун манфаатли барча соҳалардаги олимлар. Чунки ҳамма соҳаларнинг ҳам эгаси – Аллоҳ таолонинг Ўзидир);
5) Қуръони каримдан хабардор киши;
6) мўйсафид одам;
7) адолатли раҳбар.
Муқаддас Ислом динимиз ҳукмлари ҳам, жаннатмакон юртимиз буюк ва маърифатпарвар, улуғвор ва донишманд халқининг Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга уйғунлашиб кетган, ҳатто мақоллари ҳам инсонларни илм-фан тараққиётига, илмли кишиларни улуғлашга ундайди, устозларни хурматлашга тарғиб этади.
Маълумки, бу дунёнинг ривожланишида, инсониятнинг тараққиёт этишида устознинг ўрни беқиёс.
Бизнинг доно халқимиз
«Устоз – отангдек улуғ»,
«Уста борида қўлингни тий,
Устод борида – тилингни»,
«Уста бўлсанг, устозингни унутма»,
«Устозингга тик қарасанг, тўзасан,
Ҳурмат қилсанг, аста-аста ўзасан»,
деб бежиз айтмаган.
Чунки, ҳаммага маълумки, инсониятнинг энг биринчи Устози – бу АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ бўлса
“Аллоҳ Одамга барча яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли номларни ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга бирма-бир кўрсатиб деди: “Агар эътирозингизда ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз!” (Қуръони карим Бақара сураси 31 оят),
мусулмонларнинг инсонлар ичида энг буюк устози – ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМДИРЛАР!
Ҳар бир инсон зоти учун эса энг биринчи устози – унинг ОТА-ОНАСИДИР! Зеро уни тарбиялашни ҳали бу дунёга келмасидан олдинроқ бошлайди. Туғилиши биланоқ то ота-онанинг ўзи бу дунёдан ўтмагунча, ўз фарзандига меҳрибонлик қилиб ўтади...
Шунинг учун ҳам ҳар бир ақл-заковатли, фаҳм-фаросатли одам «Устозлар ва мураббийлар» байрам кунида ҳам энг биринчи бўлиб ўзининг доимий пешқадамлари бўлмиш ўз ота-онасидан бошлаб, устоз ва мураббийларини кўнгилларини шод қилиб, бебаҳо, бетакрор ва беқиёс дуоларидан баҳраманд бўлишга шошилади.
Янги ўқув йили ҳам бошланиб, фарзандларимиз улуғ ва муқаддас, машаққатли ва серсавоб иш бўлмиш – илм олишга киришдилар... Биз, ота-оналар, фарзандларимизни улғайишида, илм олиб, билимли бўлишларида кўп жиҳатларига серқиррали эътиборимизни беришимизда қуйидаги пурмаъноли, сермазмунли тарафини ҳам эътиборга олишимизни муқаддас динимиз амр-фармон қилиб буюради.
Шунчалик улуғ (!) даражага устознинг мавқеъи кўтарилган. “Устоз” деганда фақат маълум бир соҳада ёки фақат илм соҳасида эмас, балки илм-фаннинг барча турларида, касб-ҳунар соҳаларида ҳам ўргатувчини биз УСТОЗ деб тушунишимиз лозим! Шунинг учун ҳам бизнинг доно халқимиз ҳурмат ва эҳтиром ила эъзозлаб «УСТОЗ» дейди.
Кунлардан бир куни ҳазрат Навоий
Сайр айламакни қилди ихтиёр.
Мулозимлар ила чиқдилар йўлга
Ва кичик болага келдилар дучор.
Ўшанда Навоий отидан тушиб,
Ўша ёш болага қилибди таъзим.
Мулозимлар ҳайрон, аъёнлари лол –
Бундай учрашувдан қолибдилар жим.
Бир аъён қўлини кўксига қўйиб,
Сўрабди: «Ҳазратим. Бу қандайин ҳол?
Сиз болага эмас, балки у сизга қилиб таъзим,
Салом бериши душвор!»
Навоий дебдики, мен кўрган бола
Устозим – боланинг бобоси эди.
Олисларда қолиб кетган дамларнинг
Узоқлардан келган садоси эди…
Устозим мен учун отадан улуғ,
Шунингчун болага қилдим мен таъзим.
Устозимдан қолган неварасига
Салом бермаслигим – гуноҳу азим!
