muslim.uz
Қозоғистонлик меҳмонлар "Ҳазрати Имом" мажмуасини зиёрат қилди
Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу жаноблари бошчилигидаги делегация Марказий Осиёнинг асосий маънавий ёдгорликларидан бири бўлган Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилди. Меҳмонлар, шунингдек, VII асрда ёзилган муқаддас Мусҳафи шариф – Усмон Қуръони қўлёзмаси билан ҳам танишдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Умматнинг бирлиги йўлида мужтаҳидларнинг тутган ўрни
Муфтий шайх ҳазратлари жума намозига Тошкент шаҳридаги "Жобир ибн Абдуллоҳ" масжидига ташриф буюрадилар
Бугун, 18 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги "Жобир ибн Абдуллоҳ" жоме масжидида жамоат билан жума намозини адо этадилар.
Инша Аллоҳ, жума намозидан аввал қориларимизнинг гўзал қироатлари ва Муфтий шайх ҳазратларининг барчага манфаатли суҳбатларидан баҳраманд бўламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
"Йил имоми – 2023" танлови вилоят босқичи ғолиблари аниқланди
Шу йил 17 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидлар имом-хатиблари ўртасидаги «Йил имоми – 2023» кўрик-танловининг вилоят босқичи Олтиариқ туманидаги «Полосон» масжидида бўлиб ўтди. Танловнинг шаҳар ва туман босқичида ғолиб бўлган иштирокчилар вилоят босқичида беллашди.
Иштирокчилар ўзлари танлаган билетдаги тафсир, тажвид, фиқҳ, ақоид ва маънавий-маърифий мазмундаги саволларга жавоб берди. Уларнинг чиқишини ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди. Якуний натижаларга кўра;
1-ўрин Марғилон шаҳар «Абдуллоҳ ибн Умар» масжиди имом-хатиби Абдухалил Марасулов;
2-ўрин Учкўприк тумани «Хожа Муҳаммад валий» масжиди имом-хатиби Абдурахмон Мамадалиев;
3-ўрин Бувайда тумани «Пошшопирим» масжиди имом-хатиби Ҳошимжон Эргашев ҳамда Бешариқ тумани «Саркор» масжиди имом-ноиби Абубакр Мансуровларга насиб этди.
Танловда биринчиликни эгаллаган Марғилон шаҳридаги «Абдуллоҳ ибн Умар» масжиди имом-хатиби Абдухалил домла Марасулов «Йил имоми — 2023» кўрик танловининг Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Мусулмонлар сони икки миллиардга етди
Мусулмонлар ҳозирда бутун дунё аҳолисининг 25 фоиздан ортиғини ташкил этмоқда ва бу дин дунёдаги иккинчи энг кўп эътиқод қилинадиган дин ҳисобланади.
Глобал мусулмон аҳоли сони ҳисоботига кўра, дунё бўйлаб мусулмонлар сони 2 006 931 770 кишини ташкил қилмоқда. Ҳисоботда мусулмонларнинг ўсиш суръати икки бараварга ошгани маълум қилинган.
Ҳисоботга кўра, Ислом Африка ва Осиё давлатларнинг дини бўлиб, дунёда энг тез ривожланаётган динга айланмоқда.
2017 йил PEW тадқиқот марказининг Дин ва жамоат ҳаёти форумида аҳоли сони бўйича янги маълумотлар эълон қилинган эди. Унга кўра, келгуси 20 йил ичида дунё мусулмонлари сони 35 фоизга ўсиши тахмин қилинган.
Дунё мусулмонлари сони мусулмон бўлмаган аҳолига нисбатан тезроқ ўсиши кутилаётган бўлса-да, кейинги йигирма йил ичида мусулмонлар сони аввалги йигирма йилдагига қараганда секинроқ ўсиши ҳам таъкидланган.
Бугунги кунда 240 миллиондан ортиқ мусулмонга эга Индонезия дунёдаги энг катта мусулмон жамияти ҳисобланади. Кейин Покистон, Ҳиндистон ва Бангладеш. Африка қитъасидан эса Нигерия биринчилардан бўлиб турибди.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.