muslim.uz
Нима учун қора кучлар ОАВ имкониятларидан фойдаланишга интилмоқдалар ёхуд ижтимоий тармоқ – “қармоқ”ми?
Ҳаётий ҳикоя: ака-ука меҳри
Ота-онасидан мерос қолган ерда ака-ука биргаликда деҳқончилик қилар эди. Уларнинг бири оилали бўлиб, унинг бешта фарзанди бор эди. Иккинчиси эса буйдоқ эди. Мавсум сўнгида ака-ука ҳосилни тенг бўлишиб олар эди.
Кунларнинг бирида укаси:
– Ҳосилимизни тенг бўлишиб олаётганимиз асло адолатдан эмас. Мен буйдоқман ва эҳтиёжим унчалик катта эмас. Акамнинг эса оиласи катта, унинг харажатлари ҳам шунга яраша, – деб ўйлади.
Ўша кундан бошлаб буйдоқ ука ҳар куни ярим тунда уйидан чиқиб, ўзининг омборидан бир қоп буғдойни елкасига олиб, ҳеч кимга сездирмасдан акасининг омборига қўйиб кела бошлади.
Ўша кунларда акаси ҳам ўзига ўзи:
– Ҳосилимизни тенг бўлишиб олаётганимиз асло адолатдан эмас. Мен оилалиман, аёлим ва фарзандларим бор. Қариган чоғимда улар мени парвариш қиладилар. Укам бечора қариганда унга ким қарайди! Демак, келажакда унинг эҳтиёжи катта бўлади, – деди.
Шундан сўнг ака ҳам ҳар куни ярим тунда уйдан чиқиб ўзининг омборидан бир қоп буғдойни елкалаб олиб ҳеч кимга сездирмасдан бориб укасининг омборига қўйиб келишни одат қилди.
Ака-ука ўртасида бу иш кўп йиллар давом этди. Аммо ҳеч ким бу ишни сезмади. Негаки, икковининг ҳам омборидаги буғдойнинг миқдори ўзгармас – камайиб ёки кўпайиб қолмас эди. Сўнгра бир кеча ака-ука бир-бирининг омборига буғдой олиб бораётганда юзлашиб қолдилар ва ўшанда бўлиб ўтган ишни англадилар. Елкаларидаги қопни ерга қўйиб, бир-бирини қаттиқ бағрига босдилар.
Дамин ЖУМАҚУЛ
таржимаси
Нафс муолажаси
Инсон бошига тушадиган ҳар хил бало-офатлар беодоблик ва бадхулқлик натижасида бўлади, десак хато бўлмайди.
Зеро, халқимизда: «Менинг нафсим балодур, ўтдан чўққа солодур», деган пурҳикмат гап бор.
Гапни кўп чўзмай, нафснинг уч муолажасига ўтамиз.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда нафсни поклашга чақириб, бу ишни амалга оширган инсонни ютуққа эришганини таъкидлайди.
قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا
«Ҳақиқатда, ким у (нафс)ни покласа, ютуққа эришади» (Шамс сураси, 9-оят).
Машойихлар нафс тарбияси ва ислоҳида асосан, учта муҳим йўлга урғу берадилар.
- Нафсдан хоҳлаётган нарсаларини тийиш ёки камайтириш.
Чунки асов ҳайвонни жиловлаш ва қўлга ўргатиш унинг емини камайтириш билан бўлади. Ҳудди шунингдек, бебош нафсни тарбия қиламан деган киши нафс хоҳиш ва истакларини жиловлаб тийиш керак.
- Нафсга оғир келадиган ибодатлар, яхши ишларни юклаш.
Асов ҳайвонни бўйин сундиришининг яна бир йўли, унинг емини озайтириш билан бирга устига ортиладиган юкини кўпатириш билан бўлади. Шунда ҳайвон заифлашиб, ўз-ўзидан итоаткор бўлиб қолади. Нафс тарбиясида мана шу усулни қўллаш яхши самара келтиради.