Қуръони карим ояти карималари ва муборак ҳадиси шарифларга асосланган ҳолда ўқувчини ўқитувчига нисбатан муомалаю маданиятни шариатимиз белгилаб берган:
1) Ўқитувчига биринчи бўлиб салом беринг!
2) Ўқитувчи олдида мавзуга оид бўлмаган ортиқча гап-сўзлар гапирманг!
3) Ўқитувчи сўрамаган нарсалардан тилингизни тийинг!
4) Савол беришдан олдин рухсат сўранг!
5) Ўқитувчининг гапига ёки жавобига эътироз билдирманг!
6) Ўқитувчи хатосини айтиб, билимдон эканлигингизни кўрсатманг!
7) Ўқитувчи олдида ён шеригингиз билан суҳбатлашиш жуда хунук ишдир.
8) Ўқитувчисини ҳурмат қилган ўқувчи ҳар тарафга қараб ўтиришдан ўзини тияди ва диққатини ўқитувчисига қаратади.
9) Юраётган ҳолатда савол бериш ҳурматсизлик ҳисобланади.
10) Ўқитувчи ўрнидан турдими, сиз ҳам туринг!
11) Ўқитувчи олдингизда экан, ҳеч ҳам баланд оҳангда гапирманг!
12) Иложи бўлса ўқитувчига исм-шарифи билан эмас, балки "Муаллим" ёки "Устоз" деб мурожаат қилинг!
Агар инсон билим йўлида кетаётган экан, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурлари томон бораётган экан, бу асосий қоидаларга риоя қилиши лозим.
Баъзида одоб, ҳурмат қоидаларига бўйсинмай, ўқитувчисидан билим олаётганлар ҳам бор.
Тўғри, инсон ўқитувчисини олдида китоб ўқиши, бирор-бир ҳунар ўрганиши ёки фан билимларини олиши мумкин. Лекин устозига ҳурмат бўлмаса, бу каби билимлар оддий маълумотга айланади. Бундай билимда барака бўлмайди!
Азозил исмли фариштани эслайлик. Ҳозир унинг исми Шайтон. Билимга эга, ҳаттоки бошқа фаришталарга ҳам сабоқ берган. Ҳўш, шундай билимлар тўғри йўлдан адашишидан Азозилни қутқариб қола олдими? Йўқ, чунки Аллоҳни ҳурмат қилмади, эътироз билдирди. Беодоблик қилди. Яратганнинг буйруғига бўйсинмади. Бетгачопарлик қилиб, мағрурлигини намоён этгани учун лаънатланган ва хайдалган.
Ҳозирги кунда одамларни ножўя йўлларга етаклаётган, жамоатда қарама-қарши қарашлар пайдо қилаётган, ўзлари ҳам адашган "ақлли"лар қандай пайдо бўлганини англаб олишимиз мумкин. Булар устозига ва бошқа олимларга нисбатан одобни қўлламаган, ҳурматни билмаган, ўз билимларини тўғри йўлга сола олмаганлардир.
Уламоларимизнинг айтишларича, 7 хил инсонлар ўртасида ҳеч қачон тенглик бўлмас экан.
Бу тенгсизликни АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ (❗️) ўрнатган! Ақлсиз одамгина буларни тенглаштиради:
1) эркак – аёл;
2) эр – хотин;
3) устоз – шогирд;
4) катта – кичик;
5) ота-она – фарзанд;
6) илмли – илмсиз;
7) раҳбар – ходим.
АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ (❗️) ўрнатган тенгсизликни бузишга ҳаракат қилганни охир-оқибат АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ ҳолини вой қилади.
Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади:
“Устозим Ҳаммоднинг ҳурматлари учун у зотнинг уйлари томонга оёғимни узатмаганман.
Ҳолбуки, у зотнинг уйлари билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди.
Устоз Ҳаммоднинг вафотларидан сўнг қачон намоз ўқисам, ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, у зотга ҳам Аллоҳдан мағфират сўрайман.
Нафақат у зот, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.
Доно халқимизни ўз мақолларида ҳам “Устоз отадек улуғ!” ва “Устоз отангдан улуғ!” деб айтишларида ҳам жуда кўп маънолар бор. Зеро, бу улуғ ҳикматлар элнинг эллик минг элагидан ўтказилиб, кейин муомалага қўйилган. Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни рўхлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни барчамизга насиб этсин!
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.