muslim.uz
Расулуллоҳ қайтарган қазаъ нима?
Афсуски, баъзи ота-оналар хорижга кўр-кўрона тақлид қилиб, фарзандларига “Жумонг”, “Ишани”, “Роналдо”, “Месси” деб от қўймоқда. Бу ҳам етмагандек, дилбандининг кўринишини ҳам ўшаларга ўхшатишга интилади. Фарзандининг соч турмаги-ю кийим-кечагини эътиқодимизга, мусулмончиликка мутлақо зид бўлган кўринишга келтиради.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазаъдан қайтардилар. Нофеъдан: “Қазаъ нима?” деб сўрадим. У: “Ёш бола сочининг бир қисмини олиб, бир қисмини қолдириш”, деди (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, бас, у ўша қавмдандир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлида собит қадам қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади.
Татаристонда мусулмонлар учун ҳалол мавзе қурилади
Россия Федерацияси таркибидаги Татаристон Республикаси мусулмонлар идораси Ислом қоидаларига амал қилувчи татарлар учун алоҳида турар жой мавзеси, яъни қишлоқ қурмоқчи.
Азон нашрининг «Бизнес Online» нашрига таяниб хабар беришича, мазкур лойиҳа ҳақида Татаристон муфтийсининг ўринбосари Мансур Жалолиддинов маълум қилган. Унинг айтишича, этноқишлоқ учун ҳали жой танланмаган. Бунинг учун Лаишевский ва Пестречинский туманлари ҳудудлари ўрганилаётгани қайд этилган. Қишлоқнинг ўз масжиди ва мадрасаси бўлади.
Бундан ташқари, қишлоқда яшовчиларга турар жойларини ижарага бериш тақиқланади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Саудия Арабистони қироли бир гуруҳ яманликларни ҳажга таклиф қилди
Саудия Арабистони қироли Яманда президент Абду Рабб Мансур Ходий томонида жанг қилиб ҳалок бўлган яманлик ва суданлик ҳарбийларнинг бир ярим минг нафар яқинларини ҳажга таклиф қилди. Бу ҳақда Islam.ru нашрига таяниб Azon интернет нашри хабар берди.
Ҳарбийларнинг оила аъзолари ҳаж мавсумида қиролнинг меҳмони бўлади.
Маълумки, Саудия Арабистони бошчилигидаги халқаро коалиция 2015 йилдан бери Яман ҳукуматини қўллаб-қувватлаб исёнчи хусийларга қарши операциялар ўтказиб келмоқда.
Аввалроқ, Ҳаж-2018 мавсуми доирасида 7200 нафар ўзбекистонликлар Саудия Арабистонига зиёрат учун бориши ҳамда уларнинг бир гуруҳи аллақачон муқадда шаҳарларга етиб боргани ҳақида хабар берган эдик.
ЎМИ Матбуот хизмати
Москва Ислом коллежига лицензия берилди
Москва таълим департаменти шаҳардаги Ислом коллежига таълим фаолиятини амалга ошириши учун муддатсиз лицензия берди. Бу ҳақда таълим муассасаси ректори Марат Арсланов муфтий, шайх Равил Гайнутдин билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди.
Azon нашрининг ёзишича, Москва Ислом коллежи 2013 йилда дастлабки лицензияни олган, бироқ манзили ўзгаргани туфайли қайтадан лицензия олиши керак эди.
Учрашувда Марат Арсланов Ислом коллежининг фаолияти ва янги ўқув йилига тайёргарлик ҳақида сўзлаб берди. Унинг айтишича, яқинда янги талабаларни қабул қилиш бошланади. Тўлиқ ўрта таълимга эга бўлганлар бу ерда ўқиши мумкин эканлиги қайд этилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Муфтий ҳазрат Мадина ислом университети талабалари билан учрашдилар
29 июль куни Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридаги “Жавҳарат ал-Рашид” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги (САП) бош консули Сирожиддин Шамсутдинов ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан Мадина ислом университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан самимий мулоқот қилишди.
Учрашувда муфтий ҳазратлари бугунги кунда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчиликларида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар, хусусан, охирги икки йил давомида диний-маърифий соҳадаги кенг қамровли ўзгаришлар тўғрисида талабаларга гапириб бердилар. Айниқса, диёримизда диний ибодатларни эмин-эркин ва тинчлик-осойишталикда адо этиб келинаётгани, катта қулайликлар ва енгилликлар ташкил этилгани ҳақида сўзладилар. Шунингдек, халқаро илмий-тадқиқот марказлари, илмий мактаблар фаолияти ва диний таълим муассасаларида “Араб тили”, “Қуръони карим ва тажвид” каби йўналишларда ўқув курслари очилганини алоҳида қайд этдилар.
Сўзга чиққан нотиқлар давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан диний соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича жуда катта ишлар қилинаётганини билдириб, айниқса, муҳтарам Президентимиз томонларидан имзоланган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги тарихий Фармон барча мўмин-мусулмонларимизнинг кўнглини тоғдек кўтаргани, халқимиз томонидан катта хурсандчилик ила қарши олинганини изоҳладилар. Айниқса, Ўзбекистондаги халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари, илмий мактаблар ва “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Мулоқотда Ислом тинчлик ва маърифат дини экани, ҳар қандай зулм ва зўравонликка қарши туриши, ҳозирги мураккаб даврда барчани огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашга чорлаш юксак вазифа экани тўғрисида сўз юритилди.
Талабалар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Жумладан, улар хорижда таълим олганларнинг дипломларини нострификация қилиш, яъни хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида ушбу ҳужжатларнинг қонуний кучга эга эканига розилик бериш ишлари қандай кетаётгани ҳақидаги саволларига тўлиқ маълумотлар олишди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.