- Бу йўлда доим Аллоҳ таолодан тавфиқ ва ёрдам сўраш.
Чунки нафсни Аллоҳ таоло яратди. Унинг ҳолатини, қиладиган ишларини биздан кўра яхшироқ билади.
Уламолар қуйидаги набавий дуони ўқишни тавсия қиладилар.
اللَّهُمَّ آتِ نَفْسِي تَقْوَاهَا وَزَكِّهَا أَنْتَ خَيْرُ مَنْ زَكَّاهَا أَنْتَ وَلِيُّهَا وَمَوْلَاهَا
Дуонинг таржимаси: Аллоҳим, нафсимга тақвосини бер. Ва уни покла. Сен покловчиларнинг энг яхшисисан. Унинг Эгаси ва Холиқи ҳам Ўзингсан.
Асадуллоҳ АЗИМОВ
Андижон шаҳар «Жиддаи Муборак» масжиди
имом-ноиби
Электрон виза сўраб мурожаат қилган хориж фуқаролари сони кўпаймоқда
Ўзбекистонга кириш электрон визасини олиш учун мурожаат қилган хориж фуқаролари сони 18 июль ҳолатига кўра 366 нафарни ташкил қилган. KUN.UZ нашри Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов берган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.
Дунёнинг 33 мамлакатида яшовчи 366 киши Ўзбекистонга кириш электрон визасини олиш учун мурожаат қилган, улардан 257 нафарини - эркаклар, қолган 109 нафарини эса аёллар ташкил қилади.
E-VISA учун мурожаатчилар орасида энг фаоллари АҚШ (57 нафар), Хитой (56), Буюк Британия (45), Польша (32), Франция (26) ва Ҳиндистон (25) фуқароларидир. Шу билан бирга, Испания (15), Германия (13), Канада (12), Италия (11), Нидерландия (10), Венгрия (8), Австралия (6), Португалия (6), Бельгия (5), Швейцария (5), Ирландия (5) ва бошқа мамлакатлар фуқароларидан ҳам қатор мурожаатлар келиб тушган.
Мурожаат қилган хориж фуқароларининг 131 нафарига E-VISA берилган, 235 нафар кишининг мурожаати текширув жараёнида.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда 15 июль кунидан бошлаб хорижлик фуқароларга республикада туристик мақсадларда бўлиш учун электрон кириш визаларини расмийлаштириш ишлари бошланган.
Электрон виза хориж фуқаросига 30 кун муддатга Ўзбекистон ҳудудида бўлиш ҳуқуқини беради ва бу виза тақдим этилган кундан бошлаб 90 кун муддат ичида амал қилади. Берилган электрон виза хориж фуқаросининг «e-visa.gov.uz» порталига қилган мурожаатида кўрсатилган электрон манзилга жўнатилади.
Электрон визани расмийлаштириш учун мурожаат бериш Ўзбекистон Республикасига келиш санасидан уч иш кунидан кам бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Электрон кириш визасини олиш мурожаатини кўриб чиқиш учун консуллик йиғими ҳажми 20 АҚШ долларини ташкил этади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Вакилларимиз хабар қилади: «Жаҳолатга қарши маърифат» билан курашамиз
Жорий йилнинг 17 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши мажлислар залида «Жаҳолатга қарши маърифат» мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси барча шаҳар ва туманлар ҳокимларининг жамоат ташкилотлари ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича бош мутахассислари, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари, Республика маънавият-маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи, Ўзбекистан ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республика Кенгаши Раисининг ўринбосари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари иштирок этди.
Тадбирда бугунги кунда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ижобий ишлар ҳақида атрофлича тўхтаб ўтилди. Аслида, динимиз меҳр-оқибат, раҳм-шафқат, инсонпарварлик, ўзгаларни ҳурмат қилиш, кечиримли бўлишга чақириши мисоллар билан айтиб ўтди.
Шунингдек тадбирда диний ташкилотларга оид қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган «Оммавий маданият» каби мавзуларда маърузалар қилинди.
Исламатдин АЛЛАНОВ
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